Мавсум бошида Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоасини бир қанча муаммолар қийнагани рост. Аммо Вадим Абрамов бунга қарамасдан, шогирдларини ҳар бир турга жанговар руҳда тайёрламоқда. Натижалар кўриниб турибди: ҳали ўз майдонида ўйин ўтказмаган клуб умумий ҳисобда 21 очко жамғаришга эришди. Бу, албатта, қониқарли кўрсаткич. Ҳар бир рақибга муносиб кураш тақдим этаётган жамоадан мухлисларнинг умиди катта. «Қалдирғочлар» мавсум якунида совринли ўринлардан бирини қўлга киритишса, ҳеч ким ажабланмаса керак, боиси, улар шунга яраша ўйин намойиш этишяпти. Ўзбекистон Лига кубоги доирасида ўтказилган «Қизилқум»га қарши баҳсдан олдин «Бунёдкор» бош мураббийи Вадим Абрамов билан суҳбат уюштирдик.
- Вадим Карленович, «Динамо» билан учрашувдан кейин «Қизилқум»га қарши баҳсга жамоани тиклаш ва тайёргарлик кўриш учун вақт етарли бўлдими?
- Биз одатдагидек барча қатори футболчиларга шанба ва якшанба кунлари ўзларини тиклаб, етарли ҳордиқ чиқаришлари учун шароит яратиб бердик. Биласиз, тақвим тиғиз бўлганлиги сабабли ҳар уч кунда ўйин ўтказяпмиз. «Динамо» билан жума куни ўйнаган бўлсак, кейинги учрашув душанба куни ўтказилиши белгиланганди. Менимча, бу вақт етарли, аммо шундай пайтлар бўладики, футболчилар дам олишсиз ҳаракат қилишади. Энди тайёргарликни янада кучайтирамиз, иккинчи давра ҳақида ўйлашни бошлаб юбордик. Мавриди келганда шуни ҳам таъкидлаб ўтмоқчиманки, ўйинларимизнинг аксарияти жуда эрта вақтда бошланмоқда. Бундай иссиқ об-ҳавода тўп суриш осон эмас, билсангиз.
- Энди Coca Cola Суперлига-2019нинг биринчи давраси ҳақида суҳбатлашсак. Хўш, мавсум давомида нима сизни кўпроқ ажаблантирди-ю, аслида нималар кутган эдингиз?
- Менимча, ҳаммаси ўша-ўша. Шахсан мени ҳеч нарса ажаблантиргани йўқ, гапнинг очиғи. Бошқа клублар юқори натижаларни кўзлаган бўлишлари мумкин, аммо мен фақат ўзимнинг жамоам ҳақида гапираман. Қолганлар билан ишим йўқ, тўғриси. Лекин шуни айта оламанки, биз биринчи даврада учрашувларни ўз майдонимизда ўтказмадик. Аксарият турларда деярли меҳмон мақомида ҳаракатландик, икки бор АГМК ва ТТЙМИ стадионида ўйнашга мажбур бўлдик. 13та турнинг тўрттасини уйда ўтказдик. Меҳмонда кўп ўйнаганимизни инобатга олсак, яхши натижалар қайд этдик, дея оламан.
- Ўтган давр мобайнида ҳакамлар бош мавзуга айланишди, эътирозлар кўп кузатилди. Сизнинг бу борадаги фикрингиз қандай?
- Умуман олганда, ҳакамларга ортиқча эътирозим йўқ. Барча мусобақалардаги ўйинларимизни улар яхши бошқаришди. Жиддий ёки натижага таъсир кўрсатадиган хатолар бўлмади, ҳисоб. Нима бўлганда ҳам ишлашда, меҳнат қилишда давом этамиз. Қолганини вақт кўрсатади.
- Шогирдларингиз кўрсатаётган ўйиндан қай даражада қониқиш ҳосил қиляпсиз? Улар талабларингизни бажаришяптими?
- Жамоам ўйиндан-ўйинга ўсмоқда, дейишим мумкин. Айрим футболчилар юқори даражада тўп суришмоқда, фақат уларнинг кимлигини айтмайман. Бу руҳиятга жиддий таъсир кўрсатади. Муҳими, ўзларини кўрсатишга астойдил ҳаракат қилишяпти. Мисол учун, ҳозирги олимпия терма жамоамизнинг асосини бизнинг йигитлар ташкил этмоқда. Саралаш баҳслари ва Мисрга қарши кечган ўртоқлик учрашувларида ўз даражаларини кўрсатишди. Бу фақат ва фақат фойда келтиради.
- 2-тур доирасидаги «Пахтакор»га қарши баҳсдан кейин ўтказилган матбуот анжуманида «Миллий терма жамоа билан олимпия термаси ўйнади» қабилида фикр билдиргандингиз. Хўш, мана, сўнгги тур ҳам ўтди. Балки энди фикрингиз ўзгаргандир?
- Дастлабки турларда ўйинимиз қовушмагани рост. Аммо кейинчалик «Навбаҳор»ни мағлуб этганимиздан сўнг барчаси изига тушиб кетди. Айнан шу ўйин бурилиш нуқтасига айланди. Турдан-турга спорт формасига кириб бордик.
- Ёзги танаффус пайти таркибда ўзгаришлар бўладими?
- Режа бўйича иккинчи даврага тайёргарликни хорижда ўтказишимиз мумкин. Бу ҳали аниқ эмас. Агар шу ниятимиз амалга ошса, яхши бўларди. Чунки футболчилар ўзларидан бир нечта кучли рақиблар билан ўйинларда тажриба орттиришади. Хато ва камчиликлар юқори даражадаги жамоалар билан тўп сурганда кўзга ташланади. Шунингдек, бу орқали уларнинг қай тарзда ўсишга эришаётганини кўриб чиқиш мумкин бўлади.
- Сиз қабул қилиб олган «Бунёдкор» билан ҳозиргисининг ўртасида фарқ борми?
- Бу мендан ҳам кўпроқ сизларга билинади. Мен клуб ичидаги одамман, сиз эса ташқаридан кузатувчисиз. Қандай ўзгариш бўлгани, фарқни аслида сиз менга айтишингиз керак (кулади).
- Орада клубда маълум бир муаммолар юзага келди. Мисол учун, молиявий ҳолат яхши эмаслиги таъкидланди. Бу борада турли миш-мишлар янгради. Раҳбарият томонидан яратилган шароитлардан қониқяпсизми? Яна нималарни талаб қилган бўлардингиз?
- Агар ҳозир нолисак, чиройли иш бўлмайди. Бу - нотўғри. Мабодо, етарли очко тўплай олмай, ўйинимиз қониқарсиз бўлиб, пастки ўринларда юрганимизда бошқа гап эди. Ҳозиргача қайд этилган натижаларни янада яхшилаш учун ишлашда давом этамиз.
- Барчамиз қизиқ бир жиҳат гувоҳига айланяпмиз: жамоа пулсиз, мукофотларсиз, ёш таркиб билан учинчи ўрин учун курашяпти. Қизиқ, футболчиларни қандай руҳлантиряпсиз?
- Ҳаммаси оддий - ҳар доимгидек принципларимга содиқ қоляпман. Маданиятли, тартибли инсон уни эртага нима кутаётганини билмайди. Футболчи ҳар қандай шароитга тайёр туриши лозим. Яхши пул топиш учун ҳам ҳаракат зарур. Яъни, бир жойда тўхтаб қолмаслик керак. Бизга қачон маош ёки мукофот беришади, деб ўтириш, бошқача айтганда, ҳар доим молиявий рағбат кутиш профессионалларга ярашмайди. «Олма пиш, оғзимга туш» қабилида иш тутишдан фойда йўқ. Бизга ҳеч ким четдан келиб ёрдам бермайди, бари ўзимизга боғлиқ. Ҳозир ҳолатимиз шундай. Энди бевосита мотивация ҳақида гапирсам, буни яхшиси, футболчилардан сўраганингиз маъқул. Улар буни яхшироқ билишса керак.
- Қайси позицияларни кучайтириш керак, деб ўйлайсиз?
- Ҳар қандай мураббий барча нарсадан рози бўлиб ишламайди. Доим нимадандир қониқмайди. Таркибда кучли футболчилар, ҳар бир чизиқда рақобат кучли бўлишини истайди, аммо мавжуд шароитдан келиб чиқиб ишлашга тўғри келмоқда. Асосийси, бизда футбол билан шуғулланиш учун барча нарса муҳайё этилган. Ҳамма нарсанинг «плюс» ва «минус» томони бўлади. Футболда айрим соҳалардан фарқли равишда ўзгаришлар кўп учрайди. Дейлик, хориж жамоалари - «Барселона», «Манчестер Сити» кабилар ҳар мавсум таркибда ўзгаришларни амалга оширадилар. Минг кучли таркибга эга бўлиб, бир марта ютқазсангиз, тамом. Эртага матбуотда танқидларга кўмиб ташлашади. Гарчи «требл» қайд этган бўлсангиз ҳам, битта хато сизни ёмонотлиққа чиқаради. Мен «Локомотив» билан Ўзбекистон кубоги ва Суперкубогини ютдим. Жамоа илк марта ОЧЛ гуруҳ босқичида иштирок этди. Аммо битта дуранг ҳаммасига нуқта қўйди. «Бунёдкор» ҳам агар Самарқанддан уч очко билан қайтмаганида, турнир жадвалида қуйироққа «шўнғиши» ҳеч гап эмасди. Футбол шундай, бари тезда ўзгариб кетади.
- «Сурхон» билан учрашувда шамол ўйинга таъсир ўтказдими ёки бошқа сабаблар ҳам борми?
- Тўғри айтдингиз. Шамолга тайёр эмасдик. Сиз у ерда бўлмадингиз, шунинг учун билинмаган. Дарвозабонимиз аниқ тайёргарлик, режа асосида майдонга тушганди. Масалан, Шавкат Саломов менимча, тўпни шамол йўналишида узатди. Ўйиндан кейин Зуҳуровнинг ўзига ҳам айтдим, бундай вазиятда бироз айёрроқ бўлиш кераклигини уқтирдим. Биз тўпни ерлатиб ўйнашга ўрганганмиз, ўша куни эса ҳаводаги курашлар кўпайиб кетди. Иккинчи бўлимда шамол тинди ва биз ўзимиз истагандек тўп сурдик. Ҳатто, футболчиларимизнинг зарбаларидан кейин тўп бир неча бор рақиб дарвозаси тўсинига тегди. Қисқаси, ўша куни омадимиз келмади.
- Нима учундир бир нечта учрашувларда футболчилар голгача яхши ўйин намойиш этишяпти. Аммо борди-ю, рақиб тўп киритиб қўйса, буткул бошқа «Бунёдкор»ни кўряпмиз...
- Бу ёшларнинг руҳий ҳолати билан боғлиқ. Мана, сиз яна бир камчилигимизни кўрсатиб ўтдингиз, албатта, бу борада ҳам машғулотлар жараёнида янада кўпроқ ишлаймиз. Асосийси, гол ўтказиб юборганимиздан кейин ҳам вазиятни ўз томонимизга оғдира оляпмиз.
- Яна бир ҳолат: «Бунёдкор» дейлик, «Насаф», «Металлург», «Сурхон» каби жамоаларга қарши кечган баҳсларда асосан иккинчи бўлимда фаол кўринди. Бу нима билан боғлиқ? Ваҳоланки, мавсум бошида бунинг акси кузатилганди.
- «Насаф» билан оралиқ танаффусдан сўнг ўйнаганимиз боис, кучни тежадик. Кубокдаги ўйинда ҳисобда ортда қолаётгандик, шунинг учун бор кучни ташладик. «Динамо» билан учрашувдан олдин бир статистикага кўзим тушди. Самарқандликлар жорий мавсум ўз майдонларида ҳали бирор марта мағлуб бўлмаган эканлар. Улар иккинчи бўлимдаги фаоллик ҳисобига шу кўрсаткични қайд этишаётганини пайқаб, шунга яраша тактика туздим. Яна бир жиҳат, биз ҳеч қайси ўйинда жисмоний тарафлама ютқазмадик. Рақибга қараб ўйнашимизга тўғри келган пайтлар ҳам бўлди. Агар рақиб бизга қарши ҳимоявий услубни танласа, ҳужумкорликни оширамиз. Агар акси бўлса, мудофаани мустаҳкамлашга урғу берамиз.
- «Бунёдкор» иккинчи даврадаги 9та учрашувни ўз майдонида ўтказади. Бу кўзланган мақсадга эришишда ёрдам бериши турган гап...
- Ҳа, енгиллик беради, албата. Лекин сафарда футболчилар бир мунча босимсиз тўп суришларини ҳам инкор этиб бўлмайди.
- Интервьюларингизнинг бирида «Орзум - «Бунёдкор»ни Осиё Чемпионлар Лигасига қайтариш», дегандингиз. Бунга қай тариқа эришмоқчисиз?
- Бу фикрим ўз кучида қолган. Интиламиз, ҳаракат қиламиз. Иккинчи даврада бор маҳоратимизни ишга соламиз. Ё ҳар бир турда очко олиб, кучли учликдан жой олишимиз керак ёки кубокни қўлга киритишимиз лозим. Келгусида нима бўлиши ёлғиз Яратганга аён. Имкониятимиз даражасида ҳаракатланамиз, вазифа - ўтган йилги натижаларни яхшилаш.
Абдулазиз ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20