Қайднома

Қидирув

Фернандо Торрес ҳам футбол билан хайрлашди-я...

Фернандо Торрес ҳам футбол билан хайрлашди-я...

  01.07.2019 03:24
  0
  450
Фернандо Торрес ҳам футбол билан хайрлашди-я...

Сўнгги мавсумни Япониянинг «Саган Тосу» клубида ўтказган Фернандо Торрес фаолиятини якунлаганини маълум қилди. 23 июнь куни Токиода ўтказилган матбуот анжуманида испаниялик форвард нима сабабдан бундай қарорга келгани ҳақида гапириб, келгусидаги режаларини ошкор этди. Гарчи охирги пайтларда 35 ёшли футболчи аввалги савиясини кўрсатолмаган бўлсада, 18 ёшида кўплаб эътирофга лойиқ натижаларга эришганди. Football.ua Торреснинг ютуқларини эсга олишни маъқул кўрди.

Фернандо Торрес «Атлетико» тарбияланувчиси ҳисобланади, Мадрид клубига 11 ёшида қўшилган. Маҳоратли ҳужумчи «матрасчилар»нинг асосий жамоасидаги дебютини 2001 йили, 17 ёшида нишонлаган. Жамоа билан Ла Лигага қайтгач, Торрес «рохибланкос» етакчиларидан бирига айланиб, икки йилдан сўнг сардорлик боғичига эга чиқди. 2007 йили у «Ливерпуль» сафига қўшилиб, мерсисайдликлар учун ўша пайтдаги рекорд суммали трансфер сабабчиси бўлди ва айнан шу клубда фаолиятидаги энг ёрқин ўйинларини кўрсатди. 2010 йилнинг январида испаниялик ҳужумчи «Челси»га ўтди, гарчи лондонликлар таркибида ўзини кўрсатолмаган бўлсада, иккита йирик еврокубоклар совринини қўлга киритди. Торрес энг катта муваффақиятга Испания термасида эришган, десак муболаға бўлмайди: икки марта Европа чемпионати, бир марта жаҳон чемпионатида ғолиб чиқди.

Фаолиятининг ёрқин дамларида «кўҳна қитъа»нинг энг кучли марказий ҳужумчиларидан бири сифатида эътироф этилган Торрес учрашув тақдирини бир ўзи ҳал қилишга қодир эди, ўша кезлари. У яхшигина тезликка эга эди, ҳимоячилардан қочиб кетарди, гол сезиш қобилияти мақтовга лойиқ бўлган, имкониятлари шу қадар юқори эдики, турлича голлар муаллифига айланарди.

Келинг, энди афсонавий футболчининг карьерасидаги энг яхши лаҳзаларга бирма-бир назар ташлаймиз.

Дастлабки гол

Фернандо Торрес профессионал фаолиятидаги биринчи голини 17 ёшида, «Атлетико» Сегундада қатнашаётган пайтларда урган. «Альбасете»га қарши кечган баҳсда ёш ҳужумчи оқилона тарзда позиция танлаб, шеригининг юқоридан узатган тўпини боши ёрдамида тўрга йўллаганди.

Умумий ҳисобда эса, «Атлетико» тарбияланувчиси мазкур клубдаги дастлабки даврида 244та ўйин ўтказиб, 91та тўп киритган.

 

«Ливерпул»га ўтиш

2007 йилнинг ёзида «Ливерпуль» бош мураббийи Рафаэль Бенитес ҳамюртини 20 миллион евро эвазига «Энфилд»га кўчиб ўтишга кўндирди. Мерсисайдликлар таркибидаги илк мавсумидаёқ Торрес АПЛда 24та гол урди ва шу тариқа Робби Фаулернинг натижасини такрорлади. Бундан ташқари, тезкор ҳужумчи «Ливерпуль» сафида миллий чемпионат доирасида биринчи бўлиб 50та тўп киритган футболчига айланди.

«Қизиллар» либосида Торрес 142та ўйин ўтказиб, рақиблар дарвозасини 81 марта ишғол қилди, аммо бу клубда бирор-бир соврин ютиш унга насиб қилмади.

 

Евро-2008даги Қаҳрамонлик

Фернандо 2008 йилги Европа чемпионатида Давид Вилья билан биргаликда Испания термасининг асосий ҳужумчиси вазифасини ўтади. Мазкур турнир давомида маҳоратли форвард иккита тўп киритди, муҳими, Германияга қарши кечган финал учрашувида «қизил фурия»нинг ягона ғалаба голига муаллифлик қилди. Турнир якунига кўра, Торрес рамзий жамоадан жой олди.

«Челси» билан ЕЧЛ ва ЕЛдаги зафарлар

2010 йилнинг январида «Челси» Торрес учун «Ливерпул»га 50 млн. фунт тўлаб, шу тариқа ўша пайт учун Англия футболи тарихидаги рекорд келишувни имзолади. Испанияликнинг Лондон клубига трансфери гарчи омадсиз деб топилган бўлсада, Фернандо барибир «кўклар» учун муҳим голларни урди. «Челси» учун ғалабали тарзда якунланган Чемпионлар Лигаси-2011|2012 мавсумида ҳужумчи 10та ўйин ўтказиб, 3та тўп киритди. Улардан бирини «Барселона»га қарши кечган қийин беллашув (2:2)да ўз номига ёздириб, жамоасининг финалга чиқишида асосий сабабчилардан бири бўлди.

Кейинги мавсумда эски таниши - Рафаэль Бенитес қўл остида Торрес Европа Лигасида учрашувларида рақиблар дарвозасини 6 марта ишғол қилди. Голлардан бирини «Бенфика»га қарши кечган финал баҳси (2:1)да урди.

 

Жаҳон чемпиони унвони ва Евро-2012даги Ғалаба

Жанубий Африка Республикасида ўтказилган жаҳон чемпионатига Торрес у қадар юқори формада бормади, чунки жароҳат туфайли кўп вақтини майдон ташқарисида ўтказишга мажбур бўлганди. Испаниялик форвард термасининг 7та ўйинида майдонга тушсада, бирорта ҳам гол уролмади.

2012 йили Украина ва Польша майдонларида ўтказилган Европа чемпионатида эса Торрес Испания термаси учун ротация футболчисига айланди. Шунга қарамай, у гуруҳ босқичи доирасидаги Ирландия билан баҳсда «дубль» қайд этди, шунингдек, Италияга қарши кечган финал (4:0)да захирадан ўйинга қўшилиб, биттадан гол ва ассист муаллифи бўлди.

«Милан»даги омадсиз даврдан кейин Торрес қадрдон «Атлетико»га қайтди ва кейинги 4 мавсум мобайнида Диего Симеоне бошчилигидаги жамоанинг муҳим футболчиларидан бири сифатида «матрасчилар»нинг Европа Лигасида муваффақият қозониши, Чемпионлар Лигаси финалига чиқишига ҳисса қўшди. Фернандонинг фаолиятидаги сўнгги давр Японияга тўғри келиб, маҳаллий «Саган Тосу» клуби сафида 38та ўйин ўтказди ва ҳисобига 4та гол ёздирди.

Энди Торреснинг ҳаётида янги босқич бошланди: у футбол оламига алоқадорликни сақлаб қолади ёки бош­қа бирорта қизиқарли фаолият билан шуғулланади. Шубҳа йўқки, унинг ажойиб ўйини ва қойилмақом голлари бутун дунёдаги ишқибозлар хотирасида узоқ вақт сақланиб қолади.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz