Қайднома

Қидирув

Деян ЖУРЖЕВИЧ: «ЖАМОА ЎЙИНИНИ КУЧАЙТИРИШ НИЯТИДАМАН»

Деян ЖУРЖЕВИЧ: «ЖАМОА ЎЙИНИНИ КУЧАЙТИРИШ НИЯТИДАМАН»

  28.06.2019 09:43
  0
  344
Деян ЖУРЖЕВИЧ: «ЖАМОА ЎЙИНИНИ КУЧАЙТИРИШ НИЯТИДАМАН»

Наманганнинг «Навбаҳор» клубида бош мураббий лавозимида иш бошлаган сербиялик мутахассис Деян Журжевич таништириш маросимидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида ОАВ ходимларининг турли мавзулардаги саволларига жавоб берди.

- «Навбаҳор» тўғрисида маълумотга эгамидингиз? Жамоа таркибида қандай ўзгаришларни амалга оширмоқчисиз?

- Сўзим аввалида шуни таъкидламоқчиманки, журналистлар футбол ҳамда клуб ривожи йўлидаги муҳим шахслар саналишади. Борингларга шукр. «Навбаҳор»нинг айни пайтдаги эмас, олдинги футболчилари борасида маълумотга эгаман. Тўғрисини айтсам, ушбу таклиф кутилмаганда юз берди. Шу боис, жамоа билан тўлиқроқ танишишга имконият бўлмади. Вақт футболда муҳим омил ҳисобланади. Ҳозир олдимизда турган энг асосий вазифа - 13-тур доирасидаги «Қизилқум»га қарши кечадиган баҳсга пухта тайёргарлик кўриш ҳамда ўша ўйинда ғалаба қозониш. Шундан сўнг, давралар оралиғидаги танаффус юзага келади ва шундагина йигитлар билан тўлиқроқ танишиш, лозим бўлса, жамоа ўйинини янада кучайтириш борасида бош қотирамиз.

- Давралар оралиғида жамоанинг заиф чизиқларини янада кучайтириш, жумладан, ватанингиз Сербиядан футболчи таклиф этиш режангиздан ўрин олганми?

- Футболчилар билан яқиндан танишиб, уларнинг жисмоний ҳолатлари қандайлигини таҳлил қилганимдан сўнггина, клуб раҳбарияти ва спорт директорига улар ҳақидаги ўз фикримни билдираман. «Навбаҳор»нинг қайси чизиқларини кучайтириш борасидаги саволга жавоб бериш қийин. Биринчи давра баҳслари якунланганидан сўнг, бу ҳақда бош қотирамиз. Жамоанинг ўйини борасида тўхталадиган бўлсам, тажовузкор футбол намойиш этиши, кўплаб садоқатли мухлисларга эга эканлигини яхши биламан. «Навбаҳор»нинг ўйини асосан аниқ тўп узатишлар асосига қурилган. Легионерлар борасида тўхталадиган бўлсам, «Навбаҳор»да 4 нафар хорижлик футболчи бор ҳамда жамоанинг Осиёдан ташқари бўлган мамлакатлардан ўйинчи олиш борасидаги лимити тўлиб бўлган. Шунинг учун, ҳозирча Сербиядан футболчи олиб келишнинг иложи йўқ.

- «Навбаҳор» ўйинини кучайтириш борасида ғояларингиз борми?

- Жамоанинг қандай ўйин намойиш этишини билиш учун футболчиларнинг жисмоний ҳолати, ўйин савияси қандайлигига кўпроқ эътибор қаратиш лозим. Аммо бу жуда қийин масала. «Навбаҳор» жамоавий ўйин ташкил этиш орқали, тўп узатишларга асосланган тажовузкор футбол намойиш этади. Шу сабабли бўлса керак, кўплаб футболчилар наманганликлар сафида ўйнашни исташади. Кеча «Навбаҳор» иштирокидаги ўйинлар видеоролигини кўриб, таҳлил қилдим. Албатта, жамоанинг ўйинини кучайтириш борасида ўз ғояларим бор. Ўзингизга маълум, футболда асосийси натижа ҳисобланади. Бундан ташқари, миллионлар ўйинида вақт ҳам муҳим роль ўйнайди. Ҳозир эса жамоа ўйинига ўзгартириш киритишга вақтимиз жуда кам. Биринчи давра якунланганидан кейин таркибни кўриб чиқиб, бу борада бир хулосага келамиз.

- «Навбаҳор» билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?

- Мен учун шартноманинг қанча муддатга тузилганлиги унчалик аҳамиятга эга эмас. Уни 6 ой ёки 10 йил муддатга имзолашим мумкин. «Навбаҳор»да жиддий инсонлар ишлашади ва асосийси, ўзаро ҳамкорлик ҳамда ишонч асосида ишлашда. Шартнома шунчаки расмий қоғоз. Таъкидлайман, муҳими, ўзаро ишончга асосланган ҳамкорлик. Мабодо сизни шартнома муддати қизиқтирадиган бўлса, жамоа билан 1,5 йиллик битим туздим. Ниятим - «Навбаҳор» билан юксак натижалар қайд этиш.

Маълуомт учун: ЖУРЖЕВИЧ ҚАЙСИ КЛУБЛАРДА ИШЛАГАН?

Мухлисларни Журжевичнинг футболчилик ва мураббийлик фаолияти қизиқтирганлиги боис, у ҳақда тўлиқроқ тўхталишга қарор қилдик.

Деян Журжевич 1967 йилнинг 4 июль куни Югославиянинг Лазаревац шаҳрида дунёга келган. У ўйинчилик даврида ярим ҳимоячи бўлган. Журжевич футболчилик фаолияти давомида Сербиянинг «Колубара» (Лазаревац), ОФК (Белград, 1989-1993, 1994-1996, 2000-2002 йиллар), «Чукарички» (Чукарица, 1996-1998 йиллар), Греция-нинг «Аполлон Смирнис» (Афина, 1993-1994 йиллар), Швециянинг «АИК» (Стокгольм, 1998-2000 йиллар) клублари, шунингдек, Югославия терма жамоаси (1994-1995 йиллар)да тўп сурган.

Футболчилик фаолияти давомида «АИК» клуби таркибида 1999 йили Швеция кубогини қўлга киритган.

Деян Журжевич бутсасини михга илгач, ОФК клубининг ёшлар жамоасида мураббийлик фаолиятини бошлаб, 2006 йилгача ушбу жамоани бошқарди.

Ёш мутахассис 2007-2008 йилларда Сербия U-23 ёшлар жамоасида фаолият юритди. Сўнгра 2008-2009 йилларда «Чукарички» клубини бошқарди.

Кейин фаолиятини ОФК клубида давом эттириб, мазкур жамоани 2009-2011 йилларда бошқарди ҳамда 2010 йили Сербия чемпионатида 3-ўринни эгаллади.

Сербиялик мутахассис 2011-2012 йилларда Тошкентнинг «Пахтакор» клубида фаолият юритди. «Шерлар»нинг 2011 йилги мавсумда бронза медали ва Ўзбекистон кубогини қўлга киритишларида Деян Журжевичнинг ҳам муносиб улуши бор, албатта.

Сербиялик мутахассис 2012-2013 йиллар мобайнида Сербиянинг «Раднички» (Крагуевац) жамоасини бошқарди.

Деян Журжевич 2014-2015 йилларда ўзи учун қадрдон бўлган «ОФК» клубида бош мураббий сифатида фаолият юритди.

2015 йилнинг ёзида сербиялик мутахассис яна юртимизга қайтиб, миллий терма жамоамизда 2017 йилгача техник директор лавозимида иш олиб борди. Ўтган йилдан буён Сербиянинг «Земун» (Земун) клубини бошқарган Деян Журжевич энди «Навбаҳор»да иш бошлади.


У.УМАРОВ ёзиб олди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz