Қайднома

Қидирув

Европанинг кучли 5та лигасидаги энг креатив футболчилар...

Европанинг кучли 5та лигасидаги энг креатив футболчилар...

  03.07.2019 13:16
  0
  589
Европанинг кучли 5та лигасидаги энг креатив футболчилар...

Спорт журналистлари мавсум якунига бағишланган навбатдаги мақоласида ўзгача ўйнаш салоҳиятига эга ва вақтида ўйиндаги кескинликни оширишга қодир футболчиларни эътироф этишди. Чунончи, таркибда креатив ҳаракатларга мойил ижрочиларга эга бўлиш замонавий футболнинг асосий шартларидан биридир. Бундай футболчи фақат мураббийлар штаби эмас, балки мухлислар учун ҳам чинакам хурсандчилик манбаи ҳисобланади. Маълумки, спорт, жумладан, футболда баъзан жамоавий интилиш натижа бермайди ва шундай паллада индивидуаллик асосий ролга чиқади. Ўйинчининг креативлик даражасини аниқлаш мураккаб иш аслида, чунки критериялар кўп. Бироқ зарурат учун баъзи жиҳатлардан кўз юмиб, ҳал қилувчи кескин узатмалар сонига эътибор қаратиш мумкин. Хуллас, қуйидаги фотожамланма воситасида энг креатив футболчилар ҳақида маълумот олишингиз мумкин (айтиш жоиз, футболчиларнинг самарали узатмалари ҳисобга олинмаган, чунки бунинг алоҳида статистикаси бор).

 

АНГЛИЯ - ПРЕМЬЕР-ЛИГА

3. Муҳаммад САЛОҲ («Ливерпуль») - 25та кескин узатма

26 ёшли мисрлик якунланган мавсум самарадорликни бироз пасайтирган бўлсада, «Ливерпул»га етарлича наф келтирди. «Қизиллар» сафида «Гол } пас» тизими бўйича айнан Салоҳ энг яхши кўрсаткич қайд этдики, бу кўп нарсадан далолат. Мисрликнинг креативлик кўрсаткичи ҳам ажойиб - 38та ўйинда 25та кескин узатма.

2. Эден АЗАР («Челси») - 25та кескин узатма

АПЛ-2018|2019ни «Челси» ҳисобига ёзиш қийин, лекин 28 ёшли Эден Азар ақл бовар қилмас даражада фаол ўйнади. «Реал» расмий ўйинлар якунлангач, бежиз бельгиялик ярим ҳимоячи трансферига қаттиқ ёпишиб, ниҳоят, мақсадига эришмади. Энди Азарнинг АПЛдаги асосий кўрсаткичларига этибор қаратинг: 15та гол, 15та самарали ва 25та кескин узатма. 37та ўйин учун чакки натижа эмас, тўғрими?

1. Райан ФРЕЙЗЕР («Борнмут») - 26та кескин узатма

25 ёшли шотланд «Борнмут» сафига 2013 йилнинг январида қўшилганди.  Мана, Фрейзер охирги мавсумнинг бош кашфиётларидан бирига айланди. 38та ўйинда 26та кескин узатма - бу Райаннинг жамоа ҳужумига ранг-баранглик бағишлаганидан далолат. Дарвоқе, «Борнмут»да айнан Фрейзер энг яхши ассистент бўлганини ҳам айтиш керак (у 14та голга ҳаммуаллифлик қилди). Умуман, шотландиялик футболчи самарали узатмалар сони бўйича бутун АПЛда Эден Азардан кейин иккинчи яхши натижага эришди.

 

ИСПАНИЯ - ЛА-ЛИГА

3. ХОНИ («Алавес») - 28та кескин узатма

«Алавес» мавсум якунида турнир жадвали ўртасидан жой олди. Қаранг, Примерода конструктив ҳаракатлари билан яққол ажралиб турган 3 нафар илғор футболчидан бири шу жамоа сафида тўп сурди. Гап 27 ёшли вингер Хони ҳақида кетмоқда. «Алавес» уни ўтган ёзда «Малага»дан ижара асосида олганди. Асосийси, кўпчиликка нотаниш йигит дарҳол ишга киришиб, ишончни тўла оқлади - 36та ўйинда 28та кескинлаштирувчи узатма } 5та гол ва 10 марта ассистентлик.

2. Лионель МЕССИ («Барселона») - 30та кескин узатма

Қойилмақом аргентиналик ҳамон замонамизнинг чинакам буюк футболчиси бўлиб турибди. Лео Месси майдонда бўлса, ҳаттоки, «Барселона»нинг энг омадсиз ўйинларида ҳам камида 1-2та ўта ёрқин ҳаракат билан кўзга ташланади. Мана, у якунланган мавсум Ла-лига тўпурарлар пойгасида енгиллик билан ғалаба қозонди (34та ўйинда 36та гол), шунингдек, энг яхши ассистент бўлди (13та самарали узатма). Хуллас, Лео фақат кескин узатмалар сони бобида 2-яхши натижа билан чекланди.

1. Рубен ПЕНЬЯ («Эйбар») - 32та кескин узатма

«Эйбар» 2016 йилнинг июлида Пенья учун «Леганес»га 200 минг евро тўлаганди. Энди 27 ёшли ярим ҳимоячининг трансфери 10 миллион еврога баҳоланмоқда. Рубен айниқса, охирги мавсумда жуда зўр кўринди - жамоаси ҳужумини ҳаракатга солувчи двигатель ролини бажарди. Агар «Эйбар» вакиллари Пеньянинг кескин узатмаларидан унумлироқ фойдаланишганида эди, жамоа якунда 12-ўрин эмас, анча юқорироқдан жой оларди. Тўғри, Пенья креативлик бобида беназир, аммо унинг бош-қа кўрсаткичлари жуда паст - 31та ўйинда 1та гол ва 2та самарали узатма.

 

ИТАЛИЯ - «А» СЕРИЯ

3. Родриго де ПАУЛЬ («Удинезе») - 27та кескин узатма

Умумий қараганда, «Удинезе» мавсумни мақтанарли даражада яхши ўтказолмади, лекин жамоа таркибида «фантазиячи» кўзга ташланди, барибир. Аргентиналик 25 ёшли Родриго де Пауль 2016 йилнинг ёзидан буён фриулияликлар шарафини ҳимоя қилмоқда. «Удинезе» уни «Валенсия»дан 3 миллион еврога сотиб олганди. Айни пайт удинеликлар де Пауль транферини 25 миллион еврога баҳолашмоқда. Барчаси охирги 2 мавсум самараси. Зеро, аргентиналик футболчи қаторасига иккинчи марта жамоанинг энг яхши ассистенти бўлди (лига бўйича энг яхшилардан бири). Родриго бу сафар креативлик даражасини ҳам ошириб, Италия чемпионатида 3-кўрсаткични қайд этди.

2. Андреа БЕГЕТТО («Фрозиноне») - 30та кескин узатма

«Канарейкалар» мавсум давомида мутлақ аутсайдерлик мақомидан қутулолмай, якунда турнир жадвали охирги ўрнида қолишди ва «В» серияга тушиб кетишди. Чемпионатнинг энг креатив футболчиларидан бири шу жамоада ўйнаганига нима дейсиз? Ҳа, Андреа Бегетто танқидлардан мутлақо холи. Зеро, у ўз зиммасидаги вазифаларни ортиғи билан бажарди, аммо «Фрозиноне»га индивидуал ҳаракатларнинг ўзи камлик қилди. Хуллас, чап қанот ярим ҳимоячиси ўз ҳисобига 30та кескин узатмани ёзиб қўйди, тўғри, у ассистентлик бобида ажралиб тургани йўқ (атиги 3та самарали узатма).

1. СУСО («Милан») - 33та кескин узатма

«Милан» ЧЛ йўлланмасини ютиш вазифасини уддалай олмади, лекин бунинг учун испаниялик Сусони танқид қилиш ярамайди. Чунончи, хавбек «россонерлар» натижа қайд этишлари учун қўлидан келадиган барча ишларни амалга оширди. «А» серияда 33та кескинлаштирувчи узатма - бу шунча хавфли вазият демакдир. Испан йигити қўшимча тарзда 10та самарали узатма муаллифига айланиб, «Милан»да энг яхши ассистент бўлди. Лигада эса бу борада фақат Алехандро Гомес («Аталанта») ва Дрис Мертенс («Наполи»)дан ортда қолди.

 

ГЕРМАНИЯ - БУНДЕСЛИГА

3. Торган АЗАР («Боруссия» М.) - 23та кескин узатма

Эден Азарнинг укаси - Торган ҳам креативлик бобида энг яхши футболчилар қаторига кирди. Тўғри, унинг ҳисобидаги кескин узатмалар акасиникига нисбатан 2та кам. Лекин асосий факт шуки, Торган «Боруссия» ўйинида катта роль бажарди. Ҳар ҳолда, иккинчи Азар ўз жамоасида «Гол } пас» тизими бўйича етакчилик қилди (10та гол ва 10та самарали узатма). Ўхшашликни қаранг, Торган ҳам акаси каби янги клуб сафини тўлдиришга улгурди: 25,5 миллион евро эвазига Менхенгладбах «Боруссия»сидан Дортмундникига ўтди.

2. Павел КАДЕРЖАБЕК («Хоффенхайм») - 23та кескин узатма

27 ёшли чех «Хоффенхайм»да 4-мавсумини ўтказди. Чемпионат футболчининг ўзи учун самарали кечди, аммо жамоаси ишлари сира юришмади. Ҳар ҳолда, Бундеслига-2017|2018 якунига кўра, ЧЛ йўлланмасини қўлга киритган  «кўк-оқлар» бу сафар ҳаттоки, ЕЛга ҳам чиқа олишмади. Умуман, «Хоффенхайм» ўйинида барқарорлик етишмади. Ҳа, Кадержабек ҳам барқарор тўп суролмади, шунга қарамай, креативликни ўрнига қўйди. 23та кескинлаштирувчи узатма чакки кўрсаткич эмас, ҳарқалай. Бироқ чехиялик йигит атиги 4та голга ассистентлик қилди, холос. Дарвоқе, бу Павел учун «Хоффенхайм»даги фаолиятида энг юқори кўрсаткичдир.

1. Нико ШУЛЬЦ («Хоффенхайм») - 25та кескин узатма

Омадсизликка учраган «Хоффенхайм»нинг яна бир вакили. Бу нимадан далолат? Зинсхайм жамоаси футболчиларига хавфли вазиятлардан етарли даражада фойдаланолмаслик панд берганиданми? Йўқ. Зеро, «Хоффенхайм»нинг 70та гол уриб, Бундеслига-2018|2019 якунига кўра, 3-самарадор жамоа бўлганида Шульц ва Кадержабек ҳиссаси катта. Ахир улар биргаликда нақ 48 марта ҳужумга кескинлик бағишлашди. Хуллас, «кўк-оқлар»га тартибсиз ҳимоя бош оғриғи бўлди - улар 52та гол қўйиб юборишди. Турнир жадвалининг биринчи ярмидан жой олган бирор жамоа бунчалик кўп гол қабул қилгани йўқ.

 

ФРАНЦИЯ - ЛИГА 1

 

3. Жонатан БАМБА («Лилль») - 19та кескин узатма

23 ёшли вингер «доглар» сафига ўтган йили ёзда озод агент мақомида қўшилганди. Бу ўтиш Бамбага муваффақият олиб келди, ҳар ҳолда, у Николя Пепедан сўнг «Лилл»нинг иккинчи ёрқин ўйинчиси бўлди. Хавбек ностандарт ҳаракатлари, яхшигина техник салоҳияти ва майдонни яхши кўриши ҳисобига ўз жамоаси ҳужумини анча кескинлаштирди. Ҳа, 19та кескин узатма бошқа чемпионатлардаги энг яхши кўрсаткичлар олдида камтариндек туюлади. Лекин Бамба яна 13та гол урганию, 3 бора ассистентлик қилгани билан ҳам мақтаниши мумкин.

2. Николя ПЕПЕ («Лилль») - 21та кескин узатма

Николя Пепе - нафақат Франция чемпионати, балки бутун евромавсумнинг асосий кашфиётларидан бири. Кот-д~ивуарлик футболчи гоҳида Криштиану Роналду ёки Лионель Месси руҳиятини ўзида мужассам этгандек таассурот қолдирди. Лига 1даги умумий статистикасига эътибор қаратинг - 21та кескин узатма, 22та гол ва 11 бора ассистентлик. Пепе шу тариқа Франция элит лигаси тўпурарлар пойгасида 2-ўринни банд этди, ассистентлик бобида эса Анхель ди Мария билан тенг кўрсаткич кўрсатди - 2-3-ўринлар.

1. Мемфис ДЕПАЙ («Лион») - 22та  кескин узатма

Голландиялик 25 ёшли футболчи «Манчестер Юнайтед»ни хижолатда қолдиришда давом этди. Ҳар ҳолда, Манчестерда ишлари сира юришмаган Депай «Лион»да дарҳол етакчилар қаторига қўшилди. Жамоанинг ўйини айнан унинг ҳаракатларига боғлиқ бўлди кўпинча. Асосийси, Мемфис гол уриш (36та ўйинда 10та) ва ассистентлик (10 марта) баробарида ҳужум бошлаш, уни ўзгача ривожлантиришни ҳам қойиллатди. Хуллас, креативлик Депайнинг асосий қуролларидан бирига айланди. Жамоадошларини кескин узатма билан 22 марта зарба йўлига олиб чиққани  - барчасига исбот.

А.ХАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz