Қайднома

Қидирув

РУЛЬ ИШҚИБОЗЛАРДА ВА...

РУЛЬ ИШҚИБОЗЛАРДА ВА...

  08.07.2019 05:14
  0
  403
РУЛЬ  ИШҚИБОЗЛАРДА ВА...

Айрим клублар «Барслона»га доир бир услубни ўз тажрибаларида қўллашга интилишмоқда – жамоани мухлислар ихтиёрига топшириш. Шу паллада «кўк-анорранглилар»нинг бошқарув тизими қандай ишлаши, унда «сосьос», яъни клубнинг ишқибозлар орасидан чиққан аъзолари қандай роль ўйнашларини билишга иштиёқ ортди.

Халқ жамоалари

Фанатларнинг клуб акционерлари қаторига киришлари ва шу тариқа менежмент борасида айрим қарорларга таъсир ўтказишлари билан боғлиқ тажриба жуда кенг қамровга эга. Таъбир жоиз бўлса, бу Европа футболига хос демократиянинг бир кўриниши. Тўғри, бу гап асосан ҳаваскорлар жамоасига тааллуқли бўлиб, олий даражадаги клубларда бундай мисоллар кўп ҳам топилавермайди.

Дейлик, ўша Бундеслигада «50}1» қоидаси амал қилади, унга кўра, ҳар қайси профессионал клуб акцияларининг катта қисми нотижорат жамоат ташкилотлари (яъни, ишқибозлар)га тегишли бўлиши кўзда тутилган. Айрим жамоалар бу қоидани четлаб ўтишни уддалашган, лекин бунақаси кам учрайди. Клубларни мухлислар ҳамкорлигида бошқариш тизими Америка соккер лигасида ҳам ривожланмоқда - айрим нюанслари билан, албатта.

Англияда ҳам шундай йўналиш мавжуд, аммо у қадар муваффақиятли ишламаяпти. Мисол тариқасида «Манчестер Юнайтед»ни кўрсатса бўлади: 1990 йилдан бошлаб мазкур клуб акцияларини фонд бозорида барча сотиб олиши мумкинлиги белгиланганди, аммо 2005 йилда Малкольм Глэйзер акцияларнинг назорат пакетини сотиб олиб, «МЮ»ни очиқ акциядорлик жамиятидан хусусий компанияга айлантирди. Шундан сўнг фанатларнинг аксарияти «иблислар»дан ажраб, ўзларининг янги - «Юнайтед оф Манчестер» деб номланган шахсий клубларини очишди.

Глэйзернинг «МЮ»даги истилосига ўхшаш нарса бир йил аввал «Арсенал» хўжайини Стэн Кронке билан ҳам такрорланди: Алишер Усмоновнинг улушини ҳам сотиб олган функционер 98 фоиз акцияларга эга бўлиб, миноритарлардаги акцияларни мажбурий сотиб олиш ҳуқуқини қўлга киритди. Бу эса ишқибозларни ранжитмай қўймади, зеро уларнинг аксарияти аввалги юз йилликнинг 60-йилларидан буён «канонирлар» акцияларига эгалик қилиб келишарди.

Акциядор мухлислари бор машҳур жамоалар орасида Испания грандлари ҳам бор: «Реал», «Барселона» ва «Атлетико». Нега асос сифатида айнан «Барса» олинган? Чунки айни пайт каталонияликлар рўйхатида 180 мингдан зиёд «сосьос» мавжуд - бу Ла Лигадаги исталган клубникидан кўпроқ. Шунингдек, энг катта аъзолик бадали ҳам уларда - 184 евро («Реал»­да - 149 евро).

«Сосьос» сони бўйича Ла Лигадаги топ-5 клуб

«Барселона»           182 000

«Атлетико»             150 000

«Реал»                    111 000

«Бетис»                   63 000

«Атлетик»                52 000

«Барселона»да «сосьос» бўлиш учун...

«Блаугранас»га клуб аъзоси сифатида расман қўшилишнинг иккита асосий тури бор. Биринчиси - оддий вариант, уни агар қариндошларингиздан бири «сосьос» бўлса қўллашингиз мумкин. Мазкур ҳолатда сиздан фақат учта ҳужжат талаб этилади: ўзингиз ва клуб аъзоси ҳисобланган яқинингиз ҳақида маълумотлар ва у билан қариндошлигингизни исботловчи ҳужжат. Эътиборлиси, 2016 йили клуб аъзолигига қабул учун керак бўладиган қариндошлик ришталари рўйхати анча кенгайди: эндиликда тезкор дастур бўйича аъзолик чиптасини олиш учун «сосьос» орасида қайнота, қайнини, аммавачча ёки холавачча кабиларнинг бўлиши ҳам кифоя қилади.

Агар қариндошларингиз орасида «сосьос» бўлмаса қийин. Аввалига дастлабки аъзоликни расмийлаштириш керак: шахсни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда кейинги аъзолик бадалларини ечиш учун банкдаги ҳисоб бўйича маълумотлар тақдим этилади. Сўнгра кейинги уч йил мобайнида номзод истакларининг жиддийлигини тасдиқлаши, яъни бадал пулларини ўз вақтида тўлаши керак, шундан кейингина аъзолик учун ариза топшириш имкониятига эга бўлади. «Барселона» директорлар кенгаши қарор чиқаришдан аввал аризани ярим йил ичида кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Қачонки, директорат ижобий хулоса берса, фанат орзу қилган пакетига эга бўлади. У қуйидагиларни ўз ичига олади: янги аъзонинг фотосурати ёпиштирилган чипта; «Барса»нинг бронза нишони ва клуб устави; персонал диплом ҳамда табрик мактуби. Дарвоқе, қизиғи, «кўк-анорранглилар»да клуб аъзолигининг учта ёш тоифаси бор: 1 ёшгача бўлган чақалоқлар (худди шундай!), 1дан 14 ёшгача бўлган болалар ва 15дан 18 ёшгача бўлган ўсмирлар, шунингдек, катталар (барчаси битта категорияда жамланган).

Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Агар клуб аъзолиги сизга «Камп Ноу» трибуналаридан доимий жой ажратади, деб ўйласангиз, хато қиласиз. Стадиондан персонал ўриндиқни кафолатлайдиган абонементни фақатгина «сосьос»га қабул қилинганингиздан кейин икки йил ўтиб қўлга киритасиз. Шу тариқа ишқибоз «Барса» ўйинларига мунтазам бориш ҳуқуқига эга бўлиш учун беш йилдан ортиқ вақт кутишига тўғри келади. Бундан ҳам ёмони, сўнгги пайтларда «Барселона» абонементлари умуман берилмаяпти, кутаётганлар рўйхатида эса 10 мингдан кўпроқ киши йиғилиб қолган.

Каталонияликлар «сосьос» бўлиш йўлидаги кўплаб муаммоларни инобатга олиб, аъзолик чиптаси ижарасини йўлга қўйишган. Мазкур ҳолатда клуб аъзоси ўз карточкасини ижарачига вақтинчалик бериб туради. Шунда ижарачи «Камп Ноу»даги ўйинларга қатнаши мумкин бўлади, унга трибуналардан бирданига иккита ўрин кафолатланади. «Барселона» аъзолик чиптасининг минимал ижара нархи - йилига 4500 евро, қўшимчасига, автомобиль турар жойи учун 800 евро. Қимматми бу ёки арзон - хулоса ўзингиздан.

Фанатлар таъсири

Бир вақтлари «сосьос»нинг клуб манфаати йўлидаги моддий улуши ҳал қилувчи аҳамият касб этарди: 1990 йилларда аъзолик бадаллари клуб бюджетининг қарийб 90 фоизини ташкил қиларди. Ҳозир вазият ўзгарган. «Барселона»  умумий даромадининг 7 фоизга яқини «сосьос»дан тушади (сумманинг катта қисми абонементлар ҳисобига тўғри келади). Ўртача ҳисобда Ла Лига клубларида бу кўрсаткич янада пастроқ бўлиб, 6,5 фоизни ташкил этади. Шундай экан, иқтисод нуқтаи назаридан клуб акцияларини фанатларга сотиш унчалик даромадли иш эмас.

Умуман, ишқибозларнинг менежмент ҳаракатларига таъсири аслида анча чекланган. Қайсидир маънода, бу ўзига хос анъаналардир, у орқали мухлислар ўзларини клубнинг бир қисми деб ҳис қилишлари мумкин. Албатта, клуб ва «сосьос» ўртасидаги муносабат спорт клублари ва спорт гуруҳлари тўғрисидаги қонун асосида назоратга олинади, ушбу ҳужжатда клуб аъзолари «президент сайловлари ва клуб фаолияти билан боғлиқ бошқа йиғилишларда қатнашишлари» белгилаб қўйилган.

Аслида, аксарият ҳал қилувчи масалаларни, жумладан, трансфер ва ҳомийлик бўйича ишларни директорат мустақил ҳал этади, «сосьос» эса мазкур ҳолатда баҳсли ҳолатларга эътироз билдириши ва раҳбариятга ўз нуқтаи назарини ошкор этиши мумкин, холос. Яъни, клуб аъзолари клуб гербида нечта чизиқ бўлиши, келгуси мавсум сафар либоси ранги қандай кўриниш олиши, Неймарни «ПСЖ»дан қайтариш керакми-йўқми, жамоа либосида қайси ҳомий номи ёзилиши каби масалаларга таъсир ўтказишлари мумкин. Директорлар кенгаши ишқибозлар фикрига қулоқ солиши амримаҳол.

Бошқа томондан, «сосьос»нинг асосий функцияларидан бири клуб президентлигига сайловларда қатнашиш ҳисобланади, бу ерда уларнинг овози ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис «Барселона» раҳбарлари мабодо тушунарсиз қарорлар чиқаришса, кейинги сайловларда «сосьос»дан қониқарсиз жавоб олишлари мумкинлигини инобатга олишлари даркор. Албатта, агар номзодлар орасида танлашга лойиқлари бор бўлса.

Уткир УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz