Қайднома

Қидирув

Серхио Рамос тўйидан репортаж ва...

Серхио Рамос тўйидан репортаж ва...

  01.07.2019 01:16
  0
  553
Серхио Рамос тўйидан репортаж ва...

Аввалги ҳафта Севильяда «Реал» сардори Серхио Рамос ва испаниялик машҳур журналист, телебошловчи Пилар Рубионинг узоқ кутилган тўйи бўлиб ўтди, ниҳоят. Дабдабали маросимда таниқли футбол намояндалари қатнашишди. «Реал» ҳимоячисини қутлагани ташриф буюрган меҳмонлар орасида «Барселона» футболчиларини ҳам кўриш мумкин эди. Хўш, Рамос ва Рубио хонимнинг хурсандчилигига қайси машҳурлар шерик бўлишди, бу ҳақда нималарни билиш керак?  

Жуфтлик Мадрид эмас, Севильяда никоҳдан ўтди. Эслатиш ўринли, «Реал» сардори Андалусиянинг Камас шаҳрида туғилган. Тўй тантаналари учун Севилья кафедрал ибодатхонаси танланди. Бу Европадаги энг йирик готик ибодатхонадир.

 

Никоҳ маросими якунлангач, Рамос ва Пилар меҳмонлар ҳамроҳлигида футболчига тегишли La Alegria фермасига йўл олишди. Асосий тадбир - кўнгилхушлик шаҳардан 24 километр узоқликдаги шу жойда ташкиллаштирилди. Тўйга чамаси 400 нафар меҳмон таклиф этилди - асосан юлдузлар (фақат футбол кишилари эмас).

 

  Испаниялик журналистлар тўй маросими футболчига қанчага тушганини тахминан ҳисоблаб чиқишди. Хуллас, экспертларнинг хулосаларига кўра, дабдабали маросим учун чамаси 3 миллион евро сарфланган.

  41 ёшли Пилар Рубио тантанага Zuhair Murad белгиси остидаги бежирим либосни танлади. Келин меҳробга отаси, куёв эса онаси билан чиқди. Дарвоқе, юлдуз меҳмонлар мезбонлар илтимосига кўра, баъзи қоидаларга амал қилишди: тантаналар вақти ҳамма қўл телефонини махсус хонада қолдирди, футболчилар ҳамроҳларининг қизил, яшил ва лоларанг тусли либослар кийишлари тақиқлаб қўйилди.

  Пилар Рубио телевидениедаги ишидан ташқари, шахсий кийим-кечаклар брендига эга.

  Рамоснинг шахсий мулки - La Alegria («Хурсандчилик») 44 гектар ер ҳудудини ўз ичига олган бўлиб, ферма атрофи 3 метрли девор билан ўралган. Унинг SR4 (футболчининг исм-шарифи ва ўйинчилик рақамига нишона) номли бўлимида зотдор отлар парвариш қилинади. Умуман, ушбу вилла ичида футбол майдони, теннис корти ҳам бор. Уйнинг умумий майдони эса 1000 квадрат|метрдан ҳам катта.

  Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, тўйга таклиф этилган AC|DC гуруҳи ўз чиқиши учун миллион евро сўраган.

  Келин-куёв тўй совғаларидан воз кечишди. Яъни Рамос меҳмонлардан совға пулини БМТ болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ҳисоб рақамига ўтказиб беришларини сўради.

  Рамоснинг яқин дўстлари - Икер Касильяс ва Криштиану Роналду тўйда қатнашишмади. «Порту» дарвозабони инфарктдан кейин тикланиш ва турмуш ўртоғи - Сара Карбонерога саратон хасталиги билан курашишда ёрдам бераётган бўлса, куёв португалияликни негадир таклиф этмади.

 

Серхио Рамос ва Пилар Рубио 7 йилдан буён бирга яшамоқдалар. Улар 3 нафар фарзандни тарбияламоқдалар. Пилар Рубио - Испанияда анча танилган журналист, актриса ва телебошловчи. У 41 ёшда. Қисқаси, турмуш ўртоғидан 8 ёш катта. Оиланинг тўнғич фарзанди - кичик Серхио 2014 йили туғилган. 2015 йили эса Марко дунёга келди, жуфтликнинг кенжа ўғли Алехандро энди 1 ёшли бўлди.

Рамосга тегишли фермада меҳмонлар учун Австралиянинг афсонавий рок-гуруҳи - AC|DC ва испаниялик хонанда Нинья Пастори куйлади. Diario Sevilla нашрида ёзилишича, тўй маросимининг маълум харажатини Amazon компанияси кўтарди. Умуман, Amazon Prime ҳозирда Рамос ҳаёти ҳақида сериал яратмоқда.

Хўжа Абдулраҳмон тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz