Маълум муддатли танаффусдан сўнг юқори мақсадларни кўзлаб элитага қайтган «Андижон» жамоаси биринчи даврада мухлислар кутган ўйинни кўрсата олмади ва табиийки, натижа ҳам шунга яраша бўлди. Дастлабки турларда бир қатор клубларга зарур очколар улашилди, натижада бош мураббий Элдор Сакаев истеъфога чиқарилди. Унинг ўрнига тайинланган Александр Хомяковнинг зиммасида клубни аста-секин юқори ўринлар сари етаклаш вазифаси турибди. Ушбу мутахассис тажрибали мураббийлар сирасидан, айниқса, ёшларга катта эътибор қаратиши билан ном қозонган. Хомяков иккинчи даврада ўринбосарлар жамоасидаги айрим футболчиларни кўз остига олиб қўйса, ажабмас. Биз яқинда «Бунёдкор» академияси тарбияланувчиси, «Андижон»да ижара асосида тўп сураётган Дониёр Абдуманнопов билан суҳбатлашиб, бир қатор саволларимизга жавоб олдик.
- Дониёр, «Андижон» биринчи даврани қуйи поғоналарда якунлади. Лекин Лига кубоги мусобақасида ишлар кўнгилдагидек кетяпти... Бунинг боиси нимада?
- Биласиз, водийлик футбол ишқибозлари жуда талабчан. Хоҳ у «Навбаҳор» жамоаси мухлиси бўлсин, ҳоҳ «қўқон-1912» ишқибози. Чемпионат баҳсларига ҳам, кубок учрашувларига ҳам бирдек ҳозирлик олиб борамиз. Кўрсатмалар барчага бир хил берилади. қандай мусобақа бўлмасин, фақат ғалаба иштиёқида майдонга тушамиз. Муҳими, шу иштиёқни иккинчи даврада йўқотмаслигимиз зарур.
- Александр Хомяков билан биринчи бор ишлаяпсиз. Ушбу мутахассис борасида қандай фикр билдирасиз?
- Хомяков ҳақида аввал танишларимдан эшитганман. Тўғри, у билан бир жамоада илк бор фаолият юритишим. «Машъал»даги 10 йиллик меҳнатини ҳисобга олиш ҳам керак, камдан-кам мураббийлар бир жойда бу қадар узоқ ишлашади. У ўта талабчан, яхши психолог, шогирдларини қандай руҳлантиришни билади.
- Катта футболга энди кириб келаётган ниҳолсиз. Келинг, ўзингиз ҳақингизда қисқача маълумот берсангиз...
- Андижон - она юртим. 2000 йили Марҳамат туманида таваллуд топганман. 7 ёшдан бошлаб турли спорт турлари билан шуғулланиб, охири футболда тўхтадим. Ўзига яраша тўсиқлар бўлган. Ёдда қоларли вазиятлар ҳам юз берган.
- Футболга илк марта келган болаларда турли нохуш ҳолатлар бўлиши табиий. Дейлик, мураббийлардан руҳий зарба қабул қилиш, жиддий жароҳатларга йўлиқиш...
- Шу кунгача ёш бўлсамда икки маротаба жарроҳлик столига ётдим. Футболчи бўлиш орзусидаги бола учун йиллаб машғулотлардан узоқда юриш оғир экан. «Бунёдкор» ва «Пахтакор» академиясига илк бор ташриф буюрганимда, мендан футболчи чиқмаслигини бот-бот такрорлаб, ортимга қайтаришарди. Аммо мендаги кучли хоҳиш устунлик қилди. Кўряпсиз, аста-секин профессионалликка интиляпман.
- Жасур Жалолиддинов жуда ёш бўлишига қарамай мавсум кашфиёти бўлмоқда...
- Дарҳақиқат, Жасур иқтидорли йигит, менинг дўстим. Унга ўхшаганлар камдан-кам учрайди. Менимча, у кабиларга эътибор қаратиб, кўмаклашиш даркор.
- Футбол қироли Пеле 17 ёшида терма жамоа билан муваффақиятга эришган. Борди-ю, Жасурни терма жамоага таклиф этишса, ишончни оқлай оладими?
- Албатта. Агар Купер унга имкон берса, хурсанд бўламан.
- Андижон - иқтидорлар макони... Лекин охирги пайт клуб фақат тажрибали футболчиларга суянмоқда. Балки Хомяков келганидан сўнг вазият ўзгарар?
- Чиндан ҳам ўз вақтида Андижондан жуда кўплаб маҳоратли футболчилар етишиб чиққан. Мисол учун, Бахтиёр Ҳамидуллаев олий лига тўпурари бўлган, миллий жамоага жалб этилган. Хомяков янги футболчиларни кашф этишига ишонаман. Жумладан, Шаҳзод Убайдуллаев ўтган йили унинг қўл остида «Машъал»да ўйнади. Энди бизда юқори савияда тўп суряпти, голлар урмоқда.
- Ҳуқуқий жиҳатдан «Бунёдкор»га тегишлисиз... Ижара муддати қанчага мўлжалланган?
- Шартнома бир йил муддатга имзоланган. Бу ерда тажриба орттириб, ўйинимни кучайтириш ниятидаман.
- Вадим Абрамов қўл остида ўйнашни хоҳлармидингиз?
- Ҳозир «Андижон» футболчисиман. Аммо мавсумга тайёргарликни кўпроқ Абрамов билан олиб бордим. Уни ҳурмат қиламан. қолганини вақт кўрсатади.
- Элдор Сакаев сизга етарлича имконият бергани йўқ. Айрим футболчилар бундай ҳолатларда руҳий тушкунликка тушиб қолишади...
- Оғриқли мавзу. Профессионал футболчи мураббий танлаши эмас, балки унинг ўйин услубига мослашиши, унинг кўрсатмаларини тўлиқ бажариши керак, деб ўйлайман.
- Мухлислар ишончини қандай қайтариш мумкин? Айрим ишқибозлар «Андижон»ни кучлилар сафидан чиқариб юборишди...
- Чемпионатимизнинг иккинчи ярмида ўзгара оламиз. Мухлислар буткул бошқа жамоани кўришади. Мураббийдан тортиб, футболчиларгача астойдил меҳнат қилишяпти. Машғулотлар жараёнида қаттиқ ишлаяпмиз. Яна нима дейишим мумкин? Жўжани кузда санаймиз.
А.ИСКАНДАРОВ суҳбатлашди.
Манба: interfutbol.uz
Киритилган сана: 17.12.2017 17:00
Киритилган сана: 23.11.2017 06:27
Киритилган сана: 29.10.2017 17:51
Киритилган сана: 20.12.2017 09:09
Киритилган сана: 26.11.2017 06:28
Киритилган сана: 29.12.2017 00:29
Киритилган сана: 16.05.2017 14:23
Киритилган сана: 23.07.2017 22:07
Киритилган сана: 24.11.2017 00:17
Киритилган сана: 21.09.2017 12:35
Киритилган сана: 16.01.2018 04:31
Киритилган сана: 07.01.2017 14:02
Киритилган сана: 05.11.2017 13:21
Киритилган сана: 09.10.2017 00:15
Киритилган сана: 08.05.2017 04:20