Қайднома

Қидирув

Темур Кападзе: «Ҳамиша ўзбек футболи ривожи йўлида хизмат қилишда давом этаман»

Темур Кападзе: «Ҳамиша ўзбек футболи ривожи йўлида хизмат қилишда давом этаман»

  04.07.2019 18:01
  0
  248
Темур Кападзе: «Ҳамиша ўзбек футболи ривожи йўлида хизмат қилишда давом этаман»

Айни кунларда Тошкентда ЎФАнинг мураббийликка тайёрлов бўйича тўрт кунлик ўқув-курслари бўлиб ўтмоқда. Мазкур курсларни илк марта яқин ўтмишнинг номдор футболчиларидан бири Темур Кападзе олиб бормоқда.

Темур Кападзе ЎФА расмий сайтига ЎФА инструктори сифатидаги илк иш тажрибаси ҳамда келажак режалари билан ўртоқлашди.

- Биринчи навбатда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти ҳамда тренерлар таълими департаментига менга ўзимни инструктор сифатида синаб кўриш имкониятини тақдим этишгани учун миннатдорчилик билдираман. Ростини айтсам, футболчилик фаолиятимни тугатганимга ва мураббий сифатида иш бошлаганимга ҳали унча кўп вақт бўлгани йўқ. Шу сабабдан яқин вақт ичида инструкторлик қиламан, деб ўйламаган эдим. Лекин менга ишонч билдиришди ва шунинг учун ҳам бу йўналишда ўзимни синаб кўришга қарор қилдим.

Айни кунларда ўтказилаётган курслар мен учун инструктор сифатида дастлабкиси. Лекин илгари бир нечта халқаро ўқув курсларида тингловчи бўлганман, қолаверса инструктор ёрдамчиси сифатида ҳам ишлашга улгурганман.

Бу менинг фаолиятимдаги янги давр десам ҳам бўлади. Зеро инструктор сифатида ишлаш орқали ўз устимда янада кўпроқ изланишимга тўғри келади, шунингдек, бу борадаги билимларимни янада ривожлантираман. Ҳар бир курсга яхши тайёрланиш лозим бўлади ва бу жараёнда янада кўпроқ ўқиш, янги мавзуларни ўрганиш ва ушбу соҳадаги янгиликлардан хабардор бўлиб боришим зарур бўлади. Ҳозирда менга ушбу соҳада катта тажрибага эга бўлган мутахассис Шамил Исеев анча ёрдам беряпти. Айтишади-ку, бешикдан то қабргача илм изла, деб. Ҳозирги замонда ҳар бир соҳа мутахассиси ўз устида тинмай ишлаши ва изланиши давр талаби саналади.

Бевосита курсларга тўхталадиган бўлсам, менимча, ЎФА тренерлик таълими ва ушбу соҳани ривожлантириш бўйича тўғри йўлдан кетяпти. Бу борада тайёрлов курсларининг аҳамияти ҳам анча юқори. Чунки айнан ушбу ўқув-курслари орқали кейинчалик “C” сертификати бўйича таҳсил олишга номзодлар аниқлаб олинади.

Тўрт кунлик ўқув-курслари давомида мураббийлик фаолияти бўйича дастлабки билимлар берилади. Кейин эса ёш футболчиларга сабоқ берувчи мураббийлар саралаб олинади.  Ушбу мутахассисларнинг яхши билим ва кўникмаларга эга бўлиши бевосита футболимиз келажагига ҳам таъсир кўрсатади.

Инструкторлик фаолиятидаги асосий мураккаблик – бу вақт билан боғлиқ масала. Айтиб ўтганимдек, курсларга жиддий тайёргарлик олиб бориш лозим бўлади. Бунинг учун эса вақт зарур бўлади. Биласиз, мен мураббий сифатида ҳам фаолият олиб бораман. Айни пайтга келиб биринчи давра якунига етиб улгурди, қолаверса бу галги курслар 4 кун давом этади. Кейинги курсларнинг вақтини ҳам қулай бўладиган пайтга белгилаб оламиз.

Ҳозирча инструкторлик фаолиятидаги келажак режаларим ҳақида гапиришга бироз эрта. Лекин шуни таъкидлай оламанки, ҳамиша ўзбек футболи ривожи йўлида хизмат қилишда ва бунда ўз муносиб ҳиссамни қўшишда давом этаман.


Манба: www.ufa.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz