Қайднома

Қидирув

«Навбахор»да нима гаплар?

«Навбахор»да нима гаплар?

  19.07.2019 07:21
  0
  601
«Навбахор»да нима гаплар?

Наманганлик ашаддий мухлислар севимли жамоалари - «Навбаҳор» билан боғлиқ ҳар бир маълумотларни катта қизиқиш билан кузатиб боришади. Ушбу клуб тизимида сўнгги пайтларда рўй берган воқеа-янгиликлар билан қуйида танишишингиз мумкин.

Исроиловнинг ҳолидан хабар олинди

Coca Cola Суперлига 11-тури доирасидаги АГМК - «Навбаҳор» (1:1) учрашувининг илк дақиқаларида наманганликларнинг маҳоратли ярим ҳимоячиси Абдужамол Исроилов рақиб футболчисининг ишлатган қўполлиги боис, оёғидан жиддий тарзда жароҳат олганди. Шундан сўнг Исроилов муваффақиятли тарзда жарроҳлик амалиётидан ўтди ва унинг оёғига гипс қўйилди. Ярим ҳимоячи айни пайт ўз жароҳатини уйида даволатмоқда.

Куни кеча «Навбаҳор» ПФК ходимлари, «Навбаҳор» фан-клуби аъзолари ва жамоанинг бир гуруҳ ашаддий мухлислари Абдужамол Исроиловни йўқлаб, ярим ҳимоячининг уйига боришди. Ушбу ташрифдан маҳоратли ярим ҳимоячи ҳамда унинг оила аъзолари жуда хурсанд бўлишди. Жумладан, футболчининг отаси Аҳмаджон ака Исроилов ўғли мамлакатимизда ўз ўрни ва обрўсига эга бўлган «Навбаҳор» сингари кучли клубда тўп сураётганлигидан фахрланиши, Абдужамол жароҳат олганидан сўнг клуб раҳбарияти ҳамда ходимлари ҳар куни қўнғироқ қилиб, ҳол-аҳвол сўрашаётгани, шунингдек, молиявий ёрдам беришаётганини ҳам таъкидлаб, бунинг учун уларга ўз миннатдорчилигини билдирди.

Бундан ташқари, Аҳмаджон ака «Навбаҳор» мухлислари ҳам юртимизда ягона эканликлари, Абдужамолнинг ҳолидан қўнғироқ қилиб, шунингдек, бевосита хонадонларига ташриф буюриб, йўқлаб, унинг соғлиги учун қайғуришаётгани, тезроқ жамоа таркибига қайтишига тилак билдиришаётганини айтиб, бунинг учун уларга ҳам ўз миннатдорчилигини билдириб ўтди. Шунингдек, Абдужамол Исроиловнинг ўзи ҳам бундай ғамхўрликдан хурсанд эканлигини яширмади. Барчага раҳмат айтиб, яшил майдонни соғинганлиги, тезроқ жароҳатидан фориғ бўлиб, «Навбаҳор»га ёрдам бермоқчи эканлигини таъкидлади.

Тажриба барибир устун

Coca Cola Суперлиганинг 2-давра баҳсларига пойтахтимиз Тошкентда тайёргарлик олиб бораётган «лочинлар» мазкур ўқув-машғулот йиғини доирасидаги иккинчи назорат-синов баҳсини U-21 биринчилиги давралар оралиғидаги танаффусга турнир жадвали пешқадами сифатида етиб келган «Локомотив» ёшлар жамоасига қарши ўтказишди. Таъкидлаш жоизки, мазкур ўйинда майдонда асосан «Навбаҳор» кўригида иштирок этаётган футболчилар ҳаракатланишди. Жумладан, ушбу учрашувда наманганликлар устози Деян Журжевич майдонга қуйидаги ўйинчиларни туширди:

«Навбаҳор»: Дилшод Ҳамроев, Абдулазиз Нишонбоев, Жавоҳир Олимжонов, Юнус Абдувоҳидов, Ҳожиакбар Юнусов, Нодир Мавлонов, Амирхон Ибрагимов, Илҳом Алибоев, Зафар Тўраев, Азиз Жуманов, Абдумалик Абдуллаев.

Захирадан майдонга тушганлар: Мирзоҳид Маматханов, ғиёсжон Комилов, Илҳом Алижонов, Иброҳим Салоҳиддинов, Комил Тожиддинов, Даврон Умиров, Аббос ғуломов, Сардор Азимов, Акром Баҳриддинов, Шерзод Ҳакимов.

Ўйинда ҳисобни «лочинлар» очишди. 20-дақиқада Зафар Тўраев ёш «темирйўлчилар» дарвозасини аниқ нишонга олиб, «Навбаҳор»ни олдинга олиб чиқди - 1:0. Аммо 1-бўлим якунланишига саноқли дақиқалар қолганида тошкентликлар мувозанатни тиклашди. Жавоҳир Абдуалимов дарвозабон Дилшод Ҳамроевни доғда қолдириб, «Локомотив-U-21»нинг танаффусга 1:1 ҳисобидаги дуранг билан чиқиб кетишини таъминлади.

Иккинчи бўлимда «Навбаҳор» деярли бутунлай янгиланган таркиб билан майдонга тушди. Биринчи бўлимда тўп сурганлардан фақатгина ҳимоячи Ҳожиакбар Юнусов майдонда қолди, холос. Таъкидлаш жоизки, U-21 биринчилиги пешқадами бўлган ёш «темирйўлчилар» тажрибали рақибга муносиб қаршилик кўрсатишга интилишди. Аммо якунда барибир тажриба ўз сўзини айт­ди. Учрашувнинг 78-дақиқасида тажрибали ҳимоячи ғиёс­жон Комилов жамоасининг навбатдаги ҳужумини самарали тарзда якунлаб, тошкентликлар дарвозасини аниқ нишонга олди ва якуний ҳисобнинг 2:1 кўриниш олишини таъминлади. Шу тариқа иккинчи ўртоқлик баҳсида ҳам «лочинлар» зафар қучишди.

Турғунбоев ва Ҳакимов шартнома имзолашди

Юқорида таъкидланганидек, Тошкентдаги ўқув-машғулот йиғини доирасида «Навбаҳор» мураббийлари бир қатор янги футболчиларни кўрикдан ўтказишмоқда. Мураббийлар штабида яхши таассурот қолдирган ўйинчилар билан эса шартнома имзоланмоқда. Куни кеча 2 нафар футболчи «лочинлар» билан келишувга эришиб, шартномага имзо чекишди. Булар - ярим ҳимоячи Азизбек Турғунбоев ва ҳужумчи Шерзод Ҳакимов.

Азизбек Турғунбоев - 1994 йилнинг 1 октябрида Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган. 2015-2018 йилларда «Навбаҳор»да ўйнаган. Шу кунгача Турғунбоев наманганликлар таркибида 72та ўйинда майдонга тушиб, 15та гол урган. Азизбек жорий йилнинг февралида 2та клуб («Навбаҳор» ҳамда «Пахтакор») билан шарт­нома имзолагани боис, ЎФА томонидан 9 июлгача футболга оид ҳар қандай фаолиятдан четлатилганди. Дисквалификация муддати якунланганидан сўнг маҳоратли ярим ҳимоячи наманганликларнинг Тошкентдаги йиғинига қўшилди ва фаолиятини яна қадрдон жамоасида давом эттирадиган бўлди.

Шерзод Ҳакимов - 1987 йилнинг 13 мартида Фарғонада туғилган. 2006-2018 йилларда Фарғонанинг «Нефт­чи» клубида ўйнаган. Шунингдек, 2014 йилнинг 1-даврасида «Олмалиқ» (ҳозирги АГМК)да тўп сурган. Тажрибали ҳужумчи жорий мавсумнинг 1-даврасини Термизнинг «Сурхон» жамоасида ўтказиб, 12та баҳсда майдонга тушган ва 3та гол урган.

 

Кўрикда 4 нафар футболчи қолди

«Локомотив» ёшларига қарши кечган назорат баҳсидан сўнг кўрикдаги ўйинчиларнинг кўпига жавоб бериб юборилди. Айни пайт «лочинлар»нинг пойтахтдаги қароргоҳида синовдан ўтказилаётган бор-йўғи 4 нафар футболчи қолди. Булар - аслида «Насаф» клубига қарашли бўлган, жорий мавсумнинг 1-даврасини Про-лига вакили Фарғонанинг «Истиқлол» жамоасида ўтказган ҳимоячи Илҳомжон Алижонов, ярим ҳимоячилар - Акром Баҳриддинов («Бухоро»), Сардор Азимов ва Нодир Мавлонов (иккаласи «Бунёдкор»). Ушбу ўйинчилар «Навбаҳор» мураббийлар штабида яхши таассурот қолдиришса, улар билан шартнома имзоланади. Шунингдек, «Нав­баҳор» кўригида иштирок этиш учун яна янги футболчиларнинг келиши кутилмоқда.

Ўзаро ўйин

Анвар Ҳафизов мураббийлик қилаётган «Навбаҳор» U-21 ёшлар жамоаси айни пайт 2-давра баҳсларига Косонсойда тайёргарлик кўряпти. Мазкур ўқув-машғулот йиғини доирасида «Навбаҳор» ёшлар жамоаси мураббийлар штаби ҳам бир қатор янги футболчиларни кўрикдан ўтказмоқда.

Косонсойдаги «Марказий» стадионда Анвар Ҳафизов шогирдлари Александр Лян ва Муҳаммаджон Нуриддинов мураббийлик қилаётган «Навбаҳор» U-18 жамоасига қарши назорат-синов баҳси ўтказишди. Мазкур ўртоқлик баҳсида U-21 ёшлар жамоаcи таркибида асосан кўрикдан ўтаётган ўйинчилар майдонда ҳаракат қилишди. Шундай бўлса-да, ушбу баҳсда барибир тажриба ўз сўзини айтиб, Анвар Ҳафизов шогирдлари йирик - 6:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Голларга Жавоҳир Ҳусанов, Ҳусайн Эргашбоев, Азизбек Зокиров (2та), Абдурасул қаюмбаев, Исмоил Абдураимов муаллифлик қилишди.

 

Аёллар жамоаси ҳам йиғин бошлади

Карима Юлдашева мураббийлигидаги «Навбаҳор-Women» аёллар жамоаси ҳам Суперлига 2-давра баҳсларига тайёргарликни бошлади. Мазкур жамоа ўз ўқув-машғулот йиғинини 16-28 июль кунлари Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғидаги «Камалак» дам олиш масканида ўтказади. У ерда кунига 2 маҳалдан машғулотлар олиб борилмоқда. Шунингдек, мазкур йиғин давомида «Навбаҳор» аёллар жамоаси устози Карима Юлдашева 2 нафар футболчини кўрикдан ўтказади. Уларнинг машғулотлардаги ҳаракатлари маъқул келса, шартнома имзоланади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz