Қайднома

Қидирув

Златко Далич маъқуллайди!

Златко Далич маъқуллайди!

  09.07.2019 01:11
  0
  439
Златко Далич маъқуллайди!

Россиянинг ЦСКА клуби яқинда хорватиялик Звонимир Шарлия билан шартнома тузди. «СЭ» нашри мухбирлари эса «Темирни қизиғида бос» мақолига амал қилиб, хорватларни ЖЧ-2018 финали сари етаклаган Златко Далични суҳбатга чорлашди. Хорватия миллий жамоаси бош мураббийи ўз навбатида, нафақат «армиячилар»нинг янги вакилига баҳо берди, балки клуб сафидаги Никола Влашич ва Кристиян Бистрович ўйинидаги ўсишга ҳам тўхталди.

 - ЦСКА мухлисларига Шарлия ҳақида қандай маълумотлар тақдим эта оласиз?

- Жуда қизиқарли футболчи. Ҳар ҳолда, ўтган мавсум «Славен Белупо»да кўрсатган ўйини шахсан менга маъқул келди. Шарлия катта салоҳиятга эгалигини амалда исботлади. Муҳими, унинг ўзи барчасини тушуниб турибди ва техник-тактик маҳоратини ошириш устида тинимсиз ишламоқда. Шарлия иккинчи лига мактабидан муваффақиятли ўтган йигит - мавсум-2016|2017да «Солин» клубида муносиб тўп сурди. Хуллас, унинг фаолияти бос-қичма-босқич ривожланмоқда. Мана, Хорватия чемпионатидан нисбатан кучли Россия лигасига йўл олди. Мамлакат миллий жамоаси бош мураббийи сифатида Шарлияни қўллаб-қувватлайман ва ушбу трансфердан хурсандман. Биламан, Россия Премьер-лигасида унга осон бўлмайди, лекин мураккаб чемпионатда ҳам ўз йўлини топишига ишонаман.

- Хўш, футболчининг қандай кучли ва заиф томонлари бор?

- Шарлия - марказий ҳимоячи. Эҳтимол, истиқболда универсал ўйинчига айланиб, таянч ҳудуди, чап ва ўнг тарафда ҳам тўп сурар... Лекин ҳозирги ҳолатда унинг асосий позицияси - ҳимоя маркази. Йигитча характер бўйича анча хотиржам, шунинг баробарида жанговар хусусиятлардан ҳам бебаҳра қолмаган. Дейлик, яккама-якка курашларда тажовузкор ҳаракатланади, ютқазишга хуши йўқ. Албатта, Звономир ҳали ўз устида кўп ишлаши керак, акс ҳолда, ўсишдан тўхтаб, иқтидорини бой бериши ҳеч гап эмас. Менимча, ЦСКАда тезроқ янги даражага чиқса керак. Фақат ҳаракатни сусайтирмаса, бас. Минусларига келсак, фақат ҳали етарли тажрибага эга эмаслигини айтишим мумкин. Бироқ бу камчилик 22 ёшли йигит учун оддий ҳолат саналади.

- Айтишларича, Хорватия матбуоти Шарлияни Ведран Чорлука билан таққослаётган экан. Бу фикрга қўшиласизми?

- Иккисининг ўйин услубида ўхшаш жиҳатлар борлиги айни ҳақиқат. Лекин Чорлука хорват футболида ёрқин из қолдиришга улгурган футболчи, Звонимир эса унинг даражасига тенглашиш йўлида ҳали анча тер тўкиши лозим. Шунинг баробарида айтишим жоиз, Шарлия янада муваффақиятлироқ фаолият юритиши мумкин, зеро, йигитчада бунинг учун барча зарур хислатлар бор.

- Энди ЦСКАдаги хорватиялик футболчилар сони 3 нафарга етди. Бу яхшими ёки...?

- Албатта, Бистрович, Влашич ва Шарлия ўзаро тил топишишда қийналмасалар керак. Агарда бир-бирларига ёрдам беришса, бундан ҳаммалари манфаат кўришади. Ҳар учови - хорват футболи келажаги. Жаҳон чемпионатидан кейин миллий жамоамиз таркиби кескин ўзгарди - бу давр талаби. Қолаверса, яқин 1-2 йилда Лука Модрич, Иван Ракитич, Деян Ловрен, Домагой Вида каби фахрийлар ҳам халқаро фаолиятига нуқта қўйиш ҳақида ўйлай бошлашади. Уларнинг ўринларини айнан Бистрович ва Шарлия эгаллашлари мумкин. Влашич эса ҳозирнинг ўзида Хорватия термаси аъзоси. Бу футболчи ҳам катта салоҳият соҳиби. Шу маънода айтсам, ЦСКА билан тўлақонли шартнома тузгани айни муддао бўлди.

- Нима, «Эвертон»га қайтса, яхши бўлмасмиди?

- Менимча, Влашич агар Англияга қайтганида, ўйинидаги маром бузиларди. Негаки, у ЦСКАда бир йил ўйнаб, маълум муваффақиятларга эришди, Россия футболига анча мослашди. Ҳозирда унинг учун энг муҳими - саломатлик. Афсуски, Никола бу йил бир неча марта жароҳатга йўлиқди, умид қиламанки, янги мавсумда барчаси ўз ўрнига тушади. Умуман, унинг нафақат ЦСКА, балки Хорватия миллий ва ёшлар жамоаларидаги ўйинларидан ҳам қониқиш ҳосил қилдим.

- ЦСКА иштирокидаги ўйинларни нечоғли тез-тез кузатасиз?

- Афсуски, барчасини кўришга имкон йўқ. Қолаверса, мураббийлар штабимизда ЦСКА ўйинларига жавоб берадиган алоҳида шахс бор - Ивица Олич. Влашич ва Бистровични айнан у диққат билан кузатарди, энди эса Шарлияга ҳам алоҳида эътибор қаратади, албатта. Ивицанинг ўзи вақтида ЦСКАда ўйнаган ва клубнинг ички ҳолатини мендан яхшироқ билади. Хуллас, Олич вакилларимиз масаласида москваликлар билан доимий алоқада.

- Қизиқ, Шарлия ва Бистрович шу йилиёқ терма жамоада дебют қилишлари мумкинми?

- Барчаси уларнинг ўзларига боғлиқ. Хорватия дунё харитасида катта мамлакат эмас. Шундай экан, биз хорижда тўп сураётган ҳар бир футболчимизга алоҳида ёндашамиз. Шахсан мен бу йигитлар келажагини терма жамоада кўряпман, аммо ҳозир муайян муддатни айтиш ноўрин. Барчасига қадамба-қадам интилиш маъқул.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz