Қайднома

Қидирув

Элдор Шомуродов: «Ҳали «грандлар қотили»га чиқаришгани йўқ»

Элдор Шомуродов: «Ҳали «грандлар қотили»га чиқаришгани йўқ»

  17.07.2019 01:04
  0
  998
Элдор Шомуродов: «Ҳали «грандлар қотили»га чиқаришгани йўқ»

Аввалги ҳафта Россия Премьер-лигаси-2019|2020 карвони йўлга тушди. Тушунарлики, бизда ушбу чемпионатга қизиқиш анча баланд. Чунончи, бир қатор ҳамюртимиз Россия лигасида тўп суришади. Жумладан, Элдор Шомуродовнинг фаолиятига диққат билан қарашимиз турган гап. Зеро, у бугунги миллий жамоамизнинг асосий умидларидан бири сифатида гавдаланмоқда. Қувонтирган томони, «Ростов» чемпионатни айнан ҳамюртимизнинг фойдали ҳаракати эвазига ғалаба билан бошлади. Яъни ростовликлар дастлабки учрашувда «Оренбург»ни 2:1 ҳисобида енгишди. Шомуродов эса мазкур баҳс­да жамоасининг биринчи голига муаллифлик қилди. РПЛ баҳслари бошланишидан олдин RT мухбирлари Шомуродовни суҳбатга чорлаб, унинг бўлажак мавсумдан нималар кутаётганига қизиқишди. Элдорнинг фикрича, ЦСКА ёки «Спартак»ка қарши ўйинларни унинг учун принципиал жанглар қаторига киритиш ноўрин. «Ростов» ҳужумчиси мусоҳаба давомида турли масалаларга тўхталди: Хитойда ўйнаш имконияти,  Артём Дзюбанинг Англияда муваффақиятли фаолият юритиши эҳтимоли, клуб бош мураббийи Валерий Карпиннинг майдон ташқарисидаги ҳолати ва ҳоказо...

 

- Париматч Премьер кубогининг сўнгги ўйинида 2та гол уриб, «Рос­тов»нинг ЦСКА устидан ғалаба қозонишини таъминладингиз. Хўш, қандай ҳиссиётларга берилдингиз?

- Бу ўртоқлик учрашуви, шунинг учун эҳтиросларим жўшиб кетгани йўқ. Зеро, асосий вазифамиз тайин эди - мавсумга яхши тайёргарлик кўриш. Хуллас, натижа эмас, жисмоний ҳолатимизни яхшилашга кўпроқ эътибор қаратдик.

- Лекин ўртоқлик турнири бўлса ҳамки, ЦСКАдек жамоа дарвозасига 2та гол йўллаш муҳим эмасми?

- Албатта, ҳужумчи учун гол уриш ҳамиша муҳим. Хусусан, «ўртоқлик»­да ҳам худди расмий ўйиндаги каби ҳаракатланиш керак.

- Бундан олдин «Ростов» сафида фақат бир марта «дубль» қайд этгандингиз. Сиз учун қайси бирининг аҳамияти балнд - расмий ўйин­да «Тосно» дарвозасига урилган 2та голми ёки назорат баҳсида ЦСКАни 2 бора жазолаганингиз?

- Ҳаммаси оддий: Россия Премьер-лигаси ўйинидаги «дубль» анча салмоқли, албатта. Шундай экан, Ленинград области клубига қарши ўйиндаги «дубл»ни танлайман.

- Охирги йил давомида «Ростов» сафида грандлар дарвозасини ишғол қилиш бўйича мухатассис сифатида кўзга ташландингиз. Айтинг­чи, голларингиз «Спартак» ва «Краснодар»га қарши учрашувларга тўғри келгани шунчаки, вазият тақозосими?

- Аслида шундай. Ҳар ҳолда, топ-клублар билан ўйинларга алоҳида тайёргарлик кўрмайман. Табиийки, ҳар бир рақиб дарвозасига йўл топишни истайман. Лекин шундай бўлиб чиқдики, айнан «Спартак» ва «Краснодар»га қарши баҳсларда гол урдим.

- Ўша учрашувлардан сўнг жамоадошларингиз сизга қандайдир лақаб қўйишдими?

- Йўқ, «Грандлар қотили» дейишмаяпти.

- Россиялик футболчилар «Жануб дербиси» ва кучли 5та жамоага қарши баҳсларга ўзига хос тарзда шайланишади. Бундай ўйин­лар олдидан легионерлар ўзларини қандай ҳис қилашади?

- Балки россияликлар чиндан ҳам, топ-жамоалар билан учрашувларга алоҳида ёндашишар... Лекин шахсан мен ҳар қандай рақибга бир хил қарайман. Дейлик, «Спартак» ёки ЦСКАга қарши учрашувларнинг мен учун принципиал аҳамияти йўқ.

- Россия ПЛда урган қайси голингиз ўзингиз учун энг эсда қоларлиси?

- Бирортасини алоҳида кўрсатишим қийин. Чунки ҳар бири жамоамга очко олиб келди. Менимча, «Спартак» дарвозасига урилганини алоҳида кўрсатсам бўлар. Негаки, «Ростов» ўша учрашувда ғалаба қозонганди.

- «Спартак» ва «Краснодар»га қарши ўйинларда захирадан майдонга тушиб, гол урдингиз. Карпин сиздан «жокер» ролида фойдаланаётганидан қониқиш ҳосил қиляпсизми?

- Шубҳасиз, бундай жамоалар билан баҳсларда гол уриш ёқимли. Лекин ҳар қандай футболчи майдонда кўпроқ ўйнашни истайди. Ҳаммаси бош мураббийнинг қарори. Мен истайманми ёки йўқ - бу муҳим эмас. Лекин берилган имкониятдан ҳамиша максимал даражада фойдаланишим шарт.

- Агар танлаш имконияти берилса, «Ростов»нинг асосий ўйинчиси бўлишни танлайсизми ёки Европанинг кучли клубида захира вакили сифатида ўтириб, Чемпионлар Лигаси финалида ҳал қилувчи голни уришни?

- Албатта, «Ростов»нинг асосий таркибига киришни маъқул кўрардим.

- Ҳар бир спортчи болалигида кимгадир ҳавас қилади. Хўш, кимга кумир сифатида қарагансиз?

- Фернандо Торрес ва Дидье Дрогбага.

- Гап жаҳон футболи юлдузларига тақалган экан, одатий савол: ким кучли Лионель Мессими ёки Криштиану Роналду?

- Менга Месси кўпроқ ёқади. Айни пайт уларнинг ҳар иккиси ҳақли равишда жаҳоннинг энг яхши футболчилари бўлиб турибди. Агар меҳнаткашлик ва иқтидор назарда тутилса, унда иккинчиси танлайман.

-Transfermarkt.de сайти маълумотларига кўра, айни пайт Хитойда фаолият олиб бораётган Одил Аҳмедов Ўзбекистоннинг энг қимматбаҳо футболчиси бўлиб турибди. Сизга ҳам Хитой клубларидан таклиф тушганми?

- Ҳозирча йўқ.

- Кўплаб футболчилар айни кучга тўлган пайт Европа клубларидан воз кечиб, Хитойга йўл олишди. Бу пул ортидан қувиш эмасми?

- Менимча, ҳар бир футболчи ўз қарорига эга.

Шу пайт суҳбатга «Ростов» бош мураббийи Валерий Карпин аралашиб, шогирдига бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

- Нима, Хитойга футбол нуқтаи назаридан ўсиш учун йўл олиш мумкинми?

- Албатта. Мамлакат яхши чемпионатга эга ва у ерда жаҳон футболининг бир қатор юлдузлари тўп суришади.

- Шахсан сен ҳозир Хитой клуби сафига қўшилишга рози бўлармидинг?

- Айни пайт - йўқ.

- Нима учун? Ахир у ерда футбол бобида юксалиш имконияти бор, юлдузлар ҳам...

- Тўғри, аммо Россия чемпионати даражасида эмас.

Карпин саволларига жавоб олгач, меҳрибонларча Шомуродов бошига уриб қўйди ва чиқиб кетди.

- Вақтида Артём Дзюба ҳам Хитойдан таклиф олганди. Лекин у яқинда фаолиятини Англия Премь­ер-лигасида давом эттириш нияти борлигини билдирди. Россиялик футболчи 30 ёшида ҳам Англия чемпионатида ўйнаб кета оладими?

 - Нега ўйнай олмас экан? Албатта, Дзюба ёш эмас, иккинчи томондан эса, АПЛда ўйнаш учун етарли тажрибага эга.

- Шундай бўлсада, Дзюба топ-клубдан жой олишга умид боғлаши қийин ва эҳтимолки, ўртамиёна жамоаларда ўйнаш билан чекланишига тўғри келар... Бу «Зенит» сафида Чемпионлар Лигасида ўйнашдан воз кечишга арзийдими?

- Шахсан мен туманли ўлкада ўйнаш имкониятини қўлдан чиқармасдим. Менимча, АПЛ - Европадаги энг кучли чемпионат.

- Испания Примероси-чи?

- Ўйлайманки, ҳозирда ҳамма Анг­лия чемпионатини бошқалардан кучлироқ ҳисоблайди. Албатта, Испания чемпионатини ҳам алоҳида эътироф этиш керак. Зеро, Ла-лигада ҳам бир қатор топ даражадаги клублар бор.

- Агар айтайлик, «Астон Вилла»га чақиришсаю, асосий таркибда ўйнашингизга кафолат беришмаса, рози бўлармидингиз?

- Тўриси, бу саволга дарҳол жавоб беролмайман. Айни пайт «Ростов» шарафини ҳимоя қиляпман ва фикру хаёлим шу жамоа билан банд.

- Ўзбекистонда «Бунёдкор» сафида муваффақиятли ўйнагансиз. 2015 йили эса Осиёнинг энг яхши ёш футболчиси бўлишга даъвогарлик қилгансиз. Аммо Достон Ҳамдамовга имкониятни бой бергансиз. Ҳаққонийми?

- Эсимда, мазкур мукофот лауреати ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати тугашидан кейиноқ аниқланган. Ўша турнирда Достон мендан кўпроқ гол урганди. Балки шу нарса ҳал қилувчи фактор бўлгандир.

- Кейинчалик сиз «Ростов»га ўрнашиб олдингиз, Ҳамдамов эса «Анжи» сафида бирорта гол уролмай, Ўзбекистонга қайтди ва «Пахтакор» аъзосига айланди...

- Достоннинг Россияда муваффақиятли ўйнашига нима халақит берганини билмайман. Ўз фикримни айт­сам, Достон «Анжи»да ўйнаб кетадиган даражада қобилиятга эга футболчи. Жуда яхши ўйинчи. Эҳтимол, унга нимадир етишмагандир...

- Яқинда ЦСКА президенти Евгений Гинер лигани кенгайтириш режасини тақдим этди. Унга кўра, турнирга Беларусь, Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар клублари қўйилиши мумкин. Бу яхши ғоями?

- Менимча, қизиқарли таклиф. Ўйлашимча, «Пахтакор»дек жамоа Россия ПЛда муваффақиятли ўйнаб кетишга қодир.

- «Ростов» жорий мавсум ўз олдига еврокубокларга чиқиш вазифасини қўймоқдами?

- Ҳозирча раҳбарият аниқ вазифа хусусида гапиргани йўқ. Лекин биздан лоақал Европа Лигасида ўйнаш ҳуқуқини берадиган ҳудудга киришимизни кутишларини биламиз. Албатта, ушбу вазифани уддалашга ҳам ҳаракат қиламиз.

- Жамоа ўтган мавсумнинг биринчи қисмини яхши ўтказди. Лекин иккинчи даврада нисбатан ишончсиз ўйнади. Кучинглар етмадими ёки захира «тор»лиги халақит берди?

- Гап фақат шунда эмас, фикримча. Нафақат иккинчи, балки биринчи даврада ҳам аутсайдерлар билан ўйинларда кўп очко йўқотдик. Якунда атиги 9-ўринни банд этишимизга айнан шу жиҳат бош сабаб бўлди.

- Жамоа муваффақиятларида мураббийнинг роли катта. Карпинга қандай таъриф берасиз?

- Икки оғиз сўз билан таърифлаш қийин. Шубҳасиз, Валерий Георгиевич баъзида мураббий сифатида ўта талабчан ва қаттиққўл. Лекин футболчилар билан ҳамиша очиқ гаплашади.

- Майдон ва унинг ташқарисидаги Карпин ўртасида қандай фарқ бор?

- У машғулотлар пайти қайсидир футболчининг ҳаракатларидан қониқмаса, барчасини очиқ айтишдан хижолат қилмайди. Аммо ўзаро суҳбатда умуман бошқача инсонга айланади. Барчага бирдек меҳрибон.

Айтганча «Шомуродов бу мавсум нечта гол уради?»

«Ростов»нинг «Твиттер»даги саҳифаси Россия Премьер-лигасига кичик ҳазил қилди. Чунончи, РПЛнинг тармоқдаги расмий саҳифасида жамоа ҳужумчисига қаратилган твит пайдо бўди: «Элдор Шомуродов бу мавсум нечта гол уради?» «Ростов» вакиллари бунга ҳазиломуз тарзда жавоб қолдирдилар: «Биз бу мавсум соат 21:30да неча марта ўйнаймиз?»


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz