Қайднома

Қидирув

Сўз финалга чиққан кун...

Сўз финалга чиққан кун...

  30.06.2019 02:54
  0
  556
Сўз финалга чиққан кун...

Матбуот майдонида фаолият юритадиган минглаб таҳририят-жамоалар бор. Бироқ ҳар йили 27 июнда улар эмас, балки СЎЗ финалга чиқади. Спорт оламида «финал» - энг мўътабар тушунчалардан бири. Футболда-ку асти қўяверасиз. Шу сабаб касб байрамимизни СЎЗ финалга чиққан кун сифатида таърифлагим келди.

Нега энди СЎЗ финалга чиқади? Бирор нашр, таҳририят ёки журналист финалга муносиб ҳисобланмайдими? Назаримда, барча нашр ёки журналистлар ҳам маълум соҳа ҳаётини ёритишда ғолиб саналавермайди. Аксарият журналистлар эса айрим мавзулар қаршисида каловланиб қолишади ва муаммолардан кўз юмишади. Бу, албатта, менинг шахсий фикрим. Ўзини финалга муносиб ҳисоблайдиганлар қошида узр сўрашга тайёрман. Ахир бугун байрамимиз. Финалга чиқамизми-чиқмаймизми - барибир, хурсандчилик қилаверамиз. Хурсандчиликда эса СЎЗни олқишлаймиз. Имкон бор экан, СЎЗ тилимиздан учиб, тингловчига етмоқда, ручка ёки компьютер воситасида газета саҳифаларини тўлдирмоқда. Йил давомида қанча-қанча мавзу-муаммоларни мағлуб айлаб, 27 июнь куни СЎЗ финалга йўл олади. Финал куни ЭЪТИБОР ва ЭҲТИРОМ ҳам СЎЗ қошида бош эгади.

Финал куни арафасида бир нечта савол билан ҳамкасбимиз Муҳаммад Вали аканинг бошини қотирдим.

- Сизнингча, гонорар нима? Ёзиш жараёнида қалам ҳақи ва унинг миқдори қандай аҳамият касб этади?

- Гонорар - мустақил журналистнинг тирикчилик манбаи. Унинг миқдори ёзиш жараёнига таъсир ўтказади. Масалан, авваллари «ИнтерФутбол» учун ҳафтасига 3та мақола ёзган бўлсам, ҳозир битта мақола ёзиш билан чекланаман (кулади).

- Демак, пул учун ёзаркансиз-да?

- Ҳар қандай доимий машғулот асосида моддий манфаатдорлик ётади. Дейлик, ЎзАга қалам ҳақини ўйлаб материал юбормайман. Масалага жиддий ёндашадиган бўлсак, мулоқотимиз чигаллашади. Ўзгармас хулоса шуки, гонорар мавзу танламайди, аниқроғи, танлай олмайди. У руҳлантиради ва масъулиятни оширади, холос. Тафаккур, билим, истеъдод, синчков нигоҳ бўлмаса, миллион сўм гонорар берсангиз ҳам мақола ёзилмайди. Истасангиз ҳам ёзолмайсиз.

- Футбол ҳақидаги мулоҳазаларингизни қандай ёзасиз?

- Жуда оддий. Бир ҳафталик кузатувларимни якшанба куни ўзим тушунмайдиган бир куч саралайди ва муҳим саналган мавзу учун «қизил ип» топади. «Оқимга қарши сузиш» номли мақоламни ёзишдан аввал Шавкат Раҳмоннинг «Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир!» мисраси хаёлимда айланаверди. Ва шу мисра руҳи мақолага сингди.

- «Динамо» нима сабабдан «Яшнобод»га ютқазди?

- Бу - кубок ўйини қисмати! «Динамо»нинг «Локо»ни енгган таркибига «Яшнобод» қаршилик кўрсатолмайди. Самарқандлик мухлислар ҳакамларни айблашди, майдондан четлатилган футболчилардан хафа бўлишди. Аслида таркиб танлангандаёқ Даврон Файзиев натижа устидан ҳукм ўқиган. Бундай «тажриба» еврофутболда ҳам мавжуд.

- Шуни била туриб стадионга бораётган мухлисларга қойил...

- Футбол стихияси селга ўхшайди. Домига тушганни ўз манзили сари олиб кетаверади. Шу боис бунақа ҳолатларни таҳлил қилиш ноўрин...

Ўзбекистон кубогидаги бир учрашув тарихи сал бўлмаса бизни байрам мавзусидан чалғитаёзди. Хайриятки, Муҳаммад Вали ака яна гонорар масаласига қайтиб, қарши ҳужумга ўтди.

- Финалдан сўнг янги мавсум бошланади ва шу муносабат билан гонорар миқдори ҳам ошадими?

Мен жавоб қайтаришга улгурмадим. Иккаламиз ҳам кулиб юбордик. Кайфиятимиз кўтарилди. Байрам куни ҳам, байрамдан кейин ҳам шундай кулгуларга етказаверсин.

Юқоридаги мулоҳазаларни ёздиму, «Журналист учун, хусусан, «ИнтерФутбол» газетаси бош муҳаррири учун кулгунинг асл манбаи нима?» деган савол ўйга толдирди. Ўзимни ҳарчанд юпатмайин, газета адади, матбуотимиз аҳволи кулгуларим манбаи эмаслигини англаб турардим. Ўйлаб қарасам, мен Муродил Абдураҳмонов, Тўлқин Раҳимов, Тоҳир Мирҳодиев, Улуғбек Юсупов каби бағрикенг устозларимдан миннатдор эканман. Улар мени матбуот ва матбаа соҳасига йўналтиришгани учун бугун куляпман, шодланяпман.

Омон бўлинг, азиз устозлар, қадр­ли ҳамкасблар! Байрамингиз муборак!

А.ҲАМИДОВ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz