Қайднома

Қидирув

Моу, Хитойда ишлайсанми?

Моу, Хитойда ишлайсанми?

  11.07.2019 01:47
  0
  561
Моу, Хитойда ишлайсанми?

Жозе Моуриньони энди Хитойга чорлашмоқда. Бирданига машҳур итальянлар - Фабио Каннаваро ва Марчелло Липпини ўрнини эгаллаб, ҳам клуб, ҳам терма жамоада ишлаш учун. Ҳа, бу португалиялик мутахассис учун шубҳасиз, янги чорлов. «Беназир» «МЮ» билан хайрлашганидан буён ҳордиқ чиқармоқда. Тўғрироғи, ТВда таҳлилчи сифатида ишлаб, ҳаётдан шунчаки, завқ олмоқда. Хуллас, бетакрор Моу мураббийлик фаолиятини қайта тиклашга шошилмаяпти, чоғи. Бунинг ўрнига ҳозирча жонли эфирда зўр шоу кўрсатмоқда - ўткир ва аччиқ гапларию, ўхшаши йўқ турли изоҳлари билан

телеканаллар рейтингини оширмоқда.

У жумладан, Россия телеканалларидан бири билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Оддий айтганда, Моуриньода ҳаммаси яхши — муносиб маош, минимал сиқилиш ва босим. «Беназир» яна матбуот айбловларидан ҳам холи.

 

Ҳа, Жозе «МЮ» ёки бошқа клубларда ишлаганида ҳам, ёмон яшамаган, лекин эркин эмасди, барибир. Энди эса ҳаттоки, теннис турнири - «Уимблдон» (!)ни кузатиш ва таҳлил қилишга вақт ажратмоқда. Лекин матбуотчилар ҳам бўш келишаётгани йўқ - Моуриньони деярли ҳар куни қайсидир клубга «юборишмоқда». Албатта, футбол жамоасига. Дейлик, яқиндагина Жозе ва «Ньюкасл» ҳамкорлиги хусусида хабарлар тарқалди. Яъни Рафаэль Бенитес ўрнини айнан португалиялик мутахассис эгаллаши ва унинг олдига «қарғалар» билан АПЛда юқори ўринлар учун курашиш вазифаси қўйилиши айтилди. Бироқ кўринишидан, бундай бўлмайди, шекилли. Ҳар ҳолда, «Беназир»га «Ньюкасл» варианти маъқул тушмади, чоғи. Шу вақтда яна бир янги маълумот юзага чиқди. Буниси сенсацион хабар - Моуриньо Осиёга йўл олиши мумкин. Хитойликлар унга бира тўла 2та жамоа бошқарувини топширмоқчилар: «Гуанжоу Эвергранд» клуби ва Хитой миллий термасини. О, қандай чорлов. Бу борада 3та жиҳатга алоҳида эътибор қаратиш керак:

1). Ушбу хабарни обрўли нашр - The Telegraph журналисти Жейсон Берт тарқатди. Демакки, жиддий маълумот, ҳарқалай, жиддий газетада бўлар-бўлмас нарсаларни ёзаверишмайди. Бинобарин, The Telegraph ўзича «ижод» қиладиган нашрлар тоифасидан эмас.

2). Жозе Моуриньони Хитойнинг энг бадавлат фуқароси - Ху Цзяин билан боғлашмоқда. Эътиборли томони, уларнинг танишишганига 10 йилдан ошди. Шундай экан. ўрталарида дўстона муносабат шаклланган бўлиши мумкин. Ху Цзяин бундан 10 йилча олдин «Гуанжоу Эвергранд»ни сотиб олиб, уни Осиё миқёсида гранд клубга айлантирган Evergrande Group компанияси соҳибидир.

3). Айни пайт Хитой терма жамоасини Марчелло Липпи бошқармоқда. Лекин Италия ОАВ хабарига кўра, 71 ёшли мутахассис ишдан зериккан ва шахсан ўзи ўрнига муносиб ўринбосар қидирмоқда. Қисқаси, «қария» Липпи катта маошга қарамай, ўз юртига қайтмоқчи.

Энди Жозе Моуриньо билан ҳамкорликни йўлга қўймоқчи бўлаётган клуб ҳақида. «Гуанжоу» — Хитойнинг энг кучли жамоаларидан бири. Evergrande Group билан боғлиқлик томони бор экан, тушунарлики, клуб жуда бой. Тўғри, тўлиқ фаровонлик таъминланган бўлсада, «Гуанжоу Эвергранд» Хитой Суперлигасининг ўтган мавсумида чемпионлик рутбасини Халк, Оскар ва Одил Аҳмедовни бирлаштирган «Шанхай СИПГ»га бой берди.

Ҳозирги ҳолатга келсак, маҳаллий чемпионатда 3та клуб ўртасида кескин рақобат кетмоқда. Булар - «Гуанжоу Эвергранд», «Пекин Гуоан» ва «Шанхай СИПГ». Дарвоқе, «Эвергранд»ни ҳозирда кимсан Фабио Каннаваро бошқармоқда. Жамоа таркибидаги энг таниқли футболчи - бу бразилиялик Паулиньо. 30 ёшли ярим ҳимоячи трансферини ҳамон 38 миллион еврога баҳолашмоқда. Маълумот ўрнида айтиш керак, бу футболчи Европада «Тоттенхэм» ва «Барселона» клублари шарафини ҳимоя қилган. Умуман, «Гуанжоу» сафига мўмай даромад илинжида қўшилган бошқа легионерлар ҳам чакки эмас - ярим ҳимоячи Андерсон Талиска, ҳужумчи Жексон Мартинес, «Аякс» ва «Спортинг»да тўп сурган Неманья Гудель. Хитой футболи учун одатий ҳол - таркиб савияси ўта баланд бўлмаган маҳаллий футболчилар ва сифати юқори легионерлардан шакллантирилган.

Агар Жозе Моуриньо Хитой томон юзланса, ўзи учун бир нечта янги саҳифа очади. Биринчидан, у фаолияти давомида илк марта миллий жамоада ишлайди. Олдинлари Португалия термасининг ҳар бир муваффақиятсизлигидан сўнг журналистлар ОАВни Моуриньо ниҳоят, ўз мамлакати бош жамоаси бошқарувини қўлга олиши хусусидаги хабарлар билан «портлатиб» юборишарди. Уни яна доимий тарзда Англия термасига ҳам боғлашган. Бироқ португалиялик мутахассиснинг ўзи клуб футболидан воз кечолмади. Аниқроқ айтсак, топ-клублардан. Ҳар ҳолда, «Порту» ҳамон «Беназир» фаолиятидаги энг камтарин жамоа бўлиб қолмоқда. Мураббий шу клуб билан ҳам ЧЛ ғолибига айланган, Португалия чемпионатида ҳукмронлик ўрнатган. Жозе шундан кейин фақат ва фақат супермақомга эга клубларда ишлади: «Челси», «Реал», «Интер», «МЮ». Тушунарлики, «Гуанжоу Эвергранд» савия ёки бошқа жиҳатдан буларнинг ҳеч бирига тенглашолмайди, гарчи Хитойнинг ўзида энг обрўли клублардан бўлсада. Унутмайлик керак, гап бир вақтда ҳам «Гуанжоу», ҳам Хитой миллий жамоасида ишлаш ҳақида кетяпти. Буниси Жозе учун иккинчи янги саҳифа бўлиши мумкин. У ҳали бирор терма жамоада ишламаган экан, демакки, ҳеч қачон икки масъулиятли вазифани тенгданига ўз зиммасига олмаган.

Айтиш жоиз, Моуриньо мураббийликда янги чорловга эҳтиёж сезаётганини бот-бот таъкидлаб келаётганди. Бу гапи нимани англатади? У ноодатий шароитларда ҳам ишлашга тайёрми? Боз устига, топ-клуб ёки топ-чемпионатда эмас, балки еврофутболдан узоқда ўз салоҳиятини синаб кўришга мойилми? Агар бу саволларга жавоби ижобий бўлса, унда «Гуанжоу Эвергранд» варианти мутлақо зўр. Яна моддий рағбат ҳам бор. Ху Цзяинь қадрдони Жозенинг бир йиллик хизматини 33 миллион евро (!)га баҳоламоқда (3 йилга 100 миллион). Айни пайт жаҳонда ҳеч бир мураббий бунчалик кўп соф маош олмайди. Тушунарлики, савияси ҳаминқадар хитойлик футболчилар билан ишлаш Моуриньо учун мутлақо ноотадий туюлиши мумкин. Лекин бу ўзи айтганидек, янги чорлов. Хўш, Моу бунга тайёрми?

Дунё футболидаги энг сердаромад  мураббийлар

Диққатга сазовор томони, айни пайт жаҳон миқёсида энг катта даромадга эга 6 нафар мураббийнинг 3 нафари Осиёда ишламоқда - айнан Хитойда.

1. Диего СИМЕОНЕ (Аргентина)

Ёши: 49

Жамоаси: «Атлетико»

Йиллик даромади: 41 млн. евро

2. Хосеп ГВАРДИОЛА (Испания)

Ёши: 48

Жамоаси: «Манчестер Сити»

Йиллик даромади: 24 млн. евро

3. Эрнесто ВАЛЬВЕРДЕ (Испания)

Ёши: 55

Жамоаси: «Барселона»

Йиллик даромади: 23 млн. евро

4. Фабио КАННАВАРО (Италия)

Ёши: 45

Жамоаси: «Гуанжоу Эвергранд»

Йиллик даромади: 15 млн. евро

5. Рафаэль БЕНИТЕС (Испания)

Ёши: 59

Жамоаси: «Далян Ифан»

Йиллик даромади: 13,4 млн. евро

6. Марчелло ЛИППИ (Италия)

Ёши: 71

Жамоаси: Хитой термаси

Йиллик даромади: 13 млн. евро

Охирги маълумотларга кўра, Жозе Моу­риньо «Гуанжоу Эвергранд» таклифини рад этди. The Guardian наш­рида ёзилишича, у бунда оилавий шарои­тини сабаб сифатида кўрсатди.

Абдулаҳад ҲАМИДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz