Қайднома

Қидирув

Янги ноунейм-юлдуз ёки «КОПА АМЕРИКА» КАШФИЁТИ

Янги ноунейм-юлдуз ёки «КОПА АМЕРИКА» КАШФИЁТИ

  04.07.2019 01:37
  0
  630
Янги ноунейм-юлдуз ёки «КОПА АМЕРИКА» КАШФИЁТИ

Эвертон Соарес яқин орада Европа футболига юзланса, ажабмас. У ҳозирда Америка кубоги-2019да бразилиялик янги ноунейм («нотаниш»)-юлдуз сифатида барчани ҳайратлантириб, Неймар йўқлигини билинтирмаяпти. «Копа Америка» старти олдидан Бразилия футболи бош юлдузи Неймар Қатар термасига қарши кечган ўртоқлик ўйинида жароҳатланиб, турнир томошабинига айланди. Неймар айни пайт бошқа масала билан банд - бор кучи билан «ПСЖ» чангалидан қутулишга уринмоқда. Зеро, у «Барселона»га қайтмоқчи. Тўғри, Неймар шунинг баробарида миллий жамоаси ўйинларига ҳам асло бефарқ қараётгани йўқ, албатта.

 

Таъриф

- Ҳамма Эвертоннинг тезлиги ва техник қобилиятидан ҳайратда. Бироқ унинг асосий хислати - ўйинга муносабати. Яъни барчасини ўз зиммасига олиш ҳамда тажовузкор ўйнашдан асло чўчимайди.   Франсиско Барлетта («Гремио» скаути).

 

Хуллас, турнирда Неймар ўрнида Эвертон тўп сурмоқда. Бунга қадар еврофутбол учун нотаниш саналган йигит эндиликда энг сара клублар диққат марказида турибди. Хусусан, «Милан» ва «Манчестер Сити» мухлислари раҳбариятга мурожаат қилиб, «Гремио» вингерини сотиб олиш ҳаракатини тезроқ бошлашни сўрашди. Чунончи, Эвертон «Копа Америка» гуруҳ босқичи доирасидаги 3та ўйинда 2та гол уриб, яна битта самарали узатмага муаллифлик қилди. Аниқроғи, Боливия ва Перу терма жамоалари дарвозасини нишонга олди. Эвертон ўтган мавсум Бразилия чемпионатида 6-ўринни эгаллаган «Гремио» сафида 10та гол уриб, 3 марта ассистент ролини бажарди. Ўта ҳайратланарли статистика эмас, лекин бу йигитнинг Тите назарига тушишига кифоя қилди. Эвертон Соарес аввалига терма жамоадан илк марта таклиф олди, кейин асосий таркибга кириб, ишончни оқлади.

Бразилия терма жамоаси бош мураббийи эндиликда Эвертондан «кутилмаган эффект» манбаи сифатида фойдаланмоқда. Ҳар ҳолда, у тўп билан кўп муомала қилмайди, дарвозага кўп зарба йўлламайди. Қолаверса, «Гремио» вакили дейлик, Неймардан фарқли ўлароқ, ҳар бир қулай вазиятда дриблинг ишлатишга мойил эмас. Муҳими, футболчининг ҳаракатлари ақл бовар қилмас даражада эффектли чиқмоқда. Кўплаб рақиблар унинг кейинги лаҳзада қандай ҳаракатланишини тополмай, чув тушишмоқда. Аслида Эвертон 23 ёшга тўлганидан кейингина юқори савияда ўйнай бошлади. Умуман, у 15 ёшига қадар жиддий клублар тизимида шуғулланган ҳам эмас. Фақат шундан кейин отасининг сайъ-ҳаракати билан «Форталеза» мактабига қўшилади. Ўшанда катта Соарес болалар жамоаларидан бири мураббийи олдига бориб, ўғлини бирров синаб кўришини илтимос қилганди. Йигитча эса назорат ўйинида атиги 30 дақиқа тўп суриб, 3та гол уради. Шу тариқа илк яримпрофессионал шартномага эга бўлади. Дарвоқе, U-17 тоифасидаги чемпионатда бош тўпурар бўлган Эвертон маошини аввалига клуб президенти ўз чўнтагидан тўлаган экан. Давоми - классик тарих. Йигитча 16 ёшга тўлгач, «Гремио» унинг 50 фоиз ҳуқуқи учун 300 минг доллар тўлайди. 30 фоиз ҳуқуқи эса Эвертонни «Гремио»га олиб берган бизнесмен Жилмар Велозу ихтиёрига ўтади, яна 20 фоизи «Форталеза» ҳамда нотаниш сармоядорда қолади.

Шунга қарамай, Эвертон анча вақт ўзини кўрсатолмай юрди ва фақат ўтган мавсум чинакам тараққиётга эришиб, кенг жамоатчилик назарига тушди. Диққатга сазовор томони, у Бразилия чемпионатининг бош юлдузларидан бири, 2017 йили клубнинг Либертадорес кубогида ғалаба қозонишига мислсиз ёрдам берган Луан билан рақобатда устун келди.

Ҳозирча янги юлдузнинг трансфери бўйича расмий талаблар йўқ, ҳисоби. Лекин матбуотда ёзилишича, «Манчестер Сити» бразилиялик учун 30 млн. евро таклиф қилибди (transfermarkt.de сайти футболчининг трансферини 20 «лимон»га баҳоламоқда). Шунингдек, «Милан» ҳам мухлислар талабидан келиб чиқиб, футболчини диққат билан кузатмоқда. «Копа Америка»дан кейин эса вазият буткул ўзгариши эҳтимоли катта. Кутилишича, «Гремио» офиси таклифлардан тўлиб кетади. Зеро, Эвертон ҳозирги Бразилия терма жамоасида яқиндагина 140 млн. еврога баҳоланган футболчини ҳам сояга ўтказиб қўйди. Тўғри, у ҳали барқарорликка эришиши, хусусан, Аргентина термасига қарши кечадиган ярим финал ўйинида ҳам ўзини кўрсатиши лозим.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz