Қайднома

Қидирув

Баҳодир Насимов: «Одамлар мени қари футболчига чиқариб қўйишяпти»

Баҳодир Насимов: «Одамлар мени қари футболчига чиқариб қўйишяпти»

  10.07.2019 23:46
  0
  124
Баҳодир Насимов: «Одамлар мени қари футболчига чиқариб қўйишяпти»

Самарқандлик ҳужумчи Баҳодир Насимов жорий мавсумни «Навбаҳор» жамоасида бошлаганини билсангиз керак. Легионер сифатида хорижда бир неча бор фаолият олиб борган футболчи бу йил юртимизда тўп суриш истагида «Навбаҳор» таклифини қабул қилганди. Биринчи даврадан кейин тегишли хулосаларни чиқариш имконияти ҳам пайдо бўлди. Масалан, наманганликлар рақобатбардош жамоага айландилар. Таркибда ҳам яхши савиядаги футболчилар жамланишганди. Албатта, Насимов ҳам улардан бири саналади. Бироқ мавсумнинг дастлабки ярми ушбу ўйинчи учун муваффақиятли кечди дея олмаймиз. Боиси, у кўп вақтини захирада ўтказишга мажбур бўлди. Охирги пайтларда Баҳодирнинг фаолияти ёрқин кечмаётганига гувоҳ бўлиш мумкин. Масалан, бунгача Озарбайжонда тўп сурганди ва ўша ерда ҳам ўзи истаганчалик натижага эриша олмаганди. Аксига олиб, унинг Намангандаги фаолияти ҳам бир маромда давом этмаётгани ўзи учун ёқимсиз бўлиб туюлмоқда. Балки иккинчи даврада унинг ишлари ҳам юришиб кетар. Лекин унгача ҳамма нарса ўзгариб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

«Фаолиятимдан кўнглим тўлмаяпти»

Баҳодирни «Навбаҳор»га таклиф этишдан мақсад жамоа ўйинини кучайтириш ва голлари билан ёрдам беришини таъминлашга қаратилганди. Бироқ ҳужумчи Суперлигада наманганликлар сафида ҳозирча гол ура олгани йўқ. Фақатгина Лига Кубоги баҳсида битта гол урди холос. Шу боисдан Баҳодир аввало якунига етган биринчи давра ҳақидаги таассуротлари билан ўртоқлашди.

- Тўғрисини айтсам, биринчи даврадаги ўйинимдан кўнглим тўлмади. Чунки биринчи даврада бирор марта гол ура олмадим. Фаолиятимда ҳали бунақаси бўлмаганди. Лекин иккинчи томондан қараганда, мен жуда кам ўйнадим. Баъзида 5-10 дақиқа, кўпи билан 20 дақиқа ўйнадим холос. Аммо мураббий ҳар қандай ҳужумчига ҳеч бўлмаганда 2-3 та ўйиндан имконият бериши керак деб ўйлайман. Ана шунда ҳужумчининг имкониятлари яхшироқ билинади ва у гол ура оладими ёки йўқми, нималарга қодирлиги кўринади. Бироқ айни пайтда «Навбаҳор» кучли учликда бўлиб турганидан хурсандман.

«Журжевич ҳақида ҳозир бир нима айта олмайман»

Жамоада бош мураббий ўзгариб, Андрей Канчельскиснинг ўрнига Деян Журжевич келди. Ҳар қандай мутахассиснинг футболга бўлган қарашлари бор ва нималарнидир ўзгартирадилар. Насимовдан эса бундай ўзгаришга муносабати қандай эканлиги билан қизиқиб кўрдик.

- Ҳа, жамоамизда бош мураббий ўзгарди. Лекин бу ўзгаришга ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Қачонки, орадан бир-икки ой ўтганидан кейингина бош мураббий ҳақида фикр билдириш мумкин деб ўйлайман. Унгача эса бу ҳақида бирор нима айта олмайман.

«Тез орада барча масалага нуқта қўямиз»

Табиийки, ҳозирча «Навбаҳор»даги фаолиятидан тўлиқ қониқиш ҳосил қилмаяпти. Шундай экан, иккинчи даврани ҳам Наманганда ўтказадими ёки бошқа режалари борми? Чунки захирада ўтириш унинг ўзи ҳам ёқмаётгани кўриниб турибди.

- Ҳозирча «Навбаҳор» жамоасидаман. 9 июлдан машғулотларга киришганмиз. Нима бўлишини вақт кўрсатади. Аммо ҳали кейинги фаолиятим борасида бир қарорга келганим йўқ. 5-6 кун ичида барча масалага нуқта қўямиз. Бунинг учун мен бош мураббий билан гаплашиб оламан. Шундан кейин ҳаммасига ойдинлик киритилади.

«Ўйнамаяпсизми, унда сизга оғир бўлаверади»

«Навбаҳор» жамоасида тўп суриш ҳам аслида осон эмас. Негаки, наманганлик мухлислар жуда талабчан ва улар футболчилардан доим максимал натижани талаб қилишади. Шу ўринда Насимовдан «Навбаҳор»да тўп суриш оғирми дея сўрадик.

- «Навбаҳор»да тўп суриш оғир эмас. Аксинча, бу ерда ўйнаш жуда ёқимли. Фақат футболчи ўйнаш керак. Агар майдонга тушмай юраверсангиз ўйинингиз йўқолиб кетаверади. Ўйнаб, голлар урсангиз қилаётган ишингиздан роҳатланасиз. Агар сиз ўйнамасангиз мухлислар ҳар хил гапларни гапиришади. Шунингдек, раҳбарият томонидан ҳам сизга нисбатан шубҳаларни уйғотиши мумкин. Шунинг учун футболчи доим 90 дақиқадан ўйнаб, гол уриб турса, сира оғирлиги тушмайди. Аксинча, сиз ўйнамаяпсизми, унда сизга жуда оғир бўлади.

«Одамлар мени қари футболчига чиқариб қўйишяпти»

Эшитишимизча, ушбу ўйинчига таклиф билдираётган клублар кўп экан. Шу боис мазкур масалага ўзидан аниқ жавоб олишни истадик.

- Ростини айтсам, мен учун 4-5 та клублардан таклифлар бор. Масалан, бунгача менинг Озарбайжон клуби билан шартномам май ойигача эди. Бироқ Ўзбекистонда ўйнайман деб юртимизга қайтгандим. Лекин ҳақиқатни айтадиган бўлсам, захирада ўтириш мен учун уят. Кўпчилик эса мени 31-32 га кирган, қариб қолган деб гапиришяпти. Лекин Роналду неччига кирди? 34 ёшида ҳам ўйнаяпти. Бошқа клубларда эса 38-39 ёшли футболчилар ҳам бор. Нима учун уларни қари деб ҳисоблашмайди? Бизда эса футболчилар 30 ёшдан ошса нима учун қариб қолган дейишларини сира тушунмайман.

«Касьян учун хурсандман»

Насимовни захирада қолиб кетишига яна бир сабаб шуки, россиялик ҳужумчи Александр Касьянга асосий ишонч билдирилди ва бунга жавобан у тўпурарлик салоҳиятини кўрсатди. Бу эса табиийки, жамоадаги рақобатни ҳам оширди. Балки бу ҳам Насимовга ўзини кўрсатишга имкон бермагандир…

- Касьян учун хурсандман. Қойил, у ўзини кўрсатяпти. Исталган ҳужумчи 90 дақиқадан ўйнаб турса, унда албатта имкониятлар бўлади ва 2-3 тадан гол уриши мумкин. Агар ўйнамасангиз сизга жуда ҳам қийин бўлади. Айниқса, гол уриш оғир бўлиб қолади. Лекин доим ҳар хил бўлади. Масалан, ҳужумчида 90 дақиқа ичида битта имконият бўлиши мумкин ёки 5-6 та голли вазиятларга эга бўлиши ҳам мумкин.

«Ўйнамасангиз хориждан ким ҳам чақирарди»

Шунингдек, ундан яна хориж кетиш имконияти бор ёки йўқлиги билан ҳам қизиқиб кўрдик.

- Ҳозирча хориждан таклиф йўқ. Ўйнамасангиз ва гол урмасангиз, сизга хориждан таклиф бўлиши қийин нарса. Шу боис ҳозирча менга Ўзбекистон клубларидан таклифлар бор. Ҳаммасини вақт кўрсатади.


Манба: sports.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Сиз Эктор Купер миллий терма жамоамизни ЖЧ-2022 (Қатар)га олиб бора олишига ишонасизми?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz