Қайднома

Қидирув

Дани Себальос: «Камида 40та ўйинда қатнашишим керак»

Дани Себальос: «Камида 40та ўйинда қатнашишим керак»

  11.07.2019 05:16
  0
  431
Дани Себальос:  «Камида 40та ўйинда қатнашишим керак»

Яқиндагина Испания ёшлар терма жамоаси етакчиси сифатида Европа чемпионати шоҳсупасига кўтарилган Дани Себальос навбатдаги мавсумни интиқлик ва катта умид билан кутмоқда. Унинг олдида мураккаб, лекин жуда ёқимли вазифа турибди - ёш ярим ҳимоячи «Реал» бош мураббийи Зайниддин Зидан ишончига кириб, жамоа таркибидан жой олиши керак. Лекин ҳозирча клубдаги келажаги мавҳум бўлиб турибди. Хуллас, Marca нашри журналистлари ва иқтидорли футболчи ўртасидаги суҳбатда асосан  «кўҳна қитъа» чемпионати якунлари, шунингдек, бўлажак мавсум ҳақида гап борди.

30 июнь

испания -

германия - 2:1 (1:0)

 Голлар: Фабиан Руис (7),

Ольмо (69) - Амири (88).

Испания: Сивера, Вальехо, Нуньес, Агиррегабирия, Фирпо, Себальос, Пабло Форнальс (Майораль, 72), Ойарсабаль (Солер, 55), Рока, Руис (Мерино, 78), Ольмо.

Германия: Нюбель, Та, Клостерманн, Баумгартль, Хенрикс, Озтунали (Рихтер, 72), Доуд, Амири, Эггештайн (Нмеча, 78), Сердар (Нойхаус, 61), Вальдшмидт.

- Кўксингизни безаб турган олтин медалга қандай баҳо берасиз?

- Европа чемпиони мақоми иштиёқимни икки ҳисса оширди. Албатта, бу медаль ортида машаққатли меҳнат ётибди. Тинимсиз шуғулланганимиз зое кетмаганидан беҳад хурсандман.

- Аввалги мусобақада энг яхши футболчи сифатида тан олинган эдингиз, бироқ терма жамоангиз финалда енгилганди...

- Ҳа, ёшлар миқёсидаги қитъа биринчилигида 2 марта қатнашиш бахтига муяссар бўлдим. 2 йил олдин турнирнинг энг яхши футболчига аталган совринга эга чиққандим, энди эса чемпионман. Нолишга асос йўқ. Бироқ ўзимга қолса, ўша индивидуал совриндан чемпионликни афзал кўрардим. Муҳими, футболда ҳамиша иккинчи имкониятга эга бўласиз. Ёқимли томони, бу сафар 2 йил олдин йўлимизга тўсиқ қўйган Германия термасидан реванш олдик.

- Хўш, 2 йил давомида ўйинингиз қай даражада ўзгарди?

- Менимча, ҳам футболчи, ҳам шахс сифатида анча улғайдим. Айни шу тараққиёт янада самарали ўйнашга имкон берди. Мавсум эндигина якунланган бўлсада, ҳозирдан Ла-лига стартини сабрсизлик билан кутяпман. Чунончи,  янги мавсум мен учун омад келтиришини ҳис этяпман.

- Чемпионатда Италия термасидан қабул қилинган мағлубият нечоғли оғир зарба бўлди?

- Аслида ўйиннинг дастлабки 30 дақиқасида ажойиб кўриндик. Лекин кейинчалик ташаббусни рақибга топшириб қўйиб, якунда мағлубиятни тан олдик. Муҳими, 1:3 ҳисоби туфайли тушкунликка берилмадик ва охир-оқибат, мусобақани ғолиб сифатида якунладик.

- Бутун мамлакатга қувонч улашганингларни тўлиқ англаяпсизми?

- Илк кунданоқ Испания биз билан бирга эканлигига умуман шубҳаланмадим. Ўйлайманки, биз ўз ўйинимиз билан нафақат ватанимиз, балки бутун Европани хушнуд этдик. Оғир мавсумдан сўнг муҳим ғалабага эришганимиз айни муддао. Ўзи қитъа чемпионатини ҳам интиқ ҳолда кутгандим. Испания футболи тарихига муҳим мусобақа сифатида кирган биринчиликда муносиб тўп сурганим ва чемпионликка эришганимиздан чексиз бахтиёрман. Ўз ўрнида барча жамоадошларимга раҳмат. Баҳамжиҳат ўйнамаганимизда, мақсадга етолмасдик.

- Зайниддин Зидан турнирни диққат билан кузатгани, шахсан сиз яхши таассурот қолдирганингизни айтибди. «Реал»даги келажагингизни қандай кўряпсиз?

- Ҳа, Зидан мусобақани катта қизиқиш билан кузатгани рост. Бироқ унинг ўз режалари борлиги барчага маълум. Ҳозир биринчи навбатда, мириқиб дам олишим, чарчоқдан бутунлай қутулишим лозим. Келажак хусусида эса шундан кейингина гапириш мумкин.

- Олдинроқ қайси жамоада бўлишингиздан қатъий назар, ёрқин ўйин кўрсатишни хоҳлашингизни алоҳида таъкидлаган эдингиз.

- Ҳа, футболда бахтиёрликни туйишни истайман. Бунинг учун ҳар мавсум камида 40та ўйинда майдонга тушишим керак. Агар шу мажбуриятни бажара олсам, қониқиш ҳосил қиламан. Қайси жамоада эмас, қаерда керакли эканлигим муҳим.

- «Реал»даги келажагингиз аниқ эмаслиги ва қитъа чемпионатида ёрқин иштирок этганингиз ортидан Европанинг кўплаб клублари хизматингизга қизиқиш билдириши аниқ. Қизиқ, ўзингизга қайси чемпионат кўпроқ маъқул?

- Тўғриси, бирор лигани алоҳида тилга ололмайман. Айтадиган сўзим аниқ - янги мавсумда янада яхшироқ ўйнашга интиламан, янги синовлардан чўчимайман. Асосийси - завқ билан тўп суриш.

- Турли ёш тоифасидаги терма жамоалар мактабидан муваффақиятли ўтиб. Энди миллий жамоа сафидан ҳам муқим жой олиш остонасида турибсиз. Режангизда Евро-2020да ҳам иштирок этиш борми?

- Ўйлашимча, ёшлар ва ўсмирлар жамоаларида муносиб тўп сурдим, миллий термадаги илк ўйинларим ҳам чакки чиқмади. Шахсий фикримча, тенгдошларим ҳозирда бош жамоа таркибидан мустаҳкам жой олган футболчилар қатори Европа ва жаҳон чемпионатларида ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодирлар.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz