Қайднома

Қидирув

Отабек Зокиров: «Нефтчи»нинг қуйи лигада қатнашаётгани ачинарли

Отабек Зокиров: «Нефтчи»нинг қуйи лигада қатнашаётгани ачинарли

  06.07.2019 03:31
  0
  286
Отабек Зокиров: «Нефтчи»нинг қуйи лигада қатнашаётгани ачинарли

Фарғонанинг «Нефтчи» жамоаси айни вақтда қийин кунларни бошидан ўтказмоқда. Ўзбек футболида «Пахтакор»дан кейин тилга олинадиган бу қудратли клубнинг ҳозирги даражага келиб қолиши ачинарли, албатта. Бир вақтлари чемпионлик учун курашган, етакчиларга жиддий бошоғриқ бўлган жамоа бугун қуйи лигада. Ҳа, мухлислар ҳанузгача Юрий Саркисян даврини қўмсайдилар. 2013 йили жонажон клубидан истеъфога чиқарилган мутахассис бир қанча истеъдодларни юзага чиқарди. Улардан бири - айни пайт Бангладешнинг «Саиф Спортинг»ида тўп сураётган Отабек Зокиров. Яқинда Фарғона футболи тарбияланувчиси билан боғланиб, суҳбатлашдик.

- Фарғона футболининг айни дамдаги ҳолатига муносабат билдирсангиз. Собиқ клубингиз «Нефтчи» қайд этаётган натижалар сизни бефарқ қолдирмаса керак?

- Тўғриси, тан олиб айтиш жоизки, Саркисян кетгач Фарғонада футболга бўлган эътибор пасайди. Кучли рақибларга жиддий қаршилик кўрсата оладиган клуб 2013 йилдан кейин очко улашувчи жамоага айланиб қолди. Бир вақтлари чемпионлик учун курашган клубнинг айни пайт қуйи лигада иштирок этаётгани ачинарли, албатта. Менинг катта футболга кириб келишимда Юрий Вазгеновичнинг ҳиссаси катта. У кетганидан ке-йин «Нефтчи»да ортиқ қололмасдим. Боиси, ҳар бир мураббий ўзига маъ-қул бўлган футболчилар билан ишлашни хоҳлайди. Шунинг учун жамоани тарк этиш мен учун энг тўғри йўл эди.

- Лекин жамоа янги мураббий Мурод Исмоилов қўл остида 2015 йили бешинчи ўринни эгаллади... Бу клубнинг сўнги йиллардаги энг яхши натижаси бўлиб турибди...

- Ҳақиқатан ҳам ўша йили футболчилар яхши ўйин намойиш этишди. Аммо бу пайтда мен бошқа клуб сафида майдонга тушаётгандим. Ички муҳит қандай эканлигидан хабарим йўқ эди. Биласиз, «Нефтчи» фақат юқори ўринлар учун курашадиган жамоа саналарди, Саркисяндан кейин узоғи билан кучли бешлик забт этилди.

- Кейинчалик жамоани Амет Мемет, Мурод Исмоилов, Андрей Фёдоров, Вадим Абрамов каби мутахассислар бошқаришди. Сизнингча, улар «Нефтчи» даражасидаги мураббийлармиди?

- Бу ҳақда аниқ жавоб беролмайман. Баҳром Ҳайдаров ва Вадим Абрамов яхши мураббийлар ҳисобланишади. Ҳаммага турлича имкон берилади. Лекин уларга етарли шарт-шароитлар яратилса, натижа кўрсата олишади.

- Жорий йил биринчи ярмининг ўзида кўплаб жамоаларда мураббийлар алмашишга улгурди... Бу ҳолат нима билан боғлиқ бўлиши мумкин?

- Мураббийларга доим қийин бўлади. Агар жамоа ғалаба қозона олмаса ёки натижалар кўнгилдагидек бўлмаса, дарҳол истеъфога чиқариш пайида бўлишади. Бу ўзбек футболига теккан касаллик, десак муболаға бўлмайди. Клуб бошқарувига янги келган мураббийга жамоавий ўйинни шакллантириш ва керакли натижага эришиш учун икки-уч ой кам, деб ўйлайман. Ҳар бир мутахассис юқори ўринларни эгаллашга интилади, меҳнат қилади. Бироқ яна такрорлайман, имкон ва вақт кам берилади. Буни очиқ тан олиш керак.

- «Динамо»га сизни биринчи устозингиз таклиф қилгани ростми?

- Албатта. У менга кўпроқ ўйин амалиётига эга бўлишим зарурлигини тушунтирган ва тўғри йўл кўрсатган. Ҳозир Даврон Файзиев шогирдларининг ўйинларини ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб бораман. Кўз тегмасин, ўйин ҳам, натижа ҳам бир маромда кетяпти.

- «Қўқон-1912» иккинчи даврада ўзгаришига ишонасизми?

- Менимча, ўтган йилги таркиб сақлаб қолинди. Жавоҳир Сиддиқовнинг ўрни билиняпти. Жамоанинг турнир жадвалидаги ўрни асло ўзига мос эмас. У ерда жуда ажойиб, талабчан мухлислар жамоани олға бошлашларига ишончим комил. «Қўқон-1912»га келаси баҳсларда омад ва зафарлар тилаб қоламан.

- «Локомотив» клубидаги ўзгаришлар ҳақида фикрингиз қандай?

- «Темирйўлчилар»да охирги пайт ўйин ва натижада пасайиш кузатилди. У ерда тажрибали, маҳоратли футболчилар йиғилган. Кетма-кет уч йил биринчиликни ҳеч кимга бермай келяпти. Ҳозирги ўйини чемпионларга хос эмас. Иккинчи даврада янада кучайса, ажабмас.

- Қатарда футбол бизнес даражасига кўтарилган, бизда мухлислар учун ўйналади. Бангладешда ҳолат қандай?

- «Саиф Спортинг» - яхши шаклланган, ўз обрўйи ва имижига эга клуб. Раҳбарият олдимизга чемпионлик вазифасини қўйган. Ҳозирда учинчи ўринни эгаллаб турибмиз, карвонбошидан бир очкога ортда қоляпмиз. Тўғри, бу ерда ҳаво иссиқ, намлик юқори. Футбол тезкор, яхши савиядаги легионерлар жам бўлишган. Бразилиялик, колумбиялик, нигериялик легионерлар ёнида ўсишга эришмоқдаман.

- «Саиф Спортинг» билан келишувингиз қай тарзда амалга ошди?

- Агентлар томонидан таклиф қабул қилдим. Клуб визадан тортиб чипта харажатларигача кўтарди. Шартномани Ўзбекистонда имзоладик. Бу борада ёрдам кўрсатганлардан миннатдорман.

- Яшаш тарзингиз қандай?

- Шаҳардан хонадон берилган, ҳатто кундалик овқатланишимгача алоҳида маблағ ажратилган. Ўзимизнинг миллий таомларимизни таёрлаб тураман.

Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz