Қайднома

Қидирув

Алданган бозор ёки РЕАЛ СУММАСИ КЕСКИН ОШИРИБ ЮБОРИЛГАН ТРАНСФЕРЛАР

Алданган бозор ёки РЕАЛ СУММАСИ КЕСКИН ОШИРИБ ЮБОРИЛГАН ТРАНСФЕРЛАР

  14.07.2019 02:56
  0
  640
Алданган бозор ёки РЕАЛ СУММАСИ КЕСКИН ОШИРИБ ЮБОРИЛГАН ТРАНСФЕРЛАР

1 июль куни Европанинг аксарият етакчи лигаларида ёзги трансферлар бозори бошланди. Лекин «Савдо маркази» расман очилишидан олдин ҳам бир қатор муҳим харидлар амалга оширилди. Бугунги мақола бозор баҳоси анча ошириб юборилган футболчилар ва янги ўйинчилар учун нисбатан кўп ундирган ёки тўлаган жамоалар ҳақида. Мисол учун, Россиянинг «Спартак» клуби 20 ёшли голкипер Андреа Романьоли трансфери учун «Рома»га 2 миллион евро берди. Бу сумма қаердан олинган? Ахир гап ҳаттоки, «С» серияда ҳам ижара муддатларидан бўшамаган, бирор клуб асосий таркибига киролмаган   йигитча ҳақида кетяпти. Изоҳланишича, «Спартак» Романьолини «Рома» ҳужумчиси Эсекиэль Понсе трансфери бўйича келишувнинг бир қисми сифатида сотиб олибди. Энг қизиғи, аргентиналикнинг ўзи 3 миллион еврога баҳоланди. Қисқаси, барчаси Рим клубининг устакорлигидан далолат. Гап шундаки, «бўрилар» Понсени қимматроққа сотишдан манфаатдор эмасдилар. Негаки, сумманинг маълум фоизи уни тарбиялаган «Ньюэлз Олд Бойз» клубига насиб этади. Акс ҳолда, Понсе трансфери 3 эмас, 5 «лимон»га баҳоланарди. Тўғри, агентлар икки келишувда ўзаро боғлиқлик йўқлигини таъкидлашмоқда. Бошқача бўлиши мумкин ҳам эмас. Ахир улар ўз манфаатлари ва учинчи томон зарарига бозорни алдашганини тан олишмайди-ку.

ИТАЛЬЯНЧА КОМБИНАЦИЯ...

Аслида Понсе трансферида алдов даражаси унча катта эмас. Ҳар ҳолда, transfermarkt.de сайти аргентиналикни 4 миллион еврога баҳолаган. Қисқаси, ўртадаги фарқ нисбатан кичик. Лекин жорий ёз амалга оширилган трансферлар рўйхатига қарасангиз, бир қатор келишувлар енгилгина шубҳа уйғотиши турган гап. Яъни қайсидир клуб кимгадир меъёридан анча кўп ёки аксинча, жуда кам тўлаган. Дарвоқе, «Рома» иштирокидаги яна бир трансфер кўзга ташланади: «Ювентус» ҳимоячи Лука Пеллегрини учун римликларга 22 миллион евро берди. Ваҳоланки, 20 ёшли йигитчанинг ҳозирги бозор нархи атиги 5 миллион еврога тенг. Қаранг, туринликлар асл қийматдан 17 «лимон» кўп тўлашди, бошқача айтганда, суммани бирданига 4,5 баравар оширишди! Бунда ҳам итальянча комбинацияни кўриш мумкин. Ҳаммаси оддий: «Юве» Пеллегрини учун «Рома»га меъёридан анча кўп тўлаш баробарида ўз ҳимоячиси Леонардо Спинаццолани ақлга сиғмас баҳода сотди. Чунончи, римликлар бозор баҳоси 15 миллион еврога тенг футболчини 29,5 «лимон»га харид қилишди. Фарқни қаранг - 14,5 млн. евро. «Юве» шу комбинация ортидан 7,5 млн. евро топди (22 миллион харажат қилиб, 29,5 «лимон» олди) ва келажакка сармоя ҳам тикди. «Рома» эса 7,5 миллион евро йўқотиб, ҳимоя чизиғини Италия терма жамоаси аъзоси ҳисобига кучайтирди. Эҳтимолки, ушбу жуфт келишув агентларга ҳам катта манфаат олиб келгандир, шунингдек, икки ҳимоячини тарбиялаган Рим ва Турин клублари академиялари ҳам улушсиз қолгани йўқ. Лекин Пеллегрини ва Спинаццола иштирокидаги кейинги ҳар бир келишув академияларга айтарли наф келтирмайди.

Умуман, бу борада қайсидир клубга айблов қўйиш жуда қийин. Ахир бугунги футбол бозорининг ўзи алданишга мойил-да. Ким алдашни яхшироқ эпласа, ютуқ ўшаники... Европада жорий ёз амалга оширилган келишувлар орасида суммаси сунъий равишда ошириб юборилган трансферлар рейтингига назар солиб ҳам, бу борада маълум тушунча ҳосил қилиш мумкин. Эътиборлиси, Пеллегрини трансфери ушбу рўйхатда «плюс 17 миллион» билан кучли учликка кирди. Демакки, бундан-да даҳшатли келишувлар ҳам бор.

РЕАЛ СУММАСИ КЕСКИН ОШИРИБ ЮБОРИЛГАН ТРАНСФЕРЛАР

+20 миллион евро

Аарон ВАН-БИССАКА

Сотувчи: «Кристал Пэлас»

Харидор: «МЮ»

Бозор баҳоси: 35 млн. евро

Трансфер суммаси: 55 млн. евро

Конголик 21 ёшли ўнг қанот ҳимоячиси ўтган мавсум якунларига кўра, «Кристал Пэлас»нинг энг яхши футболчиси сифатида эътироф этилди. Аслида у 2017 йилиёқ ўша вақтдаги бош мураббий Франк де Бур ишончини оқлаб, катта клублар назарига тушганди. «МЮ» эса Аарон истиқболига шу қадар ишондики, йигитчани ўз тарихидаги 6-қимматбаҳо ҳимоячига айлантирди-қўйди. Боз устига, Ван-Биссака трансфери бир жиҳати билан англияликлар учун рекорд келишувдир. Яъни шу кунга қадар терма жамоада ўйнаш тажрибаси йўқ бирор футболчига бунчалик кўп тўланган эмасди.

+18 миллион евро

Ферлан МЕНДИ

Сотувчи: «Лион»

Харидор: «Реал»

Бозор баҳоси: 30 млн. евро

Трансфер суммаси: 48 млн. евро

Асли Сенегалдан бўлган франциялик футболчи ҳозир 24 ёшда. Ферлан 15 ёшида шундай оғир жароҳатга йўлиққанки, маълум вақт ногиронлар аравачасига михланиб қолган ва фақат катта тавваккал билан футбол майдонига қайтган. Жорий ёз бозорда ўзгача фаоллик кўрсатаётган «Реал» раҳбарияти эса барчасидан кўз юмиб, ҳимоянинг чап қанотига шу йигит номзодини танлади. Асосий факт - Менди қандайдир 2 йил оралиғида «Лион»га 43 млн. евро фойда келтирди. Чунончи, «тўқувчилар» уни «Гавр»дан атиги 5 «лимон»га сотиб олишганди. Дарвоқе, «ПСЖ» академияси раҳбарияти ҳозир ўзини қўярга жой тополмаётгандир... Зеро, Ферлан 2004-2012 йиллар айнан Париж клуби тизимида шуғулланган эди.

+17 миллион евро

Лука ПЕЛЛЕГРИНИ

Сотувчи: «Рома»

Харидор: «Ювентус»

Бозор баҳоси: 5 млн. евро

Трансфер суммаси: 22 млн. евро

20 ёшли чап қанот ҳимоячиси ва «Рома» ўртасидаги шартнома 2021 йилгача мўлжалланган эди. Лука «А» серияси-2018|2019да юқори даражали ўйинлар таъмини татиб кўрди, фақат римликлар сафида эмас, балки «Кальяри»да (ижара келишувини ўтади). Йўқ, йигитча осмондаги юлдузни уриб, ерга туширмади, лекин Италиянинг барча ёш тоифасидаги терма жамоаларида тажриба оширди, жумладан, яқинда Польшада ташкиллаштирилган кичик жаҳон чемпионатида қатнашди. «Скуадра адзурра»нинг яқин келажаги турнир ярим финалида украиналиклардан енгилган бўлсада, «Ювентус» Пеллегрини баҳосини бирданига осмон қадар кўтариб қўйди. Ҳаммаси мақола бошида таърифланган комбинация маҳсули. Асосийси, «Юве» шунчалик ҳотамтойликка қарамай, амалда 7,5 млн. евро фойда кўрди. Албатта, Спинаццола трансфери воситасида. Тўғри, ўз ўрнида айтиш керак, гап ҳали жуда ёш ва истиқболли футболчи ҳақида кетмоқда. Яъни Туринда унинг асл баҳоси кескин ошиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас.

+17 миллион евро

Яспер СИЛЛЕССЕН

Сотувчи: «Барселона»

Харидор: «Валенсия»

Бозор баҳоси: 18 млн. евро

Трансфер суммаси: 35 млн. евро

Голландиялик тажрибали голкипер  «Барселона»да захирачи бўлиб ўтиришдан зерикди, чоғи, 2021 йилгача мўлжалланган шартномага эга бўлсада, кетишни ихтиёр этди. «Валенсия» эса Чемпионлар Лигаси олдидан дарвоза чизиғини айнан Силлессен ҳисобига кучайтиришни лозим топди. Натижада каталонияликлар амалиётсиз қолган дарвозабон учун асл баҳосидан 17 миллион евро кўп олишди. Умуман, бу келишув уч томон манфаатлари бир-бирига мос тушгани учун амалга ошди. Бинобарин, Яспер ҳали ўз мавқени тиклаб олиб, трансфери чиндан ҳам, 35-40 миллионга арзишини исботлаши ҳам мумкин. Асосийси, ҳозир ҳамма хурсанд.

+14,5 миллион евро

Леонардо СПИНАЦЦОЛА

Сотувчи: «Ювентус»

Харидор: «Рома»

Бозор баҳоси: 15 млн. евро

Трансфер суммаси: 29,5 млн. евро

«Ювентус» тарбияланувчиси ўтган мавсумга қадар «Эмполи», «Сиена», «Аталанта», «Виченца», «Перуджа» каби клубларда ижара келишуви асосида ўйнаб, маълум даражада тажриба тўплади. Жонажон клубида эса жорий йил дебютини нишонлади. Айтиш жоиз, илк уриниши анча муваффақиятли чиқди. Дейлик, Чемпионлар Лигасидаги ягона ўйини 1|8 финал доирасида «Атлетико»га қарши кечган жавоб баҳсига тўғри келди. Ўшанда туринликлар «матрасчилар»ни 3:0 ҳисобида доғда қолдириб, кейинги раундга чиқишдики, бунда 26 ёшли ҳимоячининг ҳам ҳиссаси бор - у орқа чизиқда ишончли ҳаракатлари билан ажралиб турди. Бироқ Туринда Спинаццолани ортиқча кўришди ва энди у Паулу Фонсека қўл остидаги «Рома»да барчасини қайтадан исботлашга уринади, албатта.

+10 миллионов евро

Маркос ЛЬОРЕНТЕ

Сотувчи: «Реал»

Харидор: «Атлетико»

Бозор баҳоси: 20 млн. евро

Трансфер суммаси: 30 млн. евро

Бир қатор етакчи футболчилар (Антуан Гризманн, Диего Годин, Лукас Эрнандес ва бошқалар) билан хайрлашган «Атлетико» янги таркиб шакллантириш илинжида. Диего Симеоне ҳамиша қадрланмаган футболчиларни қайта кашф этиши билан эътиборга тушган. Эҳтимолки, аргентиналик мутахассис 24 ёшли ҳужумчи ҳам равон йўлга чиқиб олишига шубҳа қилмаётгандир. Акс ҳолда, унинг учун принципиал рақибга меъёридан кўп тўлашга рози бўлмасди асло. Энди ҳамма гап Льорентеда - у «Атлетико»га чиндан ҳам, кераклигини амалда исботлаши зарур.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz