Қайднома

Қидирув

Яя Туре хурсанд эмас, нега ?

Яя Туре хурсанд эмас, нега ?

  28.06.2019 03:32
  0
  587
Яя Туре хурсанд  эмас, нега ?

Таниқли футбол агенти Дмитрий Селюк бир ойча олдин ўзининг бош мижози - Яя Туре бутсаларини михга илиб, мураббийлик ишига киришишни режалаштираётгани ҳақида маълумот берганди. Ўшанда Кот-д`ивуарлик фахрий футболчи янги соҳага Россияда қадам қўйиб, ассистент ёки бирданига бош мураббий ролини зиммасига олиши мумкинлиги ҳам тахмин қилинганди. Бироқ орадан кўп ўтмай, ярим ҳимоячининг ўзи барчасини инкор этди: «Нафақа? Йўқ, бунга эрта, ҳали ўйнашда давом этаман. Ҳа, гап-сўзлар кўп, лекин уларда асос йўқ. Агар бирор янгилик бўлса, дарҳол хабардор қиламан. Футбол мен учун нимани англатишини сўз билан ифодалаб беролмайман. Ақлимни танибманки, шу ўйин билан тирикман. Шундай экан, кетишга шошилмайман асло».



Яя Туре охирги ярим йил ҳеч қайси жамоада кўриниш бермади. Бунга қадар эса «Олимпиакос» сафида бор-йўғи 2 марта майдонга тушганди. Африка футболи фахри мавсум якунида эса, худди журналистдек намоён бўлди. Мисол учун, собиқ клуби - «Манчестер Сити» чемпионликни расмийлаштирган ўйинни мухбир ролида кузатди. Тўғри, у якунда муваффақиятни собиқ жамоадошлари даврасида нишонлади.



Яя яқиндагина Хитойга йўл олди - маҳаллий чемпионат иккинчи дивизиони иштирокчиси - «Циндао Хайню» клуби билан шартнома тузиш учун. Жамоа сардори Жоан Верди жароҳатга йўлиққач, хитойликлар айнан ивуарлик фахрийга эътибор қаратишди. Дарвоқе, «Циндао» сафида еврофутбол мухлисларига яхши таниш яна бир номдор ўйинчи бор - Рикарду Ваш Те. У ҳозирги клубида энг қимматбаҳо футболчидир (transfermarkt.de сайтида кўрсатилган сумма - 1,1 млн. евро).



Ўзи 3 йил олдин ҳам Турени Хитой клубларидан бирига «боғлашганди». Ўшанда Кот-д~ивуарлик ярим ҳимоячи Осиёда ўйнашга кўнганида, шартнома бўйича йилига 40 млн. евро миқдорида маош оларди. Бироқ якунда келишув амалга ошмади, боз устига, кейинчалик Хитой футболи бир қатор ислоҳотларга юз тутдики, бунинг натижасида клублар машҳурларга мисли кўрилмаган даражада кўп пул ваъда қилишни тўхтатди.



Йўқ, Хитойда Европадан футболчи сотиб олишни тақиқлаб қўйишмади. Фақат Чин юрти вакиллари эндиликда ақл билан иш юритишни ўрганишди. Айтиш ўринли, Туре 2017 йилиёқ Хитой футболига юзланиш режаси йўқлиги ва бу ғоя унга сира ёқмаслигини алоҳида таъкидлаганди: «Фақат Европада ўйнашни истайман. Доимо бир гапни такрорлайман, агар ҳозир Осиёга йўл олсам, кейинчалик ўзимни асло кечиролмайман. Нега футболни танлаганмиз? Чунки бу ўйинни яхши кўрамиз. Муайян мақсад сари интилиш муҳим. Моддий манфаатни устун кўрадиганлар бундай таклифларни қабул қилаверсинлар. Менга эса чинакам футбол ичида бўлиш маъқул, демак, Европада қоламан. Жамоадошларимга ёрдам бериш, кучли рақибларга қарши ўйнаш учун...». Кўринишидан, охирги мавсум воқеалари ивуарликнинг бу борадаги позициясини буткул ўзгартириб юборди, шекилли.



Туренинг танловини тушуниш қийин, барибир. Ахир унинг янги клуби маҳаллий Суперлига вакили эмас. Тўғри, «Циндао» жорий мавсум элит лига йўлланмасини қўлга киритмоқчи ва 13та турдан кейин биринчи дивизион турнир жадвалида пешқадамлик қилмоқда. Яна бир томони, клуб ва ивуарлик футболчи ўртасидаги музокара анча чўзилди. Зеро, бу борадаги илк хабарлар май ойи ўрталарида чиққан, лекин Яя Туре фаолиятида янги саҳифа очишга унча ошиқмаётгандек таассурот уйғотаётганди. Қолаверса, Англия ОАВ маълумотларига кўра, потенциал иш берувчи томон футболчининг жисмоний ҳолатидан сира қониқмаган экан. Чунончи, у илк кўрик вақти 105 килограмм тош босган.



Хитойликлар 2 йилча олдин бутун трансферлар бозорини портлатиб юборишганди, гўё. Энди улар бундан афсусланишмоқда. Бинобарин, катта харажат миллий жамоа тараққиётига таъсир қилмади, ҳисоб. Шунинг учун қитъадошларимиз энди бошқача усуллардан фойдаланишга ўтдилар. Дейлик, Турени кутиб олиш учун саноқли мухлислар ва клубнинг расмий вакиллари чиқишди, холос. Суратларга қараганда, Туре парвоздан роса чарчаган ёки ўз трансферидан унча хурсанд эмасдек. Эҳтимол, еврофутболда ёрқин из қолдирган футболчи шунчаки, Хитойга йўл олиш ғояси ҳақида айтган гапларини эслаб, бироз ноқулай аҳволга тушган ёки катта доирада кераксиз бўлиб қолганидан хижолат чекаётгандир...


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz