Қайднома

Қидирув

«Трамплин»дан сакраш

«Трамплин»дан сакраш

  17.07.2019 05:00
  0
  395
«Трамплин»дан сакраш

Элдор Шомуродов яна гол урди. У бу сафар Россия ПЛ 1-турида «Ростов»нинг ғалабасига муносиб ҳисса қўшди. Мухлислар қувончи чексиз. Элдорнинг тўпурарлик қобилияти янада сайқалланаётганидан ҳамма хурсанд. Қувондиқ Рўзиевдан сўнг Жалолиддин Машарипов ҳам футболимиз муҳитида ёш истеъдодларнинг илдиз отиб, оёққа туриб олиши нақадар мураккаблиги ҳақида сўзлади. Уни тинглаган мухлислар «Эҳ», дея бош чайқашди афсус-надомат билан. Қувонч ва изтироб, умид ва умидсизлик, ишонч ва шубҳа... Бир-бирига қарама-қарши бу туйғулар бугун мухлислар қалбида ёнма-ён яшамоқда. Яхши ва ёмон! Ёмон ва яхши! Бир-икки дадил қадам ташласангиз, футболимизнинг ёруғ келажаги билан учрашадигандексиз. Лекин зарур масофа босиб ўтилгач, яна рўпарангизда бўшлиқ турганини кўрасиз...

 

Ёруғ манзилларга қанча масофа қолди ва унга футболимиз қачон етиб боради? Элдор Дон бўйида порламоқда. «Ионов, давай, подавай!» - дея мухлислар ҳамюртимизга тўп оширилишини талаб қилишмоқда. Кўз тегмасин! Бу мавсум Элдор учун чинакам камолот палласига айланишига барча мухлислар ишонишмоқда. Одил Аҳмедов вақтида, айнан Элдорнинг ёшида Луис Фелиппе Сколари ва Ривалдони ҳайратлантирганди. Кейин эса «Анжи»нинг мард жанг­чиси мақомида Самуэль Это~Они ажаблантирди. Энди навбат Элдорга! У жаҳон футболини фавқулодда кучли иштиёқ билан қалқитиб юборган исланд футболчилари билан бирга тўп сурмоқда. Элдорга ва бош жамоамизга ўша исландлар йўлини берсин! Йўқ, футболдаги модел хусусида мақтанишимиз шарт эмас. Ана, исландиялик мухлисларнинг қўллаб-қувватлаш услубини бинойидек ўзлаштирдик. Осмон узилиб ерга тушмади, миллийлигимизга ҳам путур етмади. Шу маънода Элдор ҳам иштиёқ бобида исландиядик клубдошларини ортда қолдиришини жуда-жуда истаймиз. У Австриядаги турнирда ЦСКА дарвозасига 2та гол урганида, беихтиёр Москва клублари дарвозабонларини хўп қийнаган Биродар Абдураимовни эслагандик. «Оренбург» дарвозасига урган голи эса Андрей Шевченко ҳаракатларини ёдимизга солиб юборди. Жанубий Корея томонларда Икром Алибоев кучли рақобат ичра дадил бўй ростламоқда. Назаримизда, айнан у Элдор Шомуродов учун Алексей Ионов вазифасини бажариши мумкин. Ўзи ҳам гол уради, Элдорга тўп ҳам узатади.

Эктор Купер мана шу имкониятдан максимал даражада фойдаланмоғи даркор. Бошқа вариантлар орқали зарур натижага эришиш мушкул. Эктор Купер ўзи шундай хулосага келса, нур устига аъло нур. Акс ҳолда, унга таъсир ўтказиш - ОАВнинг вазифаси. Матбуотимиз ҳар қанча фаоллик кўрсатмасин, ЖЧ-2014 ва ЖЧ-2018 саралаш босқичлари даври Миржалол Қосимов ҳамда Самвел Бабаянга етарлича таъсир ўтказолмади. Аниқроғи, улар ўз билганларидан қолишмади, матбуотдаги жўяли мулоҳазаларга эътибор қаратишмади. Бошқача айтганда, ўзларининг маҳоратларига ортиқча баҳо беришди. Журналистларнинг аслида унча-мунча профессионалларга сабоқ бўлгудек қарашлари ҳар икки мураббийни қизиқтирмади. Улар салгина эътиборлироқ бўлишганида, футболимиз икки олтин авлодни самарасиз бой бермасди. ЖЧ-2014 саралаш босқичи якунидаги «плей-офф» раундида Иордания терма жамоаси дарвозасига пенальтидан гол уролмаган, ЖЧ-2018 саралаш босқичи финиш маррасида Жанубий кореяликлар дарвозасига йўл тополмаган Одил Аҳмедовнинг аламли кўз ёшларини унутиб бўладими? Йўқ, асло! Шундай экан, янги авлод тақдирига томошабин ролида жим қараб туриш ярамайди. Мураббийлик соҳасининг қонун-қоидалари ўз йўлига. Бу фоний дунёда ўзгармайдиган қонун-қоидалар камдан-кам топилади. Албатта, мураббийга кўр-кўрона босим ўтказиш - оқлаб бўлмайдиган ҳолат. Биз анархия тарафдори эмасмиз. Исталган мулоҳаза билан мураббийга босим ўтказишни мутлақо ёқламаймиз. Айни чоғда Миржалол Қосимов ва Самвел Бабаян давридаги хатолар яна такрорланишини ҳам хоҳламаймиз.

Муҳтарам мухлис! Аёнки, бу мулоҳазаларни ўз-ўзидан қоғозга туширмадик. Зеро, терма жамоамизда ҳам, Суперлигада ҳам аввалги хатоларни такрорлашга уриниш аломатлари сезилмоқда. Эктор Купер-ку, футболимизнинг хатоларга тўла тарихидан бехабар. Хавотирлиси, кечаги тарих фаоллари аста-секин яна футболимиз саҳнасини эгаллашмоқда. Мавсум арафасида Азиз Турғунбоев трансфери масаласи «Навбаҳор» мухлисларини ранжитди. Энди Остон Ўрунов жамоа билан хайрлашди. Ҳар икки футболчи ҳам «Нав­баҳор»да «ярқ» этиб кўзга ташланди. Шундан кейингина гранд жамоа­лар уларни қўлга киритиш пайига тушди. Савол туғилади: «Навбаҳор» гранд жамоалар учун ёрқин истеъдодларни топиб, етказиб берувчи «трамплин»ми? Чемпионликни кўзлаган жамоанинг шартномаси мавжуд асосий таркиб футболчисини қўйиб юбориши мақсадга мувофиқми? Ўйинчининг хоҳишига қараб, келишувни исталган пайт бекор қилиш клуб мухлисларига нисбатан ҳурматсизлик эмасми? Трансфердан тушадиган катта маблағ муҳимми ёки чемпионлик?

Юқоридаги саволларга жавоб изламай туриб, мухлисларга катта-катта ваъда бериш ноўрин. Масалан, «Қизилқум» «трамплин» бўлишга рози. Шу боис бу жамоа чемпионлик борасида оғиз очмайди. «Навбаҳор»да эса вазият ўзгача. Наманган футболи 1996 йил тарихини такрорлаш орзуси билан яшамоқда. Шундай ҳолатда Остон Ўрунов билан у ҳали кўзга ташланмай туриб, асосий таркибда ўйнаш оловида ёнаётган бир паллада узоқ муддатли шартнома тузиш мумкин эди. Ҳа, энди «Эди» иборасини қўллашга мажбурмиз. Бошқа нима ҳам дердик? Ахир мазкур муаммо фақат «Нав­баҳор»гагина тааллуқли эмас-ку?! УЕФА ёки АПЛ умумий маромни сақлаш учун айрим жамоаларга молиявий чекловлар жорий этганидан кўпчилик хабардор. Нима учун ЎФА ёки ПФЛ футболимиздаги маромни сездирмайгина бузаётган жамоаларни тартибга чақиролмайди? Балки янги сайланган раҳбарият бу ишнинг уддасидан чиқар... Ноумид - шайтон! Умид қиламиз, умид қилаверамиз!

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz