«Копа Америка»нинг рекордчи ғолиби бўлган Уругвай терма жамоаси бу сафар турнирни барвақт тарк этган бўлсада, унинг бош мураббийи Оскар Табарес ўзига хос рекорд ўрнатишга улгурди - футбол тарихида шу пайтгача ҳеч кимга миллий терма жамоани 200 марта майдонга олиб тушиш насиб этган эмас. Қуйидаги ҳикоя ана шу тенги йўқ алломага бағишланган.
Вашингтон
Серфарзанд оилада улғайган Оскарнинг отаси «W» ҳарфининг ишқибози бўлиб, ўғлонларига шу ҳарф билан бошланадиган иккинчи исмларни берганди: Вальтер, Вильям, Вашингтон. Шу тариқа Оскар АҚШнинг дастлабки президенти номдошига айланди.
Футболчи
10 йилдан кўпроқ Уругвайнинг камтарин клубларида тўп сурганига қарамасдан, Табарес таниқли футболчи мақомига кўтарила олмади. Ҳатто Мексикада ҳам («Пуэблу») бир мавсум ўйнаганди. Аммо айтарли натижаларга эриша олмади. Хуллас, 12 йил давомида у 216 марта майдонга тушиб, 4та гол урди.
ЎҚитувчи
Футболда омади чопмаган Оскар Монтевидео Университетида таҳсил олиб, мактабда болакайларга сабоқ бера бошлади. Йўқ, биз ўйлаганимиздек жисмоний тарбия бўйича эмас, математика фанидан дарс берди. Шу тариқа собиқ футболчи олий маълумотли мутахассисга айланди. Чуқур билим ва мукаммал фикрлаш доираси Табаресга мураббийлик соҳасида ҳам жуда асқотди.
Болалар мураббийи
Футболчилик фаолиятини якунлаганидан кейин Оскар тўла-тўкис мактабда ишлайдиган бўлди. Лекин йил сайин кенгайиб бораётган оила таъминоти учун ўқитувчининг маоши озлик қиларди.
Бир куни Табарес радио орқали мамлакатнинг машҳур клуби - «Пеньяроль» болалар футбол секциялари учун мураббийлар қабули эълон қилиниб, футбол ўйнаган ва болалар билан ишлаш тажрибасига эга бўлганларга имтиёз берилишини эшитиб қолди. Шу тариқа қаҳрамонимиз янги соҳага қадам қўйди.
Заргар ота
Оскар Табареснинг мураббийлик фаолияти шиддат билан ривожланиб, у болалар футболидан ўсмирлар ва ёшлар жамоаларига ўтган ҳолда, Панамерика ўйинлари ғолибига айланган, оиласида 4 нафар қизалоқлар - Лора, Таня, Валерия ва Мелиссалар дунёга келишганди. Бундай оталарни Уругвайда заргар деб аташади.
Либертадорес кубоги соҳиби
1980 йилда мураббийлик соҳасига кириб келган Табарес атиги 3 йилдан сўнг барчани лол қолдирган ҳолда Уругвайнинг 20 ёшлилар терма жамоасини Венесуэладаги Панамерика ўйинларида шоҳсупага олиб чиқди. Кейин «Данубио» ва «Монтевидео Уондерерс» клубларига устозлик қилди. 1987 йилда мутахассис қадрдон «Пеньярол»ига қайтиб, дебютни Либертадорес кубоги билан нишонлади. Бир қарашда ҳаммаси жуда оддий, осон кечаётгандек. Аммо Колумбиянинг «Америка»си билан бўлган финал қарама-қаршилигининг ўзиёқ уругвайлик мутахассиснинг улкан салоҳият соҳиби эканлигини исботлади. Нуфузли соврин учун курашда томонлар ўз майдонларида ғалабага эришгач, ғолиб номи нейтрал майдондаги учинчи беллашувда аниқланди. Ўша баҳсда ўз уйида камроқ гол ўтказиб юборган «Америка»ни дуранг натижа ҳам қаноатлантирарди. Колумбияликлар ғалабани деярли нақд қилишганди. Бироқ футболда «деярли» ибораси учун устунлик берилмайди: Табарес шогирдлари «овер-тайм»ларнинг сўнгги сонияларида рақиб дарвозасини забт этишди.
Уругвай терма жамоаси бош мураббийи
1988 йилда илк марта миллий терма жамоа тизгинини ўз қўлига олган Табарес бир йилдан кейин Бразилияда ташкил этилган «Копа Америка» турнирида кумуш медалларга сазовор бўлди. Машҳур «Маракана»даги ҳал қилувчи баҳсда «Селесте» мезбонларга имкониятни бой берди - 0:1.
1990 йилдаги ЖЧнинг нимчорак финалида шогирдлари юлдузли Италиядан енгилгач, Оскар Табарес Уругвай терма жамоасини тарк этди.
Европадаги фаолият
Терма жамоадан кейин «Бока Хуниорс» ва «Пеньярол»ни бошқарган мураббий Европага йўл олди. Аввалига у «Кальяри»га, кейин «Милан»га устозлик қилди. Аммо юлдузли жамоани талаб даражасида бошқара олмай, ЕЧЛда «Русенборг»дан енгилди ва истеъфога чиқарилди. Кейин маълум муддат Испаниянинг «Овьедо»сини бошқарди, «Кальяри»даги иккинчи уриниши ҳам омад келтирмади. Шундан кейин Табарес Европадаги фаолиятига чек қўйди.
55 ёшда нафаҚага
«Кўҳна қитъа»ни тарк этган Жанубий америкалик мутахассис Аргентинада «Велес Сарсфилд» ва «Бока Хуниорс» клубларида фаолиятини давом эттирди. 2002 йилда эса тўсатдан бу соҳадан кетишга қарор қилди. Европадаги 10 йиллик омадсизлик унинг иззат-нафсини поймол қилганди. Ҳа, Оскар ўз мағлубиятини тан олиб улгурганди. Бироқ энг ёрқин фаолияти олдинда эканидан бехабар эди.
Уругвай термасига Қайтиш
Уругвайликлар ЖЧ-2006 турниридан четда қолишди. Шунингдек, улар 1994 ва 1998 йиллар мундиалларини ҳам томошабин сифатида кузатган эдилар. Қисқаси, Табаресдан кейин атиги бир марта ЖЧда иштирок этишган ва гуруҳдан чиқа олишмаганди. Мураббийлар қўнимсизлиги ва ўз кучига бўлган ишончнинг қолмаганлиги маҳаллий федерация мутасаддиларини донишманд мураббийга мурожаат қилишга ундади. 4 йилдан бери ишсиз юрган Табарес таклифни дарров қабул қилмади, мухлислар ҳам роса танқид қилишди. Лекин охир-оқибат, Уругвай асл афсонанинг измига ўтди.
Мундиал ярим финалчиси
Катта қийинчилик билан бўлсада, Табарес «Селесте»ни ЖЧ-2010га олиб чиқди. Бунинг учун Коста-Рика билан тўқнаш беллашувида куч синашишига тўғри келганди. Аммо ЖАР мундиалида жамоа ярим финалга чиқиш орқали аламзада мухлисларига чинакам совғани туҳфа этди.
«Копа Америка» соҳиби
Бир йилдан кейин Табарес шогирдлари Америка кубогини қўлга киритдилар. Эътиборлиси, турнирда улар мусобақа мезбони, Жанубий Американинг энг совриндор жамоаси бўлмиш Аргентинани чорак финалдаёқ пенальтилар сериясига кўра даъвогарлар сафидан чиқариб юбордилар. Зафарли юришнинг ҳал қилувчи босқичи ортиқча қийинчилик туғдирмади - ярим финалда Перу (2:0), финалда эса Парагвай (3:0) ишончли тарзда маҳв этилди.
Ногиронлар аравачасидаги чексиз имкониятлар соҳиби
2016 йилда Оскар Табареснинг Гийена-Барре синдроми хасталигига чалингани маълум бўлди. Бу касаллик асаб тизими билан боғлиқ бўлиб, унга чалинганлар, айниқса, кекса ёшдаги беморларнинг оёққа туришлари деярли иложсиз эди. Шу боис, қаҳрамонимиз электромоторли ҳаракатланиш воситаси ҳамда қўлтиқтаёқлар билан қуролланишга мажбур бўлди. Россия мундиалига ҳам Табарес ўзининг содиқ ёрдамчилари кўмагида ташриф буюрди. Шундай ҳолатда ҳам мураббийнинг Уругвай термасидаги роли ўзгаришсиз қолди. Ўзи эса саломатлигида юзага келган муаммони ҳазилкашлик билан қабул қилди: «Менинг аравачам? Биз уни «Феррари» деб номладик. Очиғини айтганда, унинг беминнат хизматини таърифлаш мушкул. Бироқ мен унинг қуввати 2 от кучига оширилишига қарши бўлмасдим. Шунда ажойиб виражларни амалга ошириш имконияти пайдо бўларди». Ҳозирда Табарес ўзини яхши ҳис этмоқда, аравачага муҳтож эмас. Шу сабабли «Феррари» анчадан бери чанг босиб ётибди.
Рекордчи
Чилига қарши баҳс Оскар Табареснинг Уругвай терма жамоасидаги юбилей - 200-учрашуви бўлди. Дунёда ҳеч қайси мураббий бундай кўрсаткич билан мақтана олмайди. Дарҳақиқат, миллий терма жамоа учун ўта юксак натижа. Табарес эса тўхташни хаёлига ҳам келтирмаяпти: Уругвай футбол ассоциацияси билан имзоланган шартнома 2022 йилда, навбатдаги ЖЧдан кейин ниҳоясига етади. Демак, афсонавий донишмандда бешинчи марта мундиал иштирокчисига айланиш имконияти мавжуд. Қисқаси, беқиёс Маэстро!
Дарвоқе, охирги «Копа Америка» турнирини Уругвай чорак финал босқичида якунлади. Перуга қарши баҳсдаги 3та ҳисобга олинмаган голдан кейин илк пенальтини голга айлантира олмаган Суарес ёки бош мураббийни айблашга очиғи, тил бормайди.
А.Аҳмедов тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20