Қайднома

Қидирув

Зинадин Зидан: «ЭҲТИМОЛ, МЕН БРАЗИЛИЯЛИКДИРМАН !?»

Зинадин Зидан: «ЭҲТИМОЛ, МЕН БРАЗИЛИЯЛИКДИРМАН !?»

  07.07.2019 01:17
  0
  476
Зинадин Зидан: «ЭҲТИМОЛ, МЕН БРАЗИЛИЯЛИКДИРМАН !?»

Таниқли фантаст-ёзувчи Диего Торрес ҳамда франциялик футбол афсонаси ўртасидаги мазкур мулоқот 2002|2003 йиллар мавсумида, Испания чемпионатининг «Валенсия»га қарши кечган 34-тур учрашувидан кейин бўлиб ўтганди. Ўшанда «Қироллик клуби» «Реал Сосьедад» билан чемпионлик учун аёвсиз кураш олиб бораётган, охирги 4та ўйинни муваффақиятли ўтказиши талаб этиларди. Боз устига, жамоанинг ЕЧЛ ярим финалида «Юве»дан енгилгани футболчиларни руҳий тушкунликка маҳкум этганди. Бир йил аввал «Хемпден Парк»даги голи эвазига Флорентино Пересга дастлабки «шалпангқулоқ»ни тортиқ этган франциялик афсона энди ўз коллекциясида етишмаётган Ла Лига ғолиби унвонини қўлга киритиши лозим эди. Шундай мураккаб вазиятда ҳам Зайниддин ўзига хос хотиржамлик ва кўтаринки кайфиятини йўқотмаганди. Энди у бош мураббий сифатида Мадрид клубини яна бир марта инқироздан халос этишга уринаётгани беихтиёр ўша футболчилик дамларини эслатди.

- Жорий мавсумда «Реал Сосьедад» жамоангизга нисбатан 1000 дақиқа камроқ тўп сурди. Мухлислар ва жамоадошларингиз ўртасида сизнинг анча толиқиб қолганингиз ҳақида гап-сўзлар юрибди. Ўзингиз қандай фикрдасиз?

- Мен бу фикрга қўшилмайман. Ғолибликка эришиш учун руҳан тайёрмиз. Ҳозир 4 жамоа - «Депортиво», «Валенсия», «Реал Сосьедад» ва биз асосий даъвогармиз. Аввалги тур натижалари имкониятларимиз кўпроқ эканлигини кўрсатиб турибди.

- Сизни нафис услуб ва мукаммал техника соҳиби сифатида ҳурмат қилишади. Лекин сўнгги пайтларда бироз қўполлик, жиззакилик хислатлари ҳам кўзга ташланмоқда. Веласко, Эмерсон, Пуйоль ва Аурелиолар бунга бевосита гувоҳ бўлишди.

- Футбол шунақа спорт тури. Курашиш шарт. Техника ва нафисликнинг ўзи баъзан муваффақият учун камлик қилади, аёвсиз жанг қилишга тўғри келади. Майдондаги ҳаракатларим ўз-ўзидан пайдо бўлади.

- Бир йил аввал Глазгодаги финалда урган голингиз «Реал»га мавсумдаги ягона совринни тақдим этганди. Ўшанда тўп ўнг оёғингизга узатилган, зарба йўллаш учун қулай турганди. Бироқ сиз негадир чап оёғингиздан фойдаландингиз...

- Йўқ, аслида чап оёғим кучлироқ. Шу боис, мен уни кўпроқ ишга соламан.

- Глазгодаги ўша тарихий голдан қандай таассуротлар қолган?

- У тўпни тўхтатмасдан йўлланган дастлабки зарба эмасди, машғулотларда ҳам жуда кўп машқ қилганман. Аммо ўша зарба... аввалгиларига сира ўхшамасди. Нишаблик бурчаги, айланма ҳаракати мукаммал даражада бўлганди. Бундай воқеалар жуда кам учрайди.

- Лекин нима бўлганда ҳам, сиз «заиф» оёғи билан яхшироқ зарба берадиган футболчилар сирасидан эмассиз.

- Бу саволга жавобни болаликдаги одатларимдан қидириш лозим, деб ўйлайман. Албатта, ўртоқларим билан кўчада ўйнаган пайтларда иккала оёғимдан унумли фойдаланишга уринардим. Дарвозабон билан яккама-якка ҳолатларда икки оёқда ҳам зарба беришга одатланиш зарур. Тўғри, кўпинча болалар бу жиҳатга ортиқча аҳамият беришмайди.

- Айтинг-чи, қачон туғма иқтидор ўрнини ўйиндан олинган тажриба эгаллайди?

- Мен бор маҳоратимни туғилганимдан кейин топганман, деб ҳисоблайман. Бунинг учун жуда кўп тер тўкиш талаб этилади. Каннда ўйнаган пайтимда тиним нималигини билмасдим. Ҳар куни 3 мартадан машқ қилардим, иккала оёғим билан соатлаб тўп тепардим, шерик бўлмаган пайтларда девор билан ўйнардим.

- Сизга шундай талаб қўйилганмиди?

- Йўқ, мураббий қандайдир элементни кўрсатса, уни машғулотдан кейин, ёлғиз ҳолда ўзлаштиришга интилганман. Чунки халал берадиган киши қолмасди. Шу зайлда кўп нарсаларни ўргандим. Ёлғиз қолишга ҳеч ким мажбур қилган эмас, бу тахлит шуғулланиш ўзимга жуда ёқарди.

- Ҳозир бундай қилмайсиз, тўғрими?

- «Бордо»га ўтганимдан кейин камроқ шуғулланадиган бўлдим, асосан жамоа билан машқ қилдим. Кейин «Ювентус», «Реал»да... Йўқ, ёшинг 30га чиққанда машқ қилишнинг ҳожати йўқ, деган фикрдан йироқман. Шунингдек, ҳаммасини ўрганиб бўлдим, демоқчи ҳам эмасман. Шунчаки, вақт ўтиши билан кишининг менталитети ўзгариб боради. Болаликдаги деворга тўп тепишларга вақт етишмайди. Айниқса, оила, фарзандлар пайдо бўлганидан кейин. Қисқаси, ҳозир ҳар куни икки маҳал машқ қиламан: Сьюдад Депортивада ва ўғлим билан ўз боғимизда.

- Финтларни намойиш этаётганда мухлисларни ўйлайсизми?

- Ҳа, албатта. «Реал» таркибида майдонга тушганда иложи борича яхшироқ тўп суришни истайди. Мухлисларни ўйламасликнинг имкони йўқ.

- Яъни, финтларни уларга ёқиш учун амалга оширасиз, шундайми?

- Йўқ, мен ҳеч қачон бундай мақсадни олдимга қўймаганман, мухлисларга ёқиш ёки рақибларимга устунлигимни намойиш этиш учун ўйнамайман. Бу менинг табиий услубим. Асосийси, жамоага манфаат келтириш. Тўғри, хатоликлардан ҳеч ким кафолатланган эмас.

- Нима учун жарима зарбаларини амалга оширишга интилмайсиз, доимо тўпга жамоадошларингиз яқинлашадилар?

- Сабабини билмайман... Жамоамизда зарба йўллай оладиган ўйинчилар етарли: Роберто Карлос, Фигу, Йерро, Гути... Мен ҳам тепа оламан, аммо мендан яхшироқ тепадиганлар бор. «Бордо»да мендан бошқа ҳеч ким йўқ эди, фақат ўзим тепардим.

- «Бордо»да ажойиб голлар ургансиз. Наҳотки, бу ерда давом эттиришни истамайсиз?

- Ҳамма гап шундаки, у жамоада зарбадан аввал ўйлаш учун вақт етарли эди. Бу ерда бундай имконият йўқ.

- Энцо Франческолининг айтишича, сиздаги асл футболчи фазилати ўтган мавсумда «Бернабеу»да «Депортиво» дарвозасига урган голингизда намоён бўлган. «Юве» сафида «Реджина» ва «Аякс» дарвозаларини ажойиб услубда забт этгансиз: ўнг оёқда зарбага чоғланиш, алдамчи ҳаракат, чап оёқ билан тўпни бир метрга четга олиш ва зарба! Ўша усулларингиз қаерда қолди?

- Ўзимни алдамчи ҳаракатларни амалга оширадиган якка-ю ягона футболчи деб ҳисобламайман. Лекин сиз зикр этган ўша голлар услубимни белгилаб беришини тан оламан.

- Уларнинг муаллифлик голлари эканини ҳис этасизми?

- Йўқ, аммо кутилмаган тарзда амалга оширган голларим ўзгача завқ бериши ҳақиқат. Чунки уни футболни қадрлай оладиган кишилар ҳам томоша қиладилар. Ўзим ҳам Рауль ёки Роналдонинг ўйинларини ёқтираман. Улар ҳам мен каби жуда тез қарор қабул қилишади.

- Ла Лигада қайси касбдошингиз эътиборингизни кўпроқ қозонган?

- Аймар.

- У ҳам сиз каби «девор» услубини хуш кўради. Бироқ шериклари кўпинча тўпни Аймарга қайтаришмайди.

- Эҳтимол, мен бу борада кўпроқ бразилияликларга яқинроқдирман. Европада «девор» услуби Бразилия, Аргентина ва Уругвайдаги каби кенг тарқалган эмас. Бу ўта тезкор усул, рақиб ҳимоячиларига қийинчилик туғдиради.

- Жисмоний тайёргарлик шахсан сиз учун муҳимми ёки ёлғиз техникага суянган ҳолда майдонга тушаверасизми?

- Йўқ, энг асосийси, яхши спорт формасида бўлиш. Агар у бўлмаса, техник элементларни амалга ошириб бўлмайди. Тўғри, кўп югурмаган ҳолда ўйнайдиган футболчилар ҳам йўқ эмас. Бироқ улар 20-25 метр узоқликда тўпни қабул қилиб натижага эришгунларича кўп вақт ўтади. Ромарио шундай услубда ўйнаган. Мен эса майдонда ҳаракатсиз тура олмайман.

- Парҳезга риоя қиласизми?

- Ҳа, лекин ўта қатъий тарзда эмас. Паста, балиқ ва кўкатларни хуш кўраман, салқин ичимликлардан йироқман.

- Франция терма жамоасидаги ворисингиз ким?

- «Лион»да ажойиб бир футболчи бор. Унинг исми Викаш Дорасо.

- Ортингизда бўшлиқ қолишидан хавотирга тушмайсизми?

- Ҳар доим ўринбосар топилади. Барчамиз вақтинчалик меҳмонмиз. Бу синов дунёсида ҳеч ким абадий эмас. Терма жамоага ҳам, «Юве» ва «Реал»га ҳам муносиб ўйинчилар топилади. «Юве» мендан аввал ҳам, менинг давримда ҳам, ҳозир ҳам номдор жамоа. Миллий жамоамизда мен ва Дорасога жой топилади. Шундай экан, хавотирга ўрин йўқ!

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Вадим Абрамов миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 олиб чиқишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz