Қайднома

Қидирув

Қатар мундиал сари олға...ёхуд яна ЖЧ-2022 саралаши ҳақида

Қатар мундиал сари олға...ёхуд яна ЖЧ-2022 саралаши ҳақида

  07.07.2019 05:23
  0
  898
Қатар мундиал сари олға...ёхуд яна ЖЧ-2022 саралаши ҳақида

ЖЧ-2022 йўлидаги кураш бошланганига (2019 йил 6 июндан) ҳам ҳеч қанча бўлмади. Аллақачон дунё бўйлаб 11та ўйин ўйналди ва 32та гол урилди. Қитъамизда саралаш жорий йилнинг 6 июнида бошланган бўлса, у 2021 йил 12 октябрда ўз ниҳоясига етади.

Худди ўтган сафарги саралаш циклида бўлгани каби, дастлаб Осиё қитъаси Қатар мундиалидаги курашни бошлаб берди. Анчадан буён таъкидлаб келинаётган нарса юз берди. Осиёда ҳамма мамлакатлар деярли бир пайтда саралашга киришдилар. Олдинлари 46та жамоадан 2-3таси ўйинни бошламасдан орқага тортарди. Кейин кучли 20та жамоа аниқланарди. У ёғи ғилдиракнинг ўқидек айланаверарди. Энди Осиёнинг етакчи жамоалари олдига навбатдаги вазифа қўйилмоқда: кичикларга ҳам футбол ўйнашни ўргатиш ва Осиё бўйлаб футбол тақвимини бир маромга қўйиб олиш (сўнгги 5 йилда бу вазифа анча тартибга тушиб қолганини ҳам эътироф этиш керак). Ўзбекистон терма жамоаси учун ЖЧ-2022 учун йўл тез орада (2019 йил 5 сентябрдан) бошланади. Миллий терма жамоамиз Қатарда бўлиб ўтадиган мундиал йўлида камида 18та, агарда талаб қилинса, 22та ўйин ўтказиши ҳам мумкин.

 

Саралашнинг 2-раунди қуръаси

2019 йил 17 июль куни Малайзияда Осиё қитъаси учун ЖЧ-2022 саралашига қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. Мазкур тадбир Куала-Лумпур шаҳридаги ОФК штаб-квартирасида ўтказилади.

Унда Осиё қитъасининг 40та терма жамоаси жами 8та гуруҳга ажратилади. Қуръа жараёнида жамоалар бешта саватчага ажратилади. Саватчалар июнь ойидаги ФИФА рейтингига қараб белгиланади. Ўзбекистон терма жамоаси қуръада иккинчи саватчадан жой олади.

17 июлга қадар ичимиз қизиб тургани учун ўз тахминимизни амалга оширгимиз келди. Тўғри, бу шунчаки, тахмин, холос. Балки гуруҳдошларимизни топишга жуда яқин келармиз. Кўпчиликнинг фикрича, гуруҳимиз анча кучсиздек туюлар. Лекин олдимиздаги вазифа гуруҳда 1-ўринни олиш бўлганидан рақиблар осонлашиб қолмайди.

Қуйида гуруҳлар таркиблари ва уларга тегишли айрим фактлар, кейинги босқичга қайси жамоалар чиқиши мумкинлигига оид мулоҳазалар билан ҳам ўртоқлашамиз.

«A» гуруҳи: Саудия Арабистони, Қирғизистон, Баҳрайн, Мальдив ороллари, Индонезия.

Ушбу гуруҳда ҳаммаси равшан. Саудия ҳозирги кучи бўйича 1-ўринни бериб қўймаса керак. Саудиянинг бош мураббий билан боғлиқ муаммолари бор. Иккинчи ўрин учун эса яхшигина кураш кечади Ён қўшнимиз Қирғизистон айни ўсиш даражасини Баҳрайн ва Индонезияга қарши сафар ўйинларида кўрсатиши керак. Индонезия ва Мальдив терма жамоаларининг ҳақиқий кучига баҳо беришга ҳозир унча-мунча футбол мутахассислари ҳам қийналади. Бир қарасанг, турли хил халқаро тижорат турнирларида ғолиб чиқишган, бир қарасанг, дунёнинг гранд жаомаларидан йирик ҳисобда енгилишган. Индонезияда тижорий чемпионат очилган. Худди шундай турнир энди Ҳиндистонда ҳам пайдо бўлди. АСЕАН минтақаси вакили Баҳрайн­га қарши ўйинларда бор кучини ишга солмаса, ижобий натижадан умид қилмасин.

Тахмин. Гуруҳдан чиқади: Саудия Арабистони. 2-ўрин соҳиби: Баҳрайн.

«B» гуруҳи: Эрон, Ливан, Филиппин, Гонконг, Сингапур.

Эрон терма жамоасининг қудрати пасайиб қолмаган. Карлуш Кейруш кетиб, унинг ўрнига бельгиялик Марк Вильмотс келган бўлса ҳам, жамоа ФИФА рейтингида кучли йигирматаликдан жой олган. Сардор Азмун, Карим Ансорифард ва Меҳди Тареми ҳужум триоси майдонга бир вақтнинг ўзида тушадиган бўлса, «Персеполис» посбони Алиризо Бейранвандга иш ҳам қолмаса керак. 3 июнь санасида Ливан бош мураббийи этиб тайинланган руминиялик мутахассис Ливиу Чиботариуда терма жамоалар билан ишлаш тажрибаси йўқ. Гонконг 2-ўрин учун уриниб кўриши ҳам мумкин.

Тахмин. Гуруҳдан чиқади: Эрон. 2-ўрин соҳиби: Ливан.

«C» гуруҳи: Япония, Уммон, Таиланд, Туркманистон, Мўғулистон.

Уммон - Таиланд қарама-қаршилиги ушбу гуруҳ ўйинларининг энг эътиборли мезони бўлиши мумкин. Осиё кубогида Уммон анча яхши таассурот қолдирди. Очиғи, Туркманистон футболидан анча пайтгача бехабар қолдик, олдинлари ўртоқлик ёки саралаш ўйинларида кўришиб турардик. Бугунги туркман футболи Таиланд футболидан устунми? Бунга фақат туркман футболчиларининг ўзлари жавоб бера олишса керак. Мўғулистон сўнгги бир йил ичида 4та ўйинни ютди, лекин КХДР ва Гонконг каби ўртамиёналарга йирик ҳисобда ютқазди.

Тахмин. Гуруҳдан чиқади: Япония. 2-ўрин соҳиби: Уммон.

«D» гуруҳи: Жанубий Корея, Иордания, Тожикистон, Мьянма, Шри-Ланка.

Бизнингча, энг тушунарли гуруҳ. Шри-Ланка масаласи спорт принципларидан ташқарига чиқиб, сиёсий қарорлар объектига айланди. Яқинда мамлакатда бўлиб ўтган портлашлар оқибатида у ерда халқаро ўйинлар ўтказиш сўроқ остида қолмоқда. ФИФА бу ҳолатда ўйинларни нейтрал майдонга кўчириш борасида қарор қабул қилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Тахмин. Гуруҳдан чиқади: Жанубий Корея. 2-ўрин соҳиби: Иордания.

«E» гуруҳи: Қатар, Вьетнам, Фаластин, Қувайт, Непал.

Вьетнам Осиёда футболи шиддат билан ривожланаётган давлатлардан бири. 2018 йил январида 23 ёшлилар ўртасидаги Осиё чемпионати финалида айнан улар билан тўқнаш келганмиз. Бир сўз билан айтганда, рақобатбардош жамоа. Қувайт эса, мана 10-15 йилдирки, авлодлар алмашинувини ўта оғриқли тарзда ўтказмоқда. Жамоада ғолиблик руҳи етишмайди, яққол етакчи йўқ, чемпионат бир жойда турибди.

Тахмин. Гуруҳдан чиқади: Қатар. 2-ўрин соҳиби: Вьетнам.

«F» гуруҳи: БАА, Ўзбекистон, Хитой Тайпейи, Яман, Бангладеш.

Очиғи, кучсиз, бир пайтнинг ўзида тенг кучли 3 жамоадан иборат гуруҳ. Чунки БАА ва Ўзбекистон учун бу гуруҳда рақобат йўқ. Хитой Тайпейи бемалол учинчи ўрин учун уриниб кўрса бўлади. Ўзбекистон 8 ўйиннинг 7тасини бемалол йирик ҳисобда якунлаши мумкин. Берт ван Марвийк бошчилигидаги БАА эса гуруҳ ғолиблиги учун уриниши аниқ. Абдулраҳмон фамилияли деярли барча футболчилар терма жамоадан ўрин олган ҳолда асосий хавфни «Ал-Жазира»нинг 24 ёшли ҳужумчиси Ҳалфан Муборакдан кутиш керак, назаримизда. Дарвозабон Холид Эйса ҳам назардан четда қолмаслиги лозим.

Тахмин. Гуруҳдан чиқади: Ўзбекис­тон. 2-ўрин соҳиби: БАА.

«G» гуруҳи: Хитой, Ироқ, КХДР, Афғонистон, Гуам.

Афғон футболини бир кўриш ниятимиз бор. Ҳеч бўлмаса, уларни ўртоқлик ўйинига таклиф қилиш керак. Қандай қилиб 5-6 йил ичида мамлакатда футбол тизимини барпо қилиш мумкин? Афғонлар буни бутун Осиёга намойиш эта олишди. Сизга лоф, бизга чин, мамлакатдаги телеканаллардан бири жаҳон чемпионати трансляциясини сотиб олиб, ўз минтақасида тарқатиш ҳуқуқига эга бўлди, ҳатто бу ҳуқуқни бошқаларга ижарага берди. 2013 йилда ФИФАнинг «Ҳалол ўйин» соврини қўлга киритилди, 2014 йилги Осиё Чақирув кубогида ушбу юрт вакиллари ярим финалгача етиб боришди. Австралиядан кейин Океания минтақасидан Осиёга ўтиб олган Гуамга нима бор экан? Фақат рақибларини харажатга туширади. Кимда-ким Гуамга бориб келгандан сўнг 4-5 кун ичида яна ўйинга тушса, унга ҳавас қилиб бўлмайди. Ўйинчилар жисмоний жиҳатдан кейинги ўйинга тайёр бўлишмайди. Шунинг учун Хитой ва Ироқ каби жамоалар у ерга иккинчи эмас, учинчи таркибини юбориши лозим.

Тахмин. Гуруҳдан чиқади: Ироқ. 2-ўрин соҳиби: Хитой.

«H» гуруҳи: Австралия, Сурия, Ҳиндистон, Малайзия, Камбоджа.

Бугунги Австралия икки ойдан сўнг Сурияни бемалол юта оладими? Ишонч билан «ҳа, бемалол» дейдиганлар анча камчилик бўлса керак. Қизиғи, Австралия 2019 йил 15 январда Сурияни 3:2 ҳисобида енгганидан бери ҳали соф ғалаба қозона олмади. Сўнгги икки ўйинда БАА ва Жанубий Кореяга имконият бой берилди. Сурия ўтган сафар мундиал эшигини очолмасдан қайтганини инобатга олсак, бу жамоа энг яхши 2-ўрин соҳиби сифатида бемалол 3-раундга йўл олади. Фақат Суриягина Австралияни ўз уйида енга олиши мумкин.

Тахмин. Гуруҳдан чиқади: Австралия. 2-ўрин соҳиби: Сурия.

 

Хулоса ўрнида

Бир қарашда гуруҳларда грандлар ажралиб қолгандек туюлади. Аслида эса қитъа грандларига ҳам бундай форматдаги гуруҳда осон ўйинлар бўлмайди. Қирғизистон, Фаластин, Вьетнам каби жамоалар айни пайт исталган жамоага қарши ҳаёт-мамот жангларини ўтказишлари мумкин. Ироқ, Қувайт ва Иордания каби жамоалар бундай гуруҳларда бемалол 1-ўринни олишлари эҳтимоли йўғ эмас.

Бу сафарги саралаш ўйинларида Қатарнинг иштироки бир қатор саволларни келтириб чиқариши мумкин. ФИФА ва ОФК мазкур терма гуруҳ ғолиби ва иккинчи ўрин соҳиби бўлса, унинг жаҳон чемпионати саралашидан қай асосда олиниши ва унинг ўрни қай тариқа тўлдирилиши борасида ҳали расмий баёнот берадилар. Бизнингча, ҳаммасига 17 июль куни ойдинлик киритилади.

Ж.БОБОХОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz