Ўз тарихида илк марта Африка Миллатлар кубоги финал босқичида чиққан Мадагаскар миллий жамоаси мусобақанинг чинакам кашфиётига айланди. «Нотаниш» ороллик дебютантлар аввалига ўз гуруҳларида Нигерия, Гвинея ва Бурунди термаларини ортда қолдирган ҳолда, 1-ўрин орқали нимчорак финалга йўл олишди. Кейин илк «плей-офф» босқичида Конго ДР жамоаси билан тенгма-тенг ўйнаб, пенальтилар сериясида ғалабани тантана қилишди. Хуллас, мадагаскарликлар бугун ярим финал йўлида тунисликларга рақиб бўлишади.
Сенсация
Очиғи, фақат ақлдан озган ёки футболдан мутлақо бехабар кишигина гуруҳ босқичидан ўрин олган Нигерия - Мадагаскар ўйинида дебютант жамоанинг ғалаба қозонишига пул тикиши мумкин эди. Чунончи, Аҳмад Мусо етакчилигидаги «супербургутлар» аввал Гвинея, кейин Бурунди термаларини кичик ҳисоб (1:0) билан бўлсада, маҳв этишганди. Мадакаскарликлар эса стартда гвинеяликлар билан баҳсда жанговар дуранг (2:2) қайд этишди, кейин Бурунди термасини Илаймахаритранинг 76-дақиқада урган ягона голи эвазига мағлубиятга учратишди.
Гуруҳ ғолибини аниқлаб берган баҳсда нигериялик ҳимоячидан қайт-ган тўп тўппа-тўғри рақиб ҳужумчиси ўлжасига айланди. Оролликлар шу билан тўхтаб қолишгани йўқ - стандарт вазиятдан кейин 2-голни уришди. Тўғри, жарима нуқтасидан йўлланган тўп ҳеч кимга тегмаганида, тўғри дарвозабон қўлига тушарди. Бироқ «жонли девор» уни дарвозанинг бўш қолган ҳудудига буриб юборди. қисқаси, бу вазиятда дебютантга «рикошет» ҳолати қўл келди. Лекин Мадагаскар термасининг ғалабасини тасодиф ёки омадга йўйиш адолатдан эмас. Ҳар ҳолда, кучли таркибга эга Нигерия термаси лоақал мағлубиятдан қутулиб қолиш учун етарли вақтга эга эди. Аммо рақиб қолган дақиқаларда ҳимояни мустаҳкам ушлаб, донгдор жамоага имкон бермади. Фактларга мурожаат қилсак, оролликлар шу пайтгача Нигерия термаси билан 4 марта куч синашиб, 3 бора имкониятни бой беришган ва фақат 1та баҳсда зўрға дуранг натижага эришишганди.
Таркиб
Мадагаскар термаси таркиб нуқтаи назаридан ҳам ҳайратланарли кўринишга эга. Жамоани Франциянинг тўртинчи дивизиони (!) вакили - «Изер»да 20 йил ишлаган мураббий Николя Дюпуи бошқармоқда. Энг ажабланарли томони, аксарият футболчилар ҳам француз! Авваллари маҳаллий федерация мутасаддилари хориждан кўпи билан 5 нафар футболчи жалб этишга рухсат беришарди. Энди вазият бошқача: Дюпуи Францияда истиқомат қилаётган ва қайсидир аждоди билан Мадагаскарга озгина алоқаси бор ҳар қандай ўйинчини миллий жамоада синаб кўрмоқда. Айни таркибга қарасак, Лорьян, Мюлуз, Мец, Сент-Брие ва Лиможда туғилган «мадакаскар»ликлар бор. Уларнинг яшаш жойлари билан Мадагаскар ўртасидаги масофа Москва ва Нью-Йорк оралиғидек йироқ.
Умуман, терма жамоа таркибидаги 10 нафар футболчининг фаолияти тўлалигича Франциянинг биринчи-учинчи дивизионлари клубларида ўтган, атиги 5 нафар нафар йигит Реюньон ва Мадагаскар чемпионатидан. Оролдаги каби терма жамоада ҳам ягона дин мавжуд эмас. Жамоа сардори Има Андриациманинг айтишича, машғулотлардан кейин католик, протестант ва бошқа эътиқод вакиллари бир ерга тўпланиб, ибодат қиладилар. Шу тариқа терма жамоада оилавий муҳит юзага келади. Жамоа вакиллари савия бобида ҳам бир-бирларидан яққол ажралиб туришади. Масалан, ҳимоя чизиғида «Реймс» вакили тўртинчи дивизионда охирги ўринни эгаллаган «Аррас Футбол» ўйинчиси билан ёнма-ён тўп сурмоқда. Эътиборли томони, таркибда яққол етакчи йўқ. Мадакаскар термасининг энг номдор вакили - «Лион» ҳимоячиси Жереми Морель гуруҳ босқичини захира ўриндиғида ўтказди. Чунки у клубида етарли ўйин амалиётига эга бўлмаганди.
Мадагаскарлик футболчиларнинг исм-шарифлари ғоят мураккаб (антиқа): Рандрианасоло, Ракотоарисоа, Рандрианарисоа. Жамоанинг АМКдаги энг яхши тўпурари - Андримациноро ҳисобида ҳозирча 2та гол бор.
Мадагаскар термасининг энг қимматбаҳо ўйинчилари
Марко Илаймааритра (23 ёш), ярим ҳимоячи. «Шарлеруа» (Бельгия) - 3 000 000 евро
Анисе (29 ёш), ярим ҳимоячи. «Лудогорец» (Болгария) - 2 800 000 евро
Ромен Метанир (29 ёш), ҳимоячи. «Миннесота» (АқШ) - 1 750 000 евро
Райан Равелосон (22 ёш), ярим ҳимоячи. «Труа» (Франция) - 1 250 000
Тома Фонтен (28 ёш), ҳимоячи. «Реймс» (Франция) - 1 000 000 евро
Ўйин услуби
Бундай ранг,баранг жамоада қандайдир услубни йўлга қўйишнинг ўзиёқ ўта мушкул вазифа. Таажжубки, шу жамоа Нигерия, Гвинея ва Бурунди орасида ғолибликни қўлга киритди. Натижаку чиндан ҳам ҳайратланарли. Бироқ ўйин услуби талаб даражасидан йироқ. Мадагаскарнинг асосий қуроли, олис узатмалар. Тўғри, Африка Кубоги турнирида жамоа фақат бир марта олис масофадан Гвинея дарвозасини ишғол этди. қолган голларни стандарт вазиятлар ва рақибнинг хатолари эвазига амалга оширди. Мисрда Мадагаскар ўз дарвозасидан атиги 2 марта тўп ўтказиб юборган бўлсада, ҳимоя чизиғида камчиликлар етарли. Марказий ҳимоя чизиғидаги хатоликлар кўплаб хавфли вазиятларга олиб келди.
Байрам арафасидаги фожиа
Нима бўлганда ҳам, гуруҳ ғолиблиги Мадагаскарга насиб этди. Оролликларга кутилмаган, боз устига, улкан шодиёна учун сабаб топилди. Футболдаги муваффақият ички муаммоларни вақтинча унутиш имконини берди. Бироқ афсуски, байрам фожиа билан ёнма, ён келди.
Бурундига қарши баҳс арафасида мустақиллик куни билан ташкил этилган бепул томошаларга ошиққан оломоннинг тартибсиз ҳаракатлари оқибатида Антананариву марказида 16 киши ҳаётдан барвақт кўз юмди.
С.РАҲМОНОВ тайёрлади.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20