Қайднома

Қидирув

Чемпионлик серияси-7+ ёки Европадаги энг узун чемпионча юришлар...

Чемпионлик серияси-7+ ёки Европадаги энг узун чемпионча юришлар...

  13.07.2019 03:36
  0
  498
Чемпионлик серияси-7+ ёки Европадаги энг узун чемпионча юришлар...

Якунланган мавсум «Селтик» Шотландия чемпионатида қаторасига 8-марта ғалаба қозонди. Криштиану Роналду билан қувватланган «Ювентус» эса Италияда худди шундай серияни расмийлаштирди. Хўш, «адабий чемпион» таърифини «кўҳна қитъа»даги яна қайси жамоаларга нисбатан қўллаш мумкин?  Қуйидаги мақола айнан еврофутбол тарихини безаган чемпионлик сериялари ҳақида.

Германия: «Бавария»  -  қаторасига

7 карра чемпион (2012|2013-2018|2019)

Мюнхен грандининг чемпионча юриши давом этмоқда. «Бавария» ушбу серияни тажрибали Юпп Хайнкес қўл остида бошлаганди. Ҳа, ўша мавсум мюнхенликлар Европа Чемпионлар Лигасида ҳам зафар қучишганди. Қария Хайнкес ўрнини эгаллаган испаниялик Хосеп Гвардиола эса «Альянц Арена»га 3та «Кумуш лаган» тақдим этиб, эстафета таёқчасини Карло Анчелотти қўлига тутқазди. Итальян мутахассиси биринчи мавсумда олтин медални таъминлади, лекин кейингисида катта муаммоларга юз тутди. Натижада шошилинч тарзда ёрдамга чақирилган Юпп Хайнкес яна бир чемпионликни тантана қилди. Охирги мавсумда эса Нико Ковач «Бавария»си стартда жуда ношуд кўриндию, финишга қадар ўрнига қайтди, барибир. Ваҳоланки, Дортмунд «Боруссия»си узоқ вақт турнир жадвалида пешқадамлик қилди ва «Голливуд ФК»нинг чемпионлик серияси узилиб қоладигандек кўринганди.

 

Кипр: АПОЭЛ - Қаторасига

7 карра чемпион (2012|2013-2018|2019)

Кипр футболи рамзи ҳам ўз сериясини тобора узайтирмоқда. Оддий айтганда, Европа миқёсида камтарин саналадиган АПОЭЛ Бундеслигада «гегемон»лик ўрнатган «Бавария» билан параллель равишда қадам ташламоқда. Эътиборлиси, пойтахт - Никосия шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи клуб охирги чемпионликни энг асосий рақибларидан бири «Аполлон»ни 3:0 ҳисобида тор-мор келтириш асносида нишонлади.

 

Болгария: «Лудогорец» - Қаторасига

8 карра чемпион (2011|2012-2018|2019)

Яна бир бардавом серия! «Лудогорец» клуби Болгария миллий чемпионатидаги ғолибона юришини «Бавария» ва АПОЭЛдан бир йил олдин бошлаганди. Разград шаҳри шарафини ҳимоя қилувчи «бургутлар» айни пайт донгдор «Ювентус» ва «Селтик» клублари билан бир қаторда турибдилар. Тўғри, чемпионлик медали сони эмас, балки ғолибона юриш давомийлиги бўйича.

 

Италия: «Ювентус» - Қаторасига 8 карра чемпион (2011|2012-2018|2019)

Чемпионлик байроғини баланд ҳилпиратиб келаётган Турин жамоасининг Италия «А» сериясидаги ҳозирги серияси Антонио Конте имзоси билан бошланган эди. Яқиндагина «Интер» бош мураббийи лавозимига тайинланган мураббий кетма-кет 3та скудетто ютган бўлса, кейинги 5та чемпионлик Массимилиано Аллегри бошчилигида расмийлаштирилди. Бу Италия футболи рекорди эканлигини ҳам айтиш ўринли.

 

Шотландия: «Селтик» - Қаторасига

8 карра чемпион (2011|2012-2018|2019)

Глазгонинг буюк жамоаси бу йил Шотландия Премьер-лигасида кетма-кет 8-марта ғолиб чиқиб, ўз музейидаги чемпионлик медаллари сонини роппа-роса 50тага етказди - катта юбилей! Лекин яна бир томони бор - ҳар икки кўрсаткич Шотландия футболи учун рекорд эмас. Бинобарин, миллий чемпионатда 54 марта зафар қучган «Глазго Рейнжерс» бир сафар қаторасига 9 мавсум «олтин»ни ҳеч кимга берган эмас.

 

Уэльс: «Нью-Сейнтс» - Қаторасига

8 карра чемпион (2011|2012-2018|2019)

Ҳа-ҳа, Уэльсда ҳам миллий чемпионат бор. Буюк Британиянинг ҳудудий-маъмурий қисми яна «алмаштирилмас» чемпионга эга. Тўғри, Уэльснинг энг кучли клублари Англия лигаларида ўйнайди. Хуллас, «Кардифф Сити» ва «Суонси» каби клубларнинг АПЛ ёки Чемпионшипга талпиниши айнан «Нью-Сейнтс»га қўл келмоқда.

Молдова: «Шериф» - Қаторасига

10 карра чемпион (2001-2010)

«Шериф» Молдова элит дивизионида кетма-кет 10 марта зафар қучгач, ушбу ажойиб серияга 2010 йили «Дачия» нуқта қўйди. Дарвоқе, Тирасполь клуби Молдова футболида ҳамон ҳукмронлик қилмоқда. Дейлик, жамоа бу йил қаторасига 6-марта олтин медалга эга чиқиш йўлидан бормоқда. Эҳтимол, «Шериф» ўз рекордини янгилашга ҳам уриниб кўрар...

 

Арманистон: «Пюник» - Қаторасига

10 карра чемпион (2001-2010)

Молдовада «Шериф» ҳукмронлик қила бошлаган йили Арманистонда «Пюник» ўз юришини бошлаганди. Ўхшашликни қаранг, ҳар икки клуб юришига бир вақтда нуқта босилди. Фарқли томони шуки, «Шериф» кейинчалик мавқеини қайта тиклади, «Пюник» эса анча қийналмоқда.

 

Венгрия: «МТК Будапешт» - Қаторасига

10 карра чемпион (1914, 1917-1925)

Венгрия чемпионатидаги буюк серия қайд этилганига деярли 100 йил бўлди. Хуллас, МТК клуби маҳаллий биринчиликда қаторасига 10 марта тахтга кўтарилган. Орада 2 мавсумлик танаффус юзага келгани эса биринчи жаҳон урушига боғлиқ. Яъни уруш оқибатида 2015-2016 йиллар Венгрияда футбол чемпионати ўтказилмаган.

 

СобиҚ ГДР: «Динамо» Б. - Қаторасига

10 карра чемпион (1978|1979 - 1987|1988)

Берлин «Динамо»си вақтида Шарқий Германия футболида қирол каби эди, энди эса бу клуб ҳақида эшитиш ҳам қийин. Ҳар ҳолда, қаторасига 10 марта олтин медаль ютган «динамочилар» ҳудудий лигаларда ўйнаш билан чекланишмоқда.

 

Грузия: «Динамо» Тб. - Қаторасига

10 карра чемпион (1990-1999)

Грузия футболининг энг совриндор клуби вақтида собиқ иттифоқ чемпионати олий лигасида ҳам зафар қучган. Қолаверса, тбилисиликларда халқаро соврин бор - улар Европа кубок эгалари кубоги турнирида ғолиб чиқишган. Кейинчалик мустақил Грузияда алоҳида чемпионат йўлга қўйилди ва дастлабки мавсумларда «Динамо» айтарли рақобат сезгани йўқ. Фақатгина 10 йилдан кейин янги чемпион пайдо бўлди - «Торпедо» (Кутаиси).

 

Хорватия: «Динамо» Зг. - Қаторасига

11 карра чемпион (2005|2006-2015|2016)

Загреб «Динамо»си бу борада Тбилиси ва Берлиндаги адашига нисбатан бироз яхшироқ кўрсаткичга эга - 11 карра чемпион! Хорватия пойтахти вакилининг ажойиб сериясига бундан 3 мавсум олдин «Риека» барҳам берди.

Норвегия: «Русенборг» Қаторасига

13 карра чемпион (1992-2004)

Ёши катта футбол мухлислари «Русенборг»ни яхши эслашади. Зеро, бу жамоа ўтган асрнинг 90-йилларидан янги асрнинг бошига қадар Европа Чемпионлар Лигасида мунтазам иштирок этарди. Бинобарин, «Русенборг» бу даврда Норвегияда чемпионликни сира бегона қилган эмас. Умуман олганда, гап Скандинавия мамлакатининг энг совриндор жамоаси ҳақида кетяпти. Тронхеймликлар нақ 26та олтин медалга эгалар, уларнинг бу борадаги энг яқин таъқибчилари эса миллий биринчиликда атиги 9 марта ғолиб чиқишган. Фарқни кўряпсизми?

 

Беларусь: БАТЭ - Қаторасига

13 карра чемпион (2006-2018)

БАТЭ серияси ҳам давом этяпти! Кўпчилик Беларусь миллий чемпионатида бундан олдин қайси клуб чемпион бўлганини ҳам эслолмаса керак. Шундай экан, футбол викторинасига бу борада савол қўйиш мумкин: «БАТЭнинг 13 йилдан буён давом этаётган ҳукмронлигидан олдин қайси жамоа чемпион бўлган?»  Борисов клубида мураббийлар ва таркиб алмашяпти, футболнинг ўзи ҳам ўзгаряпти, аммо натижа ўша-ўша - 1-ўрин. Барчаси худди Беларусда президент Александр Лукашенко алмашмаётганидек...

 

Гибралтар: «Линкольн Ред Импс» -  Қаторасига 14 карра чемпион (2002|2003-2015|2016)

БАТЭ Беларусда яна бир мартагина зафар қучса, чемпионлик серияси бўйича Европа рекордини такрорлайди. Айти пайт юқори кўрсаткич 2та клубга тегишли. Улардан бири собиқ иттифоқ ҳудудида бўлса, иккинчиси - «Линкольн Сити». Гибралтар вакили нақ 14 мавсум «олтин»га ҳеч кимни яқинлаштиргани йўқ. «Қизил иблислар» юришини эса мавсум-2016|2017да «Европа» клуби тўхтатиб қўйди. Дарвоқе, ҳар икки клуб базаси Уинстон Черчилль кўчасида жойлашган ва футболчилар рақибларнинг чемпионликни нишонлаш тадбирларига бемалол яёв боришлари мумкин.

 

Латвия: «Сконто» - Қаторасига

14 карра чемпион (1991-2004)

Латвия республикаси мустақиллик мақомини олиши билан Болтиқ бўйи ҳудудида «Сконто» клубининг футбол диктатураси бошланди. Ригаликлар дастлабки 13 мавсумда чемпионликни тантана қилишди. Бироқ улар шундан сўнг бирдан сояга ўтишди: кейинги 15та биринчиликда «олтин»га атиги бир бора етишишди. Латвия миқёсида афсона мисоли жамоа якунда аламли тақдирга юз тутди: аввалига лицензиясини йўқотди, кўп ўтмай, инқироз ҳолатида эканлигини тан олди.

И.РАҲИМОВ тайёрлади


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz