Қайднома

Қидирув

Давралар оралиғидаги довуллар…

Давралар оралиғидаги довуллар…

  24.07.2019 09:50
  0
  584
Давралар оралиғидаги довуллар…

Мана, кўз очиб, юмгунча Соса Соlа Суперлига иккинчи давраси ҳам эшик қоқмоқда. Ҳар бир жамоа ҳавонинг юқори даражада иссиқлигини писанд этмай, танаффусдан унумли фойдаланишга интилди. Суперлига иштирокчилари биринчи даврани якунлаб, танаффусга йўл олган паллада мухлислар кўнглида «14та жамоадан ярмида мураббий алмашди. Бу яхшими ёки ёмон? Истеъфолар мавжуд ҳолатдан қониқмаслик ифодасими?» қабилида мулоҳаза ва саволлар ғуж­ғон ўйнаганди. Дарҳақиқат, мавсумнинг ярмига қадар 7та жамоада бош мураббийнинг истеъфога чиқарилиши - сенсацион ҳолат! Бир қарашда беқарорлик, осон йўлни танлашдек алдамчи таассурот уйғотади истеъфолар жараёни. Аслида эса ҳаммаси янгиланишни исташ натижасидир...

 

Тўғри, ўзгаришларнинг барчаси ҳам кутилган самарани бермаслиги мумкин. Агар қайсидир бош мураббийнинг иши юришмаса, ишончимиз комилки, истеъфолар тўлқини яна давом этади. Улуғбек Бақоевнинг «Сўғдиёна»га ташрифи омадли бўлди ва жиззахлик мухлислар бу ўзгаришни ҳамон олқишламоқдалар. Азиз Тўхтабоев раҳбарлигидаги «Қўқон-1912» эса Ўзбекистон Лига кубогининг илк саҳифаларини шукуҳли ғалабалар билан безади. Демоқчимизки, ҳозир «Сўғдиёна» ва «Қўқон-1912»да ўзгача илҳомбахш кайфият ҳукмрон. Хўш, бундай кўтаринкиликнинг иккинчи даврага таъсири қандай бўлади? Ҳар икки жамоа танаффус чоғи юқори руҳий устунлик потенциалини сақлаб қолдими? Ҳафта якунида бу саволларга жавоб ола бошлаймиз.

«Сўғдиёна» ва «Қўқон-1912»дан фарқли ўлароқ, «Қизилқум»даги аҳвол мухлисларни хавотирга солганди. Чунки жамоанинг «ташриф қоғози»га айланган Элгужа Григалашвили ва бош­қа етакчи футболчилар манзилни алмаштиришди. «Қизилқум» ҳувиллаб қолган уйни эслатарди, гўё. Хайриятки, хавотирлар асоссиз бўлиб чиқмоқда. Навоий жамоаси, назаримизда, аввалгидан ҳам кучлироқ бўлишни хоҳлаган кўринади. Эҳтирослар ва «дриблинг»ларга бой грузин футболини хуш кўрувчи мураббий Элгужанинг ўрнини босадиган футболчилар топибди, шекилли. Назорат учрашувида «Бухоро»ни енгган таркибда Лаша Тотадзе, Мате Ватцадзе каби исм-шарифлар ўзгача жарангламоқда. Шу кетишда чемпионатнинг иккинчи қисмида кучли рақобат туғдириши кутилаётган АГМК ва «Бухоро» эмас, аксинча, «Қизилқум» отни қамчилаб қолади, чоғи. «Бухоро»нинг ҳозиргача 5та чемпионат ва 7та клубда тўп сурган канадалик легионери Муҳсин Муҳаммадиев ишончини оқлайдими-йўқ - бу алоҳида масала. Айни ҳолатда бу хусусда бирор жўяли мулоҳаза билдириш мушкул. Ҳар ҳолда, салқин ўлкаларда камол топган футболчига юртимизда осон бўлмаслиги аниқ. Бироқ «кўчманчилиги» савияси ҳақида ахборот берувчи бу футболчининг бир қирраси эътиборга молик. У футбол анчайин тоза ўлкада улғайган. Унинг лоақал шу жиҳати жамоа муҳитига ижобий таъсир ўтказар... Ишқилиб, Муҳсин Муҳаммадиев адашмаган бўлсин! Зеро, биз «Бухоро» баланд марралар сари одимлашини ва Суперлигада рақобатга муносиб ҳисса қўшишини истаймиз.

Давралар оралиғида Вадим Абрамов, одатдагидек, ҳамкасбларига яна «сюрприз» тайёрлаётган кўринади. Мана, у ёш жамоаси билан Беларусга борди ва таркибга ёш легионерларни чорлади. Қаранг, Дмитрий Островкий  - 1998 йили туғилган футболчи. Агар таркибдан жой олса ва бунга муносиблигини исботласа, «Бунёдкор» иккинчи даврада ҳам  қалдирғочларга хос қувноқ ва ғолибона парвоз қилишда давом этиши аниқ. Умуман олганда, танаффус ёки мавсумга тайёргарлик жараёнини янги макон, янги муҳитда ўтказиш кутилмаган ва омадли трансферларга йўл очади. Андрей Канчельскис «Навбаҳор» мисолида буни исботлаб кетди. Вадим Абрамовдек синчков мураббий эса унинг йўлини такрорламоқчи. Гап Беларусь сафарида эмас, балки мураббийнинг лаёқатли ва ишончли легионер танлаш учун имкон қидиришида. Инкор этмаймиз, бу жараёнда омад муҳим ўрин тутади. Энг машҳур мутахассислар ҳам гоҳида трансферлар масаласида, барибир, адашадилар. Шунинг учун ҳам «Барселона»даги иссиқ ўрнини совутган Неймар ҳамон сарсон-саргардон. «Реал»нинг Погба трансферида иккиланишининг сабаби шу. Икки жамоадош - Маттейс де Лигт ва Френки де Йонгнинг охир-оқибат, икки даҳо ёнидан қўним топиши ҳам трансферлар жараёни ғоят мураккаблигидан далолатдир. Тасодифий гол, яъни омад Садио Манега мотам, Риёд Маҳрезга масрурлик, чемпионликни туҳфа айлагани каби самарали трансфер мураббий обрўсини кўтаради, самараси эса нафақаи унинг ўзи, балки бутун жамоага ғам-ташвишдир. Ахир футболчилар орасида Мауро Икардига ўхшаб, «Маошимни олиб, шу ерда юравераман!» - дейдиганлари ҳам бор-да...

Шу маънода айтсак, Суперлига жамоалари амалга ошираётган трансферларда «плюс» ва «минус»лар аралаш. Умид қиламизки, иккинчи даврада трансферлар «тарози»сининг «плюс» палласи оғирроқ келади ва юртимиз футбол майдонларини мухлисларнинг шодон ҳайқириқлари босади.

Савол: бугун ЖЧ-2022|ОК-2023 саралашига ташланган қуръа натижаларига нега тўхталмадик? Барчаси оддий: Эктор Купер мундиал йўлланмасини тортиқ этишни истаётган экан, бундай гуруҳда вазифа бемалол бажарилишини таъминлаши даркор. Аргентиналик мутахассис рақибларга қанчалик ҳурмат сақламасин, нечоғли эҳтиёткора сўзламасин, моҳият ўзгармайди - миллий жамоамиз Яман, Фаластин ёки Сингапур термалари бир четда турсин, керак бўлса, ўша Саудия Арабистони дружинасидан ҳам устун эканлигини амалда исботлаши шарт. Бу борада бош­қа гаплар ортиқча, назаримизда. 

Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" нашри


Манба: interfutbol.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz