Қайднома

Қидирув

Мураббийлар: УСТОЗИНГИЗ - ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ

Мураббийлар: УСТОЗИНГИЗ - ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ

  01.07.2019 08:31
  0
  461
 Мураббийлар: УСТОЗИНГИЗ - ЖАҲОН ЧЕМПИОНИ

Яқинда италиялик афсонавий ҳимоячи Алессандро Неста «Фрозиноне» бош мураббийи сифатида таништирилди. Журналистлар эса шу фурсатдан фойдаланиб, сўнгги 20 йил мобайнида жаҳон чемпиони номига сазовор бўлганлар орасидан кейинчалик мураббийлик фаолиятига қадам қўйганларини қидириб топди.

ЖЧ-1998 чемпионлари - Франция термаси

XX асрнинг сўнгги жаҳон чемпионлари, афсонавий «мушкетёрлар» ўз уйларида ўтказилган мундиалда муваффақият қозониб, бутун Францияга ёқимли дамларни туҳфа қилишди. Эме Жаке бошқарган ўша жамоадагиларнинг аксарияти мураббийлик соҳасида ҳам довруқ қозонишди. Бу борада биринчи навбатда, албатта, Дидье Дешам ҳамда Зайниддин Зиданнинг ютуқларини эътироф этиш лозим. Дешам 20 йилдан кейин французларни иккинчи жаҳон чемпионлигига етаклаган бўлса, Зизу «Реал» устози сифатида қаторасига уч марта Чемпионлар Лигасида зафар қучди. Эътиборлиси, бунга қадар кетма-кет икки марта «шалпангқулоқ»қа эга чиқиш ҳам ҳеч бир клубга насиб қилмаганди.

Шунингдек, Лоран Блан «Бордо» ва «ПСЖ» билан Лига 1 мусобақаларида тўрт марта ғолибликка эришди, икки йил Франция термасида ишлади. Бундан ташқари, Патрик Виейра ҳамда Тьерри Анрининг мураббийлик фаолияти ҳам эътиборга молик. Аввалги мавсумни «Ницца»да ўтказиб, Лига 1 турнир жадвалида 7-ўринни эгаллаган мутахассис келгусида «Арсенал»ни бошқариш ниятида. Анрининг ушбу соҳадаги дебюти эса унчалик ўхшамади: мавсум-2018|2019 давомида Леонарду Жардимнинг «Монако»даги ўрнини эгаллаган Тьерри 12та ўйинда атиги 2та ғалабага эришди - катта муваффақиятсизлик.

 

ЖЧ-2002 чемпионлари - Бразилия термаси

Сколари бошчилигидаги иқтидорларга бой термадан мураббийлар кўп чиқмади. Тасаввур қилинг, 2002 йилги мундиалда чемпионликка эришган 23 футболчидан бор-йўғи 3 нафари ўзини янги соҳада синаб кўришди ва умуман, уларнинг фаолияти омадли кечди, дейиш мушкул. Айни пайт фақат «Сан-Паулу»нинг афсонавий дарвозабони Рожерио Сени (ЖЧ-2002да Маркоснинг ўринбосари бўлган) юқори савияда ишламоқда: у Бразилия «А» сериясида ўртамиёна клуб ҳисобланган «Форталеза»ни бошқармоқда. Бразилияликларга «пентакампеонлар» унвонини совға қилган жамоанинг яна бир захира футболчиси Рикардиньо 2018 йилга қадар Бразилиянинг қуйи лигаларида фаолият юритди. Таништирувга эҳтиёж сезмайдиган Роберто Карлос эса мураббийликка Туркияда қадам қўйиб, улкан ютуқларга эришганича йўқ.

ЖЧ-2006 чемпионлари - Италия термаси

Италия жуда бой мураббийлик анъаналарига эга, шу боис Марчелло Липпи бошчилигидаги чемпионлардан умидимиз катта. Албатта, Алессандро Нестани янги тайинлов билан табриклаш лозим. «Фрозиноне» - Нестанинг мураббийлик фаолиятидаги учинчи жамоа ҳисобланади. Афсонавий ҳимоячи бунга қадар «Майами» ҳамда «Перуджа»да ишлаб улгурганди. «Грифонлар» ўтган мавсум Неста қўл остида «В» серияда 9-ўринни эгаллашди, «Фрозиноне» олдида эса элитага қайтиш вазифаси турибди. Алессандрога ушбу масъулиятли дамларда омад тилаймиз!

Неста интилаётган «А» серияда аввалги мавсум икки жаҳон чемпиони фаолият юритишди: Женнаро Гаттузо «Милан»ни бошқарган бўлса, Филиппо Инзаги «Болонья»да ишлади. Суперпиппо мавсум давомида қониқарсиз натижалар туфайли истеъфога чиқарилди, Рино эса «россонери»ни Чемпионлар Лигасига олиб чиқолмагани сабабли чемпионат якунлангач клубни тарк этди.

Фабио Гроссо ва Массимо Оддо ҳам Италиянинг профессионал жамоаларида ишлашга улгуришди, бироқ айни пайт уларнинг иккиси ҳам ишсиз. Демак, айни пайт эътибор марказида фақат Неста ва Каннаваро қолишган. Яқинда Хитой термасидан кетган Фабио Чин ўлкасида қолиб, «Гуанжоу Эвергранд»ни бошқармоқда. Унинг йиллик маоши 15 миллион еврога тенг. Кўриниб турибдики, 2006 йилги «Олтин тўп» соҳиби молиявий томондан собиқ жамоа­дошларидан анча илгарилаб кетган.

 

ЖЧ-2010 чемпионлари - Испания термаси

2010 йили Висенте Дель Боске қўл остида жаҳон чемпионлигина қўлга киритган испаниялик футболчиларнинг аксарияти ҳамон футбол ўйнаётган бўлсалар, айримлари ўйинни майдон четидан туриб бошқаришмоқда. Яқинда Хави ва Хаби Алонсо УЕФА Pro лицензиясини қўлга киритиб, профессионал жамоаларни бошқариш ҳуқуқига эга бўлишди. «Ливерпул»да ишлашни орзу қилаётган Хаби Алонсо ҳозирча «Реал Мадрид»нинг иккинчи жамоасида фаолият юритаётган бўлса, Хави ўзига яхши иш топди. Футболчилик даврида майдон марказида ҳукм-ронлик ўрнатган афсона Қатарнинг «Ал-Садд» клуби бош мураббийига айланди. У сўнгги мавсумларда айнан шу жамоа либосида тўп сурганди. Табиийки, Хавининг мураббийлик фаолияти ҳозирча Қатар билангина чекланади, унинг орзуси ёки тўғрироқ айтганда - мақсадини аниқлаш унчалик қийинмас: у «Барселона»да классик ўйин фалсафасини йўлга қўймоқчи, «блаугранас»ни яна тўпни назорат қилишга ўргатмоқчи.

 

ЖЧ-2014 чемпионлари - Германия термаси

Бразилияда жаҳон чемпионати ўтказилгани, унда Йоахим Лёв бошчилигидаги немислар ғалаба қозонишганига эндигина беш йил бўлди, бироқ ўша чемпионлар орасида бутсасини михга илиб, мураббийликни бошлаб юборганлари топилади. Тўғри, ҳозирча улар юқори даражада ишлашяпти, дейиш мушкул. Шунга қарамай, барибир, «Арсенал» академиясида ишлаётган Пер Мертезакер ва «Бавария»нинг 17 ёшлилар жамоа­сина бошқараётган Мирослав Клозени алоҳида ажратиб кўрсатиш мумкин.

 

ЖЧ-2018 чемпионлари - Франция термаси

Амалдаги жаҳон чемпионлари ҳали кетишга шошилмайдилар, шу боис уларнинг қайси бири мураббийликни танлаши мумкинлигини аниқлаш учун фантазиямизга мурожаат этамиз. Поль Погбани ушбу соҳада тасаввур қилиш қийин - менталитети бошқа. Канте ўта камтар, Мбаппе ҳақида нимадир дейиш мушкул, умуман, улғайиши лозим бўлган ёшлар бисёр. Тахмин қиладиган бўлсак, тиниб-тинчимас Блез Матюиди ва оғир-босиқ Рафаэль Варандан ажойиб мураббий чиқади. Шунингдек, ушбу рўйхатга Уго Льорисни ҳам қўшиш мумкин. Яна 20 йилдан сўнг ушбу жамоадагилардан бирортаси Дешамнинг ишини такрорлаб, Францияни навбатдаги чемпион­лик сари етаклашини тасаввур қила оласизми?

Жаъфархон БОБОХОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz