Қайднома

Қидирув

Қиролликдаги илк осиёлик

Қиролликдаги илк осиёлик

  24.07.2019 01:33
  0
  567
Қиролликдаги илк осиёлик

Яқин ўтмишда бу вундеркинд туфайли «Барселона» трансфер бозоридан қувғин қилинганди. Энди у «Реал» тизимидан жой олиб, Кейлор Навас дарвозасини ишғол этиш бобида «мастер-класс» намойиш этмоқда.

Мадридликлар харид қилган ёш иқтидор соҳиби ҳозирча «Кастилья»да тўп суради. Мазкур янгилик билан кимнидир лол қолдириш қийин. Ҳатто у япониялик бўлса ҳам. Лекин Такефуса Кубонинг тарихи бағоят қизиқарли.

Ўзининг қадрдон Кавасаки шаҳрида болакай 8 ёшидаёқ мутахассислар эътиборини қозониб, «Барселона» академиясининг маҳаллий бўлимидан жой олди ва илк кунлардан бошлаб тенгдошларидан яққол ажралиб турди. Бир йилдан сўнг, аниқроғи, 2010 йилнинг апрелида Кубо Бельгияда ўтказилган болалар турнирининг энг яхши футболчиси унвонига сазовор бўлди. Кейин яна икки йил ватанида тўп сургач, Каталония сафарига отланди.

Аввалига клуб билан унинг ўртасида ҳеч қанақа муаммо бўй кўрсатмади: митти Такефуса 12 ёшгача бўлган болалар жамоасида 30 марта майдонга тушиб, 74та гол урди. Бироқ 2015 йилда ФИФА «Барселона»нинг трансфер борасидаги қоида бузилишларини текшира бошлагач, ҳайратомуз парвоз интиҳо топди. Чунки халқаро ташкилот Каталония клубини икки трансфер дарчасидан маҳрум этди. «Барса» бу қарорга эътироз билдириб, тақиқни бекор қилишга эришди, ўз сафига Луис Суаресни қўшиб олишга улгурди. Аммо энг асосийси, жазо балоғатга етмаган футболчилар хариди учун белгиланганди.

ФИФА қоидаларига кўра, бундай трансферларни амалга ошириш мумкин эмас. Истисно - балоғатга етмаган футболчи ота-онаси ҳамкорлигида ўтиши мумкин. Лекин клуб уларни моддий жиҳатдан рағбатлантирмаслиги шарт. Масалан, уларни иш билан таъминламаслиги кўзда тутилган. Клуб айнан шу қоидага риоя қилмаганлиги ФИФА томонидан исботланди. Шу тариқа «Барса» академиясига қабул қилинган ёш иқтидорлардан бири Кубо эди.

Охир-оқибат, футболчи зудлик билан ортга қайтиб, «Токио»нинг 16 ёшгача бўлган жамоасидан жой олди ва 15 ёшида асосий жамоада майдонга тушди. Тез орада 15 йилу 10 ойлик ҳужумчи Жей-лига тарихидаги энг ёш гол муаллифига айланди. Шундан кейин европалик скаутлар қуршовида қолган бўлсада, ички чемпионатда яна икки мавсум тўп сурди. Аввалига «Йокогама Маринос»да, кейин яна «Токио»да.

Кубо 18га чиққанидан тўрт кун ўтиб асосий терма жамоадаги дебютини нишонлади. Бу гал ҳаммаси рисоладагидек, юксак савияда ўтди: Япония Копа Америкада иштирок этди. Такефуса 3та ўйинда, шунинг 2тасида бошланғич таркибда майдонга тушди. Ана шу рекламадан кейин унинг Европага йўл олиши муқаррар эканлиги маълум бўлди.

Тахминларга кўра, Кубо «Барселона»га қайтадигандек эди. Ёшлигида Лео Мессига қиёсланган ҳужумчи энди анча улғайган ва асосий таркибга жавоб бера олмаган тақдирда «Барселона-Б»да тўп суришга шай эди. Каталониянинг «Мундо Депортиво»сида ёзилишича, ёш ўйин­чи агентини, у эса шартномани ўзгартирган. Кубо ҳар мавсум учун 1 миллион евро ва кейинги мавсумда иш ҳақининг оширилишини талаб қилган. «Барса» эса уни қабул қилмади. Аксинча, «Реал» Кубонинг талабини қондиришга рози бўлди. Мадридда футболчи ўринбосарлар сафида уйнашига қарамасдан 1,2 млн. маош олади. Лекин мавсумолди тайёргарлигида Азар ва Модрич каби афсоналар ёнида машғулот ўтказади, улардан тажриба ўрганади. Унинг машғулотларда намойиш этган финтлари видеолавҳаси миллиондан ортиқ томошабин тўплади.

Хуллас, «қироллик клуби» каталонияликларнинг бўлажак юлдузини харид қилди. қўшимчасига, Кубонинг 12 ёшли укасини ҳам ўз сафига қўшиб олди. Энди энг асосийси, ФИФА Кубонинг трансферидан камчиликлар топмаслиги ва «Реал»ни трансферлар ҳуқуқидан маҳрум этмаса, бас.

А.Аҳмедов тайёрлади.


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz