Қайднома

Қидирув

Тафсилот: Чин оммавий байрам ёки Гаитида футбол тантанаси

Тафсилот: Чин оммавий байрам ёки Гаитида футбол тантанаси

  12.07.2019 05:09
  0
  406
Тафсилот: Чин оммавий байрам ёки Гаитида футбол тантанаси

Мамлакатда оддий мухлислар қатори ҳаттоки, полициячилар ҳам рақс тушишмоқда. Барчасига камтарин Гаити миллий жамоасининг КОНКАКАФ «Олтин кубоги»-2019даги тетик иштироки сабабдир. Чунончи, гаитилик футболчилар турнирнинг ярим финалига мўъжизавий тарзда чиқишди. Тўғри, улар финал йўлида Мексика термасига бас келолмадилар, аммо бу раунддаги омадсизлик канадаликларга қарши кечган баҳс эҳтиросларига заррача таъсир ўтказолмади, барибир.

*** Гаити термаси КОНКАКАФ «Олтин кубоги» гуруҳ босқичида чинакамига зўр қатнашиб, 3та ўйинни ҳам ўз фойдасига ҳал қилди. Камтарин жамоа анча кучли саналган Коста-Рика, шунингдек, Никарагуа ва Бермуд ороллари термаларини мағлубиятга учратди. Қисқаси, 100 фоизли кўрсаткич, тўплар нисбати - 6:2.

*** Гаитиликлар Канада термасига қарши кечган чорак финал ўйинига ҳам аутсайдер сифатида киришишди. Ҳар ҳолда, букмекерлар учрашувдан олдин уларнинг ғалаба қозонишлари эҳтимолини жуда паст баҳолашди - атиги 5,3 коэффициент.

*** Биринчи бўлимда букмекерлар хулосалари тўлиқ тасдиқланди - Гаити термаси танаффусга 0:2 ҳисобида чиқди. Кейин ҳақиқий мўъжиза юз берди: жамоа 50-90-дақиқалар оралиғида 3та гол уриб, ғалабани ўз томонига оғдирди - 3:2.

*** Чорак финал доирасидаги ушбу мўъжизавий ўйинни Хьюстон шаҳридаги стадионда нақ 70 минг мухлис бевосита кузатиб борди. Учрашувдан сўнг Нью-Жерсида рўй берган воқеаларни эса ақлга сиғдириш қийин: катта байрам. Фанатларнинг оммавий рақсига ҳаттоки, полициячилар ҳам қўшилишди. Энди Гаитининг ўзида нималар бўлганини бир тасаввур қилиб олаверинг. Ҳақиқий байрам!

*** Қаҳрамон футболчиларнинг ўзлари эса хурсандчилик ҳайририқлари билан кийиниш хонасини портлатиб юборишди, гўё.

*** Гаитида тахминан 10 миллион аҳолиси бор. Мамлакат анча камбағал, дейлик, тараққиёт индекси бўйича жаҳонда атиги 163-ўринда туради. Боз устига, табиий офатлар ҳам мамлакат ҳаётини оғирлаштиради. Мисол учун, 2 йил олдин кузатилган вайрона қилувчи «Мэтью» тўфони катта талофат етказди. 2010 йилги зилзила ҳам жуда оғир ботганди. Қисқаси, Гаитида яхши яшашга умид боғлаш қийин...

*** Мамлакат термаси - оддий одамлар учун асосий тасалли манбаи. Ҳар ҳолда, жамоа вақти-вақти билан қитъа чемпионати чорак финалига чиқарди. Ярим финал эса гаитиликлар учун тарихий натижа саналади. Улар турнирнинг ҳозирги форматида бирор марта финал остонасига келишмаганди. Гаитиликлар ҳаётдаги даҳшатли муаммоларни бироз унутиш учун ҳам шундай кенг байрам уюштиришгандир балки.

*** Дарвоқе, Гаити термаси бир сафар ҳаттоки, КОНКАКАФ «Олтин кубоги»да ғолиб ҳам чиққан. Гап 1973 йилги турнир ҳақида кетяпти, ўшанда чемпионат формати бошқача эди - 6та жамоа бир даврали тизимда ўзаро ўйнаб чиқарди. Эътиборлиси, гаитиликлар финишга бир тур қолганида олтин медални нақд қилишган. Бу натижа уларга ЖЧ-74 йўлланмасини тақдим этган. Бироқ Гаити термаси мундиал доирасидаги 3та ўйинда ҳам мағлубиятга учраган, жумладан, польшаликлардан жавобсиз 7та гол қабул қилганди.

*** Гаити миллий жамоаси яна Америка кубоги-2016да ҳам қатнашди, бироқ гуруҳ раундида Перу, Эквадор ва Бразилия термаларига умумий - 1:12 ҳисобида ютқазди (бразилияликлар камтарин «меҳмон»ни 7та гол билан «сийлашди»).

*** Ҳозирги Гаити термасида деярли барчаси легионерларга боғлиқ. Умуман, жамоа таркибида маҳаллий чемпионатдан атиги 3 нафар ўйинчи бор, холос. Гаитилик футболчилар бутун Европага тарқалишган - уларни Франция лигаларидан тортиб, Арманистон, Озарбайжон, Бельгия чемпионатларида учратиш мумкин. Дейлик, Канада термаси дарвозасига ғалаба голини урган Дональд Герье Озарбайжоннинг «Қорабоғ» жамоасида ўйнамоқда. У 2 йилча олдин бир ёшли қизини йўқотганида, «Қорабоғ» фанатлар гуруҳи футболчини махсус баннер воситасида қўллаб-қувватлаганди.

*** Гаити футболининг бугунги юлдузи - ҳужумчи Дюкенс Назон. У миллий жамоа сафидаги 27та ўйинда 16та гол урди. Назон канадаликлар билан ўйинда жамоасининг биринчи голига муаллифлик қилиб, охиргисига ассистент бўлди. У шунингдек, гуруҳ босқичида Коста-Рика термасига қарши кечган баҳсда пенальтидан унумли фойдаланди.

*** Гаитиликлар турнирда ажойиб комбинация ишлатишгани билан ҳам эсда қолишди. «Ливерпул»га ЕЧЛ ярим финалида «Барселона» устидан афсонавий ғалаба тақдим этган бурчак тўпи ёдингизда, албатта - айёрона ҳаракат... Хуллас, гаитилик футболчилар Бермуд ороллари термаси билан баҳсда рақиларини худди шу тарзда ғафлатда қолдиришди. Фарқи шуки, бурчак тўпи эмас, жарима зарбасидан кейин. Муҳими, ҳаммаси ўхшади ва чиройли гол юзага келди.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz