Қайднома

Қидирув

Бирданига 47та соврин бекор...

Бирданига 47та соврин бекор...

  18.07.2019 03:04
  0
  821
Бирданига 47та соврин бекор...

Руминия суди мамлакат футболи байроқдори саналган машҳур «Стяуа» клубини нақ 47та совриндан маҳрум қилди.  Нега? Бухарест жамоаси қайси гуноҳи учун шунчалик жиддий жазога лойиқ кўрилди? «Стяуа» ва СБФК («Стяуа Бухарест» футбол клуби)га боғлиқ можаронинг тарихи жуда узун...

Ушбу тарихий клуб мамлакат армиясига тегишли эди. 1998 йили Руминияда қийинчилик даври энг юқори нуқтага кўтарилди, ҳаттоки, очарчилик яққол хавф солди. Бу вақтда Қуролли кучлар вазирлиги футбол ҳақида ўйлай олмасди ва «Стяуа» бир гуруҳ сармоядорларга сотилди. Орадан яна 5 йил ўтиб, таниқли бизнесмен Жижи Бекали жамоанинг ягона соҳибига айланди. Бу орада Руминия Мудофаа вазирлиги тадбиркорга қарши чиқди. Чунончи, олдинроқ икки томон ўртасида катта можаро ҳам кузатилган эди. Аниқроқ айтсак, Бекали вақтида Мудофаа вазирлигига тегишли бўлган ер майдонини қандайдир йўллар билан арзон-гаровга сотиб олган ва уни Бухарестдаги бошқа ҳудудга алмаштирган экан. Хуллас, кейинчалик Бекалининг фаолияти чуқур тафтиш қилинди ва айрим қонунбузарликлар аниқлангач, бизнесменни панжара ортига кузатиб қўйишди.

Бекали қамоқдан чиққач, биринчи навбатда, «Стяуа» бўйнидаги қарздорлик масаласини ҳал этишга киришди. Бинобарин, бу вақтда Бухарест жамоасининг умумий қарзи 11 млн. еврога етганди. Йўқ, устамон бизнесмен кимгадир пул санаб бермади, аксинча, шунчаки, битта юридик ташкилотга нисбатан банкрот ҳолатини эълон қилиб, унинг ўрнида дарҳол бошқасига асос солди. Шунинг баробарида янги жамоа қонун бўйича буюк «Стяуа» меросхўри эканлигини эътироф этди. 2014 йилга келиб, жаноб Бекали яна қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Руминия Мудофаа вазирлиги эса янги «Стяуа» жамоанинг тарихий номи ва рамзидан фойдаланиш ҳуқиқига эга эмаслиги юзасидан судга шикоят ёзди. Якунда арз инобатга олинди ва янги клубга бошқа ном ва рамз танлаш тавсия этилди. Шу тариқа Бекали жамоаси маълум муддат ўйинларни номсиз ўтказди. Футболкалардаги логотип жойида эса қора квадрат пайдо бўлди. Ҳаттоки, телешарҳловчилар ва стадионлар сухандонлари ҳам жамоа номини тилга олишгани йўқ. Бундай тушунарсиз «ҳаёт» ҳам клубнинг қаторасига 3-марта Руминия чемпиони бўлишига халақит бергани йўқ.

Руминиялик ҳарбийлар шунда ҳам тинчланишмади. Улар ҳуқуқ масаласида янги шикоятни илгари суришди. Мудофаа вазирлиги бу сафар буюк жамоанинг ҳуқуқий меросхўри Жижи Бекалига тегишли СБФК эмас, балки мамлакат чемпионати тўртинчи дивизиони иштирокчиси - армиячилар клуби «Стяуа» эканлиги хусусида даъво очди. Суд эса арзни яна ўринли топиб, ишни янги «Стяуа» фойдасига ҳал қилди. Камига СБФК 1947-2003 йиллар оралиғида «Стяуа» томонидан ютилган барча совринлардан маҳрум этилди.

СБФКдан олиб Қўйилган совринлар

*Руминия чемпионатининг 21та олтин медали

*Руминиянинг 20та миллий кубоги

*Руминиянинг 4та суперкубоги

*Европа Чемпионлар кубоги (1986 йил)

*Европа суперкубоги (1986 йил)

Оддий айтганда, 47та нуфузли соврин тўртинчи лигада ўйнаётган «Стяуа» музейи экспонатлари қаторидан жой олди. Қолаверса, СБФК УЕФА рейтингида бироз пастлади. Жамоа ҳисобида 2003 йилдан кейинги даврда расмийлаштирилган совринлар қолди, холос. СБФК бу вақтда Руминия чемпионатида 5 марта ғолиб чиқиб, мамлакат кубоги, суперкубоги ва Лига кубогини 2 мартадан ютган. Қўшимчасига, «Стяуа» тарихидан «Реал Мадрид»га қарши кечган унутилмас ўйинлар,  «Челси» устидан қозонилган ёқимли ғалабалар тушиб қолди. Энди булар фақат СБФК мухлислари учун ёқимли хотира, холос. Умуман, ушбу воқелик ҳаммадан ҳам «Динамо» (Бухарест) фанатларини қувонтираётган бўлса, ажабмас. Ахир «Динамо» бир айланиб, мамлакат футболи тарихидаги энг совриндор клуб мақомини олди.

 

*** Жижи Бекали Queen гуруҳи қўшиқларини эшитишни тақиқлаб қўйган, у ўз жамоасига қора танли футболчи қабул қилмайди ва Пауло Дибалани «гном», деб билади.

***СБФК хўжайинининг энг машҳур луқмаси: «Аёллар футболи - шайтон ғояси».

Дарвоқе...

Космик рақамлар! «Стяуа»нинг СБФКга нисбатан навбатдаги даъво аризаси тайёр. Ҳарбийлар энди Бекали жамоасидан 2003-2014 йиллар оралиғида ўзларига тегишли клуб номи ва рамзидан фойдалангани учун 37 млн. евро ундирмоқчилар. Яна бир факт: «Стяуа» энди Европа миллий чемпионатлари қуйи дивизионлари иштирокчилари орасида энг сов-риндор клубдир. Агар суд янги даъвони қондирса, унда энг бойига ҳам айланади.

Содиқжон РАҲМОНОВ тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz