Қайднома

Қидирув

«Навбаҳор»: Миш-мишлар ва ҳақиқат

«Навбаҳор»: Миш-мишлар ва ҳақиқат

  09.07.2019 00:06
  0
  1476
«Навбаҳор»: Миш-мишлар ва ҳақиқат

Охирги кунларда ажойиб мухлисларга эга «Навбаҳор» клубига дахл­дор миш-мишлар сира тинмаяпти. Ўтган мавсум 14 йиллик танаффусдан сўнг яна етакчилар қаторига қўшилган Наманган жамоаси атрофидаги воқеалар кўпчиликни қизиқтириши табиий ҳол. Шуни назарда тутиб, клуб ҳаётига доир янгиликлар, турли гап-сўзларга алоҳида тўхталишни лозим топдик.

*** Айни пайт Coca Cola Суперлига давралар оралиғидаги танаффусда. «Навбаҳор» чемпионатнинг биринчи ярмида 21 очко тўплаб, оралиқ маррага турнир жадвалининг 3-поғонасида етиб келди. Албатта, буни ижобий натижа сифатида баҳолаш мумкин. Айнан муваффақиятли иштирок таъсиридами, «лочинлар» сафидаги бир қатор етакчи футболчиларга бошқа жамоалар харидор бўлаётгани ҳақида миш-мишлар тарқалмоқда. Хўш, бундай хабарлар қанчалик ҳақиқатга яқин? Маълум бўлишича, «Навбаҳор»даги ёрқин ўйинлари ортидан аввалига олимпия, кейин Эктор Купер бошқарувидаги миллий жамоамиз таркибидан ўрин олган истеъдодли ярим ҳимоячи Остон Ўруновга чиндан ҳам, Тошкентнинг «Локомотив» клуби қизиқмоқда. Футболчи ва «Навбаҳор» ўртасидаги шартнома эса жорий йил охирига қадар мўлжалланган. Демакки, Остон мабодо «темир­йўлчилар» таркибида ўйнашни ихтиёр этган тақдирда «Навбаҳор» раҳбарияти уни «Локомотив»га сотиши мумкин. Бунда клуб футболчига муайян трансфер нархи қўйиши тайин. Умуман, Ўрунов масаласига Суперлигада трансферлар бозори очилганидан ке­йин ойдинлик киритилади. Эслатма, бизда ёзги трансферлар бугун (9 июль) бошланади.

*** «Навбаҳор»нинг биринчи даврадаги муваффақиятига ўз голлари билан муносиб ҳисса қўшган россиялик ҳужумчи Александр Касьян эса «Пахтакор» эътиборида турибди. Маълумотларга қараганда, Суперлиганинг ортда қолган қисмида 9та гол урган ва жорий чемпионат тўпурарлари рўйхати етакчиси Драган Черан («Пахтакор»)ни таъқиб этаётган Касьян яна Россия биринчи дивизиони клублари назарига ҳам тушган. Муҳими, у ҳам шартнома бўйича жорий мавсум якунигача Наманган клубига тегишли. Оддий айтганда, Касьяннинг «Нав­баҳор»дан кетиши эҳтимоли жуда паст.

*** Кўплаб голларга ассистентлик қилиш баборарида «Бухоро»га қарши ўйинда ўз номини ҳам таблога ёздириб қўйган россиялик ярим ҳимоячи Иван Соловьёв Суперлиганинг бир қатор клубларидан таклифлар олган. Лекин уни айнан қайси жамоалар ўз сафига чорлаётгани ҳозирча сир тутилмоқда. Фақат етакчи жамоалар эканлиги маълум. Боз устига, «Сочи» (Россия) ҳам Иваннинг хизматига қизиқиш билдирмоқда. Нима бўлганда ҳам, наманганлик мухлислар хотиржам тортишлари мумкин: Иван ҳам жорий мавсум аввалида «лочинлар» билан бир йиллик шартнома тузган ва уни муддатидан олдин бекор қилмаса керак. 

*** Яқин орада таркиб борасида баъзи ўзгаришлар кузатилса, ажабмас. Бинобарин, «Навбаҳор» мураббийлар штаби танаффус пайти бир қатор футболчилар билан хайр­лашмоқчилар. Табиийки, кетадиганлар ўрни янги ўйинчилар ҳисобига тўлдирилади. Айни пайт жамоа вакиллари 6 нафар футболчи номзодини кўриб чиқмоқдалар. Тахминларга кўра, «Навбаҳор» «кўз остига тушган» футболчилар қаторида яқиндагина АГМК билан хайрлашган тажрибали ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов ва «Пахтакор»нинг умидли аъзоси Жасур Яхшибоев ҳам бор. Ҳозирча шу. Воқеалар ривожини кузатишда давом этамиз.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz