Қайднома

Қидирув

Кўзойнакли Давидс қандай инсон?

Кўзойнакли Давидс қандай инсон?

  05.07.2019 20:44
  0
  551
Кўзойнакли Давидс қандай инсон?

Кўпчилик Эдгар Давидсни яхши эслайди - ўтган асрнинг 90-йиллари фаолият юритган энг яхши таянч ярим ҳимоячиларидан бири ва кўзойнакли ягона футболчи. Голландия футболида ёрқин из қолдирган Эдгар «Аякс» ва «Ювентус» клублари сафида ўйнаб, ўнлаб совринларни қўлга киритган. Яқинда у Россиянинг «Футбол» ҳафтаномасига интервью берди ва суҳбат давомида битта қизиқарли мавзу очилди - голландиялик футболчи нима учун ўзининг шахсий кўзойнаклар линиясини очмайди?

 

Айни кунларда ҳам Эдгар Давидсни зарғалдоқ ойнали нозик кўзойнаги туфайли таниб олиш осон. У шундай кўзонакда илк марта 1999 йилнинг 4 сентябрида майдонга тушганди. Ўшанда Голландия миллий жамоаси Бельгия термаси билан куч синашган. Шу-шу ушбу аксессуар Давид ҳаёт тарзининг бир бўлагига айланди. Лекин Эдгарнинг ўзи биринчи кўзойнагига нима бўлгани ва у қаерда қолганини эслолмайди.

— Илк бора майдонга тақиб тушган кўзойнагим қаерда? Оҳ, бунга анча бўлди. Умид қиламанки, уларни қаердадир сақлаётганман. Текшириб кўриш керак.

Голландиялик футболчининг кўриш қобилиятига боғлиқ муаммо 90-йиллар ўрталарида аниқланган. 1995 йилнинг мартида эса врачлар глаукома ташҳизини қўйишади. Якунда Эдгарнинг чап кўзини операция қилишади. Оқибатда футболчи бир неча ой майдонга тушолмади. Орадан 4 йил ўтиб, ўнг кўзи ҳам хасталангани ойдинлашади. У шундан сўнг илк бора кўзойнакда майдонга тушади. ФИФА бунинг учун алоҳида рухсат берганди.

— Қийин қарор қабул қилишимга тўғри келган: кўзойнакда ўйнайдиган биринчи футболчи бўлиш... Тўғриси, қандайдир ғалати босим остида қолгандим. Лекин бунга эътибор қаратмаганман. Чунки ўша ўйиннинг бир қисмига айланишимни билганман.

Давидс кейинроқ Францияда яна жарроҳдик столига ётади ва кўзойнакка боғлиқликдан батамом қутулади. Лекин кўзига зарба тегишидан чўчиб, уни тақиб ўйнашда давом этади. Қарангки, шу билан унинг коллекцияси жуда ривожланиб кетди. Худди олифта қизлари бўлгани каби.

— Коллекциямда нечта кўзойнак бор? О, ҳатто тасаввур ҳам қилолмайман. Жуда кўп - саноқсиз. Баъзилари вақти-вақти билан йўқолиб ҳам қолади. Яна бир нечтасини синдириб қўйганман.

2017 йилнинг февралида Англиянинг «Борнмут» клубида ноодатий тажрибага қўл уришди: футболчилар ётишдан олдин зарғалдоқ линзаларга эга махсус кўзойнак тақиб олишди. Мазкур кўзойнаклар мияга мелатонин гормонларини ишлаб чиқишга халақит берадиган телевизор, планшет ва смартфонлардан чиқиб турадиган «кўк нур»ни қайтаришда ёрдам беради. Жамоа бош мураббийи Эдди Хаунинг айтишича, ушбу кўзойнакларни таққанидан сўнг ўзини янада яхши ҳис қила бошлаган. Бу тажриба «Борнмут» ўйинига нечоғли таъсир қилгани аниқ эмас, лекин жамоа айнан ўша мавсум ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Яъни АПЛда 9-ўринни эгаллади. Агар бозорда Эдгар Давидс бренди остидаги кўзойнаклар бўлганидами, Англия клуби буюртма беришни пайсалга солмасди. Аммо голландиялик собиқ футболчи бундай таклифни ҳар доим рад этиб келган.

— Менга бир неча бор шахсий кўзойнаклар линияси яратишни таклиф қилишди. Лекин ҳар сафар рад жавоби берганман. Гап шундаки, ҳамиша ҳар қандай ишни сифатли бажаришга ўрганганман. Қисқаси, маҳсулотим юқори талабга мувофиқ келиши кафолатланмаса ёки «нотўғри одамлар» ҳамкорликка чорлашса, бундан шунчаки, воз кеча қўя қоламан. Аслида қанча пул таклиф этишларининг аҳамияти йўқ. Зеро, сифат ҳамиша биринчи ўринда туради. Ҳар ҳолда, мен учун шундай.

Эдгар Давидснинг шу даражага чиқишида кўча футболининг ўрни катта. Голландияликнинг ўзи бу борада кўп гапиради. Хавбек самарали фаолиятини якунлаганидан сўнг фристайл билан ҳам шуғулланди - кўча футболининг бир тури-да. Дарвоқе, уни бир неча бор фристайл ҳаками сифатида турли мусобақаларга ҳам чақиришди.

— Кўпчилик фаолиятини кўчада бошлайди. Айнан кўча футболида ўзингизни кўрсатишингиз, керакли услубни шакллантиришингиз мумкин. Кўча ўйини ва фристайл ҳамиша руҳлантиради. Айнан шу ерда ўзига хос креативлик гувоҳига айланасиз.

Собиқ футболчи айни пайт кўча футболи учун либослар ишлаб чиқармоқда. Унинг бренди - Monta Street. Компания 1999 йили тузилган бўлиб, барчасини Эдгарнинг ўзи назорат остига олган. Monta Juniors номли болалар либоси линияси бренднинг сўнгги лойиҳаларидан бири бўлди. Эдгар айнан шу тармоқ тақдимоти учун Москвага ташриф буюрганди.

— Monta бренди билан ҳамкорлигим - ҳақиқий тарих. Бунда офисларда ўтирадиган костюм-шимли одамлар бош ролда эмаслар. Бизнинг либослар кўчани яхши биладиганлар томонидан яратилган. Бозорда спорт ва оммавий кийимлар етакчилик қилади. Биз эса ўзига хосликни сақлаб қолишга уринамиз.

Содиқлик, сифат Давидсга нафақат бизнес, балки оддий ҳаётда ҳам ҳамроҳдир. Голландияликни яхши билганларнинг айтишларича, унга мутлақо ишониш мумкин. Эдгар болалигидан ўзини ҳимоя қилишни эплаган ва ирқий камситишларга жим қараб турмаган. Шу билан бирга дўстлари ёнини ҳам оларди. Дейлик, голландиялик таниқли футболчи Патрик Клюйвертни ҳамиша ҳимоя қаларди. Суринамдан кўчиб келган Давидслар оиласи Амстердамда Клюйвертлар яшайдиган туманга жойлашади. Шу тариқа икки йигитча кварталдаги майдонда бирга тўп тепиб улғайишади.

Қизиқ, болаликда улардан қай бири кўпроқ ғалаба қозонган? Эдгар бу саволга ишонч билан жавоб беради:

— Албатта, мен. Ахир ундан 3 ёш каттаман. Ҳозир Патрикнинг бўйи меникидан баланд. Лекин ўша пайт, яъни 6 ёшлигида унинг жуссаси анча кичик, бўйи паст эди. Шу боис Патрикни алдаб ўтишда муаммо сезган эмасман. Тўғри, у ўша вақтда ҳам ажойиб ҳаракатланарди. Биз аслида қандайдир жазо учун ўйнамасдик. Иккимиз ҳам енгилишни ёқтирмасдик. Чунки болаликдаги ҳар қандай мағлубият руҳиятга салбий таъсир қилади. Агар ўйин давомида оёқларимиз орасидан тўпни олиб кетишса - бу энг катта жазодан ҳам ёмон ҳисобланарди.

Кейинроқ Давидс - Клюйверт «банда»сига Кларенс Зеедорф, Микаэль Райцигер ва Винстон Богард қўшилишади. Умуман, Давидс, Клюйверт ва Зеедорфни Суринамдан эканликлари боғлаб туради. Райцигер ва Богард эса улар гуруҳига «Аякс»да ўйнаган пайт қўшилишган. Ўшанда бу «банда» De Kabel («кабель») номини олганди.

— О, ҳаммаси жуда оддий. Ҳар биримиз болалигимизда қандайдир тўдаларни ташкил қилиб оламиз. Агар дўстларингиз бўлса, улар билан кўп йўлларни бирга босиб ўтасиз, ўртада дўстлик йиллар ўтган сайин мустахкамланиб бораверади. De Kabel бизнинг ўта яқинлигимиздан далолатдир.

90-йиллар «Аякс» нафақат Голландия, балки Европа майдонларида ҳам хукмронлик ўрнатганди. Клубнинг ўша даврдаги аксарият вакиллари голланд футболи афсоналари қаторидан жой олишган. Амстердам жамоасини Луи ван Гал бошқарарди. Дейлик, «Ван Гал фалсафаси» ибораси бежиз пайдо бўлмаган ва бундан ҳеч ким кулмасди. Чунки ёшлар билан ишлашда унга тенг келадигани топилмасди. Ўша «Аякс»нинг кўплаб футболчилари ўз фаолиятларида айнан ван Гал муҳим роль ўйнаганини кўп такрорлашади. Хусусан, Эдгар Давидс ҳам.

— Луи ван Гал қўл остида «Аякс»нинг асосий ўйинчиларидан бирига айланганман. Асосий жамоадаги дебютимни у бош мураббий ёрдамчиси сифатида ишлаган вақтда нишонлаганман. Лекин менга бошланғич таркибда тушишни кафолатлашмаган. Ван Гал эса дарҳол ишонди ва ўзимни кўрсатишимга имкон яратди. У фаолиятимда нечоғли муҳим рол ўйнаган? Буни англатишга шунчаки, ожизман. 

Луи ван Гал нафақат Давидсни катта футболга қадам қўйишида роль ўйнаган, балки унга энг машҳур лақабни ҳам қўйган. Бироқ футболчи ҳеч қачон бунга эътибор бермаганини таъкидлайди.

— Ҳа, айнан ван Гал «Питбуль» лақабини ёпиштирганди. Кейинчалик «Йиртқич», «Пиранья», деб ҳам аташди. Лекин бунга айтарли эътибор қаратмаганман. Чунки ўйиним ва жамоадаги ўрним муҳимроқ эди.

Кўча футболини ёқтириши ва ван Гал таъсири Давидсни болалар билан ишлашга ундади. У келажакда болалар жамоаси тузиш ниятида.

— Бу дарҳақиқат, қизиқ иш. Айни пайт Голландияда шахсий академиям бор. Бу масалада ҳамкорлик лойиҳаларини ўрганиб чиқяпман. Амстердамдаги академиямиз негизида 10-12та филиал ишлаяпти. Бу бошланиши, холос.

Эдгар Давидснинг ўзига хос яна бир жиҳати - жанжалкаш характери. Айтайлик, у фаолияти давомида мухлислар, жамоадошлари ва рақиблар билан бир неча марта муштлашишгача борган. Мисол учун, икки мухлисни дўппослаганди. чунки улар футболчини ҳақоратлашган. Яна Алессандро Костакурта юзига ҳам мушт туширган. Сабаб яна ўша - ҳақорат. Тўғри, Давидснинг ўзи жанжалкаш эканлигини сира тан олмайди.

— Ўзимни жиззаки ёки ёмон йигит, деб ҳисобламайман. Мисол учун, бутун ҳаётим давомида бирор марта ўткир ичимликлар яқинига бормаганман, чекмаганман, гиёҳванд моддалар қабул қилмаганман. Шунингдек, қимор ўйнамаганман. Қисқаси, газеталардаги миш-мишларга ишониб, бирор одам устидан ҳукм чиқариш ярамайди.

Эдгар Давидсни эслаганда, мухлислар кўз ўнгида кўзойнакли жаҳлдор инсон гавдаланади. У одамларда шундай тасаввур уйғотишини асло ўйламаган экан.

— Йўқ, бу ҳақда умуман ўйламаганман. Гап шундаки, болалигимдан ғалаба учун курашганман. Мақсадим нималигини яхши билардим ва бунинг учун керагича тер тўкканман. Билганим - менга футбол ёқарди ва ҳозир ҳам уни яхши кўраман. Шубҳасиз, кўпчилик кўзойнакда ўйнаганим ва майдонда яхши маънода тажовузкорроқ ҳаракатланганимни эслаб қолган. Лекин ишончим комил, мени аввало, яхши футболчи сифатида эслашади...

А.ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz