Қайднома

Қидирув

Муроджон Тошматов: «Қосимов билан ишлаш учун «Бунёдкор»дан кетганман»

Муроджон Тошматов: «Қосимов билан ишлаш учун «Бунёдкор»дан кетганман»

  08.07.2019 01:04
  0
  574
Муроджон Тошматов: «Қосимов билан ишлаш учун «Бунёдкор»дан кетганман»

Хабарингиз бор, Coca Cola Суперлиганинг 12-турида АГМК жорий мавсум ҳисобидан сафардаги илк ғалабасини тантана қилди. «Соғлом авлод» стадионида кечган «Андижон»га қарши баҳсда меҳмонлар қимматли уч очкога эга бўлишди. Александр Хомяков шогирдлари эса ўз суюклилари қаршисида мағлубият аламини тотишга мажбур бўлдилар. Тан олиб айтиш керакки, АГМК ҳеч бир баҳсда ўйин бобида мағлуб бўлаётгани йўқ, шунчаки, нимадир етишмаяпти. Мавсум бошида мураббийлик рулига тажрибали Миржалол Қосимов тайинлангач, жамоа натижалари ижобий томонга ўзгариши кутилган эди, бироқ маҳоратли мутахассисга ўйинни ўз қўлига оладиган етакчи етишмаётгандек. Яқинда шу ва бошқа мавзулар юзасидан АГМК ярим ҳимоячиси Муроджон Тошматовдан  интервью олдик.

- АГМК ўйин борасида ҳеч бир жамоадан қолишмаяпти. Лекин натижалар кўнгилдагидек эмас...

- Тўғри таъкидладингиз, ўйинимиз яхши кетяпти, бироқ омад келмаса қийин экан. Шунингдек, юзага келган вазиятлардан унумли фойдаланишда оқсаяпмиз. Ҳатто айрим баҳсларда пенальтидан ҳам дарвозани ишғол қилолмадик. Бу чинакам омадсизлик намунаси. Энди келаётган учрашувларда ўзимизни астойдил кўрсатишга, айни вақтдаги ҳолатимизни ижобий томонга ўзгартиришга бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз.

- Жамоа ўз олдига қўйган мақсади йўлида ҳаракатланяптими? Ёки режалар ўзгариб кетдими?

- Мақсад ўзгармаган - ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш ва юқори ўринларни қўлга киритиш. Ҳозир қуйи поғонада эканлигимиз ҳеч нарсани англатмайди. Футболда ҳамма нарса бўлиши мумкин. Балки кейинги даврада вазиятни ўнглармиз, бунга кучимиз ва салоҳиятимиз етади.

- «Бунёдкор»даги фаолиятингизнинг қисқа кечишига молиявий муаммолар сабабми ёки бошқа омиллар ҳам борми?

- Миржалол Қўшоқович билан бирга ишлаш иштиёқи «Бунёдкор»дан кетишга мажбур қилди. Чунки ушбу мураббий билан аввалги клубимда бирга фаолият юритдим. Ниятим шу мутахассис қўл остида тўп суриб, ўсишга эришиш эди. Қайсидир маънода бу орзумга етяпман.

- «Қалдирғочлар» таркибининг ажралмас қисмига айланиб улгургандингиз, лекин АГМКда рақобатни бой бераётгандек таассурот қолдиряпсиз...

- Биласизми, рақобат бор жойда ўсиш, ривожланиш кузатилади. Бу яхши, албата. Балки мураббийимиз кутган ўйинни намойиш қила олмаётгандирман, вазиятни ўнглаш учун машғулотларда кўпроқ ишлашга интиламан.

- Биламизки, сиз универсал футболчилар сирасига кирасиз. Икки қанот ва марказда бемалол ўйнай оласиз... Шундай бўлсада, сиз учун ўзингизни эркин ҳис этадиган муайян бир позиция борми?

- Аввало, мураббий ўйиндан олдин рақибга қарши режа тузади ва шу лойиҳа асосида футболчиларни жойлаштиради. Унинг қарорини ҳурмат қиламан, қарши чиқиш адолатдан эмас. Чунки қандай ўйин намойиш этаётганинг, нималарга қодирлигинг фақат бош мураббийга аён бўлади. Ўзим учун марказ ва қанотларда тўп суриш ёқади. Биласиз, бизда футбол фақат ишқибозлар учундир. Агар мухлисларимиз стадион трибуналарини тўлдириб ўтиришса, бу ҳам натижаларимизга катта таъсир кўрсатади. Яна бир нарсани айтиб ўтсам, «Бунёдкор»да аксарият футболчилар академияда бирга таҳсил олишган, уларда мураббийнинг услубига мослашиш жараёни тезроқ кечади. Биз кабилар эса бошқа жамоалардан келиб қўшилдик. Шунинг учун мураббийнинг фалсафасини илғаб олиш маълум вақтни талаб этади.

- Копа Америка мусобақасини кузатиб боряпсизми?

- Тўғриси, ўйинлар ноқулай вақтга тўғри келиб қолаётганлиги боис, фақат ижтимоий тармоқларда кузатиб боряпман.

- Нима деб ўйлайсиз, қитъадошларимиз орасида Қатар терма жамоасининг ҳозирги ҳолати бизникидан юқорими? Агар улар билан ҳозир қайтадан ўйин ўтказилса, қандай натижа қайд этилиши мумкин?

- Қатарни анча вақтдан буён яхши биламиз. Биз учун ўта принципиал рақиб ҳисобланади. Лекин қандай ҳолат бўлмасин, термамиздан ижобий натижа кутаверамиз.

А.ИСКАНДАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz