Қайднома

Қидирув

ТОП-10: трансфер суммаси кескин ошган футболчилар (фотогалерея)

ТОП-10: трансфер суммаси кескин ошган футболчилар (фотогалерея)

  10.07.2019 09:43
  0
  671
ТОП-10: трансфер суммаси кескин ошган футболчилар (фотогалерея)

Ушбу рейтинг варақасини тузишда transfermarkt.de сайтининг янги маълумотларидан фойдаланилган. Яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаш керак, фақат Англия, Испания, Германия ва Франция элит лигаларида ўйнаган футболчиларга эътибор қаратилган.

Хўш, ҳозирги суммани бир йил олдингиси билан солиштирганда, кимларнинг нархи кескин ошди?

(ДИҚҚАТ: ФУТБОЛЧИЛАРНИНГ 2018|2019ДАГИ КЛУБЛАРИ КЎРСАТИЛГАН)

10. Раҳим СТЕРЛИНГ («Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси)

Мамлакати: Англия

Бир йил аввалги баҳоси: 90 млн. евро

Ҳозирги баҳоси: 140 млн евро

Фарқ: 50 млн. евро

Ўсиш даражаси: 55,6 фоиз

Раҳим Стерлинг талабчан Хосеп Гвардиола қўл остида йилдан-йилга суръатни оширмоқда. Англиялик вингер айнан испан мутахассиси туфайли тезкор ва техник салоҳияти баланд оддий йигитдан самарали машинага айланди.

Дейлик, Раҳим ўтган мавсум 61та ўйинда 31та гол уришдан ташқари, 13та самарали узатмага муаллифлик қилди. АПЛнинг ўзида эса «Гол+пас» тизими бўйича фақат Серхио Агуэро, Муҳаммад Салоҳ ва Эден Азардан ортда қолди. Муҳими, Стерлинг ўз ўйинини янада кучайтириш имкониятига эга. У хусусан, яхши вазиятлардан унумлироқ фойдаланишни ўрганса, бас.

Дарвоқе, Садио Мане ва Бернардо Сильва трансфери ҳам 50 млн. еврога қимматлашди. Лекин уларнинг ҳозирги баҳоси Стерлингникидан бироз паст. Англиялик футболчи шунинг учун рейтингнинг 10-қаторига қўйилди.

 

9. Лука ЙОВИЧ («Айнтрахт» ҳужумчиси)

Мамлакати: Сербия

Бир йил аввалги баҳоси: 8 млн. евро

Ҳозирги баҳоси: 60 млн. евро

Фарқ: 52 млн. евро

Ўсиш даражаси: 650 фоиз

«Реал»нинг ёзги энг шов-шувли трансфери - Йович. «Мадрид» раҳбарияти Германия чемпионати ва Европа Лигасида порлаган 21 ёшли ҳужумчини 60 млн. еврога харид қилди.

Шу тариқа унинг баҳоси бир йил давомида 7 баробардан ҳам баландроқ ошди. Лука учун «Айнтрахт»дан атиги 5 млн. евро олган «Бенфика» ҳозирда аламдан «бошини деворга ураётгандир»...

 

8. Николя ПЕПЕ («Лилль» ярим ҳимоячиси)

Мамлакати: Кот-д~Ивуар|Франция

Бир йил аввалги баҳоси: 10 млн. евро

Ҳозирги баҳоси: 65 млн. евро

Фарқ: 55 млн. евро

Ўсиш даражаси: 550 фоиз

Агар «монстр» Килиан Мбаппе яна бир қойилмақом мавсум ўтказмаганида, «Лилл»нинг ўнг қанот ярим ҳимоячиси Лига 1нинг бош қаҳрамони бўлармиди? Ҳар ҳолда, бир йилча олдин кўпчилик учун нотаниш саналган Пепе Франция элит лигасининг ўзида 22та гол урди (бу «Лилл»нинг деярли 30 фоиз голига тенг) ва 11 марта ассистентлик ролини бажарди.

Шундай экан, ивуарлик йигитнинг трансфер баҳосига нақ 55 «лимон» қўшилганида ажабланадиган томони йўқ.

 

7. РОДРИГО («Атлетико» ярим ҳимоячиси)

Мамлакати: Испания

Бир йил аввалги баҳоси: 25 млн. евро

Ҳозирги баҳоси: 80 млн. евро

Фарқ: 55 млн. евро

Ўсиш даражаси: 220 фоиз

«Атлетико» сафида қўққисдан пайдо бўлган ёш Родриго бир уринишда клубнинг кўп йиллик етакчиси Габи ўрнини эгаллади. Хуллас, «матрасчилар» мухлислари 22 ёшли йигит туфайли Габининг Қатарга йўл олганини эсламай қўйишди.

Зеро, у универсаллиги ҳисобига ҳужум ва ҳимоя ўртасидаги мувозанатни талаб даражасида ушлаб турди. Родриго ҳар томонлама зўр: яхши узатма беришга қодир, ўйинни нозик илғайди, тўп олиб қўйиш ва ҳаводаги курашда беназир.

«Янги Бускетс» дея таърифланадиган футболчининг шу жиҳатлари Хосеп Гвардиолани жалб этган бўлса ажабмас...

 

6. Трент АЛЕКСАНДР-АРНОЛЬД («Ливерпуль» ҳимоячиси)

Мамлакати: Англия

Бир йил аввалги баҳоси: 25 млн. евро

Ҳозирги баҳоси: 80 млн. евро

Фарқ: 55 млн. евро

Ўсиш даражаси: 220 фоиз

Ёш Александр-Арнольд ўтган йилнинг сентябрь ойида мавсум якунида дунё футболидаги иккинчи қиматбаҳо ҳимоячига айланиши мумкинлигини хаёлига ҳам келтирмаган бўлса керак. «Ливерпуль» менежментига қойил: иқтидорли йигитча салоҳиятини вақтида муносиб баҳолади.

Гап мавсум давомида 12та самарали узатмага муаллифлик қилиб, бу борада ҳимоячиларга тегишли бўлган АПЛ рекордини янгилаган футболчи ҳақида кетмоқда.

 

5. Кай ХАВЕРЦ («Байер» ярим ҳимоячиси)

Мамлакати: Германия

Бир йил аввалги баҳоси: 28 млн. евро

Ҳозирги баҳоси: 90 млн. евро

Фарқ: 62 млн. евро

Ўсиш даражаси: 221,4 фоиз

«Байер»нинг 19 ёшли ярим ҳимоячи L~Equipe журнали талқинидаги энг яхши ёш футболчилар рейтингида бежиз 3-ўринни банд этгани йўқ. Мавсум Кай учун чиндан ҳам, ўта омадли келди.

Йигитча 17та голга муаллифлик қилиш баробарида Леверкузен клуби етакчилари қаторига қўшилди ва Германия миллий термасидан таклиф олди. Хуллас, Хаверц энг кучли клублар назарига тушди.

 

4. Жоау ФЕЛИШ («Бенфика» ҳужумчиси)

Мамлакати: Португалия

Бир йил аввалги баҳоси: 2 млн. евро

Ҳозирги баҳоси: 70 млн. евро

Фарқ: 68 млн. евро

Ўсиш даражаси: 3400 фоиз

Трансфер суммаси бўйича мислсиз ўсиш. «Бенфика»нинг асосий жамоасида дебютини нишонлаган 19 ёшли португал йил давомида шу қадар зўр ўйнадики, унинг баҳоси бирданига 35 баравар (!) ошди. Бу ҳаводан олинган сумма эмас, албатта.

Зеро, Европанинг энг сара клублари аллақачон ёш футболчига реал харидор сифатида оғиз оча бошлаганди. Маълумки, Жоау «Атлетико»га йўл олди. Кимлардир балки буни кутмагандир...

 

3. Френки де ЙОНГ («Аякс» ярим ҳимоячиси)

Мамлакати: Голландия

Бир йил аввалги баҳоси: 7 млн. евро

Ҳозирги баҳоси: 85 млн. евро

Фарқ: 78 млн. евро

Ўсиш даражаси: 1114,3 фоиз

Ушбу рейтингга якунланган мавсум намунаси - «Аякс»дан ҳеч ким кирмаганида жуда ғалати бўларди. Амстердам жамоасининг ҳайратланарли парвозида Френки де Йонг алоҳида ўрин тутди.

Яъни у «Аякс» марказий ярим ҳимоясида ҳақиқий диспетчер ролини бажарди, ҳужумни ривожлантиришда жонбозлик кўрсатди. Умуман, Френкининг «Барселона»га 75 млн. евро эвазига ўтиши расман ҳал қилинишидан олдиноқ трансфер суммаси 10 баравар «болалаганди».

 

2. Килиан МБАППЕ («ПСЖ» ҳужумчиси)

Мамлакати: Франция

Бир йил аввалги баҳоси: 120 млн. евро

Ҳозирги баҳоси: 200 млн. евро

Фарқ: 80 млн. евро

Ўсиш даражаси: 66,7 фоиз

Килиан Мбаппе - дунё футболининг энг қимматбаҳо ўйинчиси. Қаранг, «ПСЖ» бағрида яйраган йигитча 20 ёшига қадар 100та гол маррасидан ўзишга улгурди. Бунинг самараси ўлароқ, жаҳон чемпионининг ўзи шундоқ ҳам қиммат баҳосига яна 80 «лимон» қўшилди.

 

1. Жейдон САНЧО («Боруссия» Д. ҳужумчиси)

Мамлакати: Англия

Бир йил аввалги баҳоси: 15 млн. евро

Ҳозирги баҳоси: 100 млн. евро

Фарқ: 85 млн. евро

Ўсиш даражаси: 566,7 фоиз

«Манчестер Сити» раҳбарияти бу рақамларни кўришга тоқат қилолмаса керак. Ахир «шаҳарликлар» 2017 йили вундеркиндни ўз сафларида олиб қололмай, уни «писта пули» эвазига қўйиб юборишганди.

Мана, Санчо Дортмунд «Боруссия»сида чинакамига ёғду сочиб, бутун Бундеслиганинг энг яхши футболчилари қаторига кирди. Ўтган мавсум давомидаги 13та гол ва 15та самарали узатма барчасини кўрсатиб турибди.

Абдуллохон ИСРОИЛХОНОВ тайёрлади


Манба: www.interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz