Қайднома

Қидирув

Номи номаълум даҳо

Номи номаълум даҳо

  15.07.2019 03:22
  0
  710
Номи номаълум даҳо

«Монако» соҳиби Дмитрий Риболовлевнинг футболдаги ишонган «тоғи» ким эканлигидан хабардормисиз?». Агар бехабар бўлсангиз, билиб олинг: бу, ёш иқтидорлар бўйича маслаҳатчи Луис Кампос. Унга Жозе Моуриньо Хосеп Гвардиоладек даҳо мураббийлар ҳам ҳавас билан қарашади, 2014 йилнинг 25 июль куни «Монако»нинг таркибга ёш иқтидорларни танлаб олиш бўйича маслаҳатчиси Луис Кампос кабинетида узоқ вақт телефон жиринглади. Унга «Ренн»нинг 19 ёшли ўйинчиси Тьемуэ Бакайоконинг агенти сим қоқаётганди. Бироқ Кампос билан боғланиш унга насиб этмади. Луис ўз офисида жуда кам бўлар, асосан уйидаги стол, стул, компьютер ва улкан китоб жавонидан ҳеч нарса бўлмаган хонасида ишларди.

Футболчининг вакиллари офис қабулхонаси орқали ўзларига керакли мутахассис билан боғланиб, учрашишга келишиб олдилар. Музокарага Кампос ўзи билан Бакайокога оид бир қатор ҳужжатлар ва 2 нафар мутахассис билан келди. 2 соатлик мулоқотдан кейин трансферга розилик берди.

қолган масалаларни футболчининг вакиллари клуб юристи билан ҳал қилишди. Бу Луиснинг вазифасига кирмасди. У фақат жамоани шакллантиришга масъул бўлиб, бош­қа жиҳатларга аралашмасди. Мана шу тор доирадаги фаолияти билан Луис Кампос футбол оламига танилди.

Луис Кампосни Жозе Моуриньо қабилидаги мутахассисларга қиёслаш мумкин. Фарқи, Моу профессионал футболчи бўлмаган ҳолда малакали мураббий мақомига эришди. Луис эса 26 ёшгача Португалиянинг ҳаваскор клубларида тўп сурди. Кейин бирданига мураббийлик соҳасига ўтиб кетди. Бироқ 15 йил давомида айтарли натижага эриша олмади. Жумладан, «Жил Висенте» билан Моуриньонинг «Порту»сига қарши баҳсда ҳам. Аммо 2004 йилдаги ўша баҳс туфайли Моу билан танишиб олди ва Испаниядаги фаолиятини бошлади.

Аввалига Луис ўйин тактикасини қунт билан ўрганди. «Жил Висенте»нинг молиявий имконияти ўта чекланган бўлишига қарамасдан, у мураббийлар штабига 5 нафар таҳлилчи ва 4 нафар скаутни жалб этишга раҳбариятдан рухсат олди. «Порту»га қарши беллашув арафасида 2 тунни бедор ўтказиб, таҳлилчиларнинг рақиб ҳақидаги ҳисоботлари билан танишди. Оқибатда «Жил» Моу шогирдлари устидан ишончли (2:0) ғалабага эришди.

Кейинчалик Кампос ўша ўйинда унинг жамоаси қатъий интизом асосида тўп сурганлигини, ҳеч қайси ўйинчи ўз позициясини бўш қолдирмагани ва ёнидаги жамоадошини қўллаб-қувватлаганини эътироф этганди. 6 йилдан кейин «Беназир» уни «Реал»га таклиф этди: Мадридда Кампос рақиб тактикаси таҳлили ҳамда «Кастилья» таркиби жавобгарлигини ўз зиммасига олди. Ўйин тактикаси Кампосни шайдо этганди. У ташкил этган курсда Пеп Гвардиола ҳам таҳсил олганди.

Аслида Луис «Лейрия» бош мураббийига ёрдамчи бўлиб юрган кезларда тактикага меҳр қўйди. У жамоанинг машғулотларида мунтазам иштирок этар, кейин видеоёзувларни қайта-қайта кўриб чиқар ва муҳим  жиҳатларни белгилаб қўярди. 15 йил давомида бу одатидан воз кечмади. Ўзи ишлаган барча жамоаларда у маъмурлардан видеоёзувларни талаб қилар ва шогирдларининг лаёқатини аниқлаб оларди.

Кампоснинг жамоалардаги фаолиятини эринмай ўрганиб чиқилса, ягона умумий жиҳатга дуч келасиз, барча жиҳатларга етарли эътибор билан ёндашиш. Луис ҳар бир машғулот, ўйин ва сафар режаларини аввалдан ишлаб чиқар, нимадир у ўйлагандек бўлмаса, жаҳлдан ўзини тута олмасди. Эҳтимол, мураббийлик соҳасида омади чопмаганининг асосий сабаби ҳам шундадир? Замонавий футбол таваккал ва қайта қуришни хуш кўради. Кампос эса режадан четга чиққанларни ёқтирмасди.

2005 йилда «Бейра-Мар»ни тарк этганича Луис ҳеч қайси жамоага устозлик қилмади. «Порту» ва «Спортинг»га ёш иқтидорларни излаб топиш борасида кўмаклашишдан аввал бошловчи мураббийларга мўлжалланган тактика қўлланмасини тайёрлади. Дарсликдан ўз вақтида «Барсеона» ёшлари, «Порту», «Спортинг», «Марсель» «Гимараеш» ва Португалиянинг бир қатор жамоалари фойдаланишган. Роликни шахсан Гвардиола ҳам ўрганиб чиққан.

Каталониялик мураббий билан Кампос Испаниядаги фаолияти даврида тез-тез учрашиб турарди. Мулоқотлар моҳияти билан қизиққан журналистларга Луис рад жавобини берган. Бу ҳам Кампоснинг ўзига хос табиат соҳиби эканлигини кўрсатади. У билан ўткинчи натижалар бобида баҳслашиш мумкин, лекин услуб хусусида эмас.

«Монако» ва «Лилль»

2013 йилда «Реал» Моуриньони истеъфога чиқаргач, Кампос ҳам Мадридни тарк этди. Лекин аввалги ўн йилликдаги каби узоқ вақт ишсиз қолиб кетмади. Тахминан 1 ҳафтадан кейин «Монако» уни спорт маслаҳатчиси лавозимига таклиф этди. Натижада князлик клуби тизимидан жой олган Луис тез орада техник директор мақомига эришди. Айни ўша паллада «Монако»нинг молиявий қудрати ошиб, россиялик бизнесмен ва раҳбарият унга кенг имкониятлар яратиб беришди. Кампос эса уларни ўз лойиҳаси билан таништирди. Унинг режасига кўра, жамоанинг асосий мақсади савияли таркибни шакллантириш эди. Аммо Луис унда ёшлик шижоати ва тажриба уйғунлини кўриш ниятида эди. У ўз ғоясига қатъий амал қилган ҳолда иш юритди. Селекция ишлари унинг зиммасида бўлди, таниқли скаут Адмар Лопес (Кондогбиа, Одил Ассана, Гаэтано Моначелла ва Абду Диаллоларни кашф этган) унга кўмакчи бўлди. Жуфтлик кейинчалик «Лилл»да ҳамкорликни давом эттирди.

Дастлабки мавсумда Хамес, Фалькао ва Моутиньюлар князликлар сафига қўшилишди. Режани амалга оширишда давом этган Кампос кейин Марсиаль, Фабиньо, Рикарду Карвальо, Димитар Бербатов ва Эрик Абидалларни, 1 йилдан кейин Бернарду Силва, Тьемуэ Бакайоко ва Мартин Стекеленбургни ҳам таркибга жалб этди. Ёш иқтидорларни кашф этиш мақсадида у Франциядаги спорт мактабларини кезиб чиқди, ихчамгина скаутлик тармоғини ташкил этди. Шу тариқа қисқа вақт ичида юлдузлик даражасига кўтарилган иқтидор соҳибларини футбол оламига тортиқ этди:

1.  Антони Марсиаль. Кампос бу ўйинчини ярим йил кузатиб юрди ва 5 млн. еврога харид қилди. 2 йилдан кейин князлик клуби уни 12 баравар қимматроқ баҳода пуллади;

2.  Тома Лемар. У  анчадан бери «Лион»нинг эътиборида эди. Лекин Кампосга Лемарни «Монако»га оғдириш учун 3 марта «Кан» раҳбарияти билан учрашиш етарли бўлди. Кейинчалик жамоа Томани 70 «лимон»га сотиб юборди;

3.  Фабиньо. «Риу Аве» ўз футболчисининг салоҳиятига шубҳа қилмагани сабабли Кампоснинг 15 млн.ли таклифини рад этди. Шунда Луис футболчини 2 йилга ижарага беришни сўради. 2015 йилда эса амалдаги шартномаси 1 йилдан сўнг тугайдиган Фабиньони арзимас 6 млн.га сотиб олди. 2018 йилда «Ливерпуль» Фабиньо учун 45 млн.дан воз кечди;

4.  Бернарду Силва. Шахсан Луис Кампос туфайли «Монако»га келган ва 15 млн.дан кўпроқ (15,75 млн.) сарфланган ягона ўйинчи. Францияда суперюлдузга айланган Силвага «Ман.Сити» 50 млн. сарфлади.

5.  2016 йилда клуб мутасаддилари ва Леонарди Жардим билан муроса қила олмаган Кампос «Монако»ни тарк этди. Ихтиёрида бир нечта таклифлар мавжуд эди: «Рома», «Милан», «Эвертон». Бироқ Кампос Франциядан кетишни истамади ва «Лилль» таклифини қабул қилди. Ўша пайтда клуб соҳиби алмашиб, у барча раҳбарларни алмаштирди. Жерар Лопес президентлик лавозимини эгаллаб, Кампосни техник директор лавозимига келишини талаб қилди. Лекин «Монако»даги имкониятларга «Лилль» эга эмасди. Шунга қарамасдан, Луис ўз вазифасини аъло даражада адо этмоқда. Жамоадаги 1 йил давомида у 17 нафар футболчи билан хайрлашди, 22 нафар янги футболчиларни қабул қилди. Шунингдек, ёш иқтидорларни кашф этишда ҳам фаоллик кўрсатмоқда. Масалан, 2017 йилда у «Анже» аъзоси Николя Пепени таркибга қўшганди. Энди бу футболчи топ клублар орзуси.

6.  Кампос, ўта камтар инсон. Ёшлар билан ишлаш борасидаги маҳоратига касбдошларимиз юксак баҳо беришганида унинг юзлари қизариб кетади, мулоҳазалари эса унинг фалсафасини ошкор этади. «Биз савияли футболчиларни харид қилишимиз ҳам мумкин. Аммо Мбаппедан ибрат оладиган бўлсак, футболчи 20 ёшида ҳам юлдуз даражасига чиқа олади. Ҳамма гап уни топиб, тўғри тарбиялай олишда. Футбол, ёшлар учун яралган спорт тури. Яқин келажакда мукаммал спорт формасидаги ўйинчининг ёши янада қисқаради. Айнан «Лилль» шундай ислоҳотга тайёр туриши учун мен бор куч-билимимни аямайман», дейди Кампос.

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz