Қайднома

Қидирув

Абдужамол Исроилов: «Навбаҳор»га етишмаётган нарса – омад»

Абдужамол Исроилов: «Навбаҳор»га етишмаётган нарса – омад»

  12.07.2019 01:41
  3
  812
Абдужамол Исроилов: «Навбаҳор»га етишмаётган нарса – омад»

2019 йилги мавсумда «Навбаҳор» клубида порлаган футболчи ҳақида сўралса, аксарият мухлис ва мутахассислар шубҳасиз, ҳеч иккиланмай, марказий ярим ҳимоячи Абдужамол Исроиловни кўрсатишади. Зеро, «лочинлар»нинг янги аъзоси қисқа фурсат ичида ёрқин ўйинлари билан ҳамманинг меҳрини қозонишга улгурди. Афсуски, жароҳат ёш футболчини ҳам четлаб ўтмади: Абдужамол АГМКга қарши ўйин чоғи нохушликка дуч келиб, маълум муддат тўп билан муомала қилиш имконини йўқотди. Начора, футболчилар жароҳатдан ҳимояланмаган. Муҳими, ҳозирги кунда ғайратли футболчи соғлиғини тиклаб, имкон қадар тезроқ севимли жамоаси ва дўстлари ёнига қайтиш ҳақида ўйламоқда. Мухлислар талабидан келиб чиқиб, яқинда Абдужамол билан боғланиб, унга кўпчиликни қизиқтираётган саволларни йўлладик.    

 

- Абдужамол, айни пайт кўнгилсиз жароҳатдан сўнг тикланиш жараёнини ўтаётганингиздан футболга алоқадор деярли барчанинг хабари бор. Суҳбатимиз бошида шуни таъкидлашимиз керакки, «ИнтерФутбол» таҳририяти ҳам тезроқ соғайиб, яна севимли машғулотга қайтишингизга тилакдош. Келинг, мулоқотни қисқачи таржимаи-ҳолингиздан бошласак: қачон қаерда туғилгансиз? Футболга ошно тутинишингиз тарихи...

- Самимий тилаклар учун ташаккур. 1996 йилнинг 24 декабрь куни Фарғона вилояти Ёзёвон туманида туғилганман. Футбол билан 5 ёшимдан бери мунтазам шуғулланиб келаман. Ҳозирда бўйим 175 сантиметр, вазним 73 килограммга тенг. Ёқтирган клубим - «Манчестер Юнайтед». Севимли таомим - онам пиширган шавла. Аслида бирор-бир қатъий шиорга амал қилмайман, аммо ҳаётда қийинчиликлардан қўрқмаслик керак, деб ўйлайман. Тўғрироғи, мураккабликдан ҳам мотивация олишга ҳаракат қиламан. Мана, пешонада бор экан, жароҳатга йўлиқиб, маълум вақт майдонга тушолмадим. Аммо бундан руҳим сингани йўқ, асло. Насиб қилса, тез орада соғайиб, олдингидан ҳам кучлироқ бўлиб қайтаман.

Отам Аҳмаджон Исроилов профессионал даражада бўлмаса-да, анчагина кучли футболчи бўлган. Тўғри, уларга олий лигада тўп суриш насиб этмаган, аммо биласиз, олдинги даврда биринчи ва иккинчи лигаларда ҳам кескин учрашувлар, муросасизлик кузатиларди. Отам футболчилик фаолиятининг охиригача «Ёзёвон» шарафини ҳимоя қилди ва ҳозирда ҳам шу клуб тизимида мураббий сифатида ишлаб келяпти. Қисқаси, доимо отамнинг ҳаракатларини кузатиб, машғулотларга ҳам бирга борганим учун табиий равишда футболга қизиқиш уйғонди. Ажойиб кунлардан бирида отам мени Фарғона вилояти футбол мактаб-интернатига олиб борди ва мураббийлар - Йўлдош Ортиқов ҳамда Михаил Андреевич Иванов қўл остида шуғуллана бошладим. Умуман олганда, шу мактаб тарбияланувчисиман. Мактабни тамомлагач, Йўлдош ака раҳбарлигида Тошкентга, «Пахтакор» академиясига бориб, кўрикдан ўтдик ва Жасур Абдураимов устозлик қилаётган жамоа сафига қўшилдик. Албатта, мактаб ҳаёти ва «Пахтакор» академияси муҳити ўртасида бирмунча фарқли томонлар бор эди. Хусусан, катта футболга кириб келишимда айнан Жасур аканинг хизматлари қўл келди. Шу тариқа икки йил давомида «Пахтакор» ўринбосарлари жамоасида тўп сурдим. У ердан қайтгач, 2016 йили «Нефтчи»  сафида ҳаракатландим. 2017 йил бошида ўтмишнинг таниқли футболчиси - Илҳом Шарипов мени «Динамо»га чорлади. Бошқача айтсам, ҳақиқий, профессионал футболдаги дебютимни «Динамо»да нишонладим ва бунинг учун Илҳом акага алоҳида миннатдорчилик билдираман. Зеро, у ёшларни қўрқмасдан майдонга тушираверадиган ажойиб мураббий. Самарқанддаги бир йиллик фаолиятдан сўнг яна «Нефтчи»га қайтдим. Бир мавсум қадрдон жамоада ўйнагач, жорий мавсум бошида «Навбаҳор» вакиллари таклиф билан чиқишди.

- Очиғи, бу мавзуда савол бериш бироз ноқулай, аммо «Навбаҳор» мухлислари учун долзарблиги учун сўрашга мажбурмиз: жарроҳлик амалиёти қандай ўтди ва қачон майдонга қайтишни режалаштирмоқдасиз?

- Шукрки, жарроҳлик амалиёти яхши ўтди. Тикланиш жараёни кўнгилдагидек кечмоқда. Насиб этса, яна икки ойдан кейин майдонга қайтсам керак.

- Жароҳат орттирилган ўша лаҳзани эслай оласизми?

- Нохуш ҳолат АГМКга қарши кечган ўйиннинг 5-дақиқасида рўй берди. Тафсилотлари аниқ эсимда йўқ... Тўп келаётганини кўрдим ва унга интилдим... Ўша пайт ёқимсиз овоз ва кучли оғриқни ҳис қилдим.

- Айтингчи, «Навбаҳор»да мухлислар ва мутахассислар эътиборини шунчалик тез қозонишингизга ишонганмидингиз?

- Очиғини айтсам, «Навбаҳор» сафига иккиланишлар билан келгандим. Чунки мавсум аввалида олдимда бир қанча таклифлар бор эди. Уларнинг қайси бирини танлаш ҳақида роса бош қотирдим. Шунда отам ёрдам берди: «Менга қолса, «Навбаҳор» вариантини танлаганинг маъқул». Энг муҳими, жамоа ўйинига киришиб кетиш катта қийинчилик туғдирмади. «Навбаҳор» мухлисларига раҳмат, биринчи кунларданоқ янги футболчилар қатори мени ҳам тинимсиз қўллаб-қувватлаб туришди. Албатта, майдонда жамоа учун қўлимдан келган барча ишни амалга ошираман, аммо ўйинимга баҳони мураббийлар ва мухлислар беришгани маъқул.

- Андрей Канчелькиснинг фаолиятингизга таъсири ҳақида нима дея оласиз?

- Аввало, Канчелькиснинг инсонийлик хусусиятини эътироф этишим керак. Дейлик, ўз даврида кўпчиликдан ўзиб кетиб, «Манчестер Юнайтед»дек клубда тўп сурган афсона «Навбаҳор»га мураббийлик қилган пайтлари сира ўзини катта олмади. Биз - футболчилар билан ҳам, клубдаги оддий ходимлар ва мухлислар билан ҳам бирдек самимий муомала қилди. Бу мени жуда ҳайрон қолдирди. Унинг одамгарчилигига тан бердим. Шу 6 ойда Андрей Антанасовичдан кўп нарса олдик, керакли кўникмаларни ўзлаштирдик. Бунинг учун Канчелькис бошлиқ «Нав­баҳор» мураббийлар штабига миннатдорчилик билдиришимиз керак.

- Мавсумга чемпионлик учун кураш вазифаси билан киришган «Нав­баҳор» дастлабки турларда қониқарсиз натижалар қайд этди. Умуман, Суперлиганинг биринчи давраси қандай таассурот қолдирди?

- Дарҳақиқат, тайёргарлик жуда кучли бўлдию, аммо мавсум биз учун омадли бошланмади. Илк турда «Қўқон-1912» билан ўйинда дуранг натижага рози бўлдик, кейин «Бунёдкор»дан енгилдик. Лекин вақт ўтгани сари бир-биримизни яхшироқ тушуниб ўйнай бошладик. Айниқса, Самарқанддаги оғир ўйиндан керакли натижа билан қайтдик. Ўз майдонимиздаги кейинги икки ўйинда мухлислар ҳурмати ғалаба қозонишимиз шарт эди, лекин тўпни назорат қилган бўлсакда, жамоамизга омад етишмади. Аслида қаторасига 4та дуранг натижа билан тугаган учрашувларда ҳам уялишга сабаб бўладиган ўйин кўрсатмадик. Бироқ айтганимдай, омад салгина панд берди.

- Катта футболда сизга устозлик қилган мутахасислар ўртасидаги фарқли жиҳат ва тафовутларни қандай изоҳлай оласиз?

- Тўғриси, шу пайтгача бирга ишлаган устозлар орасида Андрей Канчелькисни алоҳида ажратиб кўрсатган бўлардим. Чунки бу мутахассис ҳақиқатан ҳам, клубга янги ғоялар, сифат олиб кирди. Футболчи сифатида ундан жуда кўп янги билимлар ўзлаштирдим.

- Сизнингча, айни пайт «Нав­баҳор»нинг чинакам муваффақиятига нима етишмаяпти?

- Менимча, озгина омад. Мана, сўнгги ўйинларни ўзимиз истаган кўринишда якунлаб, чемпионат жадвалида 3-ўринга кўтарилиб олдик. Умид қиламанки, ғалабали ўйинларимиз сони ошаверади. Ишончим комил, «Навбаҳор» чемпионатни совриндорлар сафида якунлайди.

- Агар танлаш имкони берилса, қайси жамоа ва қайси мураббий қўл остида тўп суришни хоҳлардингиз? Саволга Суперлига ва хориж йўналишларида жавоб беришингиз мумкин...

- Имконияти бўлганида, футболчилик фаолиятимнинг охиригача «Навбаҳор»да Андрей Канчелькис раҳбарлигида ўйнашни истардим. Чунончи, «Навбаҳор» мухлислари каби жонкуярларни бошқа бирор жамоада кўрмадим. Канчелькис эса ҳозиргача ўзим ишлаган мураббийлар орасида энг зўри! Хориж йўналишига келсак, шубҳасиз, «МЮ» ва яна ўша Канчелькисни танлардим.

- Жамоадаги рақобатчилар борасида фикрингиз қандай?

- Рақобатга муносабатим ижобий. Бу футбол ва рақобатсиз ривожланиш қийин. Жамоада менинг ўрним учун ҳам жуда кучли рақобат шаклланган. Дейлик, асосий таркибдан жой олишга Азим Аҳмедов, Остон Ўрунов, Шаҳзод Шайманов, Зафар Тўраев каби тажрибали футболчилар билан рақобатлашишимга тўғри келади. Улардан билмаганларимни ўрганиб боряпман ва асосийси, мендан ёрдамларини аяшмаяпти.

- Футболчи сифатида илк профессионал шартномани қайси клуб билан тузгансиз, ўшанда қанча маош олгансиз ва у нимага сарфланган?

- Бу ҳақда гапириш ноқулай, аммо ҳалол ишлаб топилган маблағни ҳеч кимдан яширмаган маъқул... Хуллас, биринчи профессионал шартномани Самар­қанд «Динамо»си билан туздим. У ерда менга 2 миллион сўм миқдорида маош берилган. Шунингдек, 10 миллион кўтарма пули олгандим. Албатта, илк маошдан жуда хурсанд бўлганман ва пулни тўғри ота-онамга келтириб берганман. Қувонарлиси, маблағни яхшиликка, аниқроғи, уйдаги қурилиш ишларига сарфлаганмиз. Биласизми, ўшанда оила равнақи учун кичик бўлса-да, ҳисса қўшганимдан жуда севингандим.

- Абдужамолнинг бўш вақти қаерда ва кимлар билан ўтади?

- Бўш вақт туғилса, жонажон қишлоғимга, дўстларим даврасига талпинаман.

- Шартнома тузаётганда агентлар ёрдамидан фойдаланасизми? Эҳтимол, «Навбаҳор» вариантини ҳам агентлар тавсия қилишгандир?

- «Навбаҳор»га келишимда ҳеч қандай агент роль ўйнамаган. Шунчаки, клуб таклиф билдирган, дадам эса маъқуллаган. Бундан келиб чиқадики, дадам - менинг агентим (кулади). Лекин тўғрисини айтсам, отам билан ўртамизда ҳеч қандай ёзма келишув тузилмаган. Бунга эҳтиёж ҳам йўқ.

- Даволаниш жараёнида клубнинг ёрдами, сиз учун қайғурадиган одамлар ҳиммати сезиляптими?

- Жароҳатга йўлиққанимдан сўнг клуб учун қанчалик қадрли эканимни тушуниб етдим. Жамоамиздаги барча раҳбарлар, футболчи дўстларим, вилоят ҳокимига миннатдорчилик билдираман. Чунки улар мунтазам равишда ҳолимдан хабар олиб, маошимни вақтида етказиб беришяпти. Қўшимчасига қандай ёрдам беришлари мумкинлигини сўраб туришибди. Шунингдек, мухлисларга ҳам алоҳида ташаккур! Зеро улар ҳам тинимсиз қўнғироқ қилиб, ўз ёрдамларини таклиф қилишмоқда. Клуб мутасаддиларининг алоқага чиқишлари-ку, табиий ҳол. Лекин жамоа ишқибозларининг мен учун шунчалик жон куйдиришларидан, тўғриси, ҳайратдаман. Мухлислар бобида «Навбаҳор» ҳеч бир клубга ўхшамайди.

- Урган голларингизни ҳисоблаб борасизми?

- Майдондаги асосий вазифам - рақиб ҳужумини бузиш. Шунинг учун голларим сони билан мақтанолмайман. Аммо профессионал футболдаги илк голимни «Навбаҳор» сафида «Пахтакор»га қарши ўйинда нишонлаганимдан алоҳида ғурурланаман.

- Фаолиятингиз давомида қандай арзирли ютуқларга эришгансиз? Орзуларингиз...

- Ютуқлар борасида гапирсам, шу пайтгача «Ёзёвончи» билан 3 марта вилоят чемпионлигини қўлга киритдим. Бир марта шу клуб билан иккинчи лига клублари ўртасидаги Ўзбекистон кубогида ғолиб чиқдим. «Пахтакор» ўринбосарлари сафида Ёшлар лигаси кумуш медалини олдим. Ҳозиргача эришган энг катта ютуғим - 23 ёшгача бўлган футболчилардан иборат терма жамоа таркибида Осиё чемпионлигини қўлга киритганим. Камтарона хизматларим эвазига жамоадошларим қатори «Малибу» автомобили билан рағбатлантиришди. Умид қиламанки, бу бошланиши, холос. Келажакда миллий жамоа мураббийлари назарига тушиб, Ватанимиз шарафини халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилмоқчиман. Бу орзум ушалгунича меҳнатдан тўхтамайман.

Исроил РАҲИМОВ cуҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Билдирилган фикрлар


Tuzalib ket tezroq olg‘a abdujamol
12.07.2019 22:22

Tuzalib ket tezroq olg‘a abdujamol
12.07.2019 22:22

Tuzalib ket tezroq olg‘a abdujamol
12.07.2019 22:22

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz