Қайднома

Қидирув

Самвел БАБАЯН: «ВАЗИЯТНИ АТРОФДАГИЛАРГА ТУШУНТИРМАГАНИМ ХАТО БЎЛГАН»

Самвел БАБАЯН: «ВАЗИЯТНИ АТРОФДАГИЛАРГА ТУШУНТИРМАГАНИМ ХАТО БЎЛГАН»

  28.06.2019 14:42
  0
  519
Самвел БАБАЯН: «ВАЗИЯТНИ АТРОФДАГИЛАРГА ТУШУНТИРМАГАНИМ ХАТО БЎЛГАН»

24 июнь куни «Локомотив» бош мураббийи лавозимига киришган Самвел Бабаян иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Тадбирнинг кириш қисмида у фаолияти борасида атрофлича тўхталиб ўтди. Шунингдек, журналистлар билан биргаликда мухлисларни қизиқтирган саволларга ҳам жавоб берди.

 

- Фаолиятимда янги саҳифа очилмоқда. «Локомотив»дек муваффақиятли клубга келиш мен учун катта шараф. Бу таклиф учун раҳбариятдан миннатдорман. Бу клубда иқтидорли йигитлар йиғилган, уларнинг ҳаммаси энг юқори марраларни кўзлашади. Барчамиз мустаҳкам бир оила бўламиз. Миллий жамоадан кетганимдан кейинги даврга тўхталсам, дисквалификация қилинишим сохта далилларга асосланганди. Бу адолатсизлик, ҳатто камситиш бўлганди. Нега бундай қилинганди? Агар чуқурроқ қарайдиган бўлсак, менгача миллий жамоани бошқарган барча мураббийлар билан ҳам, катта эҳтимолки, худди шундай ҳолат кузатилган. Мақсадга эришишга яқин эдик, мухлисларимизга умид бағишлагандик. Афсуски, бизга қандайдир энг арзимас нарсалар халал берди. Мендан олдин миллий жамоада ишлаган мураббийларга нисбатан бундай йўл тутишмаганди. Уларнинг ҳар бири 2 йил атрофида футболда ишламаган эдилар. Бу федерация президенти, ҳурматли Мираброр Зуфаровичнинг донолигидан дарак беради. У миллий жамоанинг собиқ мураббийларини авайлаганди. Менга келганда эса, одамлардаги ғазаб, мухлислардаги норозилик... Мен ана шу ажиотаж марказига тушиб қолдим. Айбловлар, эътирозлар... Масалан, Сергеев номуносиб, шахсий манфаатини деб уни майдонга туширган... Келинглар, фактлар билан гапирайлик. Биринчидан, Сергеевни миллий жамоага мендан олдин ишлаган мураббийлар ҳам таклиф этган. Иккинчидан, Сергеев менинг қўл остимдаги «Пахтакор»да ўйнаб, миллий жамоага чақирилганида, бошқа футболчи эди. Мен «Пахтакор»дан кетганимдан кейин у бошқа мураббийлар қўл остида бўлди. Учинчидан, бугунга келиб Сергеев мамлакатимизнинг энг кучли ва иқтидорли ҳужумчиларидан бири эканини исботлади. У гол урмаган ўйинларда ҳам бизнинг тактик схемамизда жамоага катта фойдаси тегарди.

Менга нисбатан илгари сурилган айбловлар Юрмаланинг «Спартак» клуби бош мураббийи бўлишимга ҳам халал берди. Нега? Бу клуб раҳбарлари мени жамоага таклиф этишганида УЕФАнинг янги қоидаларидан бехабар бўлишган. УЕФА «Про» лицензиясини Европада ўқиб олган мураббийларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун янги тартиб жорий этган бўлиб, бунда баъзи истисноларга ҳам рухсат берган. Европада олинган «Про» лицензиясини ҳимоя қилиш бўйича конвенция борлигига қарамай, мен «Спартак» мураббийи бўла олишим мумкин эди. Мутахассислар билан ривожланиш стратегияси, тактика, янги методикалар ва бошқалар ҳақида гаплашдик. Кейин ўша дисквалификация хусусида сўрашди. Бу эса вазиятга таъсир кўрсатмай қолмади. Хуллас, улар бош мураббий бўлишим учун менга нисбатан истисно қўллашга рухсат беришмади. Бундан ким ютқазди? Ўз касбининг фидойиси сифатида мен ютқаздим. Бундан мамлакатимиз ҳам ютқазди, чунки мен Европа Лигасида қатнашган ягона ўзбек мураббийи бўлишим мумкин эди. Осиё футболи ҳам ютқазди, чунки ҳозир бирорта ҳам осиёлик мураббий Чемпионлар Лигасида қатнашмаяпти. Мен қатнашишим мумкин эди.

Дисквалификация қилинганимга келсак, бу ҳақда мендан нимадир эшитмоқчи бўлсангиз, адашасиз. Чунки, аввало, мен кўрган тарбия бунга йўл қўймайди. Иккинчидан, у одам ҳозир ишдан кетган. Учинчидан, четлатиш икки ҳафтадан кейин бекор қилинганининг ўзиёқ етарли факт. Дисквалификация бекор қилинганини айтмаслигимни сўрашганди. Ўша хатдаги бир гапга гувоҳ бўлишингиз мумкин: «Ватанпарварлик хислатларини кўрсатгани эътиборга олиниб...». Бу тақиқнинг бекор қилинишида мен томонимдан намойиш қилинган ватанпарварлик намунаси ҳам санаб ўтилган. Дисквалификация қилинишим адолатсизлик бўлганди. Бу мавзуга бошқа қайтишни хоҳламайман.

Тушунаман, Бабаян атрофидаги шов-шув эътиборни тортади, бунинг ортидан баъзи ОАВнинг рейтинги ошиши мумкин. Лекин келинглар, буни унутамиз.

Бу тарихнинг нимаси ёмон? Шуниси ёмонки, унинг мавзуси футбол эмас. Мени гўёки «Бунёдкор» кафилликка олгани ҳақидаги хат? Бу, менимча, қандайдир ташкилий масалаларни ҳал қилиш учун керак бўлган ва «Бунёдкор»дан ёзиб беришни сўрашган. «Локомотив» эса мени ишга чақирди. Бу икки клуб, «Пахтакор»да ишлаганимда рақиб бўлганимизга қарамай, мени қўллаб-қувватлади. Бу эса футболимизда адолат ва олийжаноблик сақланиб қолганидан далолат.

- «Локомотив»га бош мураббий бўлишингиз ҳақида гап-сўзлар тар-қалганда футболчилар «Биз Ан-дрей Фёдоров учун ўйнаймиз», дейишаётгани маълум бўлганди. Таркибда сизга қарама-қарши бўлган футболчилар ҳам бор. Масалан, Темурхўжа Абдухолиқов...

- Темурхўжани мен «Бунёдкор» ўринбосарлари таркибидан чақирганман, у «Пахтакор»да ўзини кўрсата олган. Абдухолиқов билан муносабатимиз ёмон, деган гапни қаердан олдингиз? Ҳа, у рақобатда ўйнаган. Лекин ҳозир рақобатдан холи экани яхши эмас. Бу унинг ўсиши учун ҳам ёмон. Спортчи рақобат бор жойда ўсиб боради.

- «Локомотив»га сизни айнан ким таклиф қилди?

- Клуб президенти Ражабов Мансур Қўчқорович.

- Охирги уч йилда Ўзбекистоннинг бирорта ҳам клуби «плей-офф»­га чиқа олмади...

- Бу, албатта, футболимиз учун унчалик ҳам яхши статистика эмас. Лекин бу йил «Пахтакор»да ҳам, «Локомотив»да ҳам гуруҳдан чиқиш имконияти бор эди. Клубларимиз ОЧЛ-да шарманда бўлишгани йўқ.

- Демак, «Локомотив»нинг 5-турдан кейин гуруҳда қолиб кетгани клуб учун «провал» ҳисобланмайдими?

- Йўқ, барибир «плей-офф»га яқин келгандик. Албатта, ўз олдига юқори мақсадлар қўйган ҳар қандай клуб «плей-офф»га чиқиб, олдинга қадам ташлашга ҳаракат қилади. Бу футболчилар ва мамлакат футболини кўтаришда яна ҳам кўпроқ ёрдам беради.

- «Локомотив»да қайси чизиқларни кучайтириш керак, деб ҳисоблайсиз?

- Регламентга асосан, ёш футболчилар чемпионатда қатнашиши шарт, ўша позицияда бугун рақобат йўқ. Майдонга тушаётган ёшлар ўйинимизни кучайтиришмаяпти. Бу йўналишда иш олиб боришимиз ва кучли ёш ўйинчиларни таркибга жалб этишимиз керак.

- Ҳозирги «Пахтакор»га рақобат туғдира оласизми?

- Вазиятни ҳамма яхши тушуниб турибди, 8 очко - катта фарқ. Лекин чемпионат ҳали давом этяпти. Биз ҳар бир баҳсга энг муҳим ўйиндек муносабатда бўламиз.

- Самвел Бабаяннинг ортида қандайдир катта амалдор турадими? Унинг «танка»си ким?

- Ким бўлишидан қатъи назар, мени ўзбек футболидан айириш ва унда ишлашни тақиқлаб қўйиш ҳуқуқи ҳеч кимга берилмаган. Ҳар хил «танка»лар ҳақида гапириш эса аҳмоқлик. Ўзбек футболига қўшган ҳиссам кам эмас ва бундан кейин ҳам ўзбек футболи учун ишлашда давом этаман.

- Миллий жамоани бошқарганингизда мухлис ва журналистлар «Ўз футболчиларини таркибга қўяди, шу орқали уларни реклама қилиб, сотиш ниятида», деб айтишарди...

- Бу ҳам кулгили ва тўқиб чиқарилган. Қандай қилиб ўзимга алоқадор бўлмаган футболчи билан қандайдир зимдан кўзлаган мақсадларим бўлиши мумкин? Аслини олганда, бундай айблов қўйишнинг ўзи инсофсизлик. Миллий жамоада ишлаганимда битта позицияга икки номзод - Машарипов ва Шомуродов бор эди. Агар касбимга ҳалол ёндашмаганимда, Машариповни танлардим. У - «Пахтакор» футболчиси. Лекин ҳар иккисининг ҳам кучли ва кучсиз томонларини ҳисобга олиб, мен Шомуродовни танлаганман.

- «Пахтакор»да футболчилар билан шартномаларга ўз манфаатингизга мослаб ўзгартишлар киритгансиз, деган гаплар ҳам юради.

- Шартномалар масаласи тўғридан-тўғри менинг вазифамга кирмасди. Бу - бош директорнинг функцияси эди. Албатта, шартномалардан бехабар бўлганман, дейишим аҳмоқлик бўлади. Бу гапларнинг тарқалиши клубда акционер ўзгаргани билан боғлиқ эди. Аввалги акционер, қўпол қилиб айтганда, битимга қарамасдан ҳам футболчилар билан шартнома имзолаган бўлса, янги акционер - Тошкент шаҳар ҳокимлиги бўлганди. Ўшанда ўзгаришлар бўлган. Хуллас, бу шартномаларни тузишда ҳуқуқшунослар ҳам қатнашган, клуб раҳбарлари ҳам хабардор бўлиб, бунга рухсат беришган. Буларнинг ҳаммаси миш-миш, бўлмаган нарса.

- Суперлиганинг янги формати ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ўтган йили 12та клуб қатнашгани бизнинг чемпионат учун у қадар яхши вариант эмас. Биринчидан, мамлакатимиз ҳудуди катта. Футболни яхши кўришади. Учинчидан, бизда инфраструктура бор. 16 жамоадан иборат форматни биз учун нормал деб ҳисоблайман.

Шунингдек, мутахассис интернет орқали мухлислардан келган саволларга ҳам жавоб берди.

- Ўзингизни ўзбек футболига фойдали инсон деб ҳисоблайсизми?

- Ўзимга-ўзим баҳо беролмайман. Менинг фаолиятимга тарих баҳо беради. «Пахтакор»да ишлаган вақтимда миллий жамоага 42 футболчини тарбиялаб бердим. Қўл остимдан чиққан 200 нафар футболчи турли ёшдаги терма жамоаларда ўйнади, улар орасида жаҳон чемпионатларида қатнашиб, Осиё чемпиони бўлганлари ҳам бисёр.

- Миллий жамоада ишлаган пайтингиздаги хатоларингизни тан олиб, мухлислар олдида узр сўрайсизми?

- Жанубий Корея билан ўйиндан кейин қисқа гапириб, матбуот анжуманини тарк этган бўлсам ҳам, ЎФФ матбуот хизмати орқали мухлислардан узр сўрагандим. Улардаги ҳиссиётларга бефарқ эмасдим, ўзим ҳам ич-ичимдан жаҳон чемпионатига чиқишимизга ишонгандим. Табиийки, хатолар бўлганди. Футбол ўзи хатолардан иборат. Шу жумладан, биз ҳам адашамиз. Агар холис ёндашсак, мақсад сари жуда кичик масофа қолганди. Ҳайдаровнинг зарбаси голга айланганида ёки 86-дақиқада гол ўтказмаганимизда, ЖЧга тўғридан тўғри чиқардик. Нима бўлганда ҳам, миллий жамоамизга муваффақият тилайман. Ким мураббий бўлишидан қатъи назар, биз жаҳон чемпионатига чиқа оламиз, бунинг учун бир нарса керак - жамоа бутун мамлакатга, бутун мамлакат бир жамоага айланиши зарур. Барчамиз шу миллий жамоа атрофида бирлашишимиз керак.

- Терма жамоадан кетганингиздан кейин нега матбуотдан узоқлашдингиз?

- Биринчидан, вазият шундай эдики, барчаси очиқ-ойдин кўриниб турганди. Ҳаммаси барбод бўлганди. Бу «провал» эди. Эришишни энг кўп хоҳлаган нарсангни қўлдан чиқариш эди. Шу ҳолатда булар ҳақида гапириш осон эмасди. Буни бошидан ўтказган одам билади. Иккинчидан, ўша матбуот анжуманида деструктив кайфиятдаги қиёфаларга кўзим тушганди. Гап уларнинг саволларида эмас, менда уларга айтадиган гапнинг ўзи йўқ эди. Нега Лобановни майдонга туширганман? Мени қачон бош мураббий этиб тайинлашганини эслайлик: иккинчи саралаш босқичининг биринчи ўйинида Шимолий Корея билан ўйнаб, биринчи бўлимдан кейин 0:4 ҳисобида ютқазгандик, якуний ҳисоб 2:4 бўлганди. Шундан кейин Мираброр Зуфарович мени чақириб, миллий жамоада ишлашни таклиф қилди. Бу - ҳар қандай мураббий фаолиятининг чўққиси, табиийки, мен ҳам бунга рози бўлдим. Ўз-ўзидан олдинги ўйинни таҳлил қилдик ва бир фактга дуч келдик: ўтказиб юборилган 4та голдан 3тасида ҳаводаги тўп учун курашда ютқазганмиз. Ва бу Нестеровнинг ўйинида тенденцияга айланиб қолганди. Мен уни Ўзбекистонинг замонавий тарихидаги энг яхши дарвозабон деб ҳисоблайман. Лекин афсуски, у шундай хатоларга йўл қўйганди. Бу - биринчидан. Иккинчидан, Лобанов ўша пайтда Ўзбекистон чемпиони эди, кетма-кет иккинчи марта мамлакат чемпиони бўлишга яқин эди. У менинг қўл остимда ўйнаган ва талабларимни биларди. Мана шу нарсаларни халқ-қа, журналистларга тушунтирмаганим ҳақиқатан ҳам менинг хатом бўлганди. Буларни айтмаганим мухлис ва журналистларга терс ўгирилиб олганимни англатмайди. Шунчаки, ўз ички тасаввурларим туфайли гапиришни истамасдим. Аввал қандайдир натижага эришиб, кейин матбуот билан хотиржам ўтириб гаплашиш керак, деб ҳисоблардим. Ва бу менинг хатом бўлиб чиқди, тан оламан.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz