Қайднома

Қидирув

Устасига фарқи йўқ: Бердиев ва Черанлар ой лауреатлари бўлишди...

Устасига фарқи йўқ: Бердиев ва Черанлар ой лауреатлари бўлишди...

  13.07.2019 09:43
  0
  554
Устасига фарқи йўқ: Бердиев ва Черанлар ой лауреатлари бўлишди...

Июнда Coca Cola Суперлига-2019 биринчи даврасининг сўнгги учта тури ўтказилиб, ўйинлар натижасига кўра, турнир жадвалида сезиларли ўзгаришлар кузатилди. Умуман олганда, футболчилар ҳақида гап борганда, легионерларнинг шашти анча баландлиги шундоққина кўриниб турибди. Ой лауреатлигига номзод учликдан ҳам уларнинг икки нафари ўрин олди. Шунингдек, мавсум бошида бошқаларга нисбатан кучсизроқдек кўринган айрим жамоаларнинг бугунги кунда эгаллаб турган поғоналари мақтовга лойиқ. Албатта, ушбу клубларнинг биринчи даврани бу қадар кўтаринки кайфиятда якунлашларида бош мураббийларнинг хизматлари беқиёс. «ИнтерФутбол» талқинига кўра ойнинг энг яхшиларини аниқлар эканмиз, шу омилларга эътибор қаратдик.

Шота Арвеладзе қўл остида позициясини бироз ўзгартириб, орқароққа сурилган Драган Черан бугунги кунда «Пахтакор»нинг ҳақиқий «гол машинаси»га айланган. Анчадан буён тўпурарлар рўйхатини бошқариб турган сербиялик легионер июнь ойида ҳам «шерлар» либосида уч марта ўйин ўтказиб, 270 дақиқа тўп сургани ҳолда ҳисобига 5та гол ёздириб қўйди. Таъкидлаш жоизки, Черан бошқа жиҳатлар бўйича ҳам «Пахтакор»га жуда катта наф келтирмоқда. Шуни инобатга олган ҳолда, ой лауреатлари учлигида бу сафар биринчи ўринни айнан Драганга ажратдик. Бунинг натижасида, Чераннинг «Интер Футбол» талқинига кўра аниқлаб келинаётган лауреатлар рўйхатининг умумий жадвалидаги очколари сони 10га етди ва у жамоадоши Жалолиддин Машариповга деярли етиб олди.

Иккинчи ўринда ҳам хорижлик футболчи - «Навбаҳор» ҳужумчиси Александр Касьян. Наманган жамоасига анчадан буён шундай савияли форвард етишмаётганди, Касьян келди-ю, ўз номига гол расмийлаштиришни пайсалга солмаяпти. Асосийси, унинг киритган тўплари якунда «лочинлар»га муҳим очколарни тақдим этмоқда. Июнда ҳам шундай бўлди. Саша 3та ўйинда жами 263 дақиқа тўп суриб, рақиблар дарвозасини уч марта ишғол қилди. Айниқса, унинг «қизилқум»га қарши кечган баҳсда кўрсатган қаҳрамонлигини алоҳида кўрсатиш жоиз. Умид қиламизки, «Навбаҳор» ушбу ҳужумчини камида мавсум охиригача таркибда сақлаб қолади. Акс ҳолда, бундай ноёб голеадорларни топиш осон эмаслиги «лочинлар» тажрибасидан аён.

Жорий мавсум кашфиётига айланган Дилшод Саитов учинчи ўринда. «Насаф»нинг ўнг қанот ҳимоясида жавлон ураётган бу йигит мудофаа чизиғидаги ҳаракатлари билан чекланиб қолмай, тез-тез ҳужумларга қўшилиб туради, ҳатто голлар ҳам уради. Айниқса, унинг узоқ масофадан йўллайдиган зарбалари рақиб жамоа дарвозабонларини эсанкиратиб қўйган ҳоллар ҳам учраб туради. Саитов июнь ойида «Насаф»нинг 3та ўйинида майдонга тушиб, тўлиқ 90 дақиқа тўп сурди ва ўз ҳисобига битта гол ёздириб қўйди. Дарвоқе, бу футболчининг рақиб футболчиларини алдаб ўтишини кўрганлар унинг ҳимоя чизиғида тўп суришига ишонмасликлари турган гап. Саитов ижросидаги дриблингларнинг барчасини тўплаб, ажойиб видеоролик тайёрласа бўлади. Албатта, бундай иқтидорларнинг етишиб чиқаётгани биринчи навбатда термамиз учун катта ютуқ. Эктор Купер яқин келажакда Саитовни миллий жамоага жалб этса, асло ажабланмаймиз.

Шунингдек, Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»), Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»), Остон Ўрунов («Навбаҳор»), Ҳумоюн Муртазоев («Насаф»), Хуршид /иёсов («Бунёдкор»), қадамбой Нурметов («Динамо») каби футболчилар ҳам ой давомида ўз фаолликлари билан ажралиб туришди.

Биринчи давра охирида «Насаф»нинг юқори ўринларда боришини ким тахмин қилганди? Ахир мавсум бошида бу жамоа аксарият етакчиларини бошқа жамоаларга қўйиб юборганди-да. Шунга қарамай, Рўзиқул Бердиев ихтиёридаги футболчилар имкониятидан максимал наф чиқариб, «аждарлар»нинг оралиқ танаффусга яхши кайфият билан чиқишларини таъминлади. «Устасига фарқи йўқ», деганда айнан Бердиевга ўхшаганлар назарда тутилган бўлса керак. қисқаси, июнь ойида 3та ўйин ўтказиб, бир дуранг ва икки ғалаба қайд этган жамоанинг устози лауреатлар рўйхатининг мураббийларга аталган қисмида биринчи ўринга муносиб кўрилди.

Бердиев ҳақида айтилган гаплар бошқа бир клуб - «Бунёдкор»ни бош­қараётган мутахассисга ҳам тааллуқли. Эътибор беринг, Вадим Абрамов қўл остидаги жамоанинг асосини ҳам худди «Насаф» сингари ёшлар ташкил этади. Шунга қарамай, «қалдирғочлар» ижросидаги футболда мазмун бор, ҳужумлар хилма-хил, қўшимчасига, голлар чиройли. Тўғри, «Бунёдкор» июнь ойида ўтказилган «Сурхон»га қарши баҳсда мағлубиятга учради. Аммо бошқа томондан, Абрамов шогирдлари Самар-қандда жорий мавсумнинг «чақилмас ёнғоғи» - «Динамо» майдонидан ғалаба билан қайтишди. Бунинг натижасида «Бунёдкор» 21 очко билан биринчи даврани юқори ўринларда якунлади, жамоа бош мураббийи эса лауреатлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллади.

Шота Арвеладзе бу сафар учинчи. «Грузиялик мутахассис қўл остидаги футболчиларнинг даражаси анча баланд, бундай таркиб билан исталган мураббий натижага эриша олади» қабилида фикр юритадиганлар адашишади. Аслида, юлдузли таркибга эга жамоада уюшқоқлик, ҳужумкор ўйин ва кўтаринки кайфиятни таъминлаш осон эмас. Арвеладзе эса буни ажойиб тарзда уддаламоқда. Унинг шогирдлари июнь ойида қайд этган натижаларга эътибор беринг: сафарда «Бухоро» дарвозасига 5та жавобсиз тўп йўллаган «шерлар» кейинги турда ўз майдонларида «қизилқум»ни асло аяшмади - 8:0. Биринчи давранинг сўнгги учрашувида эса «қўқон-1912» 2:1 ҳисобида мағлубиятга учратилди. «Пахтакор» оралиқ танаффусга пешқадам сифатида йўл олди, Арвеладзе эса яна бир бор лауреатлар рўйхатига кирди.

Мавриди келганда, гарчи бугунги рейтингдан ўрин олмаган бўлсада, «Динамо» устози Даврон Файзиевнинг меҳнатларини ҳам эътироф этиш даркор. Самарқандликлар ушбу мутахассис бошчилигида мухлисларга хуш ёқадиган ўйин намойиш этишмоқда. Эътиборлиси, «Динамо» июнь ойида бўлиб ўтган «Локомотив»га қарши баҳсни ўз фойдасига ҳал қилди - 2:1. Бундай натижа билан Суперлигадаги ҳамма мураббийлар ҳам мақтана олишмайди. Агар кўҳна шаҳар жамоаси шу зайл ўйнашда давом этса, кейинги ой лауреатларини аниқлашда Файзиев номзодига ҳам мурожаат этсак, ажабмас.

 

ФУТБОЛЧИЛАР

Январь|февраль

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Игнатий Нестеров («Уҳуд», С.Арабистони)

3. Сардор Рашидов («Насьонал», Португалия)

Март

1. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

2. Элдор Шомуродов («Ростов», Россия)

3. Темурхўжа Абдухолиқов («Локомотив»)

Апрель

1. Драган Черан («Пахтакор»)

2. Хуршид /иёсов («Бунёдкор»)

3. Зафар Полвонов (АГМК)

Май

1. Ҳумоюн Муртазоев («Насаф»)

2. Шоҳруз Норхонов («Сўғдиёна»)

3. Жалолиддин Машарипов («Пахтакор»)

Июнь

1. Драган Черан («Пахтакор»)

2. Александр Касьян («Навбаҳор»)

3. Дилшод Саитов («Насаф»)

--------------------------------------------------

МУРАББИЙЛАР

Январь|февраль

1. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

2. Андрей Фёдоров («Локомотив»)

3. Эктор Купер (Ўзбекистон МТЖ)

Март

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Андрей Микляев («Сурхон»)

Апрель

1. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

2. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

3. Андрей Канчельскис («Навбаҳор»)

Май

1. Улуғбек Бақоев («Сўғдиёна»)

2. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

3. Даврон Файзиев («Динамо»)

Июнь

1. Рўзиқул Бердиев («Насаф»)

2. Вадим Абрамов («Бунёдкор»)

3. Шота Арвеладзе («Пахтакор»)

 

УМУМИЙ НАТИЖА

Мураббийлар

1. Рўзиқул Бердиев - 13 очко

2. Шота Арвеладзе - 12 очко

3. Вадим Абрамов - 8 очко

4. Улуғбек Бақоев - 5 очко

5. Андрей Фёдоров - 3 очко

6-9. Эктор Купер - 1 очко

6-9. Андрей Микляев - 1 очко

6-9. Андрей Канчельскис - 1 очко

6-9. Даврон Файзиев - 1 очко

----------------------------

Умумий натижа

Футболчилар

1. Жалолиддин Машарипов - 11 очко

2. Драган Черан - 10 очко

3. Ҳумоюн Муртазоев - 5 очко

4-8. Игнатий Нестеров - 3 очко

4-8. Элдор Шомуродов - 3 очко

4-8. Хуршид /иёсов - 3 очко

4-8. Шоҳруз Норхонов - 3 очко

4-8. Александр Касьян - 3 очко

9-12. Сардор Рашидов - 1 очко

9-12. Темурхўжа Абдухолиқов - 1 очко

9-12. Зафар Полвонов - 1 очко

9-12. Дилшод Саитов - 1 очко

--------------------------------------------------

Изоҳ: 1-ўрин - 5 очко, 2-ўрин - 3 очко, 3-ўрин - 1 очко.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz