Қайднома

Қидирув

Лео алами, Суарес кўз ёши, Алвеш музейи... Ёхуд Копа Америка-2019

Лео алами, Суарес кўз ёши, Алвеш музейи... Ёхуд Копа Америка-2019

  17.07.2019 13:41
  0
  404
Лео алами, Суарес кўз ёши, Алвеш музейи... Ёхуд Копа Америка-2019

АМЕРИКА КУБОГИ-2019 НИМАСИ БИЛАН ЁДДА ҚОЛДИ? КОНМЕБОЛ миқёсидаги асосий турнир якунлари хусусида гап кетганда, аввало, Бразилия миллий жамоасининг 12 йиллик танаффусдан кейин яна тахтга кўтарилганини айтиш керак. «Пентакампеонлар»га мезбонлик фактори қўл келгани ҳам айни ҳақиқат. Осиёлик меҳмонлар - Қатар ва Япония термалари футболчилари эса муносиб ўйин кўрсатган бўлсаларда, «плей-офф»га чиқа олишмади. Лекин  навбатдаги «Копа Америка» кейинчалик биринчи навбатда бошқа воқеалар туфайли ёдга олинса керак.

 1-даражали воқеа - КОНМЕБОЛ шаънига жиддий айблов. Бразилия ва Перу терма жамоалари финал ўйинига «интрига» билан чирой беришга ҳарчанд уринган бўлмасин, кўпчилик якунланган Америка кубогини аввало, ғазаби тўлиб-тошган Лионель Мессига боғлиқ можаро туфайли эсласа керак. Аргентина термаси ярим финалда мезбонларга бас келолмагач, жамоа сардори ҳакамларни кескин танқид остига олди. «Барселона» юлдузи шунингдек, 3-ўрин учун кечган учрашувдан сўнг бронза медали олишга чиққани йўқ. Чунончи, парагвайлик ҳакам уни оддий кўринган вазиятда майдондан четлаштирди (дарвоқе, Лео бутун фаолияти давомида атиги 2-марта «қизил» олди). Хуллас, жаҳон футболининг олд юлдузи атрофида чинакам жанжал юзага келди. Месси тақдирлаш маросимида иштирок этишдан бош тортиш баробарида микст-ҳудудда КОНБЕМОЛни шу қадар жиддий айбладики, журналистлар ўз қулоқларига ишонмай қўйишди бир лаҳза. Хуллас, у Жанубий Америка футбол конфедерациясини коррупция ичидаги ташкилотга чиқариб қўйди. Лео хусусан, КОНМЕБОЛ ҳакамлар воситасида бразилияликларнинг ўз майдонларида чемпион бўлишларига шароит яратганликда айблади ва охирида дангал қўшиб қайди: «Бу гапларим оқибатидан қўрқмайман!» Табиийки, КОНМЕБОЛ дарҳол айбловга жавобан тегишли муносабат билдирди. Яъни матбуотда Лео ноўрин гаплари учун миллий жамоа ўйинларидан 2 йилга дисквалификация қилиниши мумкинлиги хусусида хабарлар чиқди. Бундай тақдирда унинг оқ-ҳаворанг футболкадаги фаолияти давом этиши катта сўроқ остида қолади. Аргентиналик юлдузнинг позицияси фақат конфедерация расмийлари эмас, балки финал учрашуви иштирокчиларига ҳам оғир ботди, албатта. Дейлик, Бразилия терма жамоаси бош мураббийи Тите уни рақибларга нисбатан бироз ҳурмат сақлаш ва мағлубиятни тўғри қабул қилишга чақирди. Перуликлар устози Рикардо Гарека эса кимнидир коррупцияда айблашдан олдин салмоқли далилларга эга бўлиш лозимлигини таъкидлади.

2-даражали воқеа - Перу терма жамоасининг 44 йилдан кейин финалга чиққани. Камтарин жамоанинг Америка кубоги-2019 бош кашфиётига айланганида Рикардо Гареканинг хизматлари катта. Перуликлар аргентиналик мутахассис йўлга қўйган ўйин самараси ўлароқ, охирги 44 йил бадалига илк марта турнир финалида қатнашишди. Дарвоқе, Гарека ўтган йили Перу термасини 36 йиллик танаффусдан сўнг жаҳон чемпионати финал босқичига олиб чиққанди. Аслида перуликлар кубокни қўлга олиб, Бразилия футболининг энг катта даҳшати - афсонавий «Мараканас» воқеасини такрорлашлари ҳам ҳеч гап эмасди. Бироқ мезбонлар ҳал қилувчи баҳсда ташаббусга эришиб, бунга йўл қўйишмади. Асосийси, перуликлар биринчи бўлиб гол қўйиб юборишганига қарамай, кейинчалик ҳисобни тенглаштириш йўлини топишди. Ваҳоланки, бунга қадар бирор рақиб Алиссон дарвозасини ишғол этолмаганди. Бразилияликлар эса қолган дақиқаларда яна 2 марта гол қувончини туйиб, 12 йилдан кейин чемпионлик рутбасини олишди. Лекин Перу термасига қойил қолиш керак, барибир. Ахир жамоа мислсиз кучга эга рақиблардан ҳайиқмай ўйнаб, якунда кумуш медаль совриндорига айланди.

3-даражали воқеа - «Эль Пистолеро» фожиаси. Очиғи, «инклар» (Перу термаси лақаби)ни 7 июль куни «Маракана»да кўришни кўпчилик сира кутмаган эди. Айниқса, гуруҳ босқичи якунланган паллада. Зеро, Гарека жамоаси аввалига Венесуэла термасига қаши баҳсда 0:0 ҳисоби билан чекланди, кейин боливияликларни иродали тарзда енгди (3:1) ва 3-баҳсда бразилияликлар олдида ҳеч нарса қилолмади - 0:5. Хуллас, Перу термаси мўъжиза туфайлигина  3-ўрин орқали «плей-офф»га қадам ташлади. Агар Япония термаси бироз эҳтиёткорроқ ўйнаганида, чорак финалда Гарека шогирдлари эмас, балки айнан ОФК вакиллари майдонга тушишарди. Бироқ тақдир перуликларга кулиб боқди ва улар 1|4 финалда даҳшатли Уругвай термасига рўбарў бўлишди. Бу ўйинда «инклар»нинг ўзлари ҳам ғалабага ишонмаган бўлсалар керак. Лекин улар таблодаги нолларни охирига қадар сақлаб қолиш уддасидан чиқиб, барчасини пенальтилар серияси ҳукмига ҳавола этишди. Кейин эса Луис Суареснинг шахсий фожиаси юз берди. Биринчи зарбани айнан «Эль Пистолеро» ўз зиммасига олди, аммо дарвозабон Педро Гальесени доғда қолдиролмади. Сериянинг кейинги 9та зарбаси ҳам гол билан тугади. Бу уругвайликларнинг турнир билан хайрлашиб, ортга қайтишларини англатарди. Мағлубиятнинг бош айбдори бўлиб қолган «Барселона» ҳужумчиси эса бу вақтда чидаб туролмади - у ҳаттоки, кўш ёшларини яширишга ҳам урингани йўқ.

4-даражали воқеа - Чили термаси ваколати бекор. Америка кубогининг охирги 2та финал баҳси (2015 ва 2016 йиллар) ўхшаш сценарий остида ўтганди. Уларда аргентиналиклар катта ташаббусга эришиб, Клаудио Браво дарвозасини ишғол қилишга жуда яқин келишган, бироқ ҳар икки сафар чилиликлар 0:0 ҳисобини сақлаб қолиб, пенальтилар серияси орқали «альбиселест»ни бош совриндан маҳрум этгандилар. Аслида Артуро Видаль ва унинг шериклари Бразилияга ҳам чемпионликни яна бир бора ҳимоялаш илинжида ташриф буюришди. Умуман, Чили термаси фаворитлар қаторида эди ва яна финал йўлланмасини бемалол қўлга киритиш имкониятига эга бўлди. Аммо чилиликлар ярим финалда «инклар»га тўғри баҳо беришмадими ёки ўйинлари қовушмадими, ҳар ҳолда, кутилмаганда «куйиб» қолишди. Ахир «Роха» Порту-Аллегрида камтарин, лекин иштиёқи баланд рақибга қарши бирор чора тополмай, якунда 0:3 ҳисобида ютқазгач, яна нима дейиш мумкин? Хуллас, Чили термаси чемпионлик ваколатини биров кутмаган нуқтада, шундай аянчли тарзда топширди.

5-даражали воқеа - Дани Алвешнинг 40-соврини. Кутилган якун - бу сафар тож турнир мезбонларига насиб этди. Бразилия терма жамоаси мусобақа масофасини ишонч ва барқарор равишда босиб ўтганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Ваҳоланки, Титенинг бош юлдуз - Неймарсиз ўйин тузишга қийналиши тахмин қилинганди. Умуман, бу гал «канаринья» охирги 12 йил ичида биринчи марта турнир ғолиби бўлиш баробарида ўз тарихидаги кубоклар (албатта, фақат «Копа Америка»ники) сонини 9тага етказиб қўйди. Бразилия термаси шу тариқа турнирда ғолиб чиқиш бўйича етакчилар - Аргентина (14 марта) ва Уругвай (15 марта) жамоаларига нисбатан яқинлашди. «Пентакампеонлар»ни сардор сифатида майдонга бошлаб тушган 36 ёшли Дани Алвеш эса якунда Америка кубоги-2019нинг энг яхши футболчисига аталган совринга эга чиқди. Асосийси, бразилиялик фахрий ҳимоячи ажойиб фаолияти давомида 40-марта жамоавий соврин ютди. Факт шуки, Алвешнинг шахсий музейи жаҳон футболидаги энг каттасидир. Зеро, сайёрамизда ундан кўпроқ соврин ютган футболчи йўқ.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz