Қайднома

Қидирув

Ракурс: ҚАДРЛАНМАГАН ҚАҲРАМОН

Ракурс: ҚАДРЛАНМАГАН ҚАҲРАМОН

  02.07.2019 13:34
  0
  582
Ракурс: ҚАДРЛАНМАГАН ҚАҲРАМОН

Мавсумлар оралиғида ўзига янги жамоа излашга мажбур бўлаётган футболчилар орасида «Реал» дарвозабони Кейлор Навас ҳам бор. Ҳа, дунёнинг энг номдор клуби шарафини узоқ йиллар давомида ҳимоя қилиш учун ноёб иқтидорнинг ўзи камлик қилади. Ҳатто «Қироллик клуби»нинг ашаддий мухлислари ҳам коста-рикалик посбон калтабин трансфер сиёсатининг қурбонига айланганини очиқ-ойдин эътироф этишмоқда.

Дарҳақиқат, икки йил аввал замонавий футболнинг энг яхши ўйинчисидан жудо бўлган жамоа ҳужум чизиғидаги йўқотиш ўрнини тўлдириш хусусида бош қотирмасдан, негадир Тибо Куртуани Лондондан Мадридга қайтариш билан банд бўлди ва бу борада катта маблағ, куч-қувват, вақт сарфлади. Ваҳоланки, ЕЧЛдаги қаторасига 3 марта қўлга киритилган ғолибликка Кейлор сезиларли ҳисса қўшганди.

Энг ажабланарли жиҳат шундаки, бутун фаолияти давомида Навас доимо ишончли ўйнади, қўпол хатоларга йўл қўймади, дунёнинг энг моҳир дарвозабони бўлиб турган Давид Де Хеа бир қатор «қовун»ларни амалга оширган паллада коста-рикалик касбдоши «Реал»ни муқаррар мағлубиятлардан қутқариб қолганди. Бироқ зафарлар нашъасини асосан ғалабани таъминлаган олдинги чизиқ вакиллари суришди, Навас эса олқиш ва қарсаклардан бироз четда қолди.

Тўғри, камтарин Кейлорнинг гранд сафида узоқ вақт тўп сура олишига дастлабки кунлардаёқ шубҳа билдирганлар ҳам йўқ эмасди. Улар дарвозабоннинг футболчилик маҳоратига эмас, балки маркетинг оламидаги мавқеига кўра шундай тахминни олға суришганди. Ишончсизлик асоссиз эмаслиги тез орада исботланди. Дарҳақиқат, «Реал» - шунчаки футбол жамоаси эмас, ижтимоий ҳаётнинг кўплаб жабҳаларини ўзига жамлаган қудратли индустрия, унинг ҳар бир аъзоси ОАВ, ижтимоий тармоқлар ва бошқа соҳаларда кучли қизиқиш уйғотиши шарт. Акс ҳолда, унинг маркетинг оламидаги нуфузи жуда паст бўлади.

Навас мана шу жиҳати билан «Қироллик клуби» эҳтиёжини қондира олмади. Унинг маҳорати ва камтарлигини муносиб қадрлайдиган кўпсонли мухлислар эса раҳбариятга таъсир кўрсата олишмади. Шу тариқа Де Хеа ва Куртуа каби нисбатан харидоргир бўлган дарвозабонларни қўлга киритишга зўр берилди.

Албатта, «Реал»дек қудратли жамоа ҳам фақат «қуруқ савлат» учун пул сарф­лашни истамайди, маҳоратга жиддий эътибор қаратади. Ана шу иқтидор Тибода ҳам, Давидда ҳам етарли. Лекин шу Куртуанинг Навасдан устунлиги қай даражада? Эҳтимол, у чиндан ҳам маҳоратлидир, аммо Мадридга ташрифи ўта бемаврид чиқди.

Яъни, «Реал»нинг инқирози айнан Куртуа асосий дарвозабон позициясини эгаллаши билан бошланди. Боз устига, бинойидек тўп суриб юрган Навас бирор-бир жиддий сабабсиз захирадан жой олди. Чунки бельгиялик «Олтин ўйинчоқ»қа имконият бериш лозим эди. Ўйин савиясининг пасайишига Куртуанинг Навас билан ўрин алмашгани сабаб эмаслигига шубҳа йўқ. Асосий сабаб, аниқроғи, сабаблар умуман бошқа эканлиги хусусида бутун мавсум давомида етарли фикрлар билдирилди. Бироқ инсон табиати воқеликни ўта жўн кўринишда қабул қилишга мойил бўлади. Шу боис, «Реал»нинг омадсизлиги ўз-ўзидан Куртуа зиммасига юкланди-қолди: «Шунча пул сарфлаб, олиб келгандик. У эса ишончни оқлай олмади».

Табиийки, Кейлор Навас мавсумдаги омадсизликдан четда қолди - мутасаддилар уни камтар қаҳрамон сифатида захирага суриб қўйишганди. Натижада «Реал» устига ёғилган тавқи-лаънат Куртуага ҳам насиб этди, жамоадошлари эса аввалги хизматлари эвазига сал бўлсада ўзларини тиклаб олишди, шўрлик Тибо бу пайтда кўпроқ азият чекди.

Эътиборли жиҳати шундаки, Зайниддин Зидан ўзининг экспериментал тажриба жараёнида Кейлорни аста-секин асосий таркибга қайтарди, енгил жароҳат олган Куртуани қайтаришга ошиқмади. Натижада ОАВда мураббий Навас вариантини афзал кўрмоқда, деган тахмин юзага келди.

Бироқ вужудида футболчи қони кўпириб турган франциялик мутахассис маркетинг соҳасида ҳам анойи эмаслигини исботлади. У Наваснинг «Реал» учун ортиқча эканлигини тушуниб етди. Шунингдек, унинг сабабларини ҳам. Биринчидан, Кейлорнинг харидоргир эмаслиги. Тўғри, юксак маҳорати маълум даражада унга ёрдам берди, аммо у нуфуз бобида Куртуадек ёрқин эмас.

Иккинчидан, сарфланган харажатларнинг қопланиши. Куртуа трансфери шиддати ва амалга оширилишига кўра қудратли бомбани эслатади. Уни қандайдир англашилмовчиликка йўйиб, мавсум якунида захирада «чанг босиб ётган» Навасни таркибга қайтаришга Зидан ҳам ожиз қолди. Учинчидан, футболчининг ёши. Табиийки, бошқа жамоалар қатори «Реал» ҳам авлодлар алмашувининг имкон қадар оғриқсиз ўтишини таъминлашга интилади, нарх-наволар йил сайин кўтарилиб бораётган ҳозирги шароитда талабга жавоб бера олмай қолган дарвозабон ўрнини ёш иқтидор соҳиби билан тўлдириш осон бўлмаслигини яхши билади. Мутасаддилар шуни инобатга олган ҳолда иш тутишганини тушуниш қийин эмас.

Мазкур далиллар мантиққа асосланганлигини рад этиш қийин. Лекин баҳслашиш мумкин. Масалан, дарвозабон учун 32 ёш - чегара эмас. Буффон бу эътирозни киноя билан қарши олиши аниқ. Шу сабабли «Қироллик клуби»да ажабтовур вазият юзага келди - омадсиз мавсумдан қаттиқ ранжиган мухлислар Наваснинг Мадридни тарк этишини кутишмоқда. Хўп, шундай бўлди ҳам, дейлик. Кейин нима бўлади? Кейлор кетади ва қайсидир топ-клуб сафида бир неча йил ёрқин тўп суриш орқали мадридлик боссларнинг қандай хатога йўл қўйишганини исботлайди! Қадрини топа олмаган камтарин қаҳрамон учун бунданда таъсирчан илҳом ва куч-қувват манбаи бўлмаса керак.

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz