Қайднома

Қидирув

Еврокубокда талабалар жамоаси

Еврокубокда талабалар жамоаси

  15.07.2019 05:26
  0
  406
Еврокубокда талабалар жамоаси

Топ-клублар мавсум тайёргарлигини ҳали бошлаб улгурмасларидан, еврокубоклар саралаши старт олди. Ҳатто квалификациянинг қуйи бўғинларида ҳам муносиб клублар учрамоқда. «Кардифф Метрополитен Юниверсити» ҳаваскорлар жамоаси шулар жумласидан. Ҳа, номининг ўзидан кўриниб турибди - бу талабалардан ташкил топган жамоа.

«Кардифф Метрополитен Юниверсити» 15 йил мобайнида Уэльснинг қуйи дивизионларида қатнашиб, маҳаллий Премьер-лигага чиқишни хаёлига ҳам келтирмаганди. Мазкур жамоа Кардифф университетида таҳсил олаётганлардан ташкил топган. Унда фақат талабалар, малака оширувчилар, шунингдек, айрим ўқитувчилар ҳам тўп суришади. Ўқиш, иш ва илмий фаолият туфайли улар бир ҳафтада бор-йўғи икки марта, оқшом пайти машғулот ўтказишади, текинга ўйнашади, ҳеч қандай маош ёки мукофот пулларидан умид йўқ.

Жорий йилнинг баҳорида «Кардифф Метрополитен Юниверсити»даги ҳаваскорлар Уэльс лига кубогини қўлга киритишди - шундан кейин улар ҳақида гап-сўзлар кўпайди. Ҳал қилувчи баҳсда кардиффлик талабалар пенальтилар сериясида маҳаллий топ клублардан бири, бунга қадар қаторасига беш мавсум еврокубокларда қатнашган «Бала Таун»ни мағлубиятга учратишди. Шу тариқа «Кардифф Метрополитен» еврокубокларда иштирок этган Европанинг дастлабки талабалар жамоаси бўлди.

Уларнинг мураббийи - тер-манинг собиқ футболчиси

Кардифф университетида қарийб 12 минг талаба рўйхатдан ўтказилган. Асосий факультетлар: интерьер дизайни, инженерия, сиёсатшунослик, иқтисодиёт, ахборот технологиялари. Яна бир алоҳида бўлимда спорт интизоми бўйича дарс берилади: ўйинлар менежменти, физиотерапия, саломатлик бўйича фанлар ва мураббийлик курслари. Мабодо, ушбу муассасада ўқишни хоҳласангиз, бир йиллик таълим учун ўртача 18-19 минг фунт тўлашингизга тўғри келади. Бу фақат шартнома пули, ётоқхона, овқатланиш, ўқув қўлланмалари, транспорт ва бошқа харажатларга қўшимча тўлов қилиш керак.

Бир неча йиллар аввал Кардифф университетига Кристиан Эдвардс ташриф буюрганди. Айнан унинг шарофати билан талабалар жамоаси ҳақидаги футбол эртаги бошланди. Спорт ҳақидаги аксарият фильмлар сингари, бу ерда ҳам мураббий катта роль ўйнади.

«Суонси» ҳамда «Ноттингем Форест»­нинг собиқ ярим ҳимоячиси, Уэльс миллий ва ёшлар термаларида бир нечта ўйин ўтказишга улгурган футболчи талабаларга шунчаки лекция ўқиш ва илмий иш ёзиш билан чекланмасликка қарор қилди.

Эдвардс талабалар жамоасини шуғуллантира бошлади, Уэльс лига кубогида зафар қучди, шогирдларини Европа Лигаси ҳамда Уэльс Премьер-лигасигача олиб чиқди. Билсангиз, «Бала Таун» ўзининг трансфер нархи билан «Кардифф Метрополитен Юниверсити»дан 27 марта устун ҳисобланади. Ўйинлар пайти талабаларни уч марта тўсин қутқарди, уларнинг дарвозабони эса сўнгги олти йилда илк марта пенальтилар сериясида рақиб йўллаган зарбани қайтарди.

Кристиан Эдвардс «Кардифф Метрополитен Юниверсити»даги оғир шароитда ишлаш қийин бўлаётганини яширмади: «Бундай жамоани бош­қариш жуда мушкул. Профессионаллар билан ишлаётганингда, футболчилардан бирор нимани талаб қилиш мумкин, чунки улар бунинг учун маош олишади. «Кардифф Метрополитен Юниверсити»даги ҳолат эса бошқача. Футболчилар сариқ чақа ҳам олишмайди, шу боис тартиб-интизом бузилганда уларга жарима қўллай олмайман. Бошқа бир муаммо машғулотлар билан боғлиқ. Талабалар ва ўқитувчиларнинг графиги жуда зич: лекциялар, семинарлар, тестлар, турли таълим дастурлари ва курслар дегандек. Улар ҳатто бир ҳафтада уч марта шуғулланишга ҳам баъзан вақт тополмай қоладилар. Кўпроқ вақтларини футболга сарфлашлари, камроқ ўқиб, илмий фаолиятни бир четга суриб қўйишларини сўраш нотўғри бўлади. Йил давомида шундай тартибда ишлаймиз: ҳар душанба ва пайшанба машғулот ўтказамиз, дам олиш кунлари эса чемпионатда ўйинларимиз бор».

 

Университет академия учун пул ажратади. Клуб ўзи пул ишлайди

«Кардифф Сити» - Уэльснинг энг машҳур клуби. Унга малайзиялик миллионер Винсент Тан ҳомийлик қилади, ўтган йили бу жамоа АПЛда қатнашганди. Шаҳардаги асосий стадион - «Миллениум» ўз бағрига 75 минг томошабинни сиғдиради. Мазкур ҳолатда «Кардифф Метрополитен Юниверсити» ўзининг 1500 минг ўринли аренаси, талабалардан иборат таркиби ва бадавлат ҳомийларисиз анча камтар кўринади.

Ҳатто шундай вазиятда ҳам клуб раҳбарияти оқилона сиёсат юритишга уринмоқда, бу орқали нафақат барча харажатларни қоплайди, балки даромад ҳам орттиради. Буни қандай уддаламоқда? Барчасини клуб президенти Грэкхэм Хайнснинг гаплари билан танишгач билиб олишингиз мумкин: «Шуни таъкидлашим керакки, клубимиз университет номи билан аталсада, ушбу муассасадан молиявий кўмак олмайди. Нари борса, бизга ўйин либосларини тақдим этишлари мумкин, ахир мазкур таълим муассасаси шарафини бутун мамлакат бўйлаб ёямиз, сафар учрашувларида уни реклама қиламиз. Раҳбарият сиёсати шундай, улар катталар жамоасига пул ажратишни хоҳлашмайди, бор эътиборни академияга қаратишади. Ёшлар ва болалар билан ишлайдиган мураббийларга маош беришади, шунингдек, транспорт ва формага маблағ ажратишади. Бу ижтимоий лойиҳа, чунки болакай футболчи бўлмаса ҳам, келгусида кўп йиллар мобайнида ўзи шуғулланган майдон ёнидаги Кардифф университетида ўқиши мумкинлигини англаб туради.

Бизга ҳам яхши. Ҳар гал битирувчилар орасидан нафақат таълим олишни хоҳлайдиганлар, балки жамоамизда катта футбол ўйнашни давом эттирадиганлар ҳам чиқади. Бизда «Кардифф»даги Винсент Тан сингари ҳар ярим йилда миллионлаб фунтларни ажратадиган бадавлат президент йўқ. Биз АПЛда ўйнамаймиз, уй учрашувларимизда стадионга ўртача томошабинлар ташрифи 500 кишига тенг бўлади.

Стадионга кириш - 6 фунт туради. Чипталар, клуб атрибутикалари, футболкалари ва дастурчалар сотуви орқали бир мавсум давомида 60-65 минг фунт ишлаймиз. Бу пуллар сафар ўйинлари пайтидаги транспорт харажатларимизни қоплайди, улар ҳисобига йигитларнинг қорнини тўйдирамиз ва ходимларимизга оз бўлсада гонорар тўлаймиз. Умумий ҳисобда клубда мендан ташқари тўрт киши маъмурий лавозимларда ишлашади, шунингдек, болалар академияси раҳбари ҳам бор».

 

220 минг ишлашди, аммо бу пуллар университет

ҳисобига ўтказилади

«Кардифф Метрополитен Юниверсити» - ўзгача клуб. Бу ерда маош ва мукофот пуллари ҳақида гап бўлиши мумкинмас. Даромад манбаи спорт стипендияларига бориб тақалади, шунда ҳам ҳаммаси ўқиш жараёни билан боғлиқ бўлади. Агар қайсидир триместрда ўртача балл тушиб кетса, стипендия тўланмайди. Футболчилар учун биргина бонус - улар имтиҳондан бўлган қарзларини кейинроқ узишлари мумкин. Муаллимлар уларга енгиллик яратиб беришади, чунки дам олиш кунлари ўтадиган ўйинлар, айниқса, сафар учрашувлари учун деярли бир кун сарфланишини билишади. қўшимчасига машғулотлар ҳам бор.

Энди клуб Европа Лигасига чиққани учун 220 минг евро олади, аммо бу пулларнинг ҳаммасини футболчилар кўришмайди. «Ҳа, бу йил ўзимиз учун рекорд даражада бўлган суммага эга бўламиз. Биз ҳаттоки уларни қаерга ўтказишни ҳам билмадик, ахир жамоамиз ҳаваскорларники. Якунда барча суммани университет ҳисобига ўтказишни маъқул кўрдик, кейинчалик пулларни қайси мақсадда ишлатишни биргаликда муҳокама қиламиз. Албатта, қайсидир қисмини футболчилар ва мураббий олиши керак, ахир уларнинг меҳнатлари эвазига ушбу маблағга эга бўлдик», - дейди «Кардифф Метрополитен Юниверсити» президенти.

Transfermarket портали «Кардифф Метрополитен Юниверсити» жамоасини умумий ҳисобда 25 минг еврога баҳолаган. Жамоадаги фақатгина бир футболчи - 28 ёшли англиялик Жоэль Эдвардснинг нархи шунча. У бир пайтлари Англия қуйи дивизионларида ўйнаган. Эдварсдан ташқари, клубда яна икки инглиз легионери - Гарри Оуэн ҳамда дарвозабон Еса Альто бор. Барчалари шу университетда ўқишади, шу тариқа илмий даража олишмоқчи. Ахир клубдагиларнинг ярми шундай мақомга эга.

Энди ўқишдан ташқари уларнинг олдида яна бир вазифа турибди - еврокубокларда имкон қадар узоқроққа бориш. Шу боис, жорий йилдаги ёзги таътил аввалгиларидан нисбатан қисқароқ давом этади. Кристиан Эдвардс жамоасини Европа Лигасига тайёрлашни июнь ойи ўрталарида бошлаб юборганди. «Кардифф Метрополитен Юниверсити» еврокубоклардаги дебютини сафарда Люксембугнинг «Прогресс» жамоасига қарши ўтказиб, кичик ҳисобда ютқазди.

«Прогресс» футболчиларининг умумий нархи айни пайт 2 миллион еврога баҳоланмоқда. «Кардифф Метрополитен Юниверсити» уларга мухлислар билан тўлган стадион ҳамда шиддатли ўйин орқали жавоб қайтаради.

У.УМАРОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz