Қайднома

Қидирув

Аёллар мундиали ҳам чакки эмас

Аёллар мундиали ҳам чакки эмас

  17.07.2019 03:21
  0
  447
Аёллар мундиали ҳам чакки эмас

Аёллар ўртасидаги ЖЧ-2019 финали чипталар сотувга чиқарилгач, атиги ярим соат ичида тугади. Бу нимадан далолат? Албатта, нозик жинс вакиллари мундиали обрўси тобора ошиб бораётганидан. Муҳим баёнот: аёллар футболи АҚШ термасининг абадий ғалабалари ёки Марта ва Алекс Морганнинг тинмай гол уриш бобидаги қаҳрамонликларидангина иборат эмас. Оддий айтганда, аёллар ўртасидаги халқаро турнирларга беписанд қараш вақти ўтди. Дейлик, Европа ва Америкада бундай мусобақаларга қизиқиш анча баланд.

Аёллар футболи рейтинги ошмоқда

Лион шаҳрида жойлашган «Люмьер» стадиони деярли 60 минг томошабинга мўлжалланган. Арена эгаси - «Лион» (эркаклар клуби) раҳбарияти ФИФА ёрдами билан ЖЧ-2019 финалига 57 минг ўриндиқ ҳозирлади. Эҳтимолки, халқаро футбол уюшмаси кўп ўтмай, ҳал қилувчи баҳсга каттароқ стадион танламаганидан афсуслангандир... Чунончи, мундиал чипталари сотувига старт берилгач, атиги 31 дақиқа ичида 57 минг ўриннинг барчаси «брон» қилинди. ФИФАнинг махсус баёнотига кўра, финални стадионнинг ўзида кўришни истаган чамаси яна 20 минг кишига чипта тегмаган. Диққат қилинг, буларнинг барчаси март ойидаги воқеалар. Умуман, ЖЧ-2019 ташкилотчилари атиги 24 соат ичида нақ 600 минг дона чипта сотишга улгургандилар. Ҳа, аёллар мундиалида мухлислар ташрифи жойида бўлди. Шунингдек, стадионларда ажойиб муҳит ҳукм сурди - чиройли мухлислик.

Техник ҳомийлар манфаатдор

Аёллар футболи рейтингининг кўтарилишидан жамоалар техник ҳомийлари ҳам манфаатдор, албатта. Мисол учун, Business Insider маълумотларига кўра, Nike жорий йил АҚШ аёллар терма жамоаси футколкасини сотиш борасида рекорд ўрнатди. Порталда таъкидланишича, йил давомида Nikeнинг аёллар футболи атрибутлари савдосига боғлиқ даромади 11 фоиз ошиб, 6,5 миллиард евро (!)га етди. Энг ажаблантирадиган факт - бу эркаклар футболи улушидан кўп. Чунончи, Nike бу йўналишда 5,3 миллиард евро топди.

Аёллар футболи тараққиётининг телевизион рейтингларга ҳам ижобий таъсири бор. Мисол учун, Англия ва АҚШ терма жамоалари ўртасидаги ярим финал ўйинини ТВ орқали 11,7 миллион киши томоша қилибди. Бу аёллар футболи тарихидаги рекорд кўрсаткичдир. Яна бир факт: The Guardian нашри маълумотига асосан айтсак, турнир Франциянинг 50 фоиздан кўп аҳолисида катта қизиқиш уйғотган.

УЕФА илғор

Шунга мувофиқ, ФИФА ва УЕФА аёллар футболи равнақини қатъий назорат қилиб, маҳаллий федерацияларга ушбу йўналишни кучайтириш учун алоҳида маблағ ажратмоқда. Дейлик, ЖЧ-2019 чорак финалига Европадан 7та жамоа чиқди - бу турнир тарихидаги энг яхши натижа. УЕФА раҳбариятининг қайд этишича, ушбу кўрсаткич ортида катта меҳнат ётибди ва барчаси ҳаққоний. Чунончи, ташкилот 2010 йилдан буён аёлллар футболи нуфузини ошириш бўйича катта ишларни амалга оширмоқда. Алоҳида лойиҳага мувофиқ, Европадаги ҳар бир миллий ассоциация ўз қарамоғидаги аёллар терма жамоасини кучайтириш учун йилига 100 минг евродан олмоқда. УЕФА яқин келажакда сармоя миқдорини янада оширмоқчи. Хусусан, 2020 йили Европа терма жамоаларига 150 мингдан ажратилади, кейинчалик бу сумма кўпайтириб борилади.

Тараққиётни кўрсатаётган 3та муҳим банд

1. Чорак финал босқичигача ЖЧ-2019 ўйинларида мухлислар ташрифи 240 минг кишига тенг бўлди. Бу Швецияда ташкиллаштирилган Евро-2013да ўрнатилган аввалги рекорд кўрсаткичдан 24 минг кўпдир. Умуман, Франция-2019 мундиали баҳсларини бутун сайёрамизда 190 миллиондан кўпроқ киши томоша қилди (бу ҳисобга финал ва 3-ўрин учун ўйин мухлислари кўшилмаган).

2. УЕФА қизлар ўртасида футболни ривожлантиришга қаратилган 5та халқаро лойиҳани йўлга қўйган. 2020 йили бундай лойиҳалар сони 8тага етказилиши кутилмоқда. Бундан асосий мақсад - турли ҳудудларда қизларни ушбу спорт турига қизиқтириш.

3. Аёллар футболи юқори суръатларда оммалашаётганини ФИФА президенти Жанни Инфантино ҳам алоҳида эътироф этмоқда. У шунга мувофиқ, ЖЧ-2023да иштирокчилар сонини 32тага оширишни режалаштирмоқда. Шунингдек, ФИФА бу йўналишда ҳам Клублар ўртасида ЖЧ ташкиллаштиришни муҳокама қилмоқда. Асосийси, Инфантино аёллар терма жамоалари бош турини мукофот жамғармасини 100 миллион долларга кўтармоқчи.

Аёллар мундиали - бу табақалаштириш устидан ғалаба

ЖЧ-2019 «плей-офф» босқичлари бошланиши арафасида АҚШ матбуоти турли фактларни эълон қилди. Мисол учун, мамлакат эркаклар терма жамоаси вакиллари ЖЧ-2014даги иштирок учун деярли 50 минг евродан мукофот олишган экан. Аёллар жамоаси аъзоларига эса 2015 йилги мундиалдан кейин анча кам - 13,5 минг евродан берилган. Washington Post нашрида ёзилишича, бундай тақсимот аёллар жамоасига ёқмаган ва у судга мурожаат қилиб, миллий федерацияни табақалаштириш бўйича айблаган. Эътиборлиси, ўшанда нафақат АҚШ, балки хориж мамлакатларида ҳам кўпчилик аёллар эътирозини қўллаб-ққувватлаганди. Хусусан, АҚШ футбол федерацияси турли дашномлар, танқидлар алам ва ғазаб билан ёзилган кинояли мактубдлар остида қолиб кетди. Лекин ҳеч ким эркаклар футболи анча кўп даромад келтиришини эсламади. Қолаверса, бир ҳафта ичида бир неча компаниялар АҚШ аёллар жамоасига ўз ёрдамини тавсия этди. Жумладан, Канада фирмаси ҳам. Энг катта эътибор эса Clif Bar & Company ташкилоти томонидан қаратилди. Бу компания экологик тоза маҳсулотлар ва ичимликлар ишлаб чиқариш билан билан шуғулланади. Хуллас, Clif Bar америкалик аёл футболчиларни рағбатлантиришни ўз зиммасига олди. Дейлик, уларга ЖЧ-2019даги иштирок учун 31 минг евродан ваъда қилганди. Компания қўшимчасига, терма жамоага айрим маҳсулотларини катта чегирма билан етказиб бермоқда. Шу тариқа мураббийлар штаби футболчиларни энг сифатли ва фойдали озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш имкониятига эга бўлди. «Тақдирни қаранг, жаҳон миқёсидаги энг оммавий спорт турида ҳамон табақаланиш мавжуд. Хусусан, аёллар ва эркаклар учун бир хил иш учун ҳақ тўлаш масаласида катта фарқ бор. Биз АҚШ аёллар терма жамоаси мухлисимиз ва умумий ҳолатни яхши томонга ўзгартириш учун маълум чоралар қўллашдан мамнунмиз. Компанияда жамоага ёрдам қўлини чўзиш ғояси дарҳол маъқулланди. Чунки биринчидан, бу иш тўғри, иккинчидан, обрўдир», - деганди Clif Bar & Company соҳибларидан бири Кит Кроуфорд.

Ўзаро таққослаш

Европада аёллар футболи тараққиёт бобида янги даражага яқинлашаётгани ўз-ўзидан тушунарли. The Telegraph журналисти Люк Эдвардснинг таъкидлашича, «кўҳна қитъа» вакиллари яқин орада бу йўналиш етакчисига айланишлари мумкин: «Европада аёллар футболи моддий ва ташкилотчилик нуқтаи назаридан энди ривожлана бошлаган пайт АҚШда ҳаммаси жойида эди. Америкалик футболчи аёллар шунинг ҳисобига халқаро майдонда 20 йил ҳукмронлик қилишди. Лекин яқин келажакда вазият ўзгаради». Ҳа, Эдвардс ҳақ. Тўғри, Европа терма жамоаларининг ўйин савияси бўйича америкаликларга тезда тенглашиши қийин, бироқ ташкилотчилик ва оммавийлик бобида олдинга ўтиб кетишга қодир. ЖЧ-2019 натижалари ҳам бунга далил. 1 - чорак финалга Европанинг 7та жамоаси чиқди. 2 - мухлислар ташрифи ва умумий қизиқиш борасида ажойиб кўрсаткичлар қайд этилди.

Манба: !!!!!!!!

Аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг барча ҳал қилувчи ўйинлари

Йил

Мезбон

 

Финал

 

3-ўрин учун

Чемпион

Ҳисоб

2-ўрин

3-ўрин

Ҳисоб

4-ўрин

1991

Хитой

АҚШ

2:1

Норвегия

Швеция

4:0

Германия

1995

Швеция

Норвегия

2:0

Германия

АҚШ

2:0

Хитой

1999

АҚШ

АҚШ

0:0
(пен. - 5:4)

Хитой

Бразилия

0:0
(пен. -  5:4)

Норвегия

2003

АҚШ

Германия

2:1
(қўш. вақт)

Швеция

АҚШ

3:1

Канада

2007

Хитой

Германия

2:0

Бразилия

АҚШ

4:1

Норвегия

2011

Германия

Япония

2:2
(пен. -  3:1)

АҚШ

Швеция

2:1

Франция

2015

Канада

АҚШ

5:2

Япония

Англия

1:0

Германия

2019

Франция

АҚШ

2:0

Голландия

Швеция

2:1

Англия

А.АҲМЕДОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz