Қайднома

Қидирув

Сўнгги дақиқаларгача кураш ёки тур иқтибосларию қаҳрамони ҳақида

Сўнгги дақиқаларгача кураш ёки тур иқтибосларию қаҳрамони ҳақида

  02.07.2019 08:12
  0
  418
 Сўнгги дақиқаларгача кураш ёки тур иқтибосларию қаҳрамони ҳақида

Элит лигамизнинг навбатдаги тури «Сўнгги дақиқаларгача кураш» белгиси остида ўтди. Бинобарин, икки пешқадам - «Пахтакор» ва «Локомотив» айнан сўнгги дақиқаларда урилган голлар эвазига ғалаба қозонди. Шунингдек, «Навбаҳор» ва «Бунёдкор» ҳам учрашувнинг якуний қисмидаги фаоллик самарасини кўрди. Турнир жадвалининг биринчи даврадан кейинги ҳолатига келсак, аввало, 3-6-поғоналардаги 4та жамоада очколар миқдори тенг эканлиги кўзга ташланади. 

 1-КУН: БАЛЛИ, КАСЬЯН

«Бунёдкор» ва «Динамо» жамоалари аслида Тошкентда куч синашиши лозим эди, аммо «Миллий» стадиони чими ҳали тўлиқ тайёр эмаслиги туфайли ўйин Самарқандга кўчирилди. Қарангки, «Динамо»нинг ўз майдонидаги мағлубиятсиз одими (жамоа чемпионат доирасида қаторасига 7та баҳсда ютқазгани йўқ)га айнан ёш «қалдирғочлар» томонидан нуқта қўйилди. Ўз ўрнида Вадим Абрамов жамоаси жорий мавсум 4-марта ғалаба қозонди. Яна бир факт: «Динамо» Самарқандда охирги марта 2017 йили (элит лига ўйини назарда тутилмоқда) «Локомотив»га 1:5 ҳисобида имкониятни бой берганди. Хуллас, самарқандликлар бунга қадар ўз майдонларида «Насаф», «Металлург», «Сўғдиёна», «Навбаҳор», АГМК, «Қизилқум» ва «Локомотив»га қарши ўйнаб, 4та ғалаба ва 3та дуранг қайд этишганди. Аслида мағлубиятсиз серия 8-ўйинга ҳам чўзилиши мумкин эди. Лекин ўйиннинг 87-дақиқасида «Бунёдкор»нинг штатли пенальтичиси Хуршид Ғиёсов 11 метрли жарима зарбасидан фойдалаиб, ғалабани ўз жамоаси томон оғдирди. Бунгача Миржаҳон Мираҳмадов томонидан 30-дақиқада урилган голга Санжар Баротовнинг аниқ зарбаси билан жавоб берган «Динамо»га ҳисобни яна тенглаштириш учун вақт камлик қилди - 1:2.

«Тошкент вилояти дербиси»да кучлар тенг келди: АГМК - «Металлург» - 1:1. Энг қизиғи, бу икки жамоа шу кунга қадар элитада 22 марта ўзаро куч синашган ва атиги 1та баҳсда муроса кўчаси танланган эди. Хуллас, ўша дуранг 2008 йили Бекободда қайд этилганди ва мана, 11 йилдан кейин вилоятдошлар энди Олмалиқда «сулҳ» тузишди. Ўйин тафсилотлари - рақиблар илк дақиқалардан ҳужумга зўр беришди, қатор вазиятлар яратишди. Ҳисобни очиш эса меҳмонларга насиб этди - 25-дақиқада Сервер Жепаров ўнг қанотдан жарима майдонига яқинлашиб, тўпни чап оёғига тўғрилаганча чиройли ва кучли зарба йўллади. Суҳроб Султонов бу вазиятда хавфни бартараф этишга ожиз эди. Айтганча, терма жамоамиз собиқ сардори голига Суперлигада дебютини нишонлаган Шаҳзод Ғофурбеков ассистент­лик қилди. Мағлубиятлар исканжасидан зўрға чиқиб олган Миржалол Қосимов жамоаси эса иккинчи бўлимдагина ҳисобни тенглаштирди. Аввалига, 50-дақиқада Дилшод Жўраев пенальтидан фойдаланолмади. Яъни «дуэл»да «Металлург» кипери Александр Лобанов устун чиқди. 55-дақиқада эса у ҳарчанд уринмасин, бурчак зарбасидан кейин Сардор Раҳмонов йўллаган тўпни қайтаролмади. Шу тариқа АГМКнинг мағлубиятсиз серияси 3та ўйинга етди. Андрей Шипилов жамоаси эса нақ 7та турдан буён ғалаба қозониш йўлини тополмаяпти.

«Навбаҳор» янги бош мураббий - Деян Журжевич дебютини иродали ғалаба билан безади. Айтиш жоиз, сербиялик мутахассис Навоийда «Қизилқум»га қарши кечган баҳсни трибунада кузатди. «Лочинлар» биринчи бўлимдаёқ устунликни қўлга олиб, Евгений Черемисин дарвозаси олдида бир қатор хавфли вазиятларни юзага келтиришди. Бироқ Славко Лукич ва Александр Касьяннинг зарбаларидан сўнг россиялик кипер ўзини кўрсатди, Остон Ўрунов эса шунчаки, имкониятдан фойдаланолмади. Ҳамиджон Актамов шогирдлари ҳам қараб туришгани йўқ - улар 27-дақиқада стандарт вазиятдан самара ҳам чиқаришди. Аниқроқ айтсак, Эркин Бойдуллаев бурчак зарбасини амалга оширгач, «Қизилқум»нинг никарагуалик ҳужумчиси Ариагнер Смит Медина тўпни бош билан дарвозага йўллади - 1:0. Иккинчи бўлимда шиддат анча ошди. Хусусан, меҳмонлар вазиятни ўнглашга интилиб, ҳужумкорликни кучайтиришди.  Кетма-кет ҳужумлар 71-дақиқада ўз самарасини берди: Остон Ўрунов мураккаб вазиятда тўпни Александр Касьян йўлига ташлаб берди ва «Навбаҳор» тўпурари ҳисобни тенглаштирди - 1:1. Орадан 8 дақиқа ўтар-ўтмас, россиялик ҳужумчи «дубл»ни расмийлаштирди. Касьяннинг иккинчи голига Славко Лукич ассистентлик қилди. Шу билан «Қизилқум»нинг чемпионатдаги ғалабасиз серияси 6та ўйинга етди, «Навбаҳор» эса нақ 10та турдан буён мағлублик кўчасига кирмаяпти.

2-КУН: СЎНГГИ ЛАҲЗАЛАР САМАРАСИ

Самвел Бабаяннинг «Локомотив» бош мураббийи сифатидаги дебюти омадсиз чиқишига сал қолди. «Темирйўлчилар» «Сўғдиёна»га қарши уй учрашувида дарҳақиқат, роса қийналишди. Айниқса, ҳисобни очиш масаласида. Бинобарин, Даврон Файзиев шогирдлари ҳимояда тартибли ҳаракатланиб, қарши ҳужумга ўтишни ҳам ўрнига қўйишди. Фақат бу тактика 88-дақиқагача эффект берди.  Шундан кейин майдон эгалари Милан Митрович дарвозасига 2 бора йўл топишди: 88-дақиқа - Сардор Мирзаев, 90-дақиқа - Жамшид Искандаров. Маълумот учун айтиш керак, Мирзаев жорий мавсум ўз номига энди гол ёзиб қўйган бўлса, Искандаров рақиблар дарвозасини 3-марта нишонга олди. Яна бир факт шуки, «Сўғдиёна»нинг 5та ўйинга чўзилган мағлубиятсиз серияси ҳам барҳам топди. 

Турнир жадвалининг якка пешқадами - «Пахтакор» эса Қўқонда роса қийналди, лекин «Локо» каби якунда 2та гол уриб, 3 очкони ўз томонига оғдирди. Фақат бир нечта фарқли жиҳатлар бор. Биринчидан, Шаҳбоз Эркинов биринчи бўлим ярмида «Қўқон-1912»ни ҳисобда олдинга олиб чиққач, «шерлар» узоқ вақт «қувувчи» ролида ўйнашди. Иккинчидан, ҳисобни эртароқ (78-дақиқа) тенглаштиришдию, ғалабани бонгини сўнгги лаҳза (90}3-дақиқа)да чалишди. Учинчидан, ҳар икки голга 72-дақиқада Игорь Сергеев ўрнига майдонга тушган Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев муаллифлик қилди - қойилмақом «жокер»лик. У аввалига Сардор Собирхўжаев, кейин Жалолиддин Машарипов узатмасидан фойдаланди. Фактлар: 1. «Пахтакор» мағлубиятсиз сериясини 13та, ғалабали сериясини 5та ва голли сериясини 9та ўйинга етказди. 2. «Қўқон-1912» 8та ўйиндан буён ғалаба нималигини билмаяпти. 3. Драган Чераннинг 7та ўйиндан иборат голли серияси узилди.

«Бухоро» - Андижон» ўйини тақдирини ягона гол ҳал қилди. Боз устига, у пенальтидан урилди. Ҳа, 42-дақиқада юзага келган вазият аутсайдерлар ўртасидаги баҳснинг кульминацион нуқтаси бўлиб қолди. 11 метрли жарима зарбасини аниқ амалга оширган Беҳруз Шодмонов тожикис­тонлик Муҳсин Муҳаммадиевга илк ғалабани тортиқ этганини алоҳида қайд этиш керак. Бухороликлар бунга қадар янги бош мураббий қўл остида Суперлигада кетма-кет 2 марта ютқазишганди. Умуман олганда, «Бухоро» 4-турда ғалаба қозонгани бўйича бирор рақибдан устун келолмаганди. «Андижон» эса охирги марта 5-турда 3 очко олганди.

«Насаф» - «Сурхон» ўйинини мезбонлар устунлик билан бошлашди. Шунга яраша кўплаб хавфли вазиятлар ҳам яратишди. Бироқ бу ҳаракатлар биринчи 45 дақиқаликда наф келтиргани йўқ. Танаффусдан кейин эса термизликлар ҳам фаолликни анча ошириб, Умид Эргашев дарвозаси томон бот-бот юриш қилишди. Рўзиқул Бердиев жамоасига айни шу ҳолат қўл келди, дейиш мумкин. 79-дақиқада рақиб «Сурхон» дарвозабони Бобур Абдихолиқов устига йиқилиб тушди ва қайта ташкил этилган ҳужумдан Ойбек Бозоров унумли фойдаланди - 1:0. Голдан руҳланган Рўзиқул Бердиев шогирдлари яна кетма-кет ҳужумлар ташкил этишди, термизликлар ҳам вазиятни ўнглаш учун олдинга ташланишди. Барчасига эса 90}6-дақиқада нуқта қўйилди - «Насаф»нинг янги голеадори Ҳумоюн Муртазоев қарши ҳужумдан фойдаланиб, ўз ҳисобидаги голлар сонини 9тага етказиб қўйди - 2:0.

 

«ДИНАМО» - «БУНЁДКОР» - 1:2 (0:1)

АГМК - «МЕТАЛЛУРГ» - 1:1 (0:1)

«ҚИЗИЛҚУМ» - «НАВБАҲОР» - 1:2 (1:0)

«ЛОКОМОТИВ» — «СЎҒДИЁНА» - 2:0 (0:0)

«ҚЎҚОН-1912» — «ПАХТАКОР» - 1:2 (1:0)

«БУХОРО» - «АНДИЖОН» - 1:0 (1:0)

«НАСАФ» - «СУРХОН» - 2:0 (0:0)

 

ТУР ИҚТИБОСЛАРИ

- Ҳаммаси ўйлаганимдек бўлди. Шунчаки, ўз даражамизда ўйнамаганимиз ва ҳисоб 0:1 бўлиб турган пайт вазиятлардан фойдаланолмаганимиз сабаб бироз қийналдик. Вадим Абрамов («Бунёдкор» бош мураббийи).

- Ҳакамларга жиддий эътирозим йўқ, фақат қўшимча вақт тугамасидан олдин, жарима тўпи тепишимиз керак бўлган вазиятда финал ҳуштагини чалишди. Эшитишимча, реферини ОФК вакиллари кузатишган. Баҳони ўшалар беришади. Даврон Файзиев («Динамо» бош мураббийи).

Дарвозамизга белгиланган пенальти - ҳимоячиларимизнинг босим остида қолишгани оқибати. Андрей Шипилов («Металлург» бош мураббийи).

- Жорий мавсум жамоамиз олдига юксак мақсад қўйилган - Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмасини қўлга киритишимиз керак. Бугунги ғалаба билан ушбу мақсад сари яна бир қадам ташладик. Дурбек Умаралиев («Навбаҳор» мураббийи).  

- Ўйлайманки, амалдаги чемпионга қарши муносиб ўйнадик. Табиийки, сўнгги дақиқаларда гол қўйиб юбориб, енгилиш жуда аламли. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна» бош мураббийи).

- Таркибда яхши футболчилар йиғилишган. Аммо рақобат керак. Самвел Бабаян («Локомотив» бош мураббийи).

- Футбол - эмоционал ўйин. Агар жамоамдан кимдир ўзини маданиятсиз тутган бўлса, клуб ва раҳбарият номидан кечирим сўрайман. Шота Арвеладзе («Пахтакор» бош мураббийи).

- «Пахтакор» таркиб жиҳатидан ҳам, тажриба бобида ҳам жуда кучли. Асосийси, шогирдларим муносиб тўп суришди. Азиз Тўхтабоев («Қўқон-1912» бош мураббийи в. б.).

- Ниҳоят, ғалаба қозонганимиздан хурсандман. Бу ўйин оддий эмасди - «олти очколик» учрашув. Муҳсин Муҳаммадиев («Бухоро» бош мураббийи).

- Мағлубиятда сабаб изламайман. Эҳтимол, футболчи алмаштиришда хатога йўл қўйгандирман. Захирамиз тор... Бахтиёр Ашурматов («Сурхон» бош мураббийи).

 

ТУР ҚАҲРАМОНИ - ШОҲРУҲ МАҲМУДҲОЖИЕВ

Очиғи, бу сафар тур қаҳрамонини танлашда бироз қийналдик. Бир томонда - Александр Касьян, бошқа тарафда - Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев. Ўхшашликни қаранг, «Навбаҳор» тўпурари ҳам, «Пахтакор» вакили ҳам жамоаси сафарда  0:1 ҳисобида ютқазаётган паллада «дубл»га эришиб, ғалаба таъминотчиси бўлди. Хўш, бундай ҳолатда қай бирини танлаш керак? Йўли топилди - қўшимча факторлар. Аниқроқ айтсак, Шоҳруҳ Қўқонда ўйинга захирадан қўшилгани ва қандайдир 15-20 дақиқа ичида 2та гол урганини эътиборга олиб, уни қаҳрамон сифатида эътироф этишни лозим топдик. Тўғри, «Навбаҳор» мухлислари бу танловимизга қўшилмасликлари тайин. Зеро, улар учун чин қаҳрамон - бу Касьян.

 

 

Тур Статистикаси

 

Ўйин: 7

Гол: 16  (ўртача: 2,28...)

Мезбонлар ғалабаси: 3

Меҳмонлар ғалабаси: 3

Дуранг: 1

Йирик ҳисобли ғалаба: -

Энг сермаҳсул ўйинлар: «Динамо» - «Бунёдкор», «Қизил­қум» - «Навбаҳор», «Қўқон-1912» - «Пахтакор» (3тадан гол)

Томошабинлар: 34404 (ўртача: 4914...)

Энг кўп томошабин кирган ўйин: «Динамо» - «Бунёдкор» (9271)

Огоҳлантириш: 23 (ўртача: 3,28...)

Четлатиш: 1 (ўртача: 0,14...)

Энг «қўпол» ўйинлар: «Бухоро» - «Андижон» (3та «сариқ» } 1та «қизил»), «Қизилқум» - «Навбаҳор» (6та «сариқ»)

Пенальти: 3 (1таси самарасиз)

«Дубль»: 2 (Александр Касьян, «Навбаҳор»; Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев, «Пахтакор»)

«Хет-трик»: -

«Покер»: -

Автогол: -

1       Пахтакор                  13           11           2              0             37-9             35                    

2       Локомотив               13           8             3              2             24-10           27                    

3       Навбаҳор                 13           5             6              2             21-14           21

4       Насаф                       13           6             3              4             18-11           21                    

5       Бунёдкор                 13           6             3              4             16-14           21                    

6       Сурхон                     13           6             3              4             14-15           21                    

7       Динамо                    13           4             6              3             16-16           18                    

8       СўҒдиёна                 13           5             2              6             16-20           17                    

9       Металлург               13           3             5              5             15-14           14                    

10     АГМК                        13           3             3              7             16-21           12                    

11     ҚизилҚум                13           2             5              6             14-28           11                    

12     Бухоро                     13           2             4              7             8-20             10                    

13     Андижон                  13           1             6              6             10-19           9                       

14     ҚўҚон-1912             13           1             5              7             14-28           8

 Тўпурарлар

Драган Черан («Пахтакор») - 15та (5та - пен.)

Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив») - 9та

Ҳумоюн Муртазоев («Насаф») - 9та

Александр Касьян («Навбаҳор») - 9та (2та - пен.)

Зафар Полвонов (АГМК) - 8та

Хуршид Ғиёсов («Бунёдкор») - 7та (4та - пен.)

Марат Бикмаев («Пахтакор») - 6та (1та - пен.)...

 

 

14-тур

26 июль (жума)

 НАВБАҲОР - ҚИЗИЛҚУМ

СЎҒДИЁНА - ЛОКОМОТИВ

ПАХТАКОР - ҚЎҚОН-1912

27 июль (шанба)

АНДИЖОН - БУХОРО

СУРХОН - НАСАФ

ДИНАМО - БУНЁДКОР

МЕТАЛЛУРГ – АГМК

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz