Қайднома

Қидирув

Футбол бузилиб кетмайди...

Футбол бузилиб кетмайди...

  10.07.2019 01:05
  0
  555
Футбол бузилиб кетмайди...

Лионель Мессининг Америка кубоги-2019 доирасида 3-ўрин учун кечган қийин баҳсдан сўнг алам ва изтироб билан айтган гаплари бошқача янгради: «Футбол бузилиб кетди». Ўйланиб қоласан киши, миллионлар ўйини чиндан ҳам, бузилиб кетдими? Аргентина терма жамоаси сардорининг руҳий ҳолатини тушуниш мумкин. У яна финалда ўйнаш ва ниҳоят, чемпионликдан сархуш бўлишни истаганди. Не тонгки, тақдир Аргентина ва Бразилия терма жамоаларини ярим финалда учраштирди. ЖЧ-2014даги шармандаликдан кейин «пентакампеонлар» ўз майдонларидаги турнирда финалга чиқолмасалар, бу ҳолат мухлислар томонидан чинакам фожиа сифатида баҳоланарди. Шунинг учун мезбонлар ярим финални бузишга уринишди ва бунга қисман эришишди...

 

Хуллас, Аргентина терма жамоаси ва Лионель Месси финалдан мосуво қолди. Лекин бразилияликлар шу куни мағлубиятга учрашлари ҳам ҳеч гап эмасди. Ҳакам VARни кўрмаса ҳам, пенальти белгиламаса ҳам, Лионель Скалоне ғалаба қозониш йўлини топса бўларди-ку. Мураббий ҳакамнинг ўйин равишига таъсир ўтказиши эҳтимолини негадир ҳисобга олмади. Барча жиҳатларни ҳисоб-китоб қилганида, балки Пауло Дибалани бошланғич таркибда майдонга тушириб, жамоаси ҳужумига янгича руҳ бағишлашга уринармиди? Бошқача айтганда, ҳар қандай таъсир кучидан устун чиқиб, ғалаба қозонишни уддаларди. Энг асосийси, жамоа потенциали шундай йўл тутишга изн берарди. Скалоне шу имкондан фойдалананиш йўлини тополмади. Месси эса шогирдлик маданияти юзасидан бошқа муаммоларга эътибор қаратди. У буюк футболчиларга хос кучли шахсият билан мардона сўзлади. Футболда авж олаётган коррупция хусусида жамоатчиликни огоҳлантириш - буюк футболчилар зиммасидаги улуғ миссия! Месси шу вазифани шараф билан бажарди ва эвазига майдондан четлатилди. Майли, эзгу иш учун четлатилса-четлатилибди. Парагвайлик ҳакамнинг қарори унинг нуфузини пасайтирмади асло, аксинча, оширди. Ҳа, вазиятлар лидерларни етиштиради. Энди Месси футбол ҳақиқати тимсолига айланди. Ҳар қайси футбол муҳитидаги етакчилар ундан ўрнак олишса арзийди. Зеро, Лео турнирни, терма жамоани жимгина тарк этганида, Жанубий Америка футболи ютқазарди, балки келажакда инқирозга ҳам юз тутарди.

Футбол коррупциядан холи бўлса, бас! Мураббийлар, футболчилар, ҳакамларнинг тажрибасизлик ёки тасодиф туфайли йўл қўядиган хатолари футболнинг бир қисми янглиғ яшайверади. Ана, 2018 йил мавсуми якунида, аниқроғи, ЕЧЛ финалида Юрген Клопп дарвозабон масаласида адашганди, ўйинни кўпроқ Муҳаммад Салоҳ атрофида қурганидан панд еганди. Немис мутахассиси бу йил ўша хатосини такрорламади. Пеле бежиз баланд нотада гапирмаган: «Рақиблар дарвозамизга истаганча гол ураверишсин, биз улардан битта кўп урамиз, барибир!». Икки Лионель - Сколоне ва Мессини фақат мана шу ғоя юксак ғалабалар сари элтади. VARдан ёки ҳакамдан ранжиш уларга асло ярашмайди. Ўзимизда ҳам худди шунга ўхшаш ҳолат бор: «Қосимов кучлими ёки Абрамов?» қабилида даҳанаки тортишувларга берилиш ўзини сира оқламайди. Ўзбекистон Лига кубоги доирасидаги АГМК - «Бунёдкор» учрашувидан сўнг ижтимоий тармоқларда шу мавзу юзасидан катта мунозара кузатилди. Йўқ, саволни бу тарзда қўйиш ноўрин. Ҳар икки мураббийнинг футболимиз олдидаги хизматини яхши биламиз. «Жар» стадионидаги ўйинда япониялик ҳакам Юичи Нишимура Эрон терма жамоаси дарвозасига урилган голни ҳисобга олганида, Вадим Абрамовнинг мураббийлик карьераси ўзгача кечарди», деб уни оқлашга уринишдан энди фойда йўқ. Аксинча, Лондон-2012 Олимпиадаси йўлланмаси таъминлайдиган тайёр ғалабани бой берган, ўзбилармонлик билан сариқ карточкалар орттириб, ўша Эрон термасига қарши баҳсда кучсиз таркибни туширишдан ўзга чора тополмаган Вадим Абрамов хатолари футболимизга сабоқ бўлиши даркор. Тўғри, Миржалол Қосимов жамоаси тўплар нисбати ҳисобига ЖЧ-2014 йўлланмасини қўлга киритолмади. Бироқ шу факт бизга тасалли берадими? Асло, аксинча, ўша етмай қолган голлар вақтида Ливан термаси дарвозасига урилмагани алам уйғотади, холос. Бу каби «сал қолди», «озгина етмади»лар аллақачон футболимиз бўғзига етган. Миллий жамоамиз учун рақиблардан яққол устунлик қилиш тамойили устувор вазифага айланмаса - барчаси бекор.

Йўқ, «Бунга бир неча қовун пишиғи бор», деманг. Валерий Карпин шу вақтгача Элдор Шомуродовдан Александр Гацканни устун санарди. Энди эса вазият ўзгармоқда. «Ростов» бош мураббийи Элдордаги рақобат босимига чидаш иммунитети таъсирида истаб-истамай, аввалги фикрини ўзгартирмоқда. «Бирники мингга, мингники туманга», дейди доно халқимиз. Шояд, бошқа футболчиларимиз ҳам Элдор йўлидан боришса. Шу маънода айтсак, икки Лионель ҳам мағлубият сабабини ўзлари фойдаланмаган имконлар бағридан излашгани маъқул. Шуниси аниқ, футбол бутунлай бузилиб кетмайди. Йохан Кройффдек даҳо футболчи финалдаги муносиб рақиб туфайли жаҳон чемпиони бўлолмаган. Бундай вазиятларда мураббий ҳам, футболчи ҳам айбланмайди. ЖЧ-86да Лотар Маттеус енгилмас Диего Марадона олдида ожиз қолганди. ЖЧ-90да эса ўша мағлубият учун реванш олди. Месси ЖЧ-2014 финалида чемпионга хос тўп сурди. Аммо унга тақдир, омад кулиб боқмади. Тенгма-тенг рақобат натижасидан ўпкалаш ноўрин. Ютишни хоҳлаган яна ҳам кучлироқ бўлмоғи шарт. Нигерия терма жамоаси Это~О издошларидан, «Локомотив» эса «Зенит»дан ғалабани қандай тортиб олганини кўрдик, ЖАР термаси Муҳаммад Салоҳ ва унинг шерикларини мислсиз ирода эвазига енгганини ҳам. Футбол шуниси билан гўзал ва биз учун қадрли. Муҳими - уни коррупция бошқармаса бўлгани...

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz