Қайднома

Қидирув

Фақат «Навбаҳор» дан сўзлаймиз

Фақат «Навбаҳор» дан сўзлаймиз

  13.07.2019 05:39
  0
  687
Фақат «Навбаҳор» дан сўзлаймиз

Бугун «Навбаҳор» мухлисларини Лионель Мессининг Америка кубоги-2019 якунидаги танқидига дахлдор мулоҳазалари ва ушбу мулоҳазалар билан боғлиқ қарама-қарши муносабатлар қизиқтирмай қўйди. Тяго Силва «Барселона» - «ПСЖ» учрашувида қайд этилган 6:1 ҳисобидан сўнг Лионель Месси коррупция ҳақида оғиз очмаганини таъна қилса қилаверсин. Парагвайлик машҳур дарвозабон Хосе Луис Чилаверт Америка кубоги-2019 Бразилия терма жамоаси чемпион бўлиши учун махсус ташкилланганини таъкидлайверсин. Борингки, катта футбол майдонида адашиб, довдираб юрган Неймар деган ноёб истеъдод қайси жамоани танласа танлайвермайдими? Буларнинг ҳеч бири бугун «лочинлар»нинг мухлисларини қизиқтирмайди, ажаблантирмайди.

Хўш, наманганлик мухлислар дунё футболидаги янгиликларга эътиборсиз бўлиб қолишадими?

Йўқ, асло! Наманганлик мухлислар жаҳон футболида содир бўлаётган энг муҳим воқеаларни доимо эътибор билан кузатиб боришади.

 

«Унда гап нимада?» - дейсизми?

Гап шундаки, 2-давра арафасида, трансферлар масаласи кўтарилган бир паллада бошқа мавзу қулоққа кирармиди? Бундай паллада суҳбат мавзуси фақат бир савол атрофида айланади: «Навбаҳор»да нима гап?

Вилоят ҳокимидан тортиб, то кичик ёшдаги футбол мухлисига қадар фақат шу мавзуни  ўйлайди. 

Ўзга клубларнинг мухлислари мендан кўпинча «Нима учун Хайрулла Бозоров Наманган футболига ҳаддан зиёд катта эътибор қаратади?» - деб қизиқиш ва ҳавас билан сурашади.

Саволга жавобан бот-бот қуйидаги мулоҳазаларни такрорлаймиз.

- Бразилияда ўғил туғилса, ота туғруқхонага тўп кўтариб боради қувонч изҳори сифатида. Боғча ва мактабда бразилиялик болаларни тўпсиз тасаввур қилиш қийин. Бразилияда совчилардан биринчи навбатда: «Бўлажак куёв футбол ўйнайдими-йўқми?» дея суриштиришади. Мана шундай менталитет Наманганда бошқача кўринишда шаклланган. Бунақаси бошқа жойда таклорланиши мушкул. Гап стадионларнинг тўлиб-тошишида ҳам эмас. Ҳаммаси футбол билан чамбарчас боғланган яъни «ички мен» билан боғлиқ. «Гул бир ён, футбол бир ён» - Наманганнинг асл қўшиғи. Вилоят ҳокими шу моҳиятни теран англаган ва ғалати феноменни муносиб қадрлайди.

Таъкидлаш жоизки, вилоят ҳокимидаги футболга эътиборни олижаноблик фазилати билангина изоҳлаш мавжуд ҳолат ва ҳақиқатни тўла ойдинлаштирмайди.

Вилоят раҳбари бошқалардан фар­қ­­­ли равишда, яъни иқтисодчи сифатида ҳақиқатларнинг кўпчиликка сезилмас қирраларини яхши билади. Иккинчи жаҳон урушидан кейин харобага айланган Германия иқтисодини қайта тиклашда футбол рағбатлантирувчи куч уйғотувчи восита вазифасини ўтаган. Немисча иқтисодий мўъжиза «катализатор»и футбол бўлгани каби Намангандаги ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашда миллионлар ўйинига ижобий таъсир кўрсатиши аниқ. Мана, гап қаерда. Зукко раҳбар бошқарув жараёнида мавжуд реалликдан унумли фойдаланади. 27 июнь - касб байрамимиз куни «Навбаҳор» матбуот котиби Улуғбек Умаровни тақдирлар экан, «легионерлар жамоамизда қолишади!» - деди вилоят ҳокими комил ишонч билан.

қаранг, журналистлар байрамига ҳам футбол ва «Навбаҳор» мавзуси аралашди.

Футболона кайфиятнинг бу каби камёб кўринишида наманганлик мухлисларни бошқа мавзу қизиқтиришига ишонса бўладими? Йўқ, албатта! Шунинг учун янгиликлар борасида Улуғбек Умаров билан суҳбатлашамиз. - Александр Касьян, Иван Соловьев, Игорь Голбан машғулотларда қатнашишмоқда. Славко Лукичнинг кечикиши унинг никоҳ тўйи билан алоқадор. Азиз Турғунбоев ҳам сафимизда. Остон Урунов масаласида ҳозирча очиқ. Аммо унинг «Навбаҳор» билан шартнома муддати йил охиригача. «Локомотив» турли таклифлар билан чиқмоқда. Балки 1}2 кўринишида келишув бўлар! - деди у 9 июль кунидаги мулоқотимизда.

Нима ҳам дердик: воқеалар ривожини биргаликда кузатамиз. Зеро, вилоят раҳбари ташаббуси билан ўртага ташланган махсус стратегик режа асосида келажак жамоасига айланиши учун шайланаётган «Нав­баҳор» тақдири бутун ўзбек футболи тараққиётига ҳам муносиб таъсир этиши айни ҳақиқатдир.

Муҳамад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz