Қайднома

Қидирув

Қароқчилар кемаси устидаги фаришта

Қароқчилар кемаси устидаги фаришта

  16.07.2019 01:29
  0
  544
Қароқчилар кемаси устидаги фаришта

Ўтган ҳафтада футбол оламини ҳайратдан ёқа ушлашга мажбур этган тарихий ғалабага 15 йил бўлди. Асримизнинг энг ажабтовур финали, 2004 йилнинг 4-июль оқшомида Лиссабонда бўлиб ўтган Португалия-Греция (0:1) учрашувида Отто Рехагель бош меъмор, Ангелос Харистеас эса асосий ижрочи ролларини адо этишганди. «Фаришта» («Ангел») ибораси эллинларга мансуб бўлсада, 2004 йилга қадар юнон мифологиясида бундай фаришта мавжуд эмасди. Ангелос Харистеас бошининг бир силкиши билан янги афсонага асос солди. Унинг аниқ зарбаси «фаришта» етакчилигидаги «қароқчилар»­ни Европа тахтига олиб чиқди. Бироқ мазкур афсонани яратиш анча аввалроқ бошланганди.

«Қизил иблис»

1996 йилнинг баҳорида немис футболида жиддий можаро юз бериб, «Бордо»га қарши УЕФА кубоги финали арафасида «Бавария» раҳбарияти бош мураббий Отто Рехагелни истеъфога чиқарди. 57 ёшли мутахассис қуйи дивизионга тушиб кетган (ўз тарихида илк марта) «Кайзерслаутерн»ни элитага қайтаришга қарор қилди.

«қизил иблислар» герр Оттога бегона эмасдилар, футболчилик фаолиятининг сўнгги 6 мавсумини у ўнг қанот ҳимоячиси сифатида ушбу жамоада ўтказганди. Аламзада мураббийдаги қадрдон клубини Бундеслигага қайтариш ва «Бавария»нинг бурнини ишқаб қўйиш истаги шу қадар кучли эдики, унинг «шайтон»лари парвозга кўтарилганча пастлашни ўйлашмади. Жамоа 34 турнинг 27тасида турнир жадвалида етакчилик қилди, мавсумни энг яқин таъқибчидан 10 очкога ўзган ҳолда якунлади. Шу тариқа режанинг биринчи қисми уддаланди.

Иккинчи, ҳал қилувчи босқич янада ёрқинроқ адо этилди, элитага қайт-ган герр Отто жамоаси «Бавария»ни 2 марта (2:0, 1:0) тиз чўктирган ҳолда шоҳсупага кўтарилди ва дебют мавсумидаёқ чемпионликка эришган илк жамоага айланди. Табиийки, ўч олишдан қониқиш ҳосил қилган «қизил иблис» йиртқичларга хос табассум билан шогирдларига яна 2 йил устозлик қилди. Шундан кейин янги синовларга шай эканлигига амин бўлди.

 

Юнонистон изтироблари

Рехагель ўзининг «Кайзерслаутерн»и билан Германиянинг таъзирини бераётган паллада Греция йирик мусобақаларнинг доимий томошабини бўлишдан нарига ўта олмаётганди. Жамоа 1994 йилда АқШ мундиалида қатнашган бўлсада, ўз гуруҳида Нигерия, Болгария ва Аргентина терма жамоаларига умумий 0:10 ҳисобида имкониятни бой берганди. қитъа биринчиликлари эса 1980 йилдан бери эллинларсиз ўтганди. Оқибатда бу изтиробларнинг поёни йўқдек туюларди. 2001 йилнинг ёзида Вассилис Даниил раҳбарлигидаги Греция Осиё мундиалига чиқиш имкониятини йўққа чиқариб улгурди. Шу сабабли саралаш босқичининг якунига 2 тур қолганида Отто Рехагель бош мураббий лавозимига таклиф этилди. Герр Оттонинг арзимас имкониятларни улкан ютуққа айлантира олиш қобилияти («қизил иблис» «Кайзерслаутерн»дан ташқари «Фортуна»ни кубок ғолиблигига, «Вердер»ни 2 марта чемпионликка олиб чиққанди) грециялик мутасаддилар эътиборини тортганди.

Дебют Рехагель учун омадсиз бошланди. Жамоа Финляндия сафаридан йирик (1:5) мағлубият билан қайтди. Аммо саралашнинг якуний баҳсини дадил ўтказди. Англия ўз майдонида 93-дақиқадаги гол эвазига мағлубиятдан (2:2) қутулиб қолди. Бой берилган зафардан куйинишга вақт ҳам, сабаб ҳам йўқ эди. Рехагель олдида Грецияни Евро-2004га олиб чиқиш вазифаси турарди.

 

Сермашаққат сафар

Португалия еврофоруми саралашининг дастлабки 2 беллашувидан сўнг Рехагель олдига қўйилган вазифа амалга ошмайдигандек кўринди. Жамоа ўз уйида Испаниядан, сафарда Украинадан бир хил 0:2 ҳисобида енгилди ва охирги ўриндан жой олди. Бироқ юнон ҳикматига кўра, юлдузлар ёнига кўтарилиш, сермашаққат сафар. Стартдаги «тарсаки»дан эс-ҳушини йиғиб олган Греция қолган 6 учрашувнинг барчасини ғалаба билан якунлади, ўз дарвозасидан бирорта ҳам тўп ўтказиб юбормади. Собиқ ҳимоячи Рехагель ўз шогирдлари билан деярли ўтиб бўлмайдиган қалъа жамоани шакллантирди. 2003 йилнинг июнида Испаниядан зафар (1:0) билан қайтган греклар 1-ўринга кўтарилишди. Шу тариқа эллинлар 24 йил ичида илк бор, ўз тарихларида 2- марта Евро иштирокчисига айланишди.

Андердог-қароқчи

Финал босқичи арафасида Грециянинг ғолиблиги коэффициенти 250 х 1га тенг эди. Квартетдаги рақиблари ҳам анойилардан эмасди - Португалия, Испания, Россия. қўшимчасига, юнонлар турнирнинг очилиш беллашувида мезбонларга қарши майдонга тушишарди. Хуллас, гуруҳдаги андердог роли герр Отто жамоасига жуда мос эди. Таркибдаги энг машҳур ўйинчилари «Интер» ярим ҳимоячиси Карагунис ва «Рома» ҳимоячиси Деллас бўлиб, қолган ўйинчиларни кўпчилик деярли танимасди.

«Драгау» стадионидаги очилиш маросими арафасида Португа бир кема сузиб келганида, грециялик шарҳловчилардан бири шундай деганди: «Футболчиларимиз олдида қароқчиларга айланиш ва ғалабани ўмариш вазифаси турибди». Табиийки, ўша паллада даҳоларга хос башорат қилганлигидан хорижлик касбдошимиз бехабар эди.

Омаднинг улуши ҳам

йўқ эмас

Эллинлар қароқчилик хислатларини илк учрашувдан намойиш эта бошладилар. Мезбонлар ўйинга енгил сайр сифатида баҳо беришди ва бунинг учун ҳар бўлимда биттадан гол билан «мукофотланишди». Дарвоқе, Басинаснинг пенальтидан киритган ғалаба тўпига 19 ёшли Роналдунинг қўполлиги сабаб бўлганди. Тўғри, кейинчалик Криштиану жавоб голини уриш билан айбини ювди. Бироқ ўйин грекларнинг ғалабаси билан якунланди.

Иккинчи турда Рехагель шогирдлари Испания билан дурангга (1:1) эришиб, гуруҳдан чиқиш учун яхши имкониятга эга бўлишди. Аммо Кириченконинг Европа чемпионатлари тарихидаги энг тезкор голи ва Буликиннинг аниқ зарбаси вазиятни бир оз мушкуллаштирди.

Агар баҳс шундай ҳисоб билан тугаганида, мезбонлардан енгилган испанлар плей-ффга чиқишарди. Бироқ Вризаснинг жавоб тўпи эвазига юнонлар Россияга 1:2 ҳисобида имкониятни бой беришди ва голлар сони бўйича (4:4га 2:2) испанларни чорак финалдан маҳрум этишди. Тарихнинг ёрқин саҳифасини бита бошлаган қароқчилар иштаҳаси тобора кучайиб борди.

Недведнинг жароҳати

Чорак финалда қароқчилар Францияни капитуляцияга имзо чекишга мажбур этишди. қаторасига жаҳон ва Европа футболи тахтларини эгаллаган Зидан жамоадошлари 90 дақиқа давомида Никополидис дарвозасини ўққа тутиб, ҳеч нарсага эриша олмадилар. Иккинчи бўлимнинг ўрталарида эса Харистеасни тўхтата олишмади ва мағлубиятни тан олишди.

Чехияга қарши ярим финал ўта кескин тўқнашувга айланди. Агар 1-бўлимда оғир жароҳат олган Павел Недвед майдонни тарк этмаганида, бу материал ҳам дунёга келмаган бўларди. Етакчи ўрнини эгаллаган Шмицер Недведдек самарали ўйнай олмади. Овер-таймларда чехлар сустлашиб қолишди. Оқибатда Деллас 105-дақиқада Петр Чех дарвозасига ғалаба тўпини йўллади.

Буюк финал

Грециянинг парвози аъло даражадаги ишончли ҳимоя ва тезкор қарши ҳужумга асосланган Рехагель услубига асосан ва кўпчилик мутахассислар тахминига зид эди. Уларнинг наздида ғолибликка Португалиядан кўра муносиброқ номзод мавжуд эмасди. Тўғри, мусобақа мезбонлари ярим финалга инглизларнинг жиддий қаршилигини енгган ҳолда чиқишди - 2:2, пенальтилар сериясига кўра 6:5. Финал йўлланмаси эса Голландияни уйига равона қилиш (2:1) орқали қўлга киритилди. Шундан кейин бутун мамлакат зафарни муносиб нишонлаш тадорикини кўриш билан банд бўлди.

Бироқ айни ўша паллада Португалия пойтахти яқинида эллинлар кемаси лангар ташлади. Унинг устида Ангелос Харистеас қиёфасидаги «фаришта» пайдо бўлди.

Ана шу ташриф туфайли Лиссабондаги шодиёна тайёргарлик югур-югурлари ўрнини бир неча соатлардан кейин мотамсаро чуқур сукунат эгаллади. Ҳозирда энг ёрқин юлдузларнинг бири бўлиб турган ёш Роналду кўзларидан оққан аламли ёшлар ўз уйида турган тож қароқчилар томонидан ўғирлаб кетилганинг оқибати эди.

Ҳа, юнонлар ғалабаси шунчалик мантиққа зид, кутилмаган ва ҳайратланарли бўлди. Буни ҳатто Грециядагилар ҳам кутишмаганди десак муболаға бўлмайди. Аммо мўъжиза рўй берганидан кейин уни ҳақли эмасди деган фикр ҳеч кимнинг хаёлига келмади. Шунчаки, юксак малакали мураббий ўртамиёна савиядаги жамоага керакли ижрочиларни жамлаб, уларда ўз куч-маҳоратларига ишонч уйғотди, ўзи билан боғлиқ мўъжизаларни инсон кучли иштиёқ, машаққатли меҳнат ва чинакам жасорат эвазига ўзи яратишига ишонтирди. «қизил иблис»нинг «қароқчи» шогирдлари уни Еврода амалга оширишди. Ҳатто Геракл ҳам бунчалик мукаммалликка эриша олмаган бўларди. Бор гап шу...

Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz