Қайднома

Қидирув

Умар Эшмуродов: «Ўзимизга бўлган ишонч анча ортди»

Умар Эшмуродов: «Ўзимизга бўлган ишонч анча ортди»

  23.07.2019 01:55
  0
  607
Умар Эшмуродов: «Ўзимизга бўлган ишонч анча ортди»

Бугунги кунда Ўзбекистон олимпия ва ёшлар термалари асосини «Насаф» футболчилари ташкил қилмоқда. Бу, албатта, клуб академиясининг муваффақиятли фаолият кўрсатаётганидан далолатдир. Жамоа асосий таркиби ўз тарбияланувчиларидан иборат бўлсада, айрим тажрибали футболчилар ҳам йўқ эмас. Улардан бири - мудофаа чизиғининг ажралмас қисмига айланиб улгурган Умар Эшмуродов кўп жабҳада майдондаги ёш футболчиларга ўрнак бўлмоқда. Яқинда ушбу футболчи билан суҳбатлашиб, турли мавзулардаги саволларимизга жавоб олдик.

 

- «Насаф» бу мавсум мухлислар кутган ўйинни намойиш қиляптими?

- Ҳа. Биздан мавсум бошида талаб қилинган, ишқибозларни қувонтирадиган даражада тўп суряпмиз. Лекин хато ва камчиликлар ҳам йўқ эмас. Оралиқ танаффусдан унумли фойдаланиб, уларни бартараф этишга интиламиз. Аввалги учрашувларни қайта кўриб чиқамиз, қаерда қандай хатога йўл қўйилганини биргаликда муҳокама қилиб, иккинчи даврага ҳозирлик кўрамиз.

- «Аждарлар» ўтган йили ҳам мазмунли футбол кўрсатишга интилишди. Бироқ натижа кутилгандек бўлмади. Жорий йилда эса бу борада ўсиш кузатилаётгандек таассурот уйғонмоқда.

- Тўғри таъкидладингиз. Ўйин тарафлама ҳеч бир баҳсда енгилмадик, фақат ижобий натижалар қайд этиш бироз қийин кечмоқда. Балки ўтган мавсумнинг биринчи ярмида тажрибали футболчиларнинг жамоани тарк этишгани таъсир қилган бўлиши мумкин. Драган Черан, Жасур Ҳасанов, Славко Лукич етакчиларимиз ҳисобланишарди. Бу йил эса ўзимизга бўлган ишонч ортди, ҳар қандай рақибга муносиб қаршилик кўрсатишимизни ҳис қилдик. Кўряпсизки, натижа ёмон эмас, ҳозирча.

- Жорий мавсум Тошкентда «Пахтакор»га қарши кечган учрашувни жамоа учун энг аламлиси, десак бўладими?

- Балким. Шахсан мен учун Қаршида «Навбаҳор»га ютқазганимиз энг аламли мағлубият бўлди. Биласиз, бу жамоа йилдан-йилга кучайиб бормоқда, лекин ўша ўйинга астойдил тайёргарлик кўргандик. Аммо наманганликлар билан баҳсда ҳам жисмонан, ҳам руҳан тайёр эмаслигимиз кўриниб қолди. Ва албатта, Тошкентда «Пахтакор»га қарши тенгма-тенг кураш олиб бориб, якунда ортга қуруқ қўл билан қайтганимиз ҳам яхши бўлмади.

- «Насаф» бир неча мавсум кучли футболчилар, легионерлар билан бирга юқори мақсадларни кўзларди, аммо таркиб кутилмаганда янгиланди, ҳозир жамоада асосан ёшлар тўп суришмоқда. Хўш, «Насаф» авлодлар  алмашинуви давридан ўтиб олдими?

- Бу жараён давом этяпти, десам тўғрироқ бўлади. Авлодлар алмашинуви ҳар бир жамоада учрайдиган ҳолатдир. Кимдадир бу секин, яна кимдадир тезроқ кечади. Тажрибали ўйин-чилар кетгани билан, уларнинг ўрнига умидли ёшлар етишиб чиқади. Имкон ҳаммага бир хил тақсимланади, фақатгина ўзини кўрсата олганлар таркибга жалб этилади.

- Азиз Ғаниевнинг хорижга кетиши фойдалироқми ёки бунга ҳали вақт борми?

- Ҳаммаси футболчининг ўзига боғлиқ, масалани ўзи ҳал қилгани маъқул. Менга қолса, Азиз хорижга йўл олса яхши бўларди. У ерда янада кўпроқ тажриба тўплайди, ўсишга эришади.

- Бу йилдан эътиборан яна аввалги тақвимга қайтилди... Мазкур ўзгариш кўпчилик қатори сизларга ҳам маъқул келгандир?

- Дарҳақиқат, менга чемпионатимизнинг ҳозирги формати ёқяпти. Тўрт даврали тизимда барча жамоалар қийинчиликка дуч келди. Жумладан, биз ҳам. Мураккаб форматга босқичма-босқич ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади. Мени қувонтираётган яна бир жиҳат - ҳакамлар охирги пайтларда камроқ хатога йўл қўйишмоқда.

- Бобур Давлатов жамоанинг асосий ўйинчилари қаторига кириб бораётганди. Унинг кутилмаганда кетиши жамоага қай даражада таъсир қилди?

- Ҳақиқатан ҳам, Бобур оиламизнинг муҳим аъзоси эди. Унинг бизга яхшигина фойдаси тегаётганди. Нима ҳам дердим? Унинг кейинги фаолиятига омад ва зафарлар тилаб қоламан.

- Бир вақтлари элитада Қашқадарёнинг уч жамоаси юқори ўринлар учун курашарди. Бугунга келиб Суперлигада фақат «Насаф» ушбу вилоят шарафини ҳимоя қиляпти...

- Оғриқли мавзу. Қашқадарё футболининг олдинги мавқеи тикланса, нур устига аъло нур бўларди. «Насаф», «Машъал» ва «Шўртан» авваллари рақобатбардош клуб саналган. Бу вилоят ўзбек футболига қанчадан-қанча иқтидорларни етиштириб берди. Албатта, «Машъал» ва «Шўртан» айни пайт Про-лигада муносиб қатнашишмоқда. Улардан бири кейинги йил элитага қайтса, хурсанд бўламан.

- Иккинчи даврада «Насаф»га легионерлар жалб қилиниши ҳақида гап-сўзлар юрибди...

- Хорижлик футболчи маҳаллий ўйинчилардан устунлиги билан ажралиб туриши керак. Бош мураббийимиз Рўзиқул Бердиев легионер танлашда ўта синчков. Дейлик, Драган Черан ҳамда Славко Лукич каби футболчилар ўзларининг устун томонларини, маҳоратларини намойиш қила олишди. Черан ҳозир «Пахтакор»да, Лукич эса «Навбаҳор»да етакчилардан саналишади.

- Футболдаги азалий орзуингиз нима?

- Кўпчилик футболчилар каби Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан бирга жаҳон чемпионатида иштирок этишни хоҳлайман. Шунингдек, «Насаф» билан янги марраларни забт этишни ният қилганман.

А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz