Қайднома

Қидирув

ДАНТЕ: «Керак бўлса Боллотеллига ҳам танбеҳ бераман»

ДАНТЕ: «Керак бўлса Боллотеллига ҳам танбеҳ бераман»

  10.07.2019 05:20
  0
  491
ДАНТЕ: «Керак бўлса Боллотеллига ҳам танбеҳ бераман»

Бразилиялик бу ҳимоячининг ёши 35да, аммо у яқинда «Ницца» билан шартномасини яна икки йилга узайтирди. Сўнгги мавсум (мазкур жамоадаги иккинчиси)да Данте сардорлик боғичини тақди. Ушбу вазифани бажаришда ўзини қандай ҳис қилаётгани, муаммолар ва сардорликнинг ўзига хос хусусиятлари ҳақида футболчи France Football нашрига берган интервьюсида атрофлича тўхталди.

- «Ницца»да илк бор сардорликка тайинландингизми?

- Йўқ, аввал ҳам шундай бўлганди, фақат баъзи ҳоларда. Умуман, боғичсиз ҳам майдонда обрўйим етарли эди. Асосийси шу.

- Нима учун?

- Шунда йигитлар ҳам кўпроқ ҳурмат қилишади. Сардор бўлганингда эса атрофдагилар бошқача ўйлашлари мумкин: «Унинг роли шуни тақозо этаётгани учун ҳам бу ишларни бажаряпти». Боғичсиз бошқача нафас оламан. Яъни, жамоадагилар билан оддийроқ муносабатда бўламан, сардорлик эса мартабани кўтариб юбораётгандек туюлади. Сардор бўлганда тўғри сўзни танлаб гапириш, ўзингизни тута олиш керак бўлади. Жамоага келганимда Пол Бесс сардор эди, мен эса унга имкон қадар кўмаклашардим. Аммо ҳеч қачон боғични ундан қабул қилишга рози бўлмасдим. Пол кетди - энди мумкин. Чунки бундай ёш жамоада сардорлик қилиш қизиқ. Қолаверса, боғич ишонч намунаси ҳисобланади.

- Сардорликка тайинланиш учун тажрибали футболчи бўлиш керакми? Айтайлик, 20 ёшли Маланг Сарр бу вазифани уддалай оладими?

- Барчаси жамоага боғлиқ. Ёшларнинг боғични қабул қилиб, ўз ишларини аъло даражада бажаришаётганини кўрганман. Муаммо шундаки, сардор атрофидагилар учун ибрат бўлиши керак, хато қилишга ҳаққи йўқ, сардор бўлмаганида, вазиятни ёшликка йўйиб, кечириларди. Бу қўшимча масъулият. Ўйлашимча, у футболчига халал беради. Яъни, ўзининг ўйини ҳақида ўйлаш, ўсишга интилишдан ташқари, шериклари ҳақида қайғуриши, ишончсизликка дуч келганларга тўғри сўз топиш керак бўлади.

- Ҳар нарсада ибрат бўлиш керак, дейиш осон. Ахир бу сардорликнинг асосий сифати-ку, тўғрими?

- Мен учун асосий жиҳат - жамоавий ўйинчи бўлиш. Сардор жамоани ҳис қилиши лозим. Қачон бақириши-ю, қачон сукут сақлашни билиши керак. Агар у жамоа мулойим, яхши сўзларга эҳтиёж сезаётганини англаса, ишлар ёмон кетаётган бўлса ҳам дилидагиларини айтиши шарт. Сардор сабрли, эътиборли бўлиши даркор. У ўзи эмас, жамоа ҳақида кўпроқ ўйлайди.

- «Ницца»да ёшларнинг кўплиги сардорнинг ўзини тутишига қандайдир таъсир ўтказадими?

- Табиийки, таъсир қилади. Сафимизда Кристоф Жалле, Вальтер Бенитес сингари тажрибали футболчилар ҳам бор, аммо аксарияти ёшлар. Хайриятки, барча йигитлар ақлли, камтар, тинглашни билишади. Кўпчилиги ҳаётдан нима кутаётганини яхши англайди.

- Йил давомида оддий футболчи сифатида шерикларни ўргандингиз, чемпионатга кўникдингиз. Шундай экан, ҳозир ўзингизни боғич билан қулай сезяпсизми?

- Албатта. Аммо мен тажрибали футболчиман, сардор бўлмаганимда ҳам турли маслаҳатларни берардим. Баъзан, эҳтимол, кўп гапириб юборгандирман. Аммо шахсан бир кишига эмас, умумий қилиб барчага гапирардим. Ҳар ҳолда, даражаси юқорироқ бўлган клубларда тўп сурганман. Нимадир ўргатишга ҳаққим бор деб ўйлайман. Муҳими, ишдан гапирардим. Айримлар норози ҳам бўлишган.

- Балки улар «Бундеслига, «Бавария»си билан жонга тегди», дейишгандир?!

- Йўқ! Бунчаликка бормаганман. Чегарадан чиқмасликка ҳаракат қилганман. Ҳар доим аниқликка таянганман: «Мана бундай қилсанг, яхши бўлади». Шунингдек, сўз оҳанги ҳам муҳим. Ойлаб қилинган ишлар бир лаҳзада саробга айланиши ҳеч гапмас. Бир-икки ва тамом! Ва сен ишсиз қоласан. Аммо ҳозир замон бошқача эканини тушунаман. Ёшлар «Иқтидор ҳаммасини ҳал қилади, хотиржам ишласа бўлаверади», деб ўйлашади. Мен эса ўз ҳаракатларимни диққат билан кузатардим, ҳар бир ўйинни таҳлил қилардим, ўсишга, тўхтамасликка интилардим, яъни футбол билан яшардим. Замонавий футболчиларда эса футболдан бошқа қизиқишлар бор. Улар ўта талабчан эмаслар ва баъзида бу ёшларга фойда келтиради. Авваллари бизга имконият беришарди, уддалай олмасак, бир-икки ой ўринбосарлар сафида шуғулланиб, нималарга қодирлигимизни исботлашимизга тўғри келарди. Бугун эса вазият бошқача - эплолмадингми, яна бир имкониятни ол, ўхшамадими - яна ва яна имконият берилади. Шу тариқа ишонч пайдо бўлмоқда, ёшлар яхшироқ ўйнашмоқда.

- Сардор билан ҳазиллашиш мумкинми?

- Шунақаси кам бўлсада учраб туради. Ҳаддан ошиб кетишмайди. Умуман, мен бундай нарсаларни кўнглимга яқин олмайман, ўзим ҳазилларни яхши кўраман.

- Ёшларга мослашишга ҳам тўғри келадими?

- Ўз-ўзидан. Айрим ўйинчилар яккама-якка гаплашишни хоҳлашади, уларга овозингизни баландлатмаслик керак, баъзилар эса жамоавий суҳбатлар пайти яхшироқ қулоқ тутишади гапларингизга. Бировнинг дилида нима борлигини билмайсиз, ҳар бир футболчини беш қўлдек биламан деёлмайман, аммо уларни аввалгидан яхшироқ тушуняпман. Сардор бўлиш - бу кузатиш ва ҳар кимнинг гапларингизга қандай муносабат билдираётганини таҳлил қилишдир.

- Аммо барибир, сиз бошқачароқ сардорсиз. Дейлик, «ПСЖ»даги Тьяго Сильвадан фарқ қиласиз. Шундайми?

- «Бавария» сингари даражаси юқори жамоаларда вазият ўзгача бўлади. Ҳар ким ўз қадрини билади. У ерда ўйин пайти хато қилишга ҳаққинг бўлмайди, шу боис шеригинг қандай ўйнаётганига кўп ҳам эътибор қаратмайсан, имкон қадар ўзинг хатога йўл қўймасликка интиласан. Албатта, жамоавий ўйинга баҳо беришинг мумкин, лекин кимгадир шахсан дакки беришга ҳамма ҳам ботинавермайди. «Бавария»да асосий ва захира таркиби бор, тўғри, иккинчи жамоа ҳам биринчисидан даража бўйича унчалик қолишмайди. Ахир барча футболчилар машҳур, ўзига хос характер соҳиблари, табиийки, захирада ўтириш уларга ёқмайди. Бироқ имкон берилганда улар панд бериб қўйишмайди.

- Кимгадир жиддий дакки бера оласизми?

- Ҳеч кимга бундай муносабатда бўлмаслик керак, адолатли бўлиш даркор. Биринчи сафар мулойим гапирасан, иккинчи ва учинчисида ҳам шундай, мабодо, суҳбатдошинг сени тушунмаса, шундагина овозни баландлатиш мумкин. Муҳими - гапингни тушунишсин. Кимлардир жамоани менсимай қўйса, уларга нисбатан қаттиққўллик ишлатаман. Машғулотларда масалан, барчадан дангасалик қилмаслик, охиригача курашиш, мувозанатни йўқотмаслик, узатмаларда адашмасликни талаб қиламан. Агар бироз бўш қўйсангиз, айтганларингиз уларнинг ёдидан чиқади.

- Мисол учун, Марио Балотеллига танбеҳ бера оласизми?

- Нега энди шундай бўлмаслиги керак? Майдонда ҳам, кийиниш хонасида ҳам. Унга ҳамиша нимадир дейман. «Жока Феличе!» «Табассум билан ўйна, ҳаммаси яхши!» Ҳар доим кимдандир хафа бўлиш ярамайди. Ахир сен ажойиб футболчисан, шундай экан, футболдан роҳат ол, бу туйғуни шерикларинг билан баҳам кўр. Ўзингга яхши бўлади. Марионинг қилиқлари учун ҳакамлар олдида бир неча марта кечирим сўраганман. Шунга мажбурман - ахир сардорман! Чунки унинг бундай ҳаракатлари жамоага қиммат тушиши мумкин. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш керак. Бир сафар ўхшамади - Лорьянда уни майдондан четлатишди. Ахир ўзи «қизил» олиши мумкинлигини сезиб турганди! Аммо ҳакам бошқа чидаб туролмади, сабр косаси тўлганди. Ҳакамни ҳам тушунаман - у ҳам инсон, бундай сўзларни эшитиш ёқмайди. Гарчи Балотелли инглиз ва итальян тилларида гапирган бўлсада, ҳакам уни тушунди ёки тахмин қилди нима демоқчилигини... Ҳеч қачон ҳакамлар билан гаплашишни ёқтирмаганман. Шунчаки, тилимни тиярдим. Ҳа, улар хато қилишлари мумкин, жаҳлингиз чиқади, аммо эътироз билдиришдан нима наф?! Фақат сардоргина ҳакамга гапириши мумкин, шу боис бораман, гаплашаман. Умуман олганда эса, бу нарса менга керак эмас.

- Сардор кийиниш хонасида ҳам етакчи бўлиши керакми?

- Албатта. Акс ҳолда, парокандалик кузатилади. Ўз вақтида баланд овозда тартиб ўрнатадиган, можароларга чек қўядиган бир киши бўлиши даркор.

- Ниццада шундай ҳолатга тушганмисиз?

- Йўқ. Йигитларнинг ҳаммаси масъулиятли, дўстона муносабатдалар. Аммо ўтган йили ишларимиз қовушмай, мағлубиятли серия қайд этилганда, тўпланиб, жиддий гаплашиб олгандик. Бундай йиғилишлар бир неча марта ўтказилганди.

- Сардор ва мураббий ўртасидаги муносабат ўзгача бўладими?

- Йўғ-э. Люсьен (Фавр, 2017|2018 йиллар мавсумида «Ницца»да ишлаган)  билан у «Боруссия Менхенгладбах»ни бошқариб юрган кезлари танишгандик (Данте 2009-2012 йиллари шу клуб шарафини ҳимоя қилган). Сардор бўлишимдан аввал у мендан маслаҳат оларди - биргаликда ўйинни яхшилаш бўйича фикр юритардик. Шу боис биз учун ҳеч нарса ўзгармаган. Шунчаки, боғични тақишни бошлаганимдан кейин гўёки мураббий ғояларини тарғиб қилувчига айландим. Мендан буни сўрагани учун эмас, ўзим вазиятни тушунганим учун шундай қилардим.

- Патрик Виейра («Ницца»нинг ҳозирги бош мураббийи) билан муносабатларингиз қандай? У билан деярли бир пайтда келгансиз жамоага...

- Ёш мураббийлар одатда демократик ва самимий йигитлар бўлишади. Уларнинг ўзлари ҳали ўрганишмоқда. Патрик ҳам шундай тоифага киради. Мулойим, барчага эътиборли - унинг учун ҳамма тенг, сардор ҳам, таркибга эндигина қўшилган ёш йигитча ҳам. Шундай бўлиши керак. Виейра ҳозирча ўзи учун янги бўлган соҳани ўзлаштирмоқда, ҳамиша ёрдамга шай.

- Жюльен Фурнье («Ницца» бош директори) биз билан суҳбатда сиздан яхшигина клуб президенти чиқиши мумкинлигини таъкидлаганди. Шундай ўзгаришга нима дейсиз?

- Ҳозирча футболдан кетиш ҳақида ўйламаяпман, ҳали тўймадим. Бутсаларимни михга илганимдан кейин нега энди шундай бўлмаслиги керак?! Аммо мураббий бўлиш ёки раҳбариятда ишлаш учун ўқиб-ўрганиш, диплом олиш керак. Ҳар қандай ҳолатда ҳам футболдан кетмайман, қайсидир клубда ишлайман, аммо агент бўлмаслигим аниқ. Мен ташкилий ишларга қизиқаман. Сардорлик вазифасини бажараётганда шу каби юмушларга беихтиёр қўшилиб қоласан. Вақт ўтаверсин-чи, кўрамиз. Агар «Ницца»да қолиб, клуб тизимида ишлашга тўғри келса, бошим кўкка етади. Ахир бу жамоа, ишқибозлар, ходимлар - ҳаммалари ўз яқинимдек бўлиб қолишган.

Манба: «ССФ», Ў.УМАРОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz