Қайднома

Қидирув

Ботирали Эргашев: «Куперга ишонишимиз керак»

Ботирали Эргашев: «Куперга ишонишимиз керак»

  27.06.2019 09:37
  0
  468
Ботирали Эргашев: «Куперга ишонишимиз керак»

Самарқанд «Динамо»си жорий мавсум бош кашфиёт мақомига даъвогар сифатида мухлис ва мутахассисларда ижобий таассурот қолдирмоқда. Даврон Файзиев шогирдлари Суперлига баҳсларига етарли даражада тайёргарлик кўролмаган бўлсаларда, бу жамоа ўйинларида унча сезилаётгани йўқ. Ҳа, «Динамо»га нисбатан «Уй жамоаси» таърифи қўлланилаётгани бор гап. Сабаби тайин - Самарқандда меҳмон бўлган клублар жуда қийналишмоқда, албатта, ўйин бобида. «Динамо»нинг ижобий натижаларига катта ҳисса қўшаётган футболчилардан бири - дарвозабон Ботирали Эргашев. Хуллас, яқинда маҳоратли голкиперни суҳбатга чорлаб, унга бир қатор саволлар билан мурожаат қилдик.

- Ботирали, «Динамо» ўз майдонида кучли рақибларга ҳам жиддий қийинчилик туғдириб, ижобий натижага эришмоқда. Бироқ танганинг иккинчи томони ҳам бор - сафар баҳсларида акс ҳолатни кўряпмиз...

- Йўқ, бу фикрингизга тўлиқ қўшилолмайман. Зеро, нафақат Самар-қанд, балки меҳмонда ҳам керакли натижани кўзлаяпмиз, шунга ҳаракат қиляпмиз. Чемпионат ўйинларида ҳозирги руҳни сақлаб қолишимиз муҳим. Шунингдек, барқарорликни янада оширсак, зарар қилмасди. Ҳа, ўйинимиз хато ва камчиликлардан холи эмас. Лекин хато қилмасликнинг иложи йўқ. Фақат ишламайдиган, ҳеч нарса билан шуғулланмайдиган кишигина хатодан фориғ. Қолаверса, хатоларда ҳам фойдали томони бор - бу камчиликларни тўғрилаш учун туртки. Хуллас, хато қайси йўлдан кетаётганимиз ва нималар устида кўпроқ ишлашимиз кераклигини кўрсатиб берувчи ойна ҳисобланади.

- «Динамо»нинг Суперлига доирасидаги ўйинларига қарасак, футболчилар тартиб-интизом бобида ажралиб турибдилар. Бу аввало, мураббийлар штабининг интизомга жиддий эътибор қаратаётгани самараси бўлса керак...

- Албатта. Барчасининг замирида мураббийлар штабининг улкан меҳнати ётибди. Хусусан, Даврон Файзиев йигитлар билан ҳар бир жиҳат устида жиддий иш олиб бормоқда. Ўйлайманки, ўйинимиз ҳали янада такомиллашади. Зеро, Файзиев жамоа руҳиятини аниқлаб олишга улгурди, футболчилар аслида нималарга қодир эканликларини жуда яхши билади. Шунингдек, таркибимизда юқори лига ҳавосида тобланган тажрибали футболчилар борки, улар бўлар-бўлмасга қоида бузаверишмайди. Ўз ўрнида айтишим керак, ижобий натижаларда мухлисларимиз алоҳида ўринга эгалар. Дейлик, улар ҳаттоки, сафар ўйинларида ҳам бизни ёлғизлатиб қўймаяптилар.

- Бироқ бош мураббий матбуот анжуманларида етакчи футболчи етишмаётганини кўп бор таъкидлади. Ваҳоланки, Воҳид Шодиев ва Амиржон Сафаров каби футболчилар захира ўриндиғида қолишяпти. Сизнингча, мураббий уларга нима учун етарли даражада ишонч билдирмаяпти?

- Тўхтанг, мураббий ишига аралашиш ёки қайсидир қарорини муҳокама этишим жоиз эмас. Буни ўзимга эп кўрмайман. Ҳар ким ўз зиммасидаги иш билан шуғуллангани маъқул. Жамоада ҳар бир кишининг  муайян вазифаси бор. Сафимизда тажрибали йигитлар кўп, мураббий эса балки бутун жамоани ўз ортидан эргаштирадиган етакчини назарда тутгандир... Ким келишию, ким майдонга тушишини жамоа устози ҳал қилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам, барчамиз ягона мақсад йўлида бирлашсак, ҳаммаси яхши бўлади.

- Жамоадошларингиз майдонда кўпинча эркин, босимсиз тўп суришмоқда.

- Мураббийлар машғулотларда айнан шу масала устида кўп иш олиб боришди. Улар ҳар бир ўйин олдидан бу борада кўрсатма бериб, эркин ҳаракатланиш зарурлигини уқтиришади. Чунончи, агар футболчи меъёрдан ортиқ босимни ҳис қилса, майдонда ҳеч нарсани уддалай олмайди. Барчаси руҳий тайёргарликка ҳам боғлиқ.

- Ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионатидан кейин янада ўсишингиз ва кучли клубда ўйнашингизни кутгандик. Бироқ ҳозирча тахминларни оқлаганингиз йўқ...

- Ҳар нарсанинг ўз ўрни ва вақти бор. Қолаверса, кучли жамоада ўйнаш учун аввало, тажриба тўплашим зарур. Демакки, ўз устимда ишлашда давом этаман.

- Энди бевосита терма жамоа ҳақида гаплашсак. Аргентиналик мутахассис қўл остида биринчи бор шуғулландингиз. Таассуротлар қандай?

- Ўзи миллий жамоадан чақирув олишни орзиқиб кутаётгандим. Бундан бошим осмонга етди. Таассуротлар зўр, машғулотларда катта иштиёқ билан ишладим, янги жиҳатларни ўзлаштиришга ҳаракат қилдим. Майдонга тушиш имконияти тақдим этилмаганидан эса асло ранжимадим. Олдинда ҳали йиғинлар, ўртоқлик ўйинлари ва расмий учрашувлар кўп. Асосийси, шунга амин бўлдимки, Эктор Купер жамоамизга керак. Мураббий бизга ишоняптими, унга ҳар томонлама кўмаклашишимиз даркор.

- Хўш, Купер ўзбек футболига биринчи навбатда нима бериши мумкин?

- Аввало, айтиш керак, ҳар қандай мутахассис яхши ниятда келади, из қолдириб кетишни ўйлайди. Купер термамизни жаҳон чемпионатига олиб чиқиш учун келган. Яъни ўз олдига аниқ мақсад қўйган. Демакки, бизга биринчи галда ЖЧ йўлланмасини бериши мумкин.

- Футболимиздаги сўнгги ўзгаришлар ва янгиликларга муносабатингиз...

- Ҳамманинг нияти холис - ўзбек футболини юксалтириш, терма жамоамизни ЖЧ-2022га олиб чиқиш. Янги раҳбарият ҳам буни алоҳида таъкидлади. Футбол - бу оила. Агарда ҳаммамиз бирлашсак, кўзлаган мақсадга етамиз, насиб қилса.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz