Қайднома

Қидирув

2020 йилда ҳам Ўзбекистон суперлигасида 14та жамоа иштирок этади

2020 йилда ҳам Ўзбекистон суперлигасида 14та жамоа иштирок этади

  23.07.2019 22:55
  0
  378
2020 йилда ҳам Ўзбекистон суперлигасида 14та жамоа иштирок этади

Бу ҳақда ЎФАда бўлган йиғилишда ташкилот раҳбари Абдусалом Азизов маълум қилди.   Яқинда Ўзбекистон футбол ассоциациясига президент этиб сайланган Абдусалом Азизов ассоциация раҳбарияти, бошқарма ҳамда бўлимлар раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди. Унда футболимиздаги мавжуд муаммолар ҳамда ташкилотнинг яқин келажакдаги режалари муҳокама қилинди, деб хабар беради ЎФА расмий сайти.   Дастлаб вилоят футбол ассоциацияларининг бугунги фаолияти кўриб чиқилди. Бу тизимдаги муаммоларни бартараф этиш чоралари, ассоциацияларни моддий қўллаб-қуватлаш, кадрлар малакасини кўриб чиқиш, маҳаллий хокимиятлар билан ҳамжиҳатликда вилоятларда футболни ривожлантириш борасида кўрсатмалар берилди.   ЎФА раҳбарининг асосий талабларидан бири футболдаги адолат ва ҳалол ўйин принципларига тўлиқ риоя қилишни таъминлаш. Келишилган ўйинлар ҳамда тотализаторга қарши курашиш борасида хуқуқни мухофаза қилиш органлари билан яқиндан ҳамкорлик қилган ҳолда, бу нопок йўл билан футболимизни орқага тортаётганлар, мухлисларнинг қизиқишини сўндираётганлар аниқланади ва тегишли жазога тортилади.   Яқин вақтларда Ўзбекистон миллий терма жамоаси, олимпия ва ёш тоифадаги терма жамоаларимиз саралаш турнирларига киришади. ЎФА президенти терма жамоаларимизнинг иш режалари билан яқиндан танишди. Дарвоқе, миллий терма жамоамизнинг яқин вақт ичида ўтказадиган ўйинлари учун “Миллий” стадионнинг майсаси ҳали талаб даражасида эмаслиги эътироф этилди. Йил охиригача ушбу стадион чимини тартибга келтириш вазифаси қўйилди. Унга қадар терма жамоаларимиз бошқа стадионларда ҳам учрашувлар ўтказиши таклифи берилди.   Ўзбек футболининг мавқеини ҳалқаро майдонда мустаҳкамлашда ФИФА ва ОФК билан яқиндан ҳамкорлик қилиш, ушбу ташкилотлар, қолаверса, мухлисларнинг ишончини қайтариш жуда муҳим экани ҳам алоҳида таъкидланди. А.Азизов ҳалқаро ҳамкорлар билан муносабатлар ва келажакдаги ўзаро лойиҳаларни тўлиқ қўллаб-қувватлаши ҳақида айтиб ўтди.   Шунингдек, ЎФА президенти томонидан болалар футболидаги аҳволни яхшилаш, улар учун мунтазам турнирлар ташкил этиш кераклиги таъкидланди. Ўсмир ва ёшларнинг катта футболга ўтиш жараёнидаги муаммолар, уларнинг профессионал футболчи сифатида шаклланиши, миллий терма жамоага муносиб футболчи бўлиб етишиши бўйича ҳозирги кунда мавжуд бўлган камчиликларни бартараф этиш кераклиги айтиб ўтилди. Бу борада қитъамизнинг футболи жадал ривожланаётган мамлакатлари, хусусан, Япония, Қатар, Бирлашган Араб Амирликлари тажрибаси яқиндан ўрганиб чиқилади ва мутахассисларнинг тажриба алмашинуви йўлга қўйилади.   Терма жамоаларимизда диеталогия ва витаминизация етишмаслигини Абдусалом Азизов алоҳида эътироф этиб, тез орада малакали шифокорлардан иборат гуруҳ тузилиб, бу йўналишни кучайтиришга кўрсатма берди.   Йиғилишда марҳум “Пахтакор-79” жамоаси аъзоларига алоҳида тўхталиб ўтилди.   - Хабарингиз бор, бу йил “Пахтакор-79” авиаҳалокатига 40 йил тўлмоқда. Бу нафақат “Пахтакор” клуби, балки бутун ўзбек футболи учун катта фожеадир. Биз ҳеч қачон футболимизнинг фахри бўлмиш ушбу жамоани унутмаслигимиз ва ҳамма вақт улар хотирасини ёд этишимиз зарур. Шунинг учун ҳам Ўзбекистон футбол ассоциацияси ушбу сана муносабати билан ўтказиладиган барча тадбирларда фаол иштирок этиши, мазкур сана арафасида бўладиган Суперлига учрашувларида ўтганлар хотирасига хурмат бажо келтирилиши, жамоа аъзоларининг яқинларига эътибор қаратилиши зарур, - дея таъкидлади Абдусалом Азизов.   Қайд этиш жоиз, футболни ривожлантиришда ҳомийлар ва ҳамкорлар кўмагисиз кўп нарсага эришиб бўлмайди. Ассоциация ҳам ўз навбатида юртимиз ва хорижнинг катта компаниялари билан ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш борасида иш олиб боради.   Стадионларда байрамона атмосферани юзага келтириш, мухлислик маданиятини ошириш ҳам муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ҳозирги кунда ҳам ўйинлар пайтида футболчилар, мураббийлар, ҳакамларга қарата хақоратлар янграши каби футболимиз мавқеини туширадиган вазиятлар учраб турибди. Бу эса ўз навбатида стадионларга оилавий борилишга тўсқинлик қиляпти. Ассоциация томонидан мухлислик маданиятини ошириш учун махсус лойиҳалар, тадбирлар, ижтимоий роликлар тайёрланяпти.   Йиғилишда Абдусалом Азизов миллий чемпионатимиз доирасида тартиб-интизомни кучайтириш зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлади.   - Ҳозирда жамоаларимизда мураббий ва футболчиларнинг шартномалари борасида ноаниқликлар учраб туришидан хабарим бор. Қисқа муддатли шартномалар ўрнини икки томоннинг мажбуриятлари тўлиқ акс этган профессионал шартномалар эгаллаши керак. Шунда мураббийлар ҳам маълум муддат ўз жамоаси билан ишлаб, уни кучайтириш ҳақида ўйлайди. Футболчилар ҳам бир йил ўтар-ўтмасдан ўзига бошқа клуб қидиришга тушмайди. Регламент, чемпионат формати ва жамоалар сонини ҳар йили ўзгартиришни тўхтатамиз. Кейинги мавсумда ҳам жамоалар сони шунчалигича қолади ва суперлигага чиқадиган жамоа спорт принциплари асосида курашиб, йўлланмага эга чиқсин. Турли аралашувлар орқали жамоаларни юқори лигаларга олиб чиқишга бўлган уринишларга йўл қўйилмайди, - дея таъкидлади ЎФА раҳбари.   Кўриб чиқилган масалалар бўйича бошқарма раҳбарларига кўрсатма ва топшириқлар берилди.


Манба: ufa.uz


InterFutbol.uz нинг Telegram даги саҳифасига уланинг – энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли блоглар ва таҳлилий материаллар энди бир тўпламда.

Оммабоп мақолалар

Хабарингиз борми

Чемпионатлар

тўлиқ жадвал »
  • Миллий терма жамоанинг янги бош мураббийи Сречко Катанецнинг Ўзбекистондаги келажагига қандай баҳо берасиз?


«ИнтерФУТБОЛ» газетасининг расмий сайти.
Гувоҳнома № 0149. Берилган санаси: 25.06.2008 Муассис: «ИНТЕРФУТБОЛМЕДИА» МЧЖ.
Бош муҳаррир: Аҳадхон АБДУҲАМИТОВ.
Таҳририят манзили: 160400, Косонсой шаҳри,Чорбоғ кўчаси, 17-уй.
Электрон манзил: info@interfutbol.uz